Бош вазир бўлгим келяпти. Виртуал қабулхона очиб қўяману, аҳолидан мурожаатларни қабул қилавераман.Бош вазирликнинг бир яхши тарафи бор – мурожаатлардаги муаммони сен ҳал қилишинг шарт эмас (умуман олганда муаммони ҳал қилиш ҳам шарт эмас).
Бечора талаба ўқиш пулини тўлашга кредит ололмаяптими? Эгаси йўқ бирор давлат банкига буйруқ берасан – талабанинг хоҳиши бир кунда бажо (бажо бўлганини халққа билдирасан, бўлмагани бўлмай, халқ барибир билмай қолаверсин).
Бечора аёлнинг томидан чакки ўтяптими? Ҳокимиятга юбориладиган битта буйруқ билан иш ҳал – аёлнинг тилидан бениҳоя бахтиёр, бош вазирдан чексиз миннатдор экани ҳақида бол томади (қолган бечораларнинг томи кута турсин).
Бечора тадбиркор автосалондан пули тўланган автомобилини ололмаяптими? Бундан осон иш йўқ сен учун! Автосаноат бўйича ёрдамчингга айтасан, бир йил берилмаган мошин бир соатда чиқариб берилади (кимдир энди яна бир ой кўпроқ кутади).
Мурожаати кўриб чиқилган, масаласи ижобий ҳал бўлган ҳамма бечоралар ҳаётдан хурсанд! “Бизнинг ҳолимизга қизиқадиган ҳам бор экану!”, “оламда бош вазирлар кўп, лекин бунақаси ягона!” деб сенга раҳматлар айтади.
Мендек бир хаёлпарастга яна нима керак, айтгин ўзинг? Шу халқнинг раҳмати, шу қоракўзларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, хурсандлигидан ортиқ яна нима керак бир оддий бош вазирга?!
Ҳар қандай демократик давлатда бўлгани каби, сенинг ҳам дангаса ёрдамчиларинг бўлади. Ёки ёрдамчиларингни ёрдамчилари дангасалик қилади. Ечим оддий, бошқа йўл йўқ – уларни қаттиқ жазолайсан!
Бечора аёл томидан чакки ўтаётгани ҳақида иккинчи марта мурожаат қиляптими? Қайси тумандан экан шу аёл? Ҳокими том ямалди деб айтганди-ку! Алдоқчи ҳокимга қаттиқ ҳайфсан эълон қилинсин!
Бечора ишчи уйи исимаётганидан нолияптими? Пойтахтда, унинг қоқ марказида-я! Давай, отопленияни бошлиғини ишдан олларинг! Ҳокимининг курсисини ҳам бир яхшилаб қимирлатиб қўйларинг!
Қайси аҳмоқ мана бу бечора ишсизнинг мурожаатини сохтага чиқарди? Ўзинг бир марта телефон қилсанг ўлиб қолармидинг? Ишдан бўшат ўша аҳмоқ ходимингни, ўрнига бирор аҳмоқмасини топ!
Кўряпсанми, бош вазирлик шунақа осон. Сен бир кўприк — одамлар сенга мурожаатларни юбораверади, сен уларни керакли ёрдамчиларингга қайта юбораверасан. Миллионлаб муаммоларни шикоят тушганида битталаб ҳал қилаверасан.
“Рейс” манзилдан керакли натижа билан қайтмаса, дангаса ва алдоқчи раҳбарлар ўрнига бошқасини қўясан. Ҳоким ва раҳбар бўламан деб, жонидан тўйгандан кўпи борми ҳозир.
Қайси бир ақлли бошлар “тизим” деган сўз топиб олган. Коммунал соҳада шикоят кўпми, демак шу тизимда муаммо бор дейди. Тадбиркор тинмай банкдан нолияптими, демак банк соҳасида тизим ишламаяпти, дейди.
Нима ўзи у тизим? Мен бунақа нарсаларни тушунмайман. Тушунтириб овора бўлма, вақтим йўқ. Ўша тизимларни тузатишни, қуришни бошладим ҳам дейлик. Қачон тузатиб, қачон қуриб бўламан? Туянинг думи ерга тегиб, қизил қор ёғганидами?
Менга ишонавер, виртуал қабулхона – муаммоларнинг энг зўр ечими! Ҳеч қандай тизим-пизим шарт эмас. Шикоятлар миқдори абитуриентлар сони каби кундан-кун ўсиб бораверсин, шунга монанд раҳматлар ҳам кўп бўлади.
Ўзинг яна бир марта айтгин – бир оддий бош вазирга шу бечора халқнинг раҳматидан ортиқ яна қандай мукофот бор? Раҳматларга кўмилган бундай бош вазирнинг йўли равон, парвози бардавом бўлади-ку!
Шунинг учун бош вазир бўлгим келяпти. Бир виртуал қабулхонам бўлса, одамлардан шикоятларни қабул қилаверсам, шикоятлар тугамаса, менга тинмай раҳмат айтишса…
Қизиқ, нега шу вақтгача ҳеч кимнинг ақли шунга етмади экан-а?
Ўктам Орзуманд
Ватан