Биз ўтган асрнинг 70- йиллар тарихига унутилаёзган Эрк туйғусини олиб кирган, бутун ҳаёти ва ижодини миллат бахт-саодати йўлига сафарбар қилган оташин шоир, толмас сиёсатчи, ўзбекнинг асл фарзанди, мард инсон, иймон-эътиқодда собит дўстимиз Муҳаммад Солиҳ акага камолот ёшингиз муборак бўлсин, Ўзбекистон Сизни соғиниб кутмоқда, Ватаннинг чинакам Мустақил бўлар кунларини кўриш барчамизга насиб этсин, деймиз..
ВАТАНДОШЛАРДАН
ДИКТАТУРАНИНГ ТАЛВАСАЛИ КУНЛАРИ
Интернет сайтларида “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ шаънини ерга уриб, унинг обрўсини тўкишга қаратилган ҳар хил тухмат мақолалар ўзларини Ўзбекистондаги диктатура тузумига мухолиф ҳисобловчи кимсалардан чиқаётганига ўқувчини ҳайрон қолдирарди: “Бу қандай гап? Диктатурага мухолифман деган кишиларнинг “Эрк” партияси ва унинг етакчиларига қарши урушларини қандай тушунмоқ керак? Бировлар у сиёсий жангариларни ёлланма мухолифлар, дейишарди. Агар мазкур муаллифлар чиндан ҳам Каримов ҳукуматига мухолиф бўладиган бўлса, нима учун мухолифлар бирлашиш ўрнига бир-бирларига тиш қайрайдилар? Лекин Муҳаммад Солиҳ мақсади аниқлиги, дунёқараши, донишлиги билан ҳар қандай фисқ-фасодлардан юксак эдики, бу жиззаки мухолифларнинг баттар ғашини келтиришини ўқувчилар аллақачон тушуниб қолгандилар.
Биз айрим хайрихоҳларнинг илтимоси билан суҳбатларга муносабат ўрнида қуйидаги мақолани қоғозга туширгандик. Лекин уни сайтга қўйишда иккиланиб, нима кераги бор, Муҳаммад Солиҳ ҳақ азиз қилган кишидирким, у тарафкашликка муҳтож эмас, деган андишада эдик.
Куни кеча Муҳаммад Солиҳнинг муборак Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ёшларига етганлиги ҳақидаги табрикларни ўқиб, биз ҳам уни ғойбона қутладик. Мақоламизни эслаб, уни яна бир кўздан кечирдик. Дўстларининг таклифи билан севимли сайтимизга жўнатяпмиз.
Муҳими, талвасали кунларни ўтаёттган Диктатура қошида Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг йўли аниқ, сафлари мустаҳкам, раҳбарлари эса мақсадлари йўлида асоси ватан тупроғига чуқур сингиган қоялардек одамларни ўзига чорлаб турибдилар. Яхши кунларга жуда оз қолди, иншаоллоҳ…
“ИТИНИНГ ТУМШУҒИ ҚИЙШИҚ ЭКАН…”
Журналист Юсуф Расул билан “ёзувчи” Абулқосим Мамарасуловлар суҳбати бошланишиданоқ ғараз устида бино бўлганлиги кўриниб турарди. Агар Юсуф Расул ва унинг суҳбатдоши қалб касаллигидан бир неча варақни мағзавалаш билан қутиладиган бўлса, қутилсин, дардларига Аллоҳ ўзи шифо берсин, дедик биз ҳам. Аллоҳ кимники, пайғамбар (алайҳиссалом) ҳусни-хулқи билан хулқлантирган экан, шайтон унга зиён етказа олмас. Шундай экан, не ҳасратда ёзган мақолалари ўз зиёнларига хизмат қилиб, мухолифининг обрўсини оширгани оширган, мухлислари сафини кун сайин кўпайтиргани кўпайтирган. Ичи қоралар, Диктатура жосуслари жон аччиғида ҳарқанча мағзава сочишмасин, мағзавалари ўз юзларига, устларига тўкилмоқда. Мухлислар ва ҳақ йўлини тутган ватандошлар орадан йиллар ўтиб ҳам муҳожиротдаги Муҳаммад Солихни ҳамон ўз ёнларида ҳис қиладилар.
