O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Домино принципи” ёки “Шахс инқилоби” ҳақида

“Домино принципи” ёки “Шахс инқилоби” ҳақида
208 views
08 December 2013 - 12:59

644266_170294296473000_442226366_n

(Ўзбекистон Конституцияси кунига бағишланади)

Қонунсизлик одам танламайди, қонунсизлик удумга айланган ерда бугун бошқаларга нисбатан қонунсизликарни амалга оширган кимсалар эртага ўзлари шу қонунсизлик қурбонига айланишлари муқаррардир. Ўзбекистонда ҳукм сураётган бугунги вазият мисолида бунинг ёрқин мисолини кўришимиз мумкин; Каримов режимига узоқ йиллар садоқат билан хизмат қилган кўплаб мансабдорлар бир лаҳзада ишдан олиниб, жиноятчи деб эълон қилингани ва қамоққа ташланганига гувоҳ бўлиб келяпмиз.

Ҳамма бало шундаки, қонунсизлик қилаётган “қонун посбонлари” бу ишни фақат мен бошқаларга нисбатан қиламан-у, аммо бошқалар менга қарши буни қилолмайди, улар менга нисбатан қонун бўйича муомала қилишга мажбурдир, деган хомхаёл билан яшайди. Бу тоифа калтафаҳмлар фақат ўзларининг боши деворга урилганларидагина кўзлари очилади, аммо бу пайтда фақат “бошга тушганни кўз куради”, дейишларидан бошқа нарса кўлларидан келмайди. Фақат халкининг келажагини эмас, балки, ўзининг ва болаларининг келажагини ўйлаган киши қам қар қандай қонунсизликка қарши тиш-тирноғи билан қарши чиқиши керак, аслида.

Қонунсизлик – жамият бошдан кечириши мумкин бўлган энг катта офатлардан биридир, минг хил юқумли касалликлар, табиий офатлар, уруш ва низолар қонунсизлик эпидемияси олдида ҳеч нарса эмасдир. Қонунсизлик бир ботқоқ каби таҳликалидир, у жамиятни ботқоқ сингари аста-секин ўз қаърига торта бошлайди, унинг бутун таҳликаси қам мана шунда, яъний, сездирмай ўз қаърига тортишидадир.

Аслида, жамиятдаги қонунсизлик энг майда нарсалардан бошланиши мумкин, масалан, автобусга чиққан йўловчи автобус чиптасига пул тўласа-ю, аммо тўлаган пули учун ҳайдовчидан чипта талаб қилмаганидан бошланиши мумкин у. Чиптасиз йўлчилик қилган йўловчи билиши керак-ки, унинг тўлаган пули автобуснинг ҳақиқий эгаси – давлатга эмас, ҳайдовчининг чўнтагига кетади.

Чиптани талаб қилиш асло майда нарса эмас, чунки, давлат миқёсидаги бутун порахўрлик ва ўғирликларнинг заъмирида мана шундай бошланғич, кичик ўғирликлар, аниқроғи, халқнинг бундай ўғирликларга лоқайдлиги ва хатто кўп холларда ўзининг ҳам уни рағбатлантириши ётибди, десак, лоф бўлмайди. Албатта, бу фикрга: “коррупцияга ботган хокимият туфайли маоши кун куришга етмайдиган бу бечоралар шундай ўғирлик қилишга мажбур буладилар”, дея эътироз қилишлари мумкин. Тўғри, “балиқ бошидан чирийди”, аммо шу билан бирга айтиш лозим-ки, уй – пойдевордан бошланади, агар жамиятнинг пастки қатламларида кичик қонунсизликларга нисбатан қаршилик мавжуд бўлганида эди, юқоридагилар ҳам бемалол бу қонунсизликларни(энди кенг ва катта миқёсда) ўзларига маслак қилиб олишга журъат килолмаган бўлардилар.

