Каримов режимига Қаршилик тарихидан
(Тўртинчи мақола)
2017 йилнинг 16 феврал куни Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов ва Ички Ишлар Вазири генерал Зокир Алиматовларнинг фитнаси Каримов режимига мухолифат ва Ўзбекистон аҳолисининг диндор қисмига нисбатан кенг миқёсдаги қатағонини бошлаши учун баҳона бўлганига 18 йил тўлди.
Ўшанда Иноятов ва Алиматовлар Тошкент марказида бер нечта портлашларни уюштиришган ва бунда сиёсий мухолифат ва диндорларни айблашган эди. Ушбу давлат террорининг кўпчилик қурбонлари ёки қийноқлар остида ўлиб кетишди ёки ҳали ҳам қамоқхоналарда қолишмоқда. Агарда янги ҳукумат ўзи тез-тез таъкидлаётганидек ҳақиқатдан ҳам адолатни тикламоқчи бўлса, у ҳолда ишни 16 феврал портлашлари бўйича маҳкамага тортилган ва айбдор деб топилган минглаб айбсиз инсонларнинг ишини қайтадан кўриб чиқиб, уларни реабилитация қилишдан бошлаши керак.
ЎХҲ таҳририяти
* * *
ДИКТАТУРА ТАМҒАСИ
(“Сариқ дафъатанлик” мақоласига изоҳ)
“Эркинюрт” интернет саҳифасидан: Биз Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳдан Центразия сайтида аноним муаллиф (А.Г) – Айдин Гударзи номидан босилган “Заметки публициста о желтой неожиданности в политической осени в Узбекистане” (03.12.2003, http://www.centrasia.ru/) мақоласига жавоб беришни таклиф қилдик, жаноб Солиҳ бунга жавобан шу мақоалсини йўллади.
Диктатура тамғаси
Мақоланинг исмсиз шахс тарафидан ёзилишига қарамасдан уни изохлашга қарор қилдим. Бу мақолани Миллий Хавфсизлик Хизматидаги ёш ходим ёздими ёки Ташқи Ишлар вазирлигидан кўнгилли “аналитик”ларми – аҳамияти йўқ.Аҳамиятли тарафи мазкур мақола у ёки бу шаклда расмий мақомларнинг – фақат 16 феврал портлашларига эмас, балки бошқа воқеларга ҳам – қарашларини ифодалайди. Мақола муаллифи портлашларнинг “сабаб”ларини “таҳлил” қилар экан Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсатидаги “муваффақиялари”ни ҳам эринламай санаб ўтади. Яьни, биз мақолада аноним автор ниқоби остида Ўзбекистон ҳукумати сиёсатининг муайян шиорлари билан юзма-юз келамиз.
Гарчанд, бу мақола сиёсий махбус Зайниддин Асқаровнинг 26.11.2000 да Тоштурмадан берган сенсацион баёнотига жавоб сифатида ёзилганлиги шундоқ кўриниб турибди. Маьлумки, бу баёнотда Асқаров 16 феврал портлашларига Ўзбек Миллий Хавфсизлик Хизматининг қўли борлиги ҳақида фактлар келтирганди. Бу айблов шу қадар кучли эдики, аноним муалифнинг бу хом материали билан ундан қутилишга умид қилиш кулгили эди. Айни пайтда махфий хизматчиларда шу хом “аргумент”дан бошқа қалқон ҳам йўқ эди. Асқаровнинг баёноти кутилмаганда янгради, унга мантиқли жавоб беришга улгура олмадилар, ҳимоя усуллари йўл йўлакай ўйлаб топилди. Бу вазифа юкланган подполковник Равшан Абдуллахонов ўз ишини эплаёлмади, мантиқсиз баёнотлари ва бузуқ ўзбекчаси билан вазиятни янада таранглаштирди. Подполковник радиога чайналиб-чайналиб Асқаровнинг “руҳий касал” эканлигини “тушунтирди” ва унинг Ички Ишлар Вазирлиги ва МХХ га қўйган айбларга эьтибор бермаслик лозимлигини айтди. Аммо маҳбуснинг “касаллиги” икки юзи ҳам чархланган қилич эди, бу иддао ИИБ, МХХ ва Суд ва Прокуратурани ҳам яралаши мумкин эди. Чунки Асқаров “касал” бўлса, унинг Судда “халқ душманларига” (жумладан, каминага) қарши берган эьтирофларини хақиқий ҳисоблаш мумкин бўлмасди.