Уларнинг мағзавачиларга жавоби эса шундай:” Эй бечоралар, ўзингизни шунчалар оёқ ости қиласизми? На ижодда борсиз, на бизнесда? Арзимаган бизнесингизни асраб қолиш, кўпайтириш учун бузғунчи кимсаларга бунча ёлтоқланасиз. Холбуки, ёзганларингиз туфайли М.Солиҳни кўрган, билганлар уни яна бир кўрсам, кўрмаганлар эса, Муҳаммад Солиҳ қандай сирли инсон эканки, душманлари аламзада ва ичининг қоралари сиртларига уриб кетганлиги сўзларидан маълум, дейдилар. Ёшлар диктатор малайлари қўриқлаб ётган ёпиқ сайтларга киришнинг турли йўлларни қидириб топадилар, уни кўрмай туриб ҳам ҳеч шубҳасиз унга эргашадилар.Эрксиз ва ёлғончи матбуот халқни ҳар қанча аврамасин, улар билмайдиларки, инсон учун вайсақи, шайтоний ваъз-насиҳатлардан кўра, сирли дунёларга йўл топиш мароқлироқдир.”
М. Солиҳ билан биз даврадош бўлмаганмиз, аммо унинг довруғини оталаримиз, ака- опаларимиз ўша йилларнинг ёш авлоди бўлмиш собиқ талабалар ҳамон ғурур билан ҳикоя қилишади. У ўз даврининг ёшларига Ватан, Миллат, Она, Дўст ҳақида ўйлашни, сўйлашни ўргатган.
Эй Абулқосим Мамарасулов, тилингизда айтолмасангиз ҳам, ичингизда эсланг, Миллий университетнинг тантаналар саройида, сарой майдонларигача сиғмай кетган талабалар, ҳатто талабалар шаҳарчасида яшовчи аҳоли ҳам қўшилишиб бугунги икки юзламачи, тутуриқсиз, ўшандаёқ қўли қонга ботган Каримов ва унинг ҳамроҳларини ер тепиб, залдан чиқариб юборишганларини эсланг! Шунда ҳам у талабаларни “Сизларни бағримга босаман…”, деб қучоқ очиб аврамоқчи бўлганди. Ана шундан кейин Каримовнинг биринчи иши талабалар шаҳарчасини, илм марказини парчалаш бўлди. Ҳозир ҳар вилоятда бир университет, мактаб ўқитувчилигига ҳам ярамайдиган баъзи кимсалар у ерда домла! Тафаккур қилишингиз учун шунинг ўзи кифоя эмасми?..
Эй ёзувчи отини кўтариб юрган фермер жаноб, суҳбатингизда яна шундай дебсиз: “…Ўзбекистонда аксарият кишилар интернетни ўқишмайди. Ўқиганларнинг ҳам аксарияти мухолифат сайтларига киришмайди. Демак, бу мурожаатлар аҳолининг асосий қатламига чивин чаққанчалик таъсир қилмайди”. “Интернетни ўқишмайди”, эмас, интернет сайтлар қўрқоқ ҳукумат томонидан тўсилган, газ йўқ, свет йўқ. юзлаб турли хил газета-журналларнинг эса тили кесилган, одамларни оғир меҳнат ва турли сурункали касалликлар эзиб ташлаган, денг. Агар сиз ҳақиқий фермер бўлсангиз айтинг, “бола-чақа оғзимиздан сувимиз оққунча, сулайгунча ишлаймиз. Овқатни ей солиб ўтирган жойимизда қотиб ухлаб қоламиз. Одамга ўхшаб китоб, газета ўқийдиган, телевизорда “Время”, “Ахборот” кўрадиган замонлар ўтиб кетди, бизнинг худойимиз ҳам, пайғамбаримиз ҳам маҳаллий ҳоким , денг. Ҳокимга ёққанимиз Президентга ёққанимиз, денг. Муҳаммад Солих айтган гапларни мен ҳам биламан, лекин гапирмайман, гапирсам ҳамма ишларим тақа-тақ тўхтайди, кунимни кўрсатишади, денг. Аксинча, ҳокимга ёқмайдиганларни ёмонлаб турсам, ишларим ривож топишини биламан, денг. Юсуф Расул деганлари ҳам оламда ёзувчи қуриб қолганидай, атайлаб мендан интервью олаётганидан ҳам билмайсизми, денг. Ёзувчи бўлиб донғим чиқмаган бўлса ҳам майли, мағзавашунослик бизнесида омадим чопиб турибди, муҳими шу эмасми, денг.
