O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Диндан мосуво жамият маънавий таназзулга учрайди

Диндан мосуво жамият маънавий таназзулга учрайди
166 views
27 April 2012 - 20:05

ЎХҲ сайти таҳририяти баъзи ватандошларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди.Қуйида сиз ЎХҲ Норвегия бўлими раиси шоир ва журналист Мақсуд Бекжоннинг жавоблари билан танишасиз.

Савол:
Дунё бўйлаб, яъни нафақат араб мамлакатлари балки мусулмонлар аҳолисини камчилигини ташкил этадиган мамлакатларда ҳам тобора ривожланиб бораётган исломий сиёсий фаоллик сабаблари сизнингча нимадан иборат?

Жавоб:
Бу фаоллашиш энг аввало ислом дунёсига, мусулмонларга қарши бошка дин мансублари тарафидан бутун дунё бўйлаб босқинчилик ва мустамлакачилик сиёсати олиб борилаётганига, ислом динини маҳв этишга қаратилган ёппа ҳаракатга қарши бир жавобдир. Қачонлардир дунё сиёсатини юргизган мусулмонлар бугун учинчи нав тоифага айланди, ислом ақидалари ва урф-одатлари куфр аҳлининг масхара қилиш объектига айланди ва буни кўриб турган мусулмонлар ортиқ жим қолишлари мумкин эмасди. Бир пайтлар маданият ва илм соҳасида овруполиклар мусулмонларга тенглашишга ҳаракат қилган бўлса, бугун мусулмонлар ўз қадриятларини ҳимоя қилиш учун Оврупонинг технологик ютуқларини ўзлаштиришга, Оврупонинг сиёсий кураш методларини ўз мақсадлари учун ишлатишга уринмоқдалар.

Савол:
Аслида бу Исломнинг сиёсатга аралашуви табиий жараёнми ёки баъзилар таъкидлаётгани каби аксинча бўлиши дин яъни, Ислом дини бошқа динлар каби сиёсатга аралашмаслиги керакми?!

Жавоб:
Дин, шу жумладан, Ислом Дини ҳам ўз ҳолича, инсонларнинг уни ҳаётга тадбиқ этиб-этмаганига қарамай яшай оладиган ва бунинг устига сиёсатга ёки бошқа нарсаларга аралаша оладиган ҳилқат эмасдир. Динни инсонлар тамсил этади ва бу тамсилчилар ўзлари яшайдиган жамиятларнинг узвий бир парчаси улароқ давлатчилик қурилишида ўз диний қарашларини акс эттирмаслиги мумкин эмас. Бугунги диндан тўла мосуво бўлган жамият қуриш ҳаракатларининг жамиятни маънавий жиҳатдан қанчалик аянчли аҳволга олиб келиши мумкинлигини Овруподаги демократик-секуляр давлатлар мисолида кўришимиз мумкин.

Албатта, бундан ислом давлатларидаги аҳвол Овруподагидан яхши деган фикр келиб чиқмайди. Бу икки хил тоифа ўлкалардаги фарқ бирида бошқасидан кўра камроқ ёки кўпроқ муаммо борлигидан эмас, балки, тенг миқдордаги муаммоларнинг турлича моҳиятда эканлигидан иборатдир. Қилиниши лозим бўлган иш – бу икки хил жамиятдаги ижобий хусусиятларни синтез қилиб, уларни қурилажак янги жамият пойдеворига қўйишдан иборат бўлиши керак.

Mадомики, мусулмон жамиятларининг тараққиётдан орқада қолганига бугун ислом дини сабабчи қилиб кўрсатилаётган экан, демак, мусулмонлар бугун худди минг йил олдин аждодларимиз амалда кўрсатгани каби, замонавий илм-фанларни ўзлаштриб, ислом дини нуфузини ўша ўтмишимизда аждодларимиз эриштирган даражага кўтаришлари лозим. Динимизнинг қадр-қиммати тўғридан-тўғри жамиятимизнинг илм-фан ва тараққиёт борасида юксалиши билан боғлиқлигини тарихимизнинг ўзи кўрсатиб турибди. Пайғамбаримиз(с.а.в) “Бешикдан қабргача илм изла” деганлар, аммо бу ҳадиси шарифни инсон то қабргача факат Қуръон ўқиш билан машғул бўлиши лозим, дея талқин қилиш хатодир. Чунки, Қуръони карим илм эмас, Аллоҳнинг амр ва қайтариқлари мажмуидир. Илм соҳасида баҳсу-мунозаралар қилинади, тахмин-у гумонлар қилинади, Қуръон эса, мунозаралардан ҳам, тахмин-у гумонлардан ҳам фориғдир.

Савол:
Ҳозир дин сиёсатга аралашмаслиги лозим деган мавқеъни ушлаган ватандошларнинг ҳозирги сиёсийлашаётган Исломий жамоаларга тоқатсизлик муносабатини кузатаяпмиз. Бу боришда Ўзбекистонда исломий жамоаларнинг сиёсий фаолиятини, келажагини бошқалар билан муносабатини қандай тасаввур қиласиз?!