Яъний, бугун “индувидуал инкилоб” “ижтимоий-сиёсий инкилоб”дан кўра долзарброқ бўлиб қолмоқда.(Бу фикр Ўзбекистон Халк Харакати дастури сифатида келтирилётгани йўк, бу – бугунги воқеликнинг эътирофи, холос.) Шахснинг ўз дунёқарашида, позициясида амалга оширган бундай маънавий инқилоби, мабодо, биронта сиёсий гуруҳ тарафидан инқилоб амалга оширилган такдирда ҳам керак бўлади, бундай позиция шу инқилобни сақлаб қолиш учун ҳам зарур бўлади. Агар “эволюцион йўл” хақидаги гапларда бир мазмун бўлса, бу мазмун фақат шу йўлни, “шахс инкилоби”ни назарда тутиши мумкин, “эволюцион йўл” ҳакдаги қолган барча талқинлар остида мавжуд тузумнинг ўз хокимиятини имкон борича узоқроқ вақт давомида сақлаб қолиш истагидан бошқа нарса ётмайди. “Эвоюцион инкилоб” учун хеч бир ноконуний ҳокимият ўзи шароит яратиб бермайди, клептократларнинг “мусулмончилик – аста-аста” деган насиҳати остида, аслида, “биздан кейин нима килсанглар, килаверинглар, аммо то биз кетгунча жим ўтиринглар”, деган истаги ётади, холос. Хуллас, халқ маълум бир сиёсий савия ва кайфиятга келиши учун юз минглаб одамлар ўзларининг энг оддий ҳуқуқларини талаб қила бошлашлари, қонунсизлик олдидан, бу қонунсизлик унинг шахсий ҳаётига бевоста алоқаси бўлган-бўлмаганидан қатъий назар, жим ўтиб кетмай, унга, энг беозор шаклда бўлса ҳам, муносабат билдира бошлашлари жуда муҳимдир. Бундай кичик одимлар жамиятда қонун ва қонунчилик хакдаги илк тасаввур ва кайфиятини ярата бошлайди ва ушанда ҳеч бир мансабдор парламент томонидан қабул қилинган бирон бир ҳужжатни ҳавода силкитиб:”бу бир оддий қоғоздан бошқа нарса эмас”, дея бақиришга журъат қилолмайдиган бўлади.

Аслида, бу мақоламизни ёзишдан максад хам худди шундай “оддий қоғоз”га айланиб қолган бир ҳужжат, ҳужжат бўлганда ҳам юртимизнинг асосий Қонуни – Ўзбекистон Конституциясининг мухокамаси, аниқроғи, унинг нақадар кераксиз, ҳурматсиз бир нарсага айлантрилгани ҳақда мулоҳаза юритиш эди. Келинг, Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни деб ёзилиб, халқнинг ваколатини олган кишилар – парламент тарафидан тасдиқланган Ҳужжатда нималар ёзилган-у, ҳаётда бу ёзилганлар қай шаклда рўй кўрсатaётганига бир назар ташлайлик. Конституция шундай мукаддима билан бошланади:

“МУҚАДДИМА Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади”.

Бу сатрларда бирон бир жумла йўқ-ки, бугунги воқеликка зид бўлмасин. Бу ҳужжатни ўзларига асосий фаолият дастури деб қабул килган бугунги ҳукуматни на инсон ҳуқуқлари, демократик ва ижтимоий адолатга садоқат кўрсатишда, на ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятни англашда, на халқаро ҳуқуқнинг қоидалари устунлигини тан олганликда, на фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилишда, на инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаганликда гумон қилиш мумкин.

Энди бевосита Конституция моддаларининг ўзини кўздан кечириб чиқайлик: “7-модда:”Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади”.

“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, жумласи ҳақда: халқ, табиийки, ҳокимият ўз тирикчилигини қилаётган манбадир, аммо халқ асло – бу сатрда назарда тутилгандай – хокимиятнинг ўзи эмасдир.