Ҳали айтганимдай талабалар ҳам аввалги талабалардан эмас, бугунгиларнинг илм билан иши йўқ, амаллаб диплом олса-ю, порага сочган пулларини халқдан териб олишни билса бўлди. Менинг учта студентим бор, улар ҳам ҳеч нарсани билмайди, тўғрироғи мен уларга нимани билиш-билмасликни ўргатганман, денг. Яна айтибсиз: “Тўғри, фермерларнинг дардлари кўп. Норозиликлариям бор. Шуларни ёзиб беринг, эълон қилайлик, десангиз, дарров ўзини орқага ташлайди. Ўзинг ёзавер, фақат менинг номимни айтма, дейди. Раҳбарларга ёмон кўринишни истамайди. Халқнинг асосий қатлами орасидаги аҳвол шундай”. Шунинг ўзи сизнинг қандай ёзувчи, қандай одамлигингизни кўрсатиб турибди-ку. Номини айтсангиз балога қолишини, мамлакатда сўз, фикр эркинлиги йўқлигини, сиз ҳам ҳақиқатни бўғувчилар тоифасидан эканлигингизни ўша фермерлар билишган. Отингиз ёзувчи бўлгани ҳолда халқнинг дардидан узоқлигингиз, мақсадингиз ўзингиз айтган 50 фермерга биомахсулотингизни ўтказиб, пулини олишдан бўлак дардингиз йўқлиги гапингизнинг бисмиллосидан маълум эди. Сиз яна ҳеч тортинмай “Халқнинг асосий қатлами орасидаги аҳвол шундай”, деганингизни қаранг. Халқни шундай кўйга солганлар мунофиқ ва золим Президент атрофидаги баъзи ювиндихўр амалдорлар, сиз ва сизга ўхшаган ёзувчилар, маддоҳ шоирлар, маҳалла (махсус хизмат) қўмитаси оқсоқоллари, қалби кўр зиёлилар, талабасининг чўнтагига кўз тиккан сохта олим-домлалар, келажак авлоднинг кушандаси, илм-маърифатдан йироқ саводсиз педагог-устозлар эмасми?
Ўзингиз тан олганингиздай, Муҳаммад Солиҳ ватандалигида халқ уйғоқ ва дадил эди, чунки уларнинг ёнида бўйнига қилич келса ҳам ҳақ йўлдан ва ҳақ сўздан қайтмайдиган ўнлаб солихлар бор эдилар. Ҳозир ҳам ўша тижоратчи-ю, деҳқон, чорвадор-у, фермернинг дардини қўзғасангиз ҳар бирининг тутуни фалакка ўрлайди. Ўзларининг тили билан айтганда “тутаб ётишибди”, олигарх-амалдорлар қимирлагаии қўйишмайди. Ернинг хоҳлаганини эмас, ҳокимнинг буюрганини экишади. Пойтахтдагилар ҳам ойда бир, кварталда бир насибасини тергани, йўқ ҳосилдан ушр-капсан йиғгани қишлоқларга, фермерлар “зиёрат”ига чиқадилар… Халқнинг асосий қатламига ағдарган туҳматингиз сабаб озгина чекиниш қилдик. Сиз яхшиликларни кўрмайсиз, ёмонликлар қидиришга ёки тўқишга программалаштирилгансиз. Эшитган бўлсангиз халқда яна шундай бир гап бор: “Душманинг жуда топмаса, итингнинг тумшуғи қийшиқ экан”, дермиш. Нима бўлганида ҳам сиз ва сизга ўхшаганлар “халқнинг аҳволидан” ёлғондан нолимай қўяқолинг, улар сизга эмас, Муҳаммад Солиҳга, Намоз Нормўминга, Муҳаммадсолиҳ А.га, Отаназар Орифга, Толиб Ёқубовга ва уларнинг атрофидаги ўзбегим-миллатим, ватаним, диний эътиқодим, дея нафақат четда, ҳатто ватанда ҳам муҳожирлик синовларини кечираётган ҳалол инсонларга ишонадилар.
ҲУР ФИКР КУШАНДАЛАРИ
Журналистнинг навбатдаги саволи динни кавлаштиришга қаратилади:
-Ўзбекистон Халқ Ҳаракати кўпроқ диндорлар ёки динга мойил кишилардан дастак қидираётгандек таассурот қолдиради. Бу ҳаракатга қўшилган кишилар, ЭРК партияси лидери ёки “Андижон АТ” ва “Таянч” ташкилотлари раҳбарлари динга берилган кишилар. Айниқса, “Таянч” раҳбари Муҳаммадсолиҳ А.ни ашаддий исломпараст эканлиги у томонидан юритиладиган www.tayanch.com веб саҳифаси орқали кўпчиликка яхши маълум. Демоқчиманки, бу ҳаракат вакиллари динга қанчалик урғу беришмасин, Ўзбекистон ичида уларни қўллайдиган муҳит борми? Халқ қанчалик диндорлашган ёки динга рағбати кучли?
