O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Душанбе: Давлат тилларимиз чет тилими?

Душанбе: Давлат тилларимиз чет тилими?
130 views
10 March 2018 - 14:06

Интернетда “Тожикистон” телеканали орқали Душанбедаги “Кўҳи Барбод” концерт залида ўтказилган тантанада президентлар Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевлар нутқларини тингладим. Ҳар иккала давлат раҳбари ҳам рус тилида нутқ сўзладилар. Қизиғи шундаки, иккала давлатда ҳам рус тили давлат тили эмас ва қонунларга кўра ҳеч қандай расмий мақомга ҳам эга эмас.

Нутқни Тожикистон ва Ўзбекистонда тинглаган аҳолининг 75 фоизи уни тўлиқ тушунмагани ёки умуман англамагани аниқ. Президентлар ҳам буни ғоят яхши билишади. Унда “катта акалари” яхшироқ тушуниши учун чет тилида сўзлашдими?

Аслида, қандай бўлиши зарур эди?

Ҳар икки президент ҳам ўз давлат тилида нутқ сўзлаши, тилмочлар эса ўзбек ва тожик тилларига ўгириб туришлари керак эди. Чунки, ўзини, халқини ва, қолаверса, қонунларни ҳурмат қилган давлатларда давлатлараро расмий муносабатлар шу тарзда юритилади.

Давлат тилида ишлай оладиган тилмочлар эса, афсуски, умуман етарли эмас. Қандай халқаро тадбир ўтказилмасин, албатта давлат тилига эмас, балки рус тилига ўгирилади. Ҳукуматимиз бу борадаги камчиликларни кетказиш учун тезлик билан ҳамма чораларни ишга солиши керак.

Шу муаммони Фейсбукда ёритсам, бир ўқувчи “ҳадеб тил ҳақида ёзаверасизми? Замон шуни талаб қилгандан кейин рус тилида гапиришга мажбурмизда” деган англамда шарҳ қолдирибди. Шарҳни ўқиб, 1980-йиллар сўнггида ўз тилларини давлат тили ўлароқ эълон қилган, аҳолиси атиги бир ярим-икки миллион бўлган Болтиқбўйи давлатлари эсимга тушди.

Улар ўз халқи тилини давлат тили деб эълон қилишганида рус тилида сўзлашувчи аҳоли аюҳаннос солган, Россия эса уларнинг ҳуқуқлари “камситилаётгани” ҳақида тинмай бонг урганди. Охири нима бўлди? Латиш, литов ва эстонлар руслар билан фақат ўз тилларида гаплашишди. Руслар русча савол сўрашса ҳам она тилларида жавоб беришаверди. Секин-аста рус мактабларидаги кўпгина фанларни ўқитиш давлат тилига ўтказилди. Давлат ишлари эса тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда.

Бугунги кунга келиб, Болтиқбўйи республикаларидаги рус тилида сўзлашувчи аҳоли давлат тилини бинойидек ўрганиб олишди. Россиянинг уни ўчди.

Бизда эса ўтган давр ичида Болтиқбўйидаги аҳволнинг бутунлай тескариси юзага келди. Ўзбек тилини билмайдиганлар бемалол мансабдор бўлиб юришибди. Ачинарлиси шундаки, уларнинг кўпчилигини айнан она тилидан “уяладиган” ўзбеклар ташкил қилади.

Агар Ўзбекистон президенти давлат тили мавқеини кўтариб, фақат ўзбек тилида гапирганида эди, бошқаларнинг ҳам кўзи очилиб қоларди.

Мустақил давлат бўлгани ҳолда, ҳукуматимиз қачонгача ўзбек тилини эмас, балки чет тилини тарғиб қилади?

Кўрайликчи, давлат ташрифининг иккинчи кунида қайси тилда гапириларкин…

Бахтиёр Шоҳназар

facebook.com