Модда давомидаги: “Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш… янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади” деган пунктнинг ўзи асосида бугунги давлат бошлиғини бемалол маҳкамага тортиб, қаматиб юбориш мумкин бўларди, чунки, Ўзбекистон рахбари И.Каримов бутун қонунларга зид равишда сайловларсиз ўз президентлик муддатини бир неча марта узайтирди ва келажакда ҳам (то ўлгунича) яна шундай қилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ.

11-моддада шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”. Воқелик шундай-ки, Ўзбекистондаги давлат ҳокимияти тизими президент Каримовнинг “бўлинмас” шахси принципига асослангандир. Қонун чиқарувчи қам, ижро этувчи қам, суд хокимияти қам унинг ўзидир.

12-моддани кўздан кечирайлик, унда: “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”, дейилади.

Ўзбекистонда сиёсий институтлар йўқ ва натижа ўлароқ, ривожланадиган ижтимоий ҳаёт ҳам йўқдир. Мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги ҳақда эса, гапиришнинг ўзи ҳам кулгулидир. Ўлкадаги бутун “мафкура” ва “сиёсат” Каримовнинг қаерда нима дегани-ю, қайси китобда нима ёзганини таҳлил қилишдан, у белгилаб берган мавзуларни чайнашдан иборат, холос. Яъний, Каримовнинг ҳар айтган сўзи – давлат мафкурасидир. “Ижтимоий ҳаёт” ҳам шундай, “ижтимоий ҳаёт”ни маҳаллаларга “қулоқ” сифатида қўйилган “посбон”лар назорат қилиб туради, халқ ҳатто ўз диний урф-одат ва анъаналари борасида ҳам эркин эмасдир.

13-моддада шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”.

Бу модда ҳақда шундай дейиш мумкин: Ўзбекистонда на умуминсоний қадриятларга ва на бошқа кўринишдаги(эҳтимол, миллий ёки диний кўринишдаги) қадриятларга асосланган демократия йўқ. Йўқ нарсага бундай таъриф берилишининг ўзи кулгулидир. Худди шундай йўқ нарсанинг(демократиянинг) йўқ нарслар билан(конституция ва конунлар билан) “ҳимоя қилиниши” ҳам бир аскиядир.

14-модда: “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”. Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаро, у ҳоҳ давлат мансабдори бўлсин, ҳоҳ оддий ишчи ёки деҳқон бўлсин, Ўзбекистондаги бугунги давлат сиёсатининг бу қадриятларга қурилмаганини яхши билади. Оддий фуқаронинг жамиятдаги адолатсизликларга чидай олмай:”адолат борми, адолат қаерда?” деган саволига мансабдор шахснинг бемалол:”адолат… фалон жойда” деб ҳақорат билан жавоб бериши одатий ҳолга айланган.

15-модда: “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”.

Ўлкада ҳеч ким конституция ва қонунларнинг устунлигини тан олмайди ва барча фуқаролар фақат Конституция ва қонунларга зид иш кўрадилар. Мавжуд бўлган ва деярли “қусурсиз” ишлайдиган ягона қоида – порадир, болалар боғчасидан тортиб, институтларгача, давлат идораларидан тортиб, маҳкама ва ҳуқуқ-тартибот, миллий хавфсизликни сақлаш тизимларигача коррупция ботқоғига ботгандир.

16-модда: “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас”.

Аслида, Ўзбекистонда ҳеч ким – на ҳукумат мансабдори, на зиёли, на ишчи ёки деҳқон Конституция деган нарсанинг мавжудлигини эслаб ҳам ўтирмайди, демак, уни талқин қилиб ўтиришга хам бир эҳтиёж сезилмайди. Худди шундай: бирон нарсанинг “йўқ нарсага зид келиш.келмаслиги” масаласи ҳам долзарб эмас. 19-модда: “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”.

