ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 49
(давоми)
ҒАТАФОН ҒАЗОТИ
Бу воқеа шундоғ эдиким, Ғатафон қабиласининг араблари Дуъсур отлиқ бир кишини ўзларига раис сайлашиб, Мадинани босиб олмоқчи бўлдилар. Бу хабар Расулуллоҳга етди. У босмачилар қўзғолиб, иш улғаймасдин олдини олмоқ лозим бўлди. Шунинг учун тўрт юз эллик киши билан алар устига тезликда юриш қилдилар.
Буни англашиб, душманларга қаттиқ қўрқинч тушди. Ўлтирган жойларидан туришиб, тоғ бошларига қочишдилар. Аммо Пайғамбаримиз шу юрганларича Зу Амр деган сув устига келиб, шу жойда қўшин қурдилар. Шу куни қаттиқ ёғин бўлиб, бариларининг кийими ҳўл бўлган эди. Шу орада ҳаво очилиб, кун қизишга бошлади. Расулуллоҳ бошлиқ ҳамма аскарлар хўл кийимларини ечишиб, қуритмоқчи бўлдилар.
Уларни ёғочлар (дарахтлар) устига осишиб, остида салқинлаб ётишдилар. Бутун аскар тарқалиб, Расулуллоҳ ҳам бир дарахт соясида ёлғиз ётган эдилар. Устиларида қоровул бўлғудек одам йўқ эди. Чунки Аллоҳдин ваҳий келиб:
«Валлоҳу яъсимука минаннас»: Яъни, «Аллоҳ сени кишиларнинг зиёнидан сақлайди», деган оят нозил бўлган эди. Шу оят тушгандин кейин пайғамбаримиз: «Бундин сўнгра мени кўримоққа ҳожат йўқдур. Аллоҳ ўзи сақламоққа ваъда берди. Энди бундин кейинги кунларда ғанимлар томонидан ҳеч қандай зиён-заҳмат иш менга етмайди», дедилар.
Бу сўзни онглашгандин сўнгра, саҳобалар Пайғамбаримиздан кўнгиллари тинчиб, дарахтлар остига тарқашиб кетган эдилар. Тоғ бошидан қараб турган мушриклар раиси Дуъсур буни кўриб, кўнглига шайтон кирди. Расулуллоҳнинг ёлғиз қолганликларидан фойдаланиб, қасд олмоқчи бўлди. Сақлагувчи Аллоҳдин хабари йўқ, яширин йўллар билан юриб, Расулуллоҳ устиларига келди, қилич урмоқ қасди билан қўл кўтарган эди, шу чоғда Расулуллоҳ уйқудин уйғониб қолдилар. Қарасалар, бир киши қўлида қиличини яланглаб: «Эй Муҳаммад, энди сени менинг қўлимдан ким қутқара олгай?» деди. Анда Пайғамбаримиз: «Аллоҳ қутқаргай» дедилар.
Шу билан оёқ-қўли қўрқинчлик қалтираб, қилич қўлидан тушди. Дарҳол Расулуллоҳ қилични қўлларига олиб: «Энди сени ким қутқара олур?» дедилар. Ул ҳам «Ўзингдан ўзга қутқарувчи йўқдур», деб кечирим ўтинди. Расулуллоҳ ҳам уни афв қилдилар. Бундай олижанобликни кўргач, дарҳол иймон келтирди.
Орқада қолган қавмларини динга далолат қилгач, алар ҳам динга кирдилар. Бир зум илгари қандай қаттиқ душманликда турган қора юрак кишилар Расулуллоҳнинг гўзал қилиқларини кўриб, кўнгиллари иймон нури билан ёриди.
Аларнинг душманликлари бир дамда дўстликка айланди.
«Ё муқаллибал қулуб, саббит қулувбана ала диник». Маъноси: «Эй бор Худоё, дилимизни Ислом дини узра турғизиб, ҳақ йўлдин кўнглимизни тойдирмагил» демакдир.
Одам боласи ўз ихтиёри билан ҳақ йўлдин тоймагунча, Аллоҳ таоло уни ҳақ йўлдин чиқармас. Ул Зот, жаннат йўлини ва ҳам дўзах йўлини бандаларига кўрсатди, бу йўлларни аларга танитсин, деб пайғамбарлар юборди, алар келиб Аллоҳ амрини бандаларига етказдилар. Қайси йўлга кириш, қайси йўлга кирмаслик керак, бунинг ихтиёрини бандаларининг ўзларига қўйди. Энди банда ўз ихтиёри билан жаннатга кира олади ва ўз ихтиёри билан дўзахга тушади. Дўзахга тушганлар ҳеч кимдан кўришга ҳақлари йўқдур. Энди, агар банда яхшиликка ётса Аллоҳга шукр қилсин. Агар ёмонлик топса, буни ўзидан кўрсин. Ислом динининг эътиқоди шулдур, Сўздин сўз туғилур, ўқувчиларга фойдаси бўлгай, деб бу ҳақиқатни ёздим.