МУСО ТУРКИСТОНИЙ
Муҳтарам биродарлар! Эй мусулмонлар!
Ҳаммангизга маълумдурки, юртимиз мусулмон юрти. Эл мусулмон, халқ мусулмон, хон мусулмон. Шариатнинг ҳукми жорий. Амри нофиз эди. Ҳикматини Оллоҳ таоло Ўзи биладир, кофирларни мусаллат қилди. Юртимизга ўрис келди. Худоёрхоннинг ўрнига Коуфман, Умархоннинг тахтиға Чернайўф ўлтирди. Фарғонанинг хонлиғи ерда Масков хонлиғи Оқ Пошшо ҳукмдор бўлди.
Ўрус ватанимизга истило этди. Сўнгра тилимизга истило этди. Секин-секин динимизга истило қилмакка бошлади. Биласизларки, чўқиндилар кўпайди, кўпаймоқда…..
Оқ Пошшонинг номидан янги фармон келди. Некалайни яъни, бир ўруснинг номини жумъа намозининг хутбасида хутбага қўшиб ўқулсун, деб. Ва яна кўчирма сиёсати ила ватанимизга мужикларни ерлаштирди. Ҳар тарафни тўнғиззор қилди. Қабони Федченка, Марғилонни Гарчакўф , Симни Искобилўф, Бағдодни Сирада, Конибодомни Малинкоф, деб ҳамма шаҳарларимизга бирор рус гениролларининг исмини тақди. Ҳар шаҳарда, ҳар қишлоқда бутхоналарни қўнғироғини жаранг-журунг овози кўпайди.
Бонка дегон бир рибохона қурулди. Динимизда йўқ судхўрлик, ҳаромхўрлик ривож бўлди. Ҳамманинг ҳалқи булғанди. Ҳар шаҳарда янги шаҳар, дегон бир фисқхона қилди. Фисқни ҳамма навъи ҳозирланди. Мусулмонларни йўлдан оздирди. Аксар мусулмонлар янги шаҳардаги ичкилик дўконлариға, ошхоналариға, қиморхоналарига муштарий бўлди. Фоҳишахоналариға ўрганди. Мусулмонларнинг ахлоқи бузулди. Ўруснинг келғониға ўттиз йил тўлмай мусулмонлар ришватга, рибога одатланди. Ҳалол ҳаромни фарқ қилмас бўлди. Қозиларимиз бўйнига бут, знак тақадурғон бўлди. Хулоса, шариатимиз хор бўлди. Мусулмончилик ғариб бўлди. Ҳурриятимиз ғойиб бўлди. Истиқлолимиз маҳв бўлди. Ўзимиз ўтмас, сўзимиз кечмас бўлдик. Эй воҳ! Эй мусулмонлар, бунга сабаб ўзимиз бўлдик. Бу ҳолимизга Оллоҳ ҳам рози эмас. Росул ҳам рози эмас. Бу асорат, бу маҳкумиятга кимса рози эмас. Инс ҳам, жин ҳам рози эмас. Эй биродарлар, тек тураверсак, бу кофир яна бадтар қиладур. Вой бизнинг ҳолимизга! Тарихда жаҳонгир ўтган, муаззам бир салтанат қурғон қаҳрамон-паҳлавонларнинг авлодимиз. Бу зиллатга ҳеч қандай зий руҳ (жонзот) чидамайдур. Қани биздаги шижоат? Қани аждодимиздаги басолат? Сизларга нима бўлди бу қадар? (Таълиқот каби бир шарҳ ила ёзилса)
Агар жойлашса, кавокиб музиа китобидан нақлан Хивада турбаи Муҳаммаддин-да мадфун тўрт юз олимларимиз бордур. Ҳаммаси мусулмон, ҳаммаси турк, ҳаммасининг исми Муҳаммад, ҳаммаси ҳанафий мазҳабдур. Бир исмда, бир мазҳабда, бир қабристонда бу қадар олимларни тўпланиши Туркистоннинг диний тақдимда, дин одамларини етишдиришда на даражада хизматлари сабақат этгонлиғи ўқувчиларни вақтиға арз ўлинур. Жаҳон тарихинда ер юзинда, кўк юзинда буни мисли кўрилмоғондур. Туркистонлилар ҳар қанча ифтихор этса, арзийдур, бажодур. Эй биродарлар, бизлар шундоқ аждоднинг набираларидурмиз.