Шуни эътироф этиш керак-ки, фуқаронинг давлат олдидаги бурчлари маълум – бу “бурч”лар сони ҳеч қачон амал қилмайдиган конституцияда кўрсатилганидан бир неча марта ортиқ даражададир, шу билан бирга фуқаро конституцияда кўрсатилган ҳуқуқлардан биронтасига эга эмас. Давлатнинг вазияти эса, том тескари: унга фуқаро устидан бутун ҳуқуқлар берилган-у, аммо унинг фуқаро олдида биронта ҳам бурчи йўқ. Яъний, фуқаро билан давлат ҳуқуқ ва бурчларни “профил”лаштирилган шаклда тенг бўлиб олганб дейиш мумкин: бутун ҳуқуқлар давлатга-ю, бутун бурчлар – фуқарога.

22-модда:”Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”.

Мустақиллик эълон қилинганидан бери Ўзбекистон ҳукумати бирон марта на мамлакат ичкарисида ва на мамлакат ташқарисида ўз фуқаросини “ҳуқуқий ҳимоя қилиш”, “ҳомийлик кўрсатиш” ҳақида бош қотирмаган. Давлат ҳимояси ва умуман, юрт туйғусидан маҳрум миллионлаб ўзбеклар хорижда мисли кўрилмаган адолатсизликларга, хўрликларга дуч келмоқдалар, ўлдирилмокдалар(Русияда), аммо Ўзбекистон ҳукумати уз фукароларининг бу аянчли аҳволига пинагини ҳам бузгани йўқ, ўз фуқароларини ҳимоя қилиш борасида бошқа давлатларга мурожаат қилишни, улар билан бу масалани муҳокама қилишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ.

Ўзбек халқи бугун бир давлатсиз халққа айланган дейиш мумкин, Ўзбекистонда “давлат” номи остида иш кўраётган тизимларни эса, “аксилдавлатчи”, миллий давлатчилигимзни йўқ қилишга бел боғлаган кучлар, деб аташга тўла асосимиз бор.

24-модда:”Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”.

Ўзбекистон кўчаларида(Фарғонада, Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида, Паркентда, Андижонда) минглаб бегуноҳ одамлар – гўдаклар, аёллар, кексалар, ёшлар бугунги хукумат тарафидан ваҳшийларча отиб ташланган, қамоқхоналарда ўн минглаб маҳбуслар қийноқларга солиб ўлдирилаётган ва бу ваҳшийликлар ҳозир ҳам ҳеч сусайтирилмай давом этаётган бир ўлкада “яшаш ҳуқуқи” таъминлангани қақда фақат ақли ноқис ёки мунофиқ гапириши мумкин. Ҳукумат ҳатто мамлакат ташқарисида узига қарши чиққанларнинг яшаш ҳуқуқларини ҳам бир чақага олмайди, бундан атиги бир неча кун олдин, бизнинг сафдошимиз Фуад Рустамхужаев Русияда Ўзбекистон хукумати йўллаган қотиллар тарафидан ваҳшийларча отиб, ўлдирилди. Илгари бу ҳукумат Қирғизистонда журналист Алишер Соиповни отиб ўлдирган эди. Яъний, Ўзбекистонда ҳукм сураётган бугунги қонли режимда “инсоннинг яшаш ҳуқуқи” деган тушунчанинг ўзи мавжуд эмас. 25-модда: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас” Ўзбекистонда диктатор ва унинг яқинларидан бошқа ҳеч ким эркинлик ва шахсий даҳлсизликка эга эмас. Ҳокимият исталган одамнинг шахсий ҳаётига аралашиши, унинг уйига бостириб кириши, уни ҳеч қандай асос ва далилларсиз(сохта далил ва исботлар билан) ҳибсга ташлаши, қийноқларга солиши ва ҳатто ўлдириши мумкин. Бунга минглаб мисоллар келтириш мумкин.

26-модда: “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”.

