O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дилим хуфтон бўлиб қолди…

Дилим хуфтон бўлиб қолди…
156 views
01 November 2017 - 11:45

Йўқ, мен ана у паспортимни доимий пропискадан чиқариб юборишганлари учун у қадар куйинаётганим йўқ….

Шунчаки… Бир ҳуқуқбондан, маслакдошимиздан ҳақорат эшитдим….

Шунинг учун юрагим сиқилиб кетаяпти…

Кўнглим ниҳоятда хуфтон…. Қил сиғмаяпти…

Негаки бу ҳақорат биргина менинг шаънимга эмас, жамики “областнойлар”нинг шаънига айтилган ҳақорат, инсон ҳуқуқларининг юзига туширилган шапалоқ, Конституциямиз талабларига қарши камситиш эди…..

Хуллас, воқеа мана бундай бўлди.

Куни кеча тушлик пайтида оқсоқол ҳуқуқ ҳимоячисининг (отларини отоқламой қўя қолай) қаршисига чўкдим. Тушлик баҳона кўмак сўрамоқчи бўлдим.

– Нима қилдик бу ёғига, ака? Сиз кўпни кўрган, бир куйлак ортиқ йиртган, тажрибали инсонсиз. Маслаҳат беринг, доимий пропискам хусусидаги ҳангомалардан хабардорсиз…. Доимий пропискамни суд орқали тиклашимда кўмаклашинг, – дея илтимос қилиб, балога қолдим.

– Бир гапни, очиғини айтсам, хафа бўлмайсизми?, – деди инсон ҳуқуқлари” соҳасининг отахони, – Мен юзга айтишни яхши кўраман. Яхшиси, ана боринг, Самарқандингизга бориб тинчгина яшасангизчи-а? Нима қиласиз Тошкентда? – дедилар елкасини қисиб, – Ҳаммангиз шу ерга, Тошкентга қараб чопасиз-а? Сиз хафа бўлмангу, бу қадимда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Ҳамиша пойтахт ёпиқ шаҳар бўлган. Айтингчи, бурун нега шаҳар қалъа билан ўралган? Шаҳар дарвозаси арз билан келган аҳоли учун эрталаб бир бор очилган холос…. Мана, қаранг, ҳозир Тошкентимизда 3 миллионта аҳоли бор дейилмоқда. Сиздақаларни, прописка қилган, қилмаганларни ҳисоблаганда бугунги кунда аҳоли сони 5 миллионтага етган. Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг, булар пропискани очиб юборадиган бўлса, нима бўлади? Айтингчи? Тасаввур қилаяпсизми, нима бўлади? Мурча-малахдек одам босиб кетади-ю бу ерни. Ўшанда одам сони 5 миллионта эмас, 10 миллиондан ошиб кетади. Кейин бу ерда нафас олиб бўладими? Транспортда юриб бўладими? Пойтахтга сиз кабиларнинг оқиб келиши ҳисобига мана, масалан мен совуқ уйда яшашга мажбур бўлмоқдаман.. Одам сонининг ошиб кетиши ҳисобига газ босими жудаям пасайиб кетган. Устига-устак сув босими ҳам жуда паст. -айнан ана шундай жавоб бўлди….

Очиғи мен инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг оқсоқолидан бунингдек лутф кутмаган эдим.

Ўкиниб кетдим.

– Ака, мен пойтахтга кеча келиб қолган эмасман. 1988 йил эди ҳозир пропискадан чиқариб юборилган хонадонга келиб доимий рўйхатга қўйганим. У пайтларда қизалоқ эдим, талаба эдим. 30 йилдан бери шу ердаман, битта уйда пропискадаман, ака…., – гапимни тугата олмадим.

-Гап сизнинг пойтахтга қачон келиб қолганингизда эмас, нега тушунмайсиз? Ё тушунгингиз келмайди. Вилоятингизда ҳам кимдир яшаши, кимдир шароитларни яратиши керак-ку. Ана, Самарқандга боринг, ўша ерда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланинг, иш ўринлари яратинг, ўша ерда ҳам одалмарга шароит қилинг, ойликлар кўтарилсин. Истасанглар, пойтахтни Самарқандга кўчиринглар, истасанглар Бухорога. Ҳа, нима, бир пайтлар пойтахт Самарқанд бўлгану. Хуллас, шуни билиб қўйингки, Тошкентда фақат зодогон ва бойлар, илиги тўқлар яшаган ҳамиша, – деса бўладими оқсоқолимиз….

– Бу гапингиз билан “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий ва вақтинча прописка…” тўғрисидаги Конституцияга зид бўлган қонунни қўлламоқчимисиз? – луқма ташладим.

– Не дай Бог Тошкентга пропискани очиб юборишса, нима бўлишини биласизми? Йўқ, ҳаммаси тўғри, бироқ биласизми,… гап нимада…. Нега энди вилоятдагиларни яхши шароитда яшашларини яратиш учун бу ерда яхши яшаётганларнинг шароитига соя солиш керак? Ундан кўра ҳар бир вилоятнинг ўзида ўша ернинг халқига шароит қилганлари яхшироқмасми? Йўқ, майли, пропискани очишсин, қаршимасмиз, аммо бунинг учун олдин газ ва сув таъминотини яхшилашсин, заҳирани ғамласин, ана ундан кейин… Ҳали Тошкентга пропискани очишга вақт бор… Ҳали эрта…, – деди суҳбатдошим….

Йўқ, мен оқсоқолни айбламоқчи эмасман. Ҳамма ҳам мустақил фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.

Оқсоқол киндик қони тўкилган шаҳрини вилоятдан келган кишиларсиз кўришни истаса, айб эмас албатта.

Бироқ барибир инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасининг отахони айтган гаплардан дилим оғриди….

Кўнглим хуфтон бўлиб кетди…

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг билимдоники шундай деб турганларидан кейин мен “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий ва вақтинча прописка…” тўғрисидаги қонун “ижодкор”ларидан, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида ўтирган шаввозлардан..

Конституцияга зид бунингдек қонунни тасдиқлаган Сенату Президентдан ўпкаласам ўринли бўлармикин дея ўйланиб қолдим….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

facebook.com