Ўлук уйқусида ухлаймизму, деб ҳазрат Эшонни сўзи бу жойға келғонда йиғи-зори бошланди. Ҳозир турганлар ҳўнг-ҳўнг йиғлаш билан Эшоннинг амриға омода эконлиғларини билдирдилар. Аларнинг ҳаяжонларини босиш учун ҳазрат Эшон сўзида давом этди:
Эй мусулмонлар! Эй Худонинг бандалари! Эй Пайғамбар уммати! Чин мўмин бўлсангизлар, сизларга жиҳод лозимдур. Жиҳод! Жиҳод! Оллоҳ йўлида жиҳод қиламиз. Ўлсак шаҳид, ўлдирсак ғози бўламиз. Жиҳод қилмоғунча елкамизга мингон бу рўдапо ўрусдан қутулиш йўқ. Эй мўминлар, кўзингизни очинг. Ғафлатдан бедор бўлинг. Кофирлардан ҳуқуқимизни олайлик.
Эй биродарлар! Ҳурриятимизни олайлик. Ўз ватанимиз, ўз юртимизда ўзимиз ҳукумат қурайлик. Бунинг учун биздан ғайрат истайдур, ҳиммат истайдур, жиҳод истайдур. Фий сабилиллаҳ жиҳод вақти келди.
Ҳаййи алал-жиҳад
Ҳаййи алал-фалаҳ
Шу ҳолда хонақо тўлдир мусулмонлар бир овоздан жиҳод, жиҳод, жиҳод…….жиҳодга ҳозирмиз, молимиз, жонимиз фидо бўлсин, ҳазрат Эшон, сизнинг амрингизга ҳозирмиз, деб бир овоздан баланд овозлар ила бағирдилар.
Ҳазрат Эшон сўзга оғиз очди, боракаллоҳ, боракаллоҳ, шундоқ ҳиммат лозим, Оллоҳ йўлида шаҳид бўлғонлар ўлик эмасдур, алар тирикдурлар. Буни аксар халқ англамайдур, дегон ушбу ояти каримани ўқиди. ….[53]
Эй биродарлар, ажал бирдур, қирқ йил қиронгарлик бўлса, ажал етгон ўлодур, Худо ризоси учун жиҳодга ҳозир бўлинглар. Ҳаййи алал-ғазот. Ҳаййи алал-фалаҳ. Ҳаййи алал-жиҳод. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ҳамма баробар такрорлади. Ҳазрат Эшонни охирги нутқларида ҳаммангиз ҳозирланинг, бу кеча хуфтондан кейин ҳужум, деди. Кейин яқин қишлоқларга ҳар тарафга чопар йўлланди. Ҳазрат Эшон амрларича жиҳод фий сабилиллаҳ эълон қилинди. Бу оқшомдан қолмай мусулмон бўлса, жиҳодга ҳозир бўлсун, деб мунодий нидо қилди.
1896 йили ёз фаслида ҳозирлиғи тамомланган Дукчи Эшон муриду мухлислари ила бош оломон Мингтепадан ҳаракат қилди. Кечалаб юриб, Ҳакан қишлоғи тарафидан Андижон шаҳрини руслар ила маскун янги шаҳар қисмиға ҳужум қилдилар.
Бу кечалик ҳужумда яъни, шубохунда қиличбозлик ила кўб ўрусларни ўлдирдилар. Мужоҳидларни бир қисми казарма (аскархона)га ҳужум қилиб, солдатлардан кўбларини ғафлатда ва уйқуда босиб, ўлдирдилар.
Қўққусдан бўлғон бу ҳужумдан руслар саросималикда қолиб, аввалги ваҳла мағлуб бўлдилар. Тонг отғунча хейли қонлар тўкулди.
Тонг отиб, дунё равшан бўлди. Икки тараф бир-бирларини кўрди. Эшон қўмондасидаги фидоийларни ҳаммаси оқ дўппилик, оқ дўппи расми қиёфа шаклини олғон, ҳар тарафда оқ дўппилик эшоннинг аскарлари русларни аскархоналарини иҳота қилиб ўраб олғон.
Бу ҳолда руслар ақлларини тўплаб, қалъа (крепўст)даги қувватларини суруб келтирди. Эшоннинг қувватларини ён тарафидан ҳужумга бошлади. Мужоҳидлар ила билмуқобала отишди, найзалашди, ханжарлашди. Икки тарафдан хейли кишилар ўлди. Ниҳоят Эшон тараф шикаст топиб, сурулуб-сурулуб шаҳардан узоқлашди. Шаҳарга руслар ҳоким бўлди. Оқ дўппилик Эшонни муридларини тутди. Шаҳарда гуноҳлик, гуноҳсиз оқ дўппи кийғонга қирон келди. Ҳаммани тутуб, қамоққа олди.