Ўзбекистондаги бирон бир шахс устидан очилган махкаманинг конуний тартибда ўтказилишига ҳеч кандай кафолат йўқ, чунки, суд тизимлари иши икки принципга: ёки хукумат буюртмасини бажариш (сиёсий ва ёки диний фаолларни сохта айблар билан махкама килиш) ва ёки агар махкамага тортилган кишидан (агар у сиёсий ва ёки диний фаолияти учун айбланмаётган булса) пора ундириш принципига қурилгандир.

Судда айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш имкони (албатта, агар у сиёсий ёки диний сабабларга кўра қамалган булмаса, негаки, бундай махбусларда ўз-ўзини ҳимоя қилишнинг ҳеч қандай имкони йўқ) фақат бир нарсага, махкама раисига ёки бошқа мансабдорга бериладиган пора моқдорига боғлиқдир. Қийноқ, зўравонлик, шафқатсиз ва инсон қадр-қимматини ерга уриш каби жиноятларга доир шуни айтиш керак-ки, бугун Ўзбекистонда ҳукм сураётган қонли режим халқаро жамоатчилик томонидан бу борада дунёнинг энг каттол, вахший режимларидан бири, деб тан олинган.

27-модда: “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас”.

Ўзбекистонда инсон шаъни ва обрўсига қилинаёттган тажовузлар ҳар қадамда кўзга ташланади, мажлисларда мансабдорларнинг ўз қўли остидагиларни, эркагу-аёл демай, энг тубан сўзлар билан ҳақорат қилиши ва ҳатто дўппослаши Президент идорасидан тортиб, ҳокимиятнинг энг пастки қатламидаги идораларигача удумга айлангандир. Миршабларнинг қонунсиз тарзда фуқаронинг уйига кириб, у ерда тинтув ўтказишлари, телефон ва ёзишмлаларини тинглаб, ўқиб, уларни ошкор қилиши ҳам нормал ҳолга айланган.

29-модда:”Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.

Ўзбекистонда ҳеч ким эътиқод ва сўз эркинлиги ҳуқуқига эга эмас, ҳеч кимда истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи йўқ, Ўзбекистон хукумати айтаётган гапдан ташқарига чиқувчи ҳар қандай гап ёки фикр “қонун билан” чекланади ва ҳукумат риторикасидан ташқаридаги ҳар қандай гап ёки фикр “давлат сири” ёки бошқа сир сифатида таъқиқланади.

30-модда:”Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим”.

Мамлакатдаги бутун давлат органлари жон-жаҳди билан фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан хабардор бўлиб қолишларига қарши кенг миқёсда кураш олиб борадилар, фуқаро фойдаси ҳақда сўз юритилган биронта ҳужжат бўлса, уни, фуқароларга кўрсатиш у ёқда турсин, имкони бўлса, зудлик билан кўздан узоқроқ жойга бекитишга ҳаракат қиладилар.

32-модда: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади”.

Ўзбекистон фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда на бевосита ва на билвосита, яъний, вакиллар орқали бошқариш ҳуқуқига эгалар, сайловлар сохта, вакиллар ҳам, табиийки, сайловчилар эътиборини қозониш, уларнинг овозини олиш учун ҳеч кандай ғайрат кўрсатиб ўтирмайдилар, чунки, сайловлардан олдиноқ ким қаерга сайланиши ҳаммага маълум бўлади.

Шунингдек, мамлакатда реферундум ўтказишнинг ҳам хеч қандай мазмуни йўқ, чунки, агар ўтказилган пайтда ҳам берилган овозлар, мавжуд ҳукумат манфаатига мос шаклда ёппасига сохталаштирилади.

33-модда:”Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга”.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин биронта ҳам митинг, намойиш ёки йиғилишга расман рухсат берилгани йўқ, бу ҳақда қилинган барча мурожаатлар рад этилди.

34-модда:”Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас”.

