O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Душман аскаридан бир киши ҳам қочиб қутула олмади…

Душман аскаридан бир киши ҳам қочиб қутула олмади…
296 views
28 October 2016 - 7:00

 Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 105

(давоми)

БАНИ МУРРА ҚАБИЛАСИГА ЧОПУЛИ

Бу қабиладан қасос олмоққа мусулмонлар жуда хумор эдилар. Чунки бундан илгарироқ Башир ибн Саъд қўл остида юборилган ўттиз кишилик аскарни шулар ўлдирмиш эдилар.

Буларнинг ерлари Хайбар шаҳрига яқин бўлиб, Мадинадан беш-олти кунлик йўл эди. Ислом аскари душман ерига яқинлашиб келган вақтида, Ғолиб ибн Абдуллоҳ аскарга қарата бир ваъз сўзлади:

— Эй мўминлар, биринчи сўзим шулки, Аллоҳ амрини маҳкам ушланглар. Иккинчи сўзим эрса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сафарда сизларга мени амир қилиб сайладилар.

Ҳар ишда менга итоат қилинглар. Чунки аскарлари итоатда бўлмаган амир ақлидан адашгай. Уруш ишида йўлини топа олмагай, — деди.

Сўнгра аскарни икки-иккидан қилиб, бир-бирига йўлдош қилди. Ҳеч ким ўз йўлдошидан ажралмасин, деб буюрди. Аскарни шу йўсинда ясагандан кейин келишиб душманни қуршадилар.

Амирлари Ғолиб ибн Абдуллоҳ такбир бошлаб, шу баробар бутун аскар такбир садоси билан душман устига ҳужум қилдилар.

Натижада душман аскаридан бир киши ҳам қочиб қутула олмай, ҳаммалари қиличдан ўтказилди.

Бутун мол-чорваларини ўлжага олишиб, Мадинага саломат келдилар.

 (давоми бор)