Мамарасуловнинг ғайратини қўзғаб юборади бу савол. Кўпдан бит босиб, битини тўколмай юрган экан, тўкилиб хумордан чиқади. Бу соҳада анча малакаси ортган Юсуф Расул ҳам бу битларни сиркалари билан қўшиб битталаб териб олади, зора кунига яраб қолса. Тиббиётда бу ҳашаротларни касаллик тарқатувчи паразитлар дейишади. Мазкур икки суҳбатдошнинг мақсади эркин сўз ва ҳақиқатни бўғиш билан халқ орасида қуллик касаллигини тарқатишдир. Мана, ўша паразитлардан ясалган сатрлар:
“2009 йил 20 декабр кунги интервьюмда айтганимни яна такрорлашга тайёрман: Муҳаммад Солиҳ ўзбек халқига, Ватанига, устозига хиёнат қилган одам. У ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайди. Ўз орзу ниятларини амалга ошириши учун Ўзбекистонни қонга ботиши мумкин бўлса, у албатта бу ишни ҳеч иккиланмай амалга оширади “Таянч” ҳақида мен ҳеч нарса билмайман. Аммо дин масаласи жуда нозик масала. Салгина имкон берилса, христианлик яхшими, исломми, деган баҳс бошланади. Кейин “исломда суннийлик яхшими, шиаликми, дейишади.
Кейин суннийлик бўлинади. Бўлиниш давом этаверади ва охир оқибат энг охирида бўлинган гуруҳлар бир бирини даҳрийликда, кофирликда айблай бошлайдилар. Дин масаласида жудаям катта эҳтиёткорлик зарур. Айниқса, Ўзбекистондан муаммолар, ташвишлар тўлиб тошиб ётган юртда динга сал эркинлик берилса, халқ қўлига милтиқ тутқазувчилар жудаям кўп. Бизнинг халқ менталитети эса шунақа: “мушт турганда муомаланинг нима кераги бор”, дейди. Муҳаммад Солиҳга келсак, у умри ўтиб бораётганини, ҳаётнинг ўзи қўл урган барча жабҳаларида ютқизганини, кечикаётганини англаб, ўзини ўтга чўққа уряпти. Ҳеч ким у билан ҳисоблашмай қўйганини англагандан кейин диндорларга қўшилди. Муҳаммад Солиҳ ким бўлибдики, халқ унга эргашади? Ўзбек халқи учун у нима қилди? қандай кароматлар кўрсатди?
1991 йили Тошкентда студентларни қўзғадими? 2005 йили Андижонда халқ қирғинига сабаб бўлдими? Яна нима қилиб берди Муҳаммад Солиҳ?”
Ана сизга ёзувчининг мулоҳазаси. Лекин Худо бехабарлар яхши биладиларки, “Мухолифат” тушунчаси советларнинг хаёлига ҳам келмаган бир йилларда Муҳаммад Солих ижодидаги миллий руҳи, қарашлари орқали зиёлиларнинг, халқнинг ва мустабид тузум ҳимоячиларининг назарига тушган эди. Назарлар ҳам ҳар хил. Тузумни ягона Худо деб билган мафкурачилар Муҳаммад Солиҳ шеърларининг янгича, сирли оҳанги ва коса тагидаги ним косасидан қўрқиб, тирноқ орасидан кир қидирганлар, худди ҳозирдагидек. Агар сен шеърни тушунмасанг, сенга ҳур фикр ёқмаса, қалб кўзинг кўр экан, шоирда не айб, ўзингдан кўр Муҳаммад Солиҳ жим-жима сатрлар тизмаган, баландпарвоз сўзларни изламаган, маддоҳлик қилмаган. Илоҳий илҳом унга руҳий тафаккурнинг “ал-мийсоқ”дан мерос жавҳарларини қўш қўллаб тутқизган. Бу ҳолдан ҳасадчиларнинг кунлари тунга, тунлари зимистонга айлангани ҳам бор гап.
