Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг МХХдан тайинланган ўринбосари Айдарбек Тулепов 17 февраль куни ишдан олиниб, унинг лавозими тугатилган.
Бу ҳақда Би-би-сига диний идора ходимлар бўлимининг бошлиғи Абдулманнон Усмонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Айдарбек Тулепов сўнгги 12 йил давомида айни лавозимда ишлаб келган.
Муфтият вакилининг айтишича, диний масалада МХХ марказий идорасидаги кураторлик ҳам тугатилган.
“Энди идорамиз МХХдан буткул халос бўлади ва мустақил фаолият олиб боради”, – деб айтди Абдулманнон Усмонов Би-би-си билан суҳбатда.
Унинг аниқлик киритишича, Айдарбек Тулепов диний идорада расман МХХ вакили сифатида фаолият юритган.
Мусулмонлар идораси совет давридан буён хавфсизлик хизматларининг қаттиқ назоратида бўлиб келган.
Мустақиллик йилларида бу назорат янада кучайгани айтилади.
Аммо айрим диний фаолларга кўра, мусулмонлар идораси МХХ таъсиридан буткул ҳалос бўлди, дейишга ҳали эрта.
Янгиликка муносабат билдирган блогер Мусанниф Адҳамнинг ёзишича, Айдарбек Тулепов амалда диний идора назоратини ўз қўлида ушлаб келган шахс эди.
У “Қори ака” номи билан “улуғлаб келинган”.
“Расман 71 иш ўрнига эга бўлган идора ходимларининг асосий қисми МХХ ходими Айдарбек Тулеповга ишлаб келган. Яъни, Диний Идорада кимдир янги бир ташаббус билан чиқса, мусулмонларнинг фойдасига иш қилмоқчи бўлса, “Қори ака”га содиқ ходимлар бу ҳақда дарров ўз хожаларига хабар беришган. Ҳатто ўша янгилик муфтийнинг олдига кирган тақдирда ҳам бор имконларини ишга солиб, уни амалга оширмасликка интилишган. Асосан мана шу кишиларнинг “саъй-ҳаракатлари” натижасида Ўзбекистонда бир ярим йилдан бери барча жабҳаларда бўлаётган ўзгаришлар тўлқини Диний Идоранинг “метин қоялари”га урилиб, ортга қайтиб кетяпти”, – деб ёзди Фэйсбукдаги саҳифасида Мусанниф Адҳам.
Айрим хабарларга кўра, Каримов даврида ҳукуматнинг диний сиёсатини юритиб келган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ҳам Мустақиллик майдонидан бошқа манзилга кўчирилмоқда.
ЎХҲ хабарлар бўлими