Тошкентда Ўзбекистон собиқ бош прокурори