Яқинда Оврупо шаҳарларидан биттасида, Тошкентдан келган рус миллатига мансуб дўстларимни кўриб, улар билан анча суҳбатлашиб ўтирдик. Улар Ўзбекистонда туғилган, у ерни ўзига ватан билган инсонлар, юртдаги муаммолар ҳақида куйиниб, самимий гапирдилар.
Улар рустилли аҳоли орасида ўзбек зиёлилари ҳақда бир пайтлар КГБ яратган “булар ирқчи” деган тушунча ҳали ҳам ёйғин (кенг тарқалган) эканини айтишди. Бу хато тушунчани онглардан ўчириш учун дўстларим мендан рустилли аҳолига қарата бир видеомурожаат эълон қилишимни илтимос этдилар.
Мен уларнинг илтимосига кўра тайёрланган мурожаатимни шахсий интернет саҳифамда (www.muhammadsalih.com ) эълон қилдим. Мурожаатнинг матни шу:
“Ҳурматли ватандошлар!
Ўзбек хукумати мухолифатни айблаш кампаниясини давом эттирмоқда. Улар биздан янги айб тополмаган шекилли, яна ўша эски сафсаталарни чайнашда давом этмоқда. Балки янги тузилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати шу қадар ногоҳон пайдо бўлди-ки, ҳукуматнинг тили тутилиб, ақли адашиб, янги бир айб топишга қурби етмади. Масалан, менга 1980 йилларнинг охирида иснод этилган “ашаддий миллатчилик” тамғаси янгидан дизайн қилина бошланди.
Тўғриси, бу сафсатани 20 йилдан бери эшитавериб, бироз чарчадим ва бу миш-мишларга чек қўйиш учун, баъзи нарсаларни айтиш заруратини ҳис этдим.
Мен 18 ёшгача типик совет ўсмири эдим. Алишер Навой ҳазратларининг оригинал шеърлари ўрнига М.Лермонтовнинг таржима шеърларида тарбияланган, миллий маданиятидан узоқ тутилган бир ўсмир.
Совет Армиясига чақирилиб, мен ўзимнинг совет ўсмирлигимдан ташқари, муайян бир миллатга мансуб киши эканимни англадим.У ердаги ашаддий рус шовинизми мени ашаддий ўзбекка айлантирди. Ва мен йигирма ёшимда миллатчи бўлдим.
Армиядан кейин, талабалик йиллари ўтган аср бошларида фаолият кўрсатган Туркистон жадидларининг тарихи билан танишдим. Уларнинг романтизм пардасига бурканган, машаққатлар тўла фожиавий ҳаёти ва бутун туркларни бирлаштириш ғояси менга қаттиқ таъсир килди ва мен 25 ёшимда туркчи (пантуркист) бўлдим.
Ўттиз олти ёшимда қалбимга динимиз Ислом сироят этди ва у бир неча йил ичида мендаги ирқчи-қавмчи – Қайта Қуриш даврида кенг ёйилган хурофотлар дохил – бутун хурофотлардан тозалади.
Агар мен ўша йиллари ўзбекнинг хуқуқларини ҳимоя қилган бўлсам, мен ўзбекни рус ёки яҳудийдан устун деб эмас, балки ўзбек рус ёки яхудийдан паст эмас, деб ҳимоя килдим. Мен Ўзбекистондаги барча миллатлар тенг ҳуқуқли бўлишини талаб қилдим. Жумладан, мен мансуб бўлиш шарафига эга бўлганим миллат – Ўзбек учун хам буни талаб қилдим.
Аммо мен хеч қачон бирор миллатни камситадиган сўзни хеч бир мақомда айтмаганман. Ўзбек бўлмаганларни Ўзбекистондан ҳайдаб чиқаришни хам талаб килмаганман. Бунинг аксини иддао қиладиган ҳар ким – ёлғончи, ҳар сўз ёлғондир.
Мен Аллоҳга шукр қиламан, ки Унинг инояти билан мен бутун қавмлар Унинг тарафидан яратилгани ва бу қавмларнинг хаммаси Одам Ота ва Момо Ҳавво зурриёдлари эканлигини тушундим. Демак, ер юзида яшаётган бутун қавмлар бир-бирига қариндошдирлар. Қариндошлик ришталарини фақат Аллоҳнинг таъқиқлаган зулмини ўзларига амал қилган кимсаларгина узадилар. Инсонлар бир-бирларини севишлари учун тил ҳам, ирқ ҳам, ижтимоий келиб чиқиши хам тўсиқ бўлмаслиги керак. Мен бунга ишонаман ва умид киламан-ки, иншоАллох, бутун инсонлар бу эътиқодга келадилар”.
Менинг бу мурожаатимга уч кун ўтмай жавоб келди. Қаердан деб ўйлайсиз? Ўша ўзбек зиёлиларини бошқа миллатларга олабўжи кўрсатиб, фитна уруғини сепаётган Марказнинг бир бўлими бўлмиш “Узметроном” (http://uzmetronom.com/2011/06/19/russkikh_i_evreev_prosjat_rasslabitsja.html) деган интернет саҳифасининг соҳиби Сергей Ежковдан келди. Бу шахс каминанинг мурожаатини терговчи синчковлиги билан тафтиш қилиб, шундай хулосага келади: “Муҳаммад Солиҳ бу мурожаатни ўзбек бўлмаганлар ўқиб, дарҳол Москвага поездга чипта олишади деган умидда ёзган”.