Равшан Абдуллахонов бу хатосини тузатаман деб иккинчи хатога йўл қуйди. У маҳбус Асқаровга Солиҳ ва Йулдошев таҳдид қилдилар ва Асқаров бундан қўрққанидан уларни ҳимоя қилди, деди. Бу баёнот биринчисидан ҳам ножиддийроқ эди.
Бу муваффақиятсизликларни ёпиш учун МХХ сўнгги қартасини ўйинга киритди: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аьзоси Зубайр билан Муҳаммад Солиҳнинг хаёлий “суҳбат”ининг аудио қайдини “Озодлик” ва БиБи Си радиоларига “тақдим” этди. Бу аудио қайдда “Солиҳ”нинг овози деярли эшитилмайди, балки қўпол монтаж қилингани учундир.
Аммо интернетда босилган версиясида, М. Солиҳнинг Зубайр билан саломлашиш тарзи (“Ва алайкум ассалом ва рохматуллоҳи ва баракатуҳу”) МХХ нинг ўйинини тўла фош қилади. Чунки бундай узоқ саломлашиш менинг одатим эмас. Камина ҳеч қачон ҳеч ким билан будай саломлашмаганман.
Подполковник Абдуллахонов “М. Солиҳ Қандаҳорга борган, БиБиСи ходими Ҳамид Исмоил нега бордингиз, деб сўраганда, Солиҳ жавоб беролмаган” дея очиқча ёлғон гапиргани бу ишни тамоман қуюшқондан чиқарди. Камина Қандҳорни фақат хариталардагина кўрган. Бу хусусда Абдулҳамид Исмоилдан “сизга шундай бир интервью бердимми?, деб сўрадим, у бундай материал таёрламаганини эьтироф этди.
Бир сўз билан айтганда Зайниддин Асқаровнинг баёноти Ўзбек ҳукуматининг бошига йилдирим каби тушди. У сувдан қуруқ чиқиш учун сохта лоқайдлик билан ўз шармандалгини кўрмасликка олди. “Заметки публициста о желтой неожиданности..” мақоласининг исмсиз муаллифи ҳам бу сохта лоқайдликни намойиш қилиш вазифаси билан майдонга чиққанга ўхшайди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон МХХсига оид www.stability.uz сайтидаги баландпарвоз калтабинлик бу исмсиз шахснинг матнида кўринмайди. Исмсиз муаллифнинг тарафкашлиги ҳам ўша сайтдагидек очиқчасига ахлоқсиз эмасдай гўё. Тарафкашлик киноянинг юмшоқ матоҳига бурканган. Масалан, Асқаровнинг устидан кулар экан, муаллиф шундай ёзади: “амнистия Асқаровнинг қамоқ камерасида кўрган энг ширин тушларида ҳам кўринмаяжакдир”.
Муаллифнинг Асқаровга ғазаби шу сатрларда ҳам “маданийча” бўртиб туради: “Нега МХХ ва ИИБ нинг буюк сирларини билган бу Асқаров бугунгача турмада “соғлиги ёмонлашиб” дафьатан ўлиб қолмади?
Чунки у буюк сир ташувчиси сифатида таҳликли эмас ва ҳеч кимни қизиқтирмасди. 1999 йилдаги қонли воқеалар қатнашчилари ва илҳомлантирувчиларининг алоқалари ҳақидаги фактлар фонида Асқаров бугун ҳам ҳеч кини қизиқтирмайди”.