“Муҳаммад Солиҳ ким бўлибдики, халқ унга эргашади?” дейди кўзланган режага кўра суҳбатдошимиз. У яхши билади, Муҳаммад Солиҳни билганлар уни чин дилдан ёқлаб тарғиб қилганларини, билмаганлар билишга қизиққанини. Ана шундай қизғин кунларда ХДП нинг шотирлари М.Солихни собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан чалкаштириб, у киши давлат тепасига келса ҳамма хотин-қизларни паранжига тиқади, ислом ўқиш, ишлашга қарши … каби қарши тарғибот ишларини олиб борганлар. Сайловда М. Солиҳга овоз бермоқчи бўлган содда кишиларни шундай чўчитишган. Сайлов участкаларида ишлаган кишиларнинг гувоҳлик беришларича айрим нуқталарда Солиҳга 90-95 фоиз овоз берилган. Аммо ўша пайтда барча ижтимоий-сиёсий жабҳаларда фаолиятда бўлган ХДП югурдаклари бюллетенларни йўқотиб, тайёр ёзилган бюллетенларни сайлов қутисига солганлар.
Ёзувчимиз “динга сал эркинлик берилса, халқ қўлига милтиқ тутқазувчилар жудаям кўп”лигидан хавотирга тушади. Қуролдан шунча қўрқар экансиз, ўзингиз айтган 1991 йил–талабаларни ўққа тутганларни, 2005 йилдаги Андижон қирғини ким томонидан амалга оширилгани, тинч намойишчилар танкларидан ўққа тутилганларини эсласангиз, халқ сизнинг миллатпарварлигингиз ва жасоратингизга тасаннолар айтган бўларди. Сиз яхши биласизки, ўққа тутиш каби буйруқни фақатгина Президент бера олади?! Иккинчи масалангиз– дин ҳақида гапириб ўтирмаймиз. Чунки Аллоҳнинг ваъдасига кўра Ислом Ўзининг ҳимоясидадир.
Фақат юқоридаги икки кимса ва уларга эргашувчиларга ўзларининг фитрий оламига қулоқ тутмоқлари, (Аллоҳ истаса) кўзлари, қулоқлари очилмоқларига сабаб бўлар умидида бир-икки мисол айтиб ўтишни лозим топдик. Халқимиз оғир турмуш шароитида ҳар қанча хорланса-да, иймонда собитликларига амаллари гувоҳдир. Ҳали Ўзбекистонда (империя даврида ҳам) кофирлардан қўрққан бирор ўзбек фарзанди қулоғига азон айтилмай қолган ёки бирор ўлган кишисини жанозасиз, бир чуқурга ит кўмиш кўмган эмас. Мазкурлар халқни диндан безор деб кўрсатмоқчи бўлган ватанимизда Жума кунлари жомъе масжидлар олдидан бир ўтсангиз кўрасиз, ёш-қари тўп-тўп кўчаларга сиғмайди. Бу ёшлар ҳар қанча тазйиқ бўлишига қарамай, кўр қори эмаслар, Қуръонни тафсири билан тушунадилар ва унга амал қиладилар. Улар ичмайдилар, чекмайдилар, ёмон ишлар билан шуғулланмайдилар. 25-40 ёшли янги авлод ўз фарзандларини пайғамбаримизнинг (САВ), буюк саҳобийларнинг, исломий олимларнинг муборак исмлари билан аташларининг ўзи уларнинг динга муносабатини кўрсатиб турибди. Ҳозир бошланғич синфларнинг ҳар бирида қанча Муҳаммад Азиз, Муҳаммад Қодир, Муҳаммад Ризолар, қанча Мадинабону, Хадичабону, Биби Марям, Биби Фотималар ўқиётгани ёш ота-оналарнинг руҳоний кайфиятини билишга кифоя эмасми? Юқоридаги икки суҳбатдошнинг оталари ҳам не умид билан уларга гўзал исмларни қўйишган: Юсуф Расул ва Абулқосим Мамарасул. Биттасида пайғамбар исми ва ваҳий тушадиган пайғамбарлар сифати. Иккинчисида пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кунялари Абулқосим, оталари Мамарасул (Муҳаммад Расул) , яъни Муҳаммад Аллоҳнинг расули демак…
Мухтасар сўз, бугунги кунда дин ҳақида ваҳима тарқатишлар, эътиқодли кишиларни аёвсиз қийнашлар, қамашлар, демократия тарафдорларини, халқимизни ясама диний экстеримизм билан қўрқитишга қаратилган барча ҳаракатлари беҳудалигини золим- ларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Биз эса Аллоҳ ўртамизда вакилдир, деймиз ва Унга ҳамд айтамиз.