Бу тафсир Ежков ва Ежов (1937 йилларда НКВД раҳбари бўлган бир жаллод)ларни ўқитган мактабнинг айни ўзидир. Ежков яна “Муҳаммад Солиҳ негадир ўзини Каримовнинг рақиби деб ҳисоблайди” деб хафа бўлади. Ҳолбуки, мен эмас, Каримов шундай деб хисоблайди. Шундай деб ҳисобламаганда, Ежков каминага қарши бу мақоласини ёзмасди. Яъни, агар шундай бўлмаганда, Ежковга бу мақола буюртма қилинмасди.
Ежков бу вазиятда давлат буюртмаларинигина бажариб қолмаяпти, у ўзига хос қасоскор ролини ҳам ўйнамоқда. У ўзининг қадрдон газетаси “Правда Востока” мухбири Юрий Кружилин мисолида нақадар шарманда бўлганлигини асло унутгани йўқ. 1988 йил 15 декабрда Кружилин “Ҳақгуй Муҳаммаднинг икки хил сўзи” (“Двойной стандарт честного Мухаммада”) деган мақоласини ёзди ва бу мақолада каминани “Нью Йорк Таймс” газетасига интервью бериб, Ўзбекистонни Русиянинг мустамлакаси деганим учун “ашаддий миллатчиликда ва социалистик тузумга хиёнатда” айблаганди.
Қизиғи, айнан шу мақола ўзбек ёшларининг оммавий митингларига биринчи туртки вазифасини бажарди. Талабалар Совет Ўзбекистони тарихида биринчи марта оммавий намойишга чиқишди ва Тошкент шаҳрининг марказидаги, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдида тўпланишди. Улар ҳокимиятга ультиматум тарзида талаблар қўйдилар. Булар мақолани ёзган Кружилиннинг узр сўраши, М.Солиҳнинг бу мақолага жавоби босилиши ва “Правда Востока” газетаси редактори Рубин Сафаряннинг ишдан олиниши каби талаблар эди. Ҳукумат бу талаблардан иккитасини бажо келтирди.
Кружилин узр сўради ва менинг унга жавобим Кружилиннинг мақоласини босган “Правда Востока”, “Ташкентская Правда”, “Совет Ўзбекистони” газеталарида чоп этилди. Ўзбек ёшларининг бу тарихий ғалабаси комммунистик номенклатуранинг тарихий мағлубияти эди. Чунки бу газеталарнинг учаласи ҳам коммунистик партиянинг органлари эди. Кружилин ва Ежков ўша органларнинг зурриёдлари бўлиб, бу Осиё ўлкасининг информация майдонини ўзларининг шахсий томорқаси деб билар ва режимга қарши ҳар кимни истаган шаклда шармисор қилишга ўрганиб қолгандилар. Режимнинг арзандалари бўлган бу кимсалар баъзан хўжакўрсинга мулозимлардан бир-иккитасини танқид килган бўлар, аммо Энг Каттага асло ғубор қўндирмасди.
Ежков бу коммунистик анъанага энг содиқ қаламкашлардан. У хатто Интернет асри бўлган бу даврда хам, гап танқидга келганда, Энг Каттанинг шахсиятини эҳтиёткорлик билан айланиб ўтишни унутмайди. Айни пайтда у Каримовнинг қизларини мақташнинг шундай йўлларини топадики, бу мақолаларни ўқиган киши агар ўғри Энг Каттанинг қизи бўлса, ўғирлик қилиш нафақат нормал, балки мақтовга сазовор бир касбдир, деган хулосага келиши мумкин.
Бизнингча, Ежков ўша Каттанинг жозибаси олдида ўз қиёфасини йўқотиб қўйган ёки Каттанинг қиёфаси Ежковнинг қиёфасига айланган.
Масалан, Ежков ҳам худди Каримов каби сўкиниш дардига чалинган бир киши таассуротини уйғотади. Унинг тубандаги мақолаларининг сарлавҳаларини фақат русча келтириш мумкин, ўзбекча келтириш адабсизлик бўлади: “Надежда на Ху”, “Действительный член стал министром”, “После пожара и суд насос”.
Кўриниб турибдики, “Правда Востока”нинг собиқ мухбири сўкинч ва ҳақорат устаси Ислом Абдуғаниевичнинг кучли таьсири остида. Ҳазилакам гапми, бу зот одамлар орасида сўкинишни уят билган 30 миллионлик ўзбек халқини кандайдир 20 йил ичида истаган жойда бемалол сўкинишни ўргатди!
Сўконғич Ежков яна каминани “ўз дунёқарашини тўрт марта ўзгартирди”, деб киноя қилади. Ежков инсон ўз дунёқарaшини асло ўзгартирмаслиги керак деб уйлайди. Мен эса инсон ўз дунёқарашини асло ўзгартирмаслиги учун у асло фикрламаслиги керак, деб биламан. Ежков, худди устози Каримов каби, ўз дунёқарашининг тутқунидир.
Роббимга ҳамд бўлсинки, У Ўзи яратган дунёнинг турли қирраларини мен ожиз бандасига кўрсатди ва кўрганим ҳар қирра менга бир дарс берди.
Мен ўз дунёқарашимнинг ўзгарганидан чексиз бахтиёрман. Бу бахтиёрлик бизнинг диктаторимизга ҳам, унинг хизматкорларига ҳам насиб этсин, дея дуо қиламан. Балки ўшанда бизнинг халқимиз Ежковлар қўрқаётган қон тўкилишидан амин бўларлар, иншоАллоҳ.
21.06.2011
(160)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (515-518-саҳифалар.)