Ҳодисани Андижон шаҳрининг ҳокими тарафидан телгиром ила Масковга, марказга баён қилинди. Масковдан келғон фармонда Андижонни отувга қатли ом қилинсун, деб ҳукм келди.
Тўрт даҳанинг тўрт мингбошиси тўпланиб, бир ҳайъат ўлароқ-да, ўзаро машварат қилдилар. Эшон бўлса, мағлуб бўлди, деб инқилоб ақим қолди, ҳокимга арзи дунёзада бўлдилар. Халқда гуноҳ йўқ, аҳолини бу ишдан хабари ҳам йўқ, ҳамма гуноҳ қўзғолончи Эшонда, муридларидадур, халқни афв қилса, яхши бўладур, етим ўғул, тул хотинга зулм бўлди, дедилар. Ҳоким аҳолини оқлаб, буларда айб йўқ экан, деб Масковга иккинчи тилгиром берди. Оқ Подшодан такрор фармон келди. Мазмуни, отув ҳукми тўхтасин, Эшон ҳужум қилиб келгон тарафдаги қишлоқ ва маҳаллаларни одамларини кўчирилсун, бошқаларга ибрат бўлсун, деб уйлари, молу мулклари бузулуб, толаниб, вайрон қилинсун.[54] Эшон хуруж қилиб чиқғон Мингтепага Русиядан мужиклар келтириб, ерлаштирилсин. Ерлари, уйлари мужикларга мулк қилиб берилсин. Аларга марҳамат қилинсин. Қишлоқнинг отини ҳам бу тарихдан эътиборан Марҳамат, деб от қўюлсун.
Мингтепа ва бошқа жойлардан кўчирилғон оилалар Хартумга тобе Завроқга яқин жойда ерлаштирилди. У жойдан ҳар оилага етишлук бир чек, бир чек берилди. Ўшнинг адирига чиқишдаги у жойнинг исми Чек, деб шуҳратланди.
Эшон шикаст еб, қочгандан кейин руслар бор қувватларила Эшонни қувлағоли турдилар. Ҳудудларга тилғирофлар бердилар. Эшонни тутуб келтирғонга мукофот ваъда қилдилар. Соқлоғонга жазо деб эълон чиқди.
Эшон муридларила Андижондан чиқиб, Хўқанд қишлоғидан ўтиб, Бозорқўрғон тариқила Арслонбобга қараб юрғон эди. Тошкўприкка борғонда Эшон мингбошининг йигитлари тарафидан тутулди. Эшоннинг фидойилари, ёронларидан ўн икки сўфи баробар ушланди. Мингбошининг одамлари Эшоннинг қўл-оёғларини боғлаб, Хўқанд қишлоққа келтирғонларида рус аскарлари кутиб турғон эди. Эшоннинг ўзини танҳо бир аробага ўтқузуб, ўн икки муридларини тақсимлаб, ҳар аробага икки кишидан ўтқузуб, 6 аробага буларни жойлаб, жами етти аробани аскарлар ўртага олиб, Андижонга жўнатилди.
Дўдурга келгонда томошага чиқғон халқга Эшон сув, сув, сув, деди. Халойиқдан бири бир кўзада сув узатди. Аскарбоши тўсмади. Эшон сувга сероб бўлғунча аробалар тўхтаб турди. Сўнгра йўлиға давом этди.
Андижонга келгонда қалъа (крепўст)нинг ёнбошида руслар қўлила осилди. Ўлик вақтида кўмилса-да, дор ёғочлари сиёсатан узоқ муддат бузилмай турди.
Эшонни тутуб бергон мингбошининг рутбасини тарфиан думага[55] аъзолик рутбаси берилди. Хўқанд қишлоғидан келтириб, Андижонда вазифа тайин бўлди.
Эшон тўполони нокомлик ила тугади. Бу ҳақда Эшон тадбирсизлик қилди. Атрофиға қалам кишиларини тўпламади. Ишни ғўр қилди. Вақтидан илгари хуруж қилди. Шунинг учун комёб бўлолмади, дегонлар бўлса-да, рус истибдодининг ўттизинчи йилида истибдодга қарши чиқиб, исён байроғини кўтариб, мусулмонларни мафкурасини майдонга чиқарди, ҳамият ила ғайрати динияларини исбот этди, туркистонликларнинг ғояи омолларидан бир намуна ўлароқ, диндошлариға йўлбошчилик қилди, наслларга ибрат дарси қолдирди, шояд анга қараб, йўл солурлар.
Туркистон фожеъаси китобидан