ХИЗР ДАЛЛОЛЛАРГА НАЗАР СОЛМАЙДИ
Суҳбатни ўқишда давом этамиз:
Ю.Р.: -Лекин Муҳаммад Солиҳ 90 йиллар бошида анча кўзга кўринган шоир эди ва ҳатто президентликка ўз номзодини қўйишга, сайловчилар орасида озми кўпми овоз олишга эришган сиёсатчи сифатида танилиб қолган эди. Балки сиёсатчи Муҳаммад Солиҳда шоирларга хос инжиқлик бордир. Мен Муҳаммад Солиҳни яқиндан таниган кишилар орадан кўп вақт ўтмай ундан узоқлашиб кетишганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Балки шахс сифатида у яхши одам эмасдир. Лекин уни яхши билмаганлар учун Муҳаммад Солиҳ ҳамон таниқли инсон бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, Муҳаммад Солиҳ ўтган 20 йил давомида ўзини Ўзбекистон мухолифати лидери, мамлакат тарихида жуда муҳим шахсдек кўрсатиб келди. Ўзини йўл қўйган тарихий хатоларини оқлаш мақсадида бир қанча китоблар чиқарди. Лекин Ўзбекистон ичидаги сиёсий муҳитга уни қандайдир таъсири бўлгани сезилмади. Оддий одамлар бугун ҳам ўзларини Ислом Каримов зулмидан қутқаришга қодир қандайдир сиёсий кучлар ёки мухолифат бор деб ўйлашадими? Уларнинг назарида мухолифат ёки мухолифат лидериман деб юрган кишилар ким?
А.М.: -Мухолифатчи дегани Муҳаммад Солиҳ, Абдурахим Пўлатов, Баҳодир Чориев, Толиб Ёқубов дегани бўлса, ва агар улар Ислом Каримовни диктаторликда айблаётган бўлса, тасаввур қилинг, эртага Муҳаммад Солиҳ Президент бўлса, ишни нимадан бошлайди. Катта кичик барча раҳбарни ишдан бўшатиб, ўрнига ўзининг одамларини қўядими? Нима, Муҳаммад Солиҳнинг одамлари фариштами? Улар яхши ишлайди, коррупцияга йўл қўймайди, деган гарантия борми? Ёки ишдан бўшаб қолган катта кичик раҳбарлар индамай, қўл қовуштириб кетаверадими? Муҳаммад Солиҳ тўрт кун ҳам Президент бўла олмайди. Ўзбекистон олов ичида қолади. Бу лидерларимизнинг бирортасининг танқидга тоқати йўқ. Ўзидан бошқа ҳаммани сотқинликда, хоинликда айблаб бўлишган. Агар уларга амал тегса, улар Ислом Каримовдан ўн баравар баттар диктаторга айланишади.
Тўртта одамга бош бўлиш осон эмас. Хизр назар солмаса, эшак бозорга даллол бўла олмайсан, деган ҳикматли гаплар бор, Муҳаммад Солиҳ шоир сифатида ҳам машҳур эмас эди, дейди у жўяли фикр тополмаганидан алам билан.
Хизр назар солмаса, эшак бозорига даллол бўла олмайсан, эмиш. Биринчидан, бу мақол Хизр алайҳиссалом сифатларига мутлақо зиддир. Савдонинг эни-ю бўйидан уриб қолишдан бўлак дарди йўқ даллолга, асосида ёмонлик ётган ҳар қандай уддабурроликка назар солса фақат Шайтони лаин назар солади ва у ерда қон тўкилади, адолатсизликка йўл қўйилади, етимларнинг ҳақига қўл чўзилади, хотин-қизлар сотилади, фуқаролар қулга айлантирилади… наҳотки бу ишлар сизнинг ўткир нигоҳингиздан четда қолган бўлса?! Хизр алайҳиссалом назари тушган жойда эса ҳаёт, ҳақиқат, ҳалоллик, маърифат кўкаради.
