“Шаҳидлар хиёбони”га борган Каримов бир ёнига муфтий Усмонхон Алимов, бир ёнига эса Тошкент имом-хатиби Анвар қори Турсуновни олиб Ироқдаги «бемаза» ва «нотаниш оқим» вакилларини Ўзбекистон остонасига яқинлаштирмаслик лозимлигини уқтирганди.
Чунки «мазали ва таниш бўлган оқим аъзолари» унинг атрофини эгаллаб олиб, жон томирига жойлашиб олган-ки, кошки имконлари булганда «пир»лари билан бирга ëтиб турган, керак бўлса » ўша»нинг ўпкасидан биргалашиб нафас олган бўларди.
Аввалдан бу сохта президентнинг тактикасига назар соладиган бўлсак, бугунги вазиятда ичидан ўтгани фақатгина унинг иштонигагина аëн. Агар «не бўлса бўлар» деймикин деса, эртага ҳолига маймунлар йиғлаши, «қўлидан нима ҳам келарди» деса, хандон отиб кулиши турган гап.
Бу «телба турини бермас» мақолига яраша кимсанинг калтабин фикрича, албатта хавфсизлик чораларини кучайтириб тўғри килинади, чунки билиб булмайди-да, ўзбек деган миллат «байрам» деган тушунчани «портлатиш» деб тушунади. Шунинг учун ҳам мана мустақиллик бўлгандан бери ҳар йили ўзбеклар икки Хайит, навруз ва истиқлол байрамларини мактаб, боғча, масжидларни, ҳамда қишлоқ ва шаҳарларни миналаштириб портлатиш билан машғул.
Чорак аср бўлибдики ҳамма ëқни доим байрамларда кули кўкка совурилади. Бомба қидиришдан бошқа нарсага ақли етмайдиган ходимлари борки, улар байрамлардан олдинрок ҳавотирга тушиб иззиллаб қолишади. Фуқаро ҳам анойи эмаски, бу йил портлатган ерларини янаги йилга тинч қўйса, шунинг учун ҳам доим келгуси байрамларни «зору интизор» бўлиб кутишади.
Бу оқсаройми-кўксарой ичига кириб олган бир гуруҳ «таниш оқимдаги» ваҳимачиларнинг фикридир.
Аксар ҳолларда ижтимоий мубоҳаса вақтларида «яна Каримов президентликни давом эттирармикин, агар яна ўзини ўзи сайлаб олса ўзбегим ҳоли нима бўлади», ëки, «биз яна ер юзи бўйлаб мардикор бўлиб юраверамизми», «ўзбек деган миллат хор бўлиб оламга шарманда бўла бошладику» қабилида фикрлар ўртага ташланиб колади.
Бу фикрда бир оз янглишиш бор, чунки, шармандалик аллақачон бошланган, ўзбек аëлларига оқ йўл тилаб Дубай, Туркия, Россия, Кореяга эшик очилганда юз шувут бўлишига биринчи қадам босилган эди. Энди у шармандагарчилик тагидаги оловга «дам» бериб кучайтириш қолди холос.
«Ҳаракатда-баракат» дейишади, бугунги кунгача ҳар бирлари ўз вазифаларини «аъло» даражада уддалашди. Қанчадан-қанча ўзбек хонадонлари хонавайрон булиб улгурди, зўрга очилган масжидлар МФЙ идораларига, профилактика бўлимларига, ашула ва рақс ансамблларининг мулкларига айлантирилди.
Биз дунёга келибмизки юртимизда золим бўлмаган ҳокимият кўрмадик. Аввалига, бирданига юходек ютиб юбормаса ҳам секин-секин қонимизни сўриб бораверадиган, теримизга яхшилаб ўрнашиб олган паразит жонивор-Советлар иттифоқида оламга келдик.
Мактабга қадам қўйдикки, «Союз не рушимый» деб бошланадиган, ва «республик свободный» деб қип-қизил ёлгон билан давом этадиган ҳиргойини қулогимизга қуйишди, қарангки, советлар эсимизга тушиши биланоқ унинг марши ҳаелимизда хатосиз уланиб кетади. Шундан бизнинг қонимизга қанчалик заҳар қуйилганини билиб олсак бўлаверади.
На «не рушимый» бўлган, ва на «свободный» бўлган золим салтанатнинг ўз эгалари ҳам тушуниб билмаган ҳолда Аллоҳ Таъоло кўтарди.
Бугунги репрессия асосчилари-собиқ коммунистлар ўтмишдаги даҳоларининг ҳолларидан ва йўқликка асарсиз сингиб кетсаларда, изларидан оқиб қолган қонлари эвазига тавқи-лаънатлари ҳали-ҳануз давом этаëтганидан ибрат олсалар яхши бўларди.
Ahmad Fatih