Каримов режимининг кейинги 20 йиллик фаолиятининг асосий қисмини сиёсий партияларга ва диний жамоаларга қарши аёвсиз қатағонлар ташкил этади, қолган барча нарсалар – мамлакат иқтисоди, экологияси, ўлканинг маданий ва илмий ҳаёти, халқ саломатлиги, таълим ва маорифга иккинчи ва ёки учинчи даражали нарсалар деб қаралди. Ва табиийки, “ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини камситмаскик”ка хам хеч кандай эҳтиёж йўқ, чунки, ҳокимият вакиллик органларининг биронтасида ҳам бирон бир мухолифат вакили йўқ..

67-модда:”Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.

Оммавий ахборот воситалари, бошқа масалалар у ёқда турсин, ҳатто мамлкатда юз берган биронта авто халокат ёки зилзила ҳақда хабар бериш борасида ҳам эркин эмаслар. Ва улар ахборотнинг тўғрилиги учун ҳам мутлако жавобгар эмаслар, бутун масъулият бу хабарларни берадиган ҳокимият вакилларидадир. Шу маънода ҳокимият мансабдорларининг асосий иши – “журналистлик” қилишдан иборат бўлиб қолмоқда десак, лоф бўлмайди.

70-модда:”Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади”.

Бу модда энди Ўзбекистон Конституциясини қабул қилганларнинг ақлий ва маънавий савияси нақадар аянчли аҳволда эканини кўрсатувчи энг ёрқин мисоллардан биридир. Қоракалпоғистон шу пайтгача доим автономия ҳисобланарди, у қандай қилиб энди “суверен”га айланди-ю, қандай қилиб, бир суверен(мустақил) давлат бошқа бир суверен(мустақил) давлатнинг таркибида бўлиши мумкин? Устига устак, қандай қилиб, бир мустақил давлат бошқа бир мустақил давлатнинг мустақилигигини(суверенлигини!) ҳимоя қилиши мумкин? 71-модда:”Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга.

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид бўлиши мумкин эмас”.

Нега энди мустақил (суверен) бир давлатнинг Конституцияси бошқа бир мустақил(суверен) давлатнинг Конституциясига зид бўлмаслиги керак экан? Бунга қандай ҳуқуқий тўсиқ бўлиши мумкин?

72-модда:”Ўзбекистон Республикаси қонунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам мажбурийдир”.

Нега мустақил(суверен) бир давлатда бошқа бир давлат қонунлари амал қилиши керак, бу қайси халқаро нормаларда кўрсатилган? 74-модда:”Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга”.

Мадомики, Қорақалпоғистон аллақачон суверен(мустақил) экан, у яна кимдан ва қаёққа ажралиб чиқади референдум воситасида? 75-модда:”Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинади”.

Қандай қилиб, битимлар, яъний, мустақил давлатлар ўртасида тузиладиган шартномлар ушбу шартнома тузаётган иккита давлатдан фақат бирининг Конституцияси доирасида тузилиши мумкин? Ва агар, мабодо,Қорқалпоғистон Ўзбекистоннинг бир бўлаги бўлса, битимлар давлат ичидаги биронта субъект(вилоят, худуд) билан тузилмайди, ички муносабатларда бошка юридик терминология (йўл-йўриқ, мажбурият ва хакозо) қўлланилади.

Хуллас, Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли бу моддаси Конституциянинг муқаддимасида тилга олинган давлат бутунлиги принципларининг очиқдан.очиқ топталишидан бошқа нарса эмас. Бу моддани давлат бутунлигига қарши қўйилган секин-аста ҳаракатга келувчи бомба десак, муболаға бўлмайди.

Хуллас, жамиятнинг қонун билан боғлиқ ҳаёти домино принципига ўхшайди – бу ўйин принципига кўра, доминонинг сўнгги кўриниши унга худди шундай кўриниш билан жавоб беришини тақозо қилади, яъний, қонунсизлик – қонунсизликни туғади.

Аллоҳ ўлкамизда ҳукм сураётган аксилмиллий режимга қарши курашда халқимизга ақл ва заковот, сабр ва матонат берсин.

Мақсуд Бекжон