КПСС тугатилгач Ўзбекистоннинг етакчи коммунистлари бир думалаб ХДП га айланиши Шайтон назаридаликларига мисолдир. ЎзКП эгаллаган барча лавозимлар ХДП ихтиёрида қолди. ХДПни эгаллаган собиқ коммунистлар – ўз даврида илоннинг ёғини ялаганлар, қон-қонига сингиб кетган советча аристократиядан айриладиган ҳолатда эмасдилар. Ҳамма нарса – куч, қурол, пул, мансаб уларнинг ихтиёрида бўлганликдан президент сайловида ҳам ғирромлик йўлини тутдилар. Ва ҳозиргача ўша услуб сақланиб келаётганини, Ислом Каримовнинг сайловлари хўжа кўрсинга эканини бутун олам билади-ю, фақат Ю.Р. билан А.М. бундан хабарсиз.
ДАВЛАТ ТИЛИ ХАЛҚНИНГ ХОҲИШ-ИРОДАСИ ЭДИ
Бу икки суҳбатдошга муносабат билдирган Жовлиев исмли яна бир туҳматчи миллий қадриятларга доир ютуқларнинг ўзи осмондан тушгандай гапиришини қаранг:
“Собиқ мустабид тузум даврида она тилимиз, миллий қадриятларимиз беаёв таҳқирланганди. Ўзбек тилига 1989 йилда давлат тили мақоми берилиб, қаддимиз тиклана бошланди. Ўша кезлари Наврўз байрами қайта тиклангани, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилингани биз учун жуда катта бахт!
Бундай бахтдан ўзини ўзи бенасиб қилиб юрган сендек ватангадолар мустақил Ватанимизнинг Мадҳияси, Байроғи, Герби, Конституциясидан фахрланиш бахтини қаёқдан ҳис этардинглар? Энди бунга ҳаққинг ҳам йўқ!”
Эй сиз худо бехабар, сарқитхўрлар. Ўзбекистонда Давлат тили масаласини кўтарганлар ва унга қаршилар ҳали ўлганлари йўқ. Давлат тили қабул қилингунича Муҳаммад Солиҳ каби миллатпарварларнинг саъйи ҳаракатлари ва бу эзгу ишни йиллаб орқага сурган каримовчиларнинг найранглари тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битиб қўйилган. Ўша йиллари ҳазрат Навоий таваллудига бағишланган кечалардан бирини эслаш сизнинг қурум босган хотирангизга кифоя қилар:
…1989 йил 6-феврал куни Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг мажлислар залида ўтган байрам кечасида, балки сиз ҳам қатнашгандирсиз. Эсланг, қисқа маърузадан кейин Навоий тилининг бугунги тақдири ҳақидаги мунозаралар ёдингиздадир. Мард шоира Гулчеҳра Нуруллаева (у ўша йиллари Ўзбекистон хотин-қизларининг Тўмарис миллий ташкилотини ҳам тузган эди) ўзбек тилининг бугунги фожеаси ҳақида куйиб-ёниб гапирди, зал унинг сўзларини қарсаклар билан қувватлаб турди. У Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг ўша пайтдаги биринчи котиби, найрангбозларнинг сардори Рафиқ Нишоновнинг иккинчи феврал куни МКда ижодкорлар билан учрашув чақириб, кўпчиликни қабул қилмай, эшикни қулфлаб, йиғилиш ўтказганини, ёзувчиларнинг фаол қатламини миллий тил, миллатчилик эҳтиросларини авж олдиришда айблаганини, ўзбек тилининг давлат тили бўлишини талаб қилаётган ижодкорларга қарши иш бошлаганини қаттиқ танқид қилди. Сўзининг охирида ўша “подшоҳ”га қарата ёзилган ўткир танқидий руҳдаги бир шеърини ўқиди. У шундай якунланган эди:
“Эътиқоддан қайтар бўлсам, менга суф,
Мансабингга сажда қилган сенга суф!!!”
Ўйлайсизки, Давлат тили осонликча қабул қилинди, қўйди. Бу ҳаракатга ҳукумат тиш-тирноғи билан қарши эди. Ишхоналарда, талабалар даврасида, ҳамма-ҳамма жойда тил масаласи пишиб етилган, фақатгина ўз муаммоларига ўралиб қолган, Москванинг бир нарса деб қолишидан қўрққан амалдорларгина ҳали бери пишадиган эмасдилар. Чунки улар учун ўзбек тилининг давлат тили бўлиши эмас, балки иссиқ ўринларини совутмасликлари учун “ҳокими мутлақ” Оғаларининг бир оғиз сўзи муҳим эди.