Ҳамма гап шундаки, Асқаров уша “буюк сирни” билар эди. Асқаров муаллиф айтганидек, чиндан ҳам “таҳликали” эмасди. Чунки у 4 йил турма ҳаётида МХХ ва ИИБнинг бутун “имтиҳонлари”дан ўтганди. Асқаров МХХ ва ИИБ топшириғи билан судда берган сохта эьтирофларини маҳаллий ва хорижий таҳлилчилар ҳузурида бир неча марта нуқсонсиз такрорлаб, ҳокимиятга ўз садоқатини исботлаганди. Бу ўйин давомида Асқаров ҳукуматнинг мухолифатга қарши асосий айбловчиси мақомига юксалди десак ҳам муболаға бўлмайди. Уни кийинтириб, ювиб тараб энг муҳим “халқаро учрашув”ларга чиқариб турдилар.
Асқаровнинг Америка, Англия ва Олмония махфий хизматлари ходимларига ўзбек мухолифат лидерларига (каминага}қарши сохта гувоҳлик бергани бугун сир эмас.
Асқаровнинг МХХ томонидан 2003 йил 26 ноябр кунига тайёрланган матбуот конференцияси ҳам “оператив тадбир”ларнинг нвбатдагиси эди. Асқаров бу сафар ҳам 1999 йил маҳкамада Муҳаммад Солиҳ ва бошқаларга қарши билдирган “эьтироф”ларини такрорлаши керак эди. Бунга зарурат борми эди?
Бор эди. Интернетда 1999 йилдаги портлашларга Ўзбек махфий хизматининг алоқаси борлиги ҳақда хабарлар пайдо бўлганди ва бунга зудлик билан жавоб бериш керак эди. Жавобни синовдан ўтган “гувоҳ” Асқаровдан бошқаси беролмасди, у каминага ва Йўлдошевга қарши берган кўрсатмаларини такрорласа кифоя эди, услуб аввалдан ишланганди. Асқаров матбуот конференциясининг биринчи ярмида МХХнинг сценарийсидан чиқмади, аммо суҳбатнинг иккинчи ярмида кутилмаганда 16 февраль портлашлари ҳақида хақиқатни айтишга жазм қилди. Балки бу жасоратга унинг иймони ундади ва ўз дўстларини қатл қилган ҳукуматга лойиқ бир жавоб беришга қарор қилди. МХХ ва ИИБ ертулаларида бир кун ҳам ўтирмаган одам Асқаровнинг руҳий ҳолатини тушуниши маҳол, бундай одамларнинг Асқаровни танқид қилиши ҳам осон.
Балки шу боис, баьзи инсонлрга Асқаровнинг дафьатан берган бу баёноти мантиқсиз ва ғалати кўринган бўлиши мумкин. Нима булганда ҳам, “МХХ тарафидан информация сиздириш учун махсус тайёрланган” қабилидиги комло теориялар асоссиз туюлади менга.
Исмсиз муаллиф А.Г. чет эл матбуотида босилган камина ва Каримов режими орасидаги ғавғо ҳақдаги материаллар мавзусига тегинар экан, ҳақлидир: уч жилдга яқин материал мавжуд, аммо МХХ ходимлари ўз мундири шарафини ҳимоя қилиш учун бу мақолалардан бирортасидан ҳам менга қарши иқтибос келтиролмайди. Шу боис бу материаллар МХХ тарафидан тез тез мусодара қилининиб туради. Масалан, менинг укам Муҳаммад Бегжоннинг уйидан америкалик олим Руф Диблернинг камина ҳақдаги китоби чиққани учун 15 йил қамоққа ҳукм қилинди.
Фақат бизники каби ёпиқ жамиятлардагина махфий хизматлар ўз дезинформацияси муваффақиятига ишонишлари мумкин. Зотан, ўзбек махфий хизматининг1999 йил портлашларига алоқаси борлиги ҳақда биринчи марта гапирилаётгани йўқ. Бу мавзуда миш-миш чет элларда кўпдан бери давом этаяпти.