Жавоб:
Агар дин сиёсатга аралашаётган бўлса, бунга дин эмас, динга қарши курашаётганлар сабабчидир. Дин душманлари динни оёқ ости қилиб, мусулмонларни фақат намоз ўкигани ва ёки хижоб кийгани учун қамоқларда қийнаб ўлдиришади-ю, сўнгра уларга
“сиз сиёсатга аралашманг” дейишади. Динга қарши зулм ва зуғум давом этар экан, мусулмонлар тобора кўпроқ сиёсийлашаверадилар ва бу табиий ҳолдир. Зотан, мусулмонларнинг сиёсийлашишдан бошқа иложлари ҳам йўқ, бугун мусулмонларнинг сиёсийлашмаслиги яқин орада ислом динининг бутунлай маҳв этилиш таҳликасини юзага келтириши мумкин. Албатта, Аллоҳ ўз динини ҳимоя қилади, аммо унутмаслигимиз керак-ки, Аллоҳ динини ўз қулларининг қўли билан ҳимоя қилади. “Дин ўз йўлига давлат сиёсати ўз йўлига” бўладиган замон факат дин узаридан бутун тазйиқ ва босқилар олиб ташланганидан сўнггина амалга ошиши мумкин. Дин ва замонавий давлат бошқаруви ўртасида шундай консенсус, келишув имконсиз экани ҳақда фақат дин душманларигина гапириши мумкин.

Ислом ва сиёсат мавзуида яна шуни таъкидлаш лозим-ки, Пайғамбаримиз(с.а.в)нинг ўзлари хам Аллоҳнинг элчиси бўлиши билан бирга, буюк сиёсатчи ҳам эдилар.(зотан “элчи” калимасининг ўзи ҳам бугунги кунимизда сиёсий мазмун ташийди). Хусусан, пайғамбаримиз тарихидан унинг ўзи олган баъзи қарорларни кейинроқ шароит тақозоси билан ўзгартирганларига гувоҳ бўламиз. Масалан, ҳадислар китобида баён этиладиган бир ривоятга кўра, пайғамбаримиз(с.а.в) бир куни саҳобаларнинг ўз тасарруфларидаги хурмо дарахти гулларини сунъий йўл билан чанглантираётганига шоҳид бўлиб, саҳобаларга бундай қилмасликка амр берганлар, бу – Аллоҳнинг ишига аралашув эканлиги ҳақида огоҳлантирганлар. Натижа шу бўлган-ки, ўша йили хурмолар оз ҳосил бериб, аҳоли ичида қаҳатчилик юзага келган ва шундан сунг бир гуруҳ саҳобалар пайғамбаримиз(с.а.в) ҳузурига келиб, ундан яна хурмо гулларини сунъий чанглантиришга изн беришларини сўраганлар.

Пайғамбаримиз саҳобаларга: “Майли, сиз бу ишни мендан яхшироқ биласиз”, дея олдин қабул қилган қарорларини бекор қилиб, уларга яна гулларни сунъий чанглантиришларига изн берганлар. Айтилмоқчи бўлган фикр шуки, бугун мусулмонлар ичида ислом энди туғилаётган онда бутпарастларга қарши аёвсиз кураш асносида расм ва тасвирлар борасида қабул қилинган амр ва қарорлар масаласига ҳам шундай ёндашиш имкони ҳақда мулоҳазалар юритилмоқда. Хусусан, Қарзавий сингари баъзи уламолар фотосуратларнинг исломда таъқиқланган тасвирлар сирасига кирмаслиги ҳақда фатво берганлар.

Моҳиятига доир яна бир ибратли ҳадис: ўз саҳобалари билан олис сафарга чиққан пайғамабаримиз(с.а.в) саҳро ўртасида турган бир дарахт тагига ўтириб ҳордиқ чиқарибдилар ва сўнгра ўз сафарини давом эттириш учун ўрнидан қўзғалар эканлар, саҳобаларга дарахтни чопиб ташлашни буюрибдилар. Саҳобалар бундай амрдан ҳайрон булиб, бунинг сабабини сўраганларида, пайғамбаримиз(с.а.в) мусулмонлар бу дарахтни тавоф қилиш масканига айлнатиришлари мумкинлигини ўйлаб, шундай амр берганларини тушунтирганлар. Яъни, пайғамбаримизнинг бу ҳатти-ҳаракатларида илоҳий амрдан кўра, сиёсий зако кўпроқ кўриниб турганлигини эътироф этишимиз лозим. Айни пайтда пайғамабаримизнинг дарахтни кестирганини мусулмонлар учун суннат сифатида тақдим этиш ҳам мантиқли бўлмайди. Хуллас, ислом дини дунё динлари ичида моҳияти энг ойдин бўлган бир диндир ва биз мусулмонлар динимизни чигаллаштримай, унинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда уни ҳаётга тадбиқ этсак, динимиз равнақи учун яхши бўлади, иншоллоҳ.