O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Диний сиёсат

Диний сиёсат
75 views
26 May 2017 - 6:00

Ўзбекистонни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз – 9.
(“Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан интервью.)

– Дин эркинлигига муносабатингиз қандай: керакми шу нарса? Агар керак бўлса, қай даражада? Қандайдир диний гуруҳларнинг фаолияти ёки дин эркинлиги чекланиши ёки ҳамма учун – ваҳҳобийлар, ҳизбутчилар, иеговачилар, кришнаитларга ўз ғояларини даъват қилишларига тенг ҳуқуқ бериш керакми? Динларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш мумкинми ўзи?

– Диний эркинлик биз учун тараққийпарвар инсоният томонидан декларация қилинган бошқа эркинликлар каби муҳим. Қонун барча конфессия ва диний оқимларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаши, уларнинг хавфсизлигини кафолатлаши керак. Диний гуруҳларга ўз ғояларини, агар улар ғайридинларга қарши урушни, террор ва зўравонликни тарғиб қилмаса, уларга даъват қилишларига ижозат бериш керак.

– Ўзбекистонда исломий экстремизм мавжуд деб ҳисобласизми? Агар мавжуд бўлса, унга қарши қандай қилиб курашиш керак? Экстремистларни кўнглини овлаш йўли биланми ёки таъқиб ва босим йўли биланми? Кўпинча шундай фикр билдирадилар: бошқа йўл йўқ – уларни йўқ қилмасанг, улар сени йўқ қиладилар. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

– Экстремизм ҳамма жойда, шу жумладан, мусулмонлар ва Ислом номидан чиқаётганлар орасида ҳам бор. Аслида, мусулмонлар шариат бўйича экстремизмни қўлламасликлари ва экстремистик акцияларда иштирок этмасликлари керак. Бу ерда масала терминологияда. Ислом Каримов учун номоз ўқийдиган, масжидга қатнайдиган ёки Қуръонни қироат қиладиган ва болаларини ўргатадиган ҳар бир соқолли одам эктремист саналади.

Ўзбекистон турмаларида ўтирган мусулмонларнинг 99 фоизи айнан шунақа “экстремистлар”дир. Ўзбекистонда диний гуруҳлар фаоллари пайдо бўлган вақтдан бошлаб мен уларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий елпозасига (спектрига) киритиш, босқичма-босқич демократик жараёнга интеграция қилиш таклифи билан чиққанман. Ўзбекистондаги илк исломий партия етакчиси Абдулла Ўтаевни бир неча бор ўзим билан конференцияларга олиб бордим ва биз омма олдида бирга нутқ сўзладик. Ҳаммаси меъёрида эди, ҳеч қандай таҳдидлар сезилмади. Аммо диктаторлар диндан ва диндорлардан қўрқадилар. Ислом фундаментализми ҳақида ҳатто эшитмаган чин мусулмон, юмшоқ кўнгилли инсон Абдулла Ўтаев диктаторнинг биринчи қурбони бўлди.

Агар турмалар ва ўлим лагерлари расмийларга экстремизмдан қутилишга ёрдам берганида, Ўзбекистондаги йигирма йил давомида ўтазилган интенсив репрессиялар натижасида бирорта ҳам экстремист қолмаган бўларди. Биз эса бунинг аксини кузатаяпмиз: радикал кайфиятдаги диндорлар сони борган сари ўсиб бораяпти. Уларнинг сони репрессияларга пропорционал равишда кўтарилаяпти. Демак, давлат террори сиёсатидан воз кечиш ва диний гуруҳлар билан диалог йўлларини излаш, уларга Конституция кафолатланган эркин ибодат қилиш ҳуқуқини қайтариш керак экан. Ўшанда кўрамиз, мамлакатда барқарорликни ўрнатиш учун қайси услуб афзаллигини.

– Ҳам сўзи билан ҳам қилаётган иши билан Конституцияни бекор қилишга ҳамда диний теократия ўрнатишга уринаётганлар билан нима қилиш керак? Қамаш керакми ёки улар ўйлаганларини амалга ошириш қудратигга эга бўлгунларича қўйиб бериш керакми?

– Бизнинг идеал – этник ва конфессионал фарқдан қатъий назар жамиятда тотувлик. Бу каби миллий келишувни ўрнатиш мамлакатда узоқ муддатли чинакам истиқрорни англатади. Давлат ушбу келишувга футур етказишга ҳар қандай уринишларнинг олдини олиши зарур. Аммо ушбу келишувга таҳдид солмайдиган, зўравонлик ва террорга, урушга, миллиатлараро низоларга чақирмайдиган тинч ташвиқот давлат томонидан жазоланмаслиги лозим.

Фарғона,
07.02.2011

(154)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (501-503-саҳифалар.)

(давоми бор)