Бугун Мустақилликка эгалик қилаётган каримовчилар телевизор ва матбуотларда чиқиб, биз Иттифоқдан ажрала олмаймиз, биз бир мушт каби яхлитмиз, ажралиб чиқиш тарафдорлари тинчлик душманлари, бузғунчилардир, улардан эҳтиёт бўлайлик, деб ваҳимага тушганларини эсланг. СССР тарқаб, республикаларнинг кайфияти маълум бўлгач, шўппайиб қолишдан қўрққан каримовчилар (шайтоннинг найрангини кўринг) бир думалаб миллат пешволарига айланишди. Аслида М. Горбачевнинг қайта қуриш, фикр эркинлиги сиёсати халқларнинг мустақилликка бўлган асрий орзуларини уйғотиб юборганди. Бу ҳақда “Эрк” партияси лидерларидан бири, сиёсатшунос олим Ато Ориф “Тараққиёт мезони” китобида шундай ёзади:
“1990 йил 12 июн куни Россия парламенти Қарамсизлик эълон қилди. Буни Қарамсизликнинг ўзини танитувчи зарбаси деса бўлади. Болтиқбўйи республикалари бошлаб берган Қарамсизлик векторлари ўз йўналишини ойдинлаштирди. Бош зулмкорнинг моҳиятини очиб берди. Ёлғон диктатурасидан чекинишни белгилаб берди. Иттифоқ сиёсий тизимидаги беқарорликнинг туб сабаби бош ёлғон экани маълум бўлди. Иқтисодий бўҳрон сабабчиси ҳам ўша ёлғон бўлиб чиқди”.
Бу билан Россия сиёсатчиларининг фикрига кўра, Россия коммунизм васвасасидангина эмас, оёғига илашиб “судралиб келаётган боқиманда республикалардан” ҳам қутилмоқчи эди. Бу Каримов ҳукуматини ўйлантириб қўйди ва энди улар ҳам демократик фикрларга эга чиқа бошлашди. 20 июнда Ўзбекистон парламенти ҳам ўз Мустақиллигини эълон қилди. Аммо …
Аммо Аллоҳ таолонинг изни билан Россияда СССРни сақлаб қолишга бўлган фитна содир қилинди. ГКЧП нинг Давлат тепасига чиқиши мунофиқ Каримовнинг тиззаларини қалтиратиб юборди. Куни кеча мустақиллик, давлат тили ҳақида гапириб турган, думалашда устаси фаранг “юртбоши” яна бир думалаб Советга айланди. ЎзТВ каналларидан чиқиб, ГКЧПни қувватлаб, халққа мурожаат қилди. “Биз олтин ўрталиқ (золотая середина) миз, биз ғолиблар томонидамиз, ўз йўлимизни ўзимиз белгилаймиз”, каби пойинтар-сойинтар гапларни гапирди. Уч кун ўтиб, ГКЧП аъзолари қўлга олингач эса, Каримов жаноб яна бир думалаб, янги сарполарда майдонга чиқди. Энди у Аллоҳ иродаси билан совет диктатурасидан қутилган Ўзбекистонда Каримов Диктатурасининг илк ғиштини қўйишга эришди. Яъни, Ўзбекистон демократик кучлари ишлаб чиққан “Мустақиллик Декларацияси”га қўшимчалар киритиш баҳонасида уни ўзлаштириб олди. Бу ҳолни Ато Ориф шундай тасвирлайди:
“Мустақиллик Декларацияси” ўзининг демократик моҳиятини унга қўшимчалар воситасида чалкаштирди. Унинг бошланғичлиги инкор қилинди. Жаҳон амалиётида биринчи бор қарамсизлик эълон қилинган кун Мустақиллик куни бўлмай қолди. Мустақиллик куни деб давлат ҳокимияти “Мустақиллик Декларацияси”га қўшимча қабул қилинган кунни қонунлаштирди. Мустақиллик муаллифлиги тўлалигича қўшимчалар муаллифларига ўтди… Сиёсий плагиат рўй берди.”
Шундай қилиб, 1991 йил 31 августда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” қонун қабул қилинди. 1 сентябр Мустақиллик куни деб эълон қилиниши билан мунофиқ Каримовга мустақиллик ташаббускори сифатида ҳамду сано айтиш бошланди ва бу ҳозиргача авж пардада давом этмоқда. Шундан бери 22 йилки, Диктатор ва унинг ҳукумати ўзининг асл башарасини ёш авлод назаридан яшириб келади. Айни кунда у мамлакат устидан ўзининг оилавий диктатурасини ўрнатишга эришганлигига қарамай талвасада яшамоқда. Нима учун?
Абдуқодир КАРИМОВ