Асқаровнинг жамоатчилик диққатини чекканига сабаб бу фактни юрт ичкарисида айтди. Ундан ҳам муҳими, Асқаров бу баёнотига қадар 1999 йил “жиноятини содир қилганлар”га қарши ягона гувоҳ эди.
Қолган “гувоҳ”лар зудлик билан отиб ташланганди. Нега?
Чунки улар ҳақиқатни билишарди, қулай пайт келса, буни ифшо қилиши хавфи бор эди. Уларни отиб ташлаб, МХХ бу хавф ҳудудини торайтирган бўлди.
Исмисиз муаллиф А.Г. ўз саволига ўзи шундай жавоб беради:
“Нега Асқаров отишга ҳукм қилинмади? Жавоб: чунки Асқаров ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашмади”.
Хўш, отиб ташланган Баҳром Абдуллаев ҳарбий ҳаракатларда қатнашдими?
Баҳром Абдуллаевни портлашлардан 3 ой олдин МХХ ертўласига ташладилар. Бу одам чивин ҳам рухсатсиз учиб чиқмайдиган бир ертўлада ўтирган ҳолда, қандай қилиб портлашларнинг ташклиотчиси бўлиши мумкин?
Аммо исмсиз А.Г.ни бошқа нарсалар қизиқтиради. У шундай хитоб қилади: “Асқаров тайёрланаётган портлашлар ҳақида ҳукуматга информация берган Баҳром Абдуллаевни хоин деб ҳисолйдими йўқми?
Асқаров уни ўз ишонувчалигининг қурбони деб ҳисоблайди. Асқаровнинг интервюда айтишича, Б. Абдуллаев таёрланаётган қонли акцияни тўхтатиш учун бу ҳақда МХХ ва ИИБ га информация берган, аммо МХХ ва ИИБ фожиани тўхтатиш ўрнига, унга кенгроқ йўл очиб берган. Портлашдан сўнг эса бу қонли воқеанинг асл сабабчиси ҳукумат эканлигини билган Б. Абдуллаев кабиларни дарҳол отиб ташлаган.
Портлашлар ҳукуматга нима учун керак эди?
1.Каримов режимининг тоталитар бошқарув услубини Ғарб давлатлари наздида машру (легитим) қилиш учун.
2.Демократик мухолифатни экстремизмда айблаб, уни изоляция қилиш, сиёсий майдонга чиқармаслик учун. 3.Портлшларни баҳонасида катта репрессия бошлаш ва бу ҳамла билан ўзга фикрлилик ва ҳар қандай мухолиф қарашни янчиб ташлаш учун.
Ҳукумат стартегиясининг бу учта моддаси ҳам эндиликда амлага ошди деса бўлади.
Исмсиз муаллиф А.Г. режим жиноятларини хаспўшлаш учун чет эл жамоъат арбобларининг сиёсий истиқрор ва хавфсизликнинг аҳамияти ҳақидаги гапларини мисол қилиб келтиради. Афсуски, бу икки масалада нафақат режим маддоҳлари балки узини мухолифат деб танитган бази принципсиз шахслар ҳам бу хусусдаги режимникидан ҳеч фарқ қилмайдиган демагогиясини такрорлашдан уялмайдилар.
Бу нуқтада Бенжамин Франклиннинг шу сўзларини келтиришдан ўзимни тияолмадим, узр: “Истиқрор учун ўз озодлигининг бир қисмидан воз кечишга рози бўлган халқ на истиқрор ва на-да озодликка лойиқдир”…
Яқинда америкалик дўстим, ҳурматли олима аёлдан бир мактуб олдим. У Тошкентга борганини ва у ердан олган таассуротларини ёзибди. Унинг мактубда ишлатган бир сўзи ёдимга муҳрланди:
УМИДСИЗЛИК. Олима аёл менинг ватандошларим чеҳраларида ўқиган ифода шу эди.
Диктатуранинг тамғаси – умидсизлик.
(Mақола русча ёзилган ва ўзбекчаси қисқартилган)
11.12.2003
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” номли китобидан. (294-299-саҳифалар)