Кириш
Агарда Сиз ҳозирги Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ишлаб, Каримов диктатурасига хизмат қилишни истасангиз, қуйидаги амалий маслаҳатларимизга оғишмай риоя этинг. Шундагина Сиз диктатура пропагандисти, э-э-э, кечирасиз, “журналисти” бўласиз-қўясиз. Бунинг учун Сиздан ҳеч қандай журналистлик қобилият ёки билим талаб қилинмайди.
Биринчи навбатда, Сизда ўзингизга боғлиқ бўлмаган баъзи хусусиятлар бўлиши керак. Масалан, авлодингизда ҳаромхўр, манқурт, лаганбардор, ялтоқи, иккиюзламачи одамлар бўлиши ёки, жуда бўлмаса, қарғиш олган нусхалар ўтган бўлиши керак. Агарда беникоҳ ёки бебисмилло туғилган бўлсангиз, нур устига аъло нур бўлади.
Мободо, Сизда ушбу хусусиятлар бўлмаса, ҳеч ҳам ҳафа бўлманг! Чунки диктатура пропагандистикасида, э-э-э, кечирасиз, “журналистикаси”да муваффақият қозониш барибир ўзингизнинг қўлингизда. Бунинг учун қуйидаги талабларни бажарсангиз, кифоя.
“Маънавий” талаблар
Ҳаётдаги асосий шиорларингиз одамларни мунофиқлик, манқуртлик ва иккиюзламачиликка чорловчи “Оч қорним – тинч қулоғим”, “Тилни тийган бой бўлар”, “Оқимга қарши сузиб бўлмайди”, “Ҳар не бало келса, тилингдан келур” каби мақол ва нақллар бўлиши лозим.
Диктатура “журналисти” бўлишингиз учун иймон, виждон ва инсоф деган тушунчаларни буткул унутиб, ёлғон гапириш, оммани алдаш санъатини мукаммал эгаллашингиз керак.
Мақола ёзиш бўйича амалий ўгитлар
Диктатура “журналистикаси”да ишлатиладиган қуйидаги асосий сўз бирикмаларини ёд олинг ва ёзаётган мақолаларингизда турфа йўллар билан ишлатинг:
мустақиллик шарофати билан, муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуси билан, ҳурматли президентимизнинг ғамхўрлиги туфайли, кенг қамровли ислоҳотлар, бахтиёр юртдошларимиз, байрам шукуҳи, шукроналик ҳисси, сарҳадларимиз даҳлсизлиги, фаровон Ўзбекистон, озод ва обод Ватанимизни кўролмаётган қора кучлар, мустақиллигимиз душманлари, кўрнамаклар, ватангадолар, ислом ва демократияни ниқоб қилиб олган нафс бандалари ва ҳоказо.
Мана шу ибораларни жой-жойига қўйиб, ишлатсангиз, етарли.
Мисол учун, Сиздан диктатурани тарғиб қиладиган мақола ёзиш талаб қилинса, пойтахт Тошкентда ёки бошқа шаҳарда у ёки бу майда-чуйда иншоот қуриб битказилганини тилга олинг-да, юқорида келтирилган сўз биркмаларидан шундай жумла тузинг:
“Буларнинг ҳаммаси мустақиллик шарофати билан,
муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуси билан,
ҳурматли президентимизнинг ғамхўрлиги туфайли
озод ва обод юртимизда олиб борилаётган
кенг қамровли ислоҳотларнинг натижасидир.
Шунинг учун ҳам бахтиёр юртдошларимизнинг юзларида доим байрам шукуҳи ва шукроналик ҳиссини кўришимиз мумкин”.
Мана сизга тайёр мақола!
Ёки бўлмаса, Сиздан диктатура душманларини қораловчи материал тайёрлаш талаб қилинса, Ўзбекистон ичида ёки ташқарасида юрган бир-икки муҳолифатчини, ҳуқуқбонни ёки мустақил журналистни тилган олинг-да, шундай денг:
“Озод ва обод Ватанимизни кўролмаётган бу қора кучлар мустақиллигимиз душманларидир!
Улар фаровон Ўзбекистонимизни долларларга сотган Ватан хоинларидир!
Ислом ва демократияни ниқоб қилиб олган ушбу нафс бандалари, ўзга юртларда хору зорликда юрган бу кўрнамак ватангадолар ҳеч қачон Ватанимиз сарҳадларини кесиб ўтишмайди!”
Мана Сизга яна бир материал!
Кўриб турганингиздек, ҳозирги Ўзбекистонда пропагандистик, э-э-э, минг бор узр, “журналистик” материаллар тайёрлаш ва умуман “журналист” бўлиб ишлаш унчалик қийин эмас. Юқорида келтирилган сўз бирикмаларини ўрнида ишлатсангиз бўлди!
Ишонмасангиз, бугунги кунда Ўзбекистонда чиқадиган ҳар қандай газета ва журналда эълон қилинган материалларни бир ўқиб кўринг: мақолаларнинг ҳаммаси юқорида келтирилган сўз бирикмаларидан ташкил топганига амин бўласиз. Ёки бўлмаса, Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилаётган ҳар қандай дастурни томоша қилинг: уларда ҳам фақат шу иборалар янграётганига ишонч ҳосил қиласиз.
Сўнгсўз
Мақола ёзиш бўйича берилган амалий ўгитлармга қулоқ солсангиз, буюрилган нарсаларни ёзадиган секретарь-референт ёки агитатор-пропагандист бўлиб етишасиз. Бу ишда сал ғайрат кўрсатсангиз, Ўзбекистон журналистларининг ижодий уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Олтин қалам” танловида ғалаба қозонишингиз ва ҳаттоки “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” деган “юксак” унвонга сазовор бўлишингиз мумкин.
“Амалий антиқўлланма”да келтирилган талаб ва ўгитларни оғишмасдан бажарсангиз, “манқурт”, “тўтиқуш”, “ёлғончи”, “лаганбардор”, “ялтоқи”, “иккиюзламачи” деган ном олиб, халқнинг қарғишига дучор бўласиз.
Секретарь-референтларни ёмон кўрувчи
Антипропагандист