Интернетдаги энг йирик фашистик форумни тузган одам машҳур ўзбек оиласи фарзанди бўлиб чиқмоқда.
Александр Славрос (аслида бу лақаби) сифатида танилган шахс ўтган йиллар давомида умумжаҳон фашистлари интернет форумини ташкил этади ва бошқаради.
У яратган “Темир юриш” (“Железный марш”) форуми вакиллари дунё бўйлаб иш олиб борганлар, ирқчиликка муккасидан кетишган, Гитлерни ўрганишган, одатий террор эмас, балки ядровий қиёмат яратишни орзу қилишган.
Кўпчилик форум аъзолари турли давлатларда қотиллик ё экстремизм айблари билан қамалган.
Аммо форум етакчиси Александр Славрос айбловлардан қутулиб қолган. Славроснинг юзи доимо ниқоб остида бўлган.
Жаҳоннинг турли давлатларида яширин иш олиб борган бошқа фашистлик гуруҳлар ва форумлар учун ҳам Александр Славрос ташвиқотчи ва ғоявий етакчи вазифасини ўтаган.
У ёшлар учун фашизмнинг янги версиясини яратган.
Славрос ўзини очиқдан-очиқ фашист ва ирқчи, деб атаган.
Унинг ёзганларидан дунё бўйлаб ирқчилар кенг фойдаланишган.
Би-би-си бу одам асли ким эканини аниқлади, уни биладиган инсонлар билан гаплашди ва Александр Славрос интернет ва омма кўзидан яширинганидан бери қаерда яшаётганини ўрганди.
Ярим ўзбек фашист
Инглиззабон форумларнинг аъзолари миллатчи ва ирқчи манифестлар чоп этилган Slavros.org сайти 2011 йили Алишер Муҳитдинов номли шахс номига қайддан ўтказилганини аниқлашади.
Бу шахснинг яқин тарихига қарасак:
2008 йили МДУ Психология факультети талабаси бўлган Алишер Муҳитдинов ўз блогида “Менинг атрофдагиларга муносабатим” тести натижаларини чоп этади.
Тест натижаси уни авторитар, тажовузкор, манмансираган ва альтруист деб тасвирлайди.
“Умуман олганда, ҳаммаси тўғри” – қабилида ёзган Алишер Муҳитдинов буни изоҳлаб.
Алишернинг эски ники (лақаби) Silent guy (Камгап йигит) бўлган.
Аммо у янги Alexander Slavros (Александр Славрос) лақабини олган.
Ўз қўлида елим калтак, қамчи ва музкесар билан тушган суратлари бор.
Алишер психология факультетидан ҳайдалади. Кейин сиёсатшуносликни ўрганади.
Курсдошлари уни баҳслашувчан полемист талаба сифатида эслашади.
“Унинг фикрларига қўшилмасам ҳам, сўзлаганда гапларига маҳлиё бўлиб тинглардим. Фикрлари билимга асосланарди” – деб эслайди Евгения исмли сабоқдоши.
“У пайтлари фашизм аломатлари йўқ эди, ўзини метамиллатчи деб атарди” – эслайди номини айтишни истамаган бошқа курсдоши.
“У ахир барибир Алишер Муҳитдинов эди: қормағиздан келган, рус эмаслиги юзидан маълум. Уни Россия ирқчиларига боғлаш имконсиз эди”.
Совет Ўзбекистони раҳбари авлоди
Алишер Муҳитдинов – машҳур ва обрўли ўзбек оиласи авлоди.
Унинг ота тарафидан яқин қариндоши Нуритдин Муҳитдинов Сталинград жангида қатнашган.
Хрушчёв даврида Ўзбекистон ССР ҳукуматини бошқарган.
Кейин КПСС МҚ президиуми аъзоси ва СССРнинг Суриядаги элчиси бўлган.
Алишернинг ота-онаси 1980-йиллари Москвадаги халқаро муносабатлар институтида ўқиган пайтлари танишганлар.
Аммо 1990-йиллари ажрашиб кетишган.
Онаси спорт журналисти бўлиб ишлаган.
Отаси эса бизнесменлик қилган ва меҳнат мигрантларига ёрдам берувчи жамғармага ҳомийлик ҳам қилган.
Аммо Би-би-си улар билан боғлана олмади.
“Мен ярим русман ва ҳатто Нюрнберг қонунлари бўйича ҳам менда ҳаммаси ок” – деб Славрос ўзининг фашистлигини оқлаган.
Алишер болаликдан ўзини ҳеч қачон ўзбек ҳис қилмаган, балки рус деб билган.
Унинг фикрлари ва ёзганлари жаҳондаги турли фашистик гуруҳлар ва форумларга илҳом берган
Сўнгги пайтлари инглиз тилида ёзган мақола ва ишларида эса у Гитлерга ҳам тез-тез мурожаат қилган.
Ирқчиларнинг йирик “Темир юриш” форуми ташкилотчилари кўпинча Славроснинг фикрлари ва ғояларига таянишган.
Фашистнинг фош этилиши
2015 йили ирқчиларнинг “Темир юриш” форуми фаолларидан бири, АҚШлик Линдсей Суваннарат исмли аёл Канадада ҳибсга олинади.
У бу ерда отишма ташкиллаштириш ниятида бўлган.
Тергов жараёнида унинг форумлардаги сўнгги изоҳ ва постлари текширилган ва аёл собиқ жазмани бўлмиш Славросга ўз нафратини сочиб келгани аниқланган.
Сабаби – Славрос гўё янги аёл билан учрашаётганини айтган ва бундан собиқ севгилиси ғазабга тушган.
Қасос ўтида ёнган Линдсей Суваннарат кейин Славроснинг ниқобсиз юзини форумда чоп этади.
Алишер Муҳитдиновни танийдиганлар фашистлар йўлбошчиси расмини кўриб, унинг кимлигини тасдиқлашади.
Улар Би-би-сига ҳам расмдаги одам – Алишер Муҳитдинов, деб айтишди.
Алишер ҳам, Александр ҳам йўқолди
2017 йил 20 ноябрида Александр Славрос (ёки Алишер Муҳитдинов) “Темир юриш” (“Железный марш”) форумида сўнгги хабарини ёзди.
Бу – фашизмдан хабардорлик тест синови эди.
Шундан кейин “Темир юриш” форуми ҳам, Славрос ҳам ғойиб бўлишди.
Славрос ва тарафдорлари чоп этган Rope Culture (“Сиртмоқ маданияти”) интернет-журнали ҳам йўқолиб қолди.
Сайт ва форум бошқа хостингларда қолаётган бўлиши мумкин, чунки уларни ташқаридан йўқ қилишгани эҳтимоли паст.
Би-би-си аниқлашича, Алишер Муҳитдинов ҳамон Москва жануб-ғарбидаги онасининг квартирасида яшайди.
Россия ҳукуқ тартибот органлари уни излашаётгани йўқ.
Алишер Муҳитдиновнинг қўл телефони бор, аммо у Би-би-си билан гаплашмади.
Телефон қўнғироғига жавоб бераркан, “Алишер?” деган саволимизни эшитиши билан алоқани узди.
Иккинчи қўнғироқда эса гўшакни кўтариб, 10 сония атрофида гапирмай жим турди, холос.
Алишер Муҳитдинов фойдаланадиган ягона мулоқот тармоғи – Signal мессенджерида ҳам жавоб бермади.
У бир пайтлар фильм ва сериаллар таржимаси билан шуғулланиш нияти ҳам борлигини курсдоши Евгенияга айтган экан.
Манба: Би-Би-Си Ўзбек