(Суратда: 1999 йил Туркиядан бадарға қилинган. Солиҳ оиласига 2005 йил Туркияга кириш изни берилди. Бу сурат 2005 йил август ойида Бўғозда олинган.)
(Ойдиннинг хотирасига)
Бисмиллаҳирроҳманирроҳийм.
Инна иллахи ва инна илайхи рожиун.
Кеча пешин номозидан кейин ўзимнинг ярмимни Истанбулнинг Онадўли ёқасидаги Қоража Аҳмад қабристонига кўмиб келдим.
Севгилимни кўмиб келдим. Китобимдаги ҳузунли шеърларнинг қаҳромони бўлган бир аёлни Истанбул тупроқларига топширдим.
Ойдин душанба куни ўлишни орзу қиларди, чунки Пайгамбаримиз душанба куни вафот этган эканлар. Ойдиннинг орзуси деярли ушалди, уни душанба куни дафн этдик.
У ғоя инсони эди. Аввал оиламизда, кейин унга ишонганлар орасида Қуръони Карим амрларини ва суннат қоидаларини ҳаёт тарзи ўлароқ тадбиқ этди ва бу мақсадига қўли ва сўзи етган жойда эришди.
Марҳаматли эди. Ўлимидан олдин ризолик истадим, “албатта, сиздан мингдан-минг розиман, жоним” деди. Мукофотимни шу заҳоти берди, нозу фироқсиз. Ҳолбуки, қаршисида турган бир золим эди.
Сабр тимсоли эди. Йўқ сабрнинг ўзи эди. 40 йил яшадим у билан. Ҳаётимиз алғов-долғовли кечди, билиб-билмай унга, болаларимга зулм қилдим, матонат билан қаршилади. Дудоқларидан бирор марта шикоят чиқмади, инграмади. йиғламади. Кўз ёшларини гизлаярак, Оллоҳ ато этган масьум чеҳраси билан юзланди бизга.
Ораларни тузатувчи эди. Менинг қусурларимни фарзандларимдан, фарзандларимнинг қусурини мендан гизлади, уларга мени, мени уларга мадх этди.
Ҳеч қачон ғийбат қилмади. Бировдан хафа бўлиб, бир-икки калима сўзлар-сўзламас, дарҳол тўхтаб, истиғфор келтирар, ” ғийбат бўлди” дея уялар эди.
Юришида, туришида, ўтиришида,боқишида ва фикрларида бир ҳаё, бир асолат бор эди.
Мушоҳада этар экан, гўзал ташбиҳ (метафора) учун фикр моҳиятидан асло воз кечмайдиган бир жиддият ва масъулият туйғуси бор эди.
Оллоҳ уни кибрдан холи яратганди. 1991 йил президентлик сайловлари асносида(камина президентликка номзод эди) журналистларнинг “Сиз ватанингизни соғинмайсизм?”, деган саволига Ойдинхоним “менинг ватаним – менинг эримдир” деб жавоб берган эди.
Ҳақиқий бир тавозе соҳиби эди. Унга хизмат қилиш учун юзлаб аёллар эшиги олдида навбат тутди, аммо у ҳеч кимни ўзига хизмат қилдирмади, доим хизмат қилди. Амр бермади, доим амр кутди. Ҳукмдорларнинг хотинлари оёғига келди, аммо бундан ғурурланмади, Онадўлидан келган йўқсил хотинларига қандай муносбатда бўлса, маликаларга ҳам шундай муносабатда бўлди: самимий, содда ва меҳр ила.
Ёлғонни билмас эди, вадасига вафодор, қул ҳаққини иҳлол қилишдан қаттиқ қўрқарди.
Пайғамбаримизнинг жуфти ҳалоли Ҳазрати Хадича онамизнинг ҳаётига эмранар эди.
Ўларкан, мардона, бир мужоҳида каби ўлди. Дудоқларида сўнгги дамгача Аллоҳ ва унга ҳамд бор эди.
Раҳмон ва Роҳийм бўлган Роббим,шоҳидлик келтираман,Ойдин сенинг ризонг учун яшаган бир қулинг эди, унга мағфират айла.
Муҳаммад Солиҳ
10-ноябир 2014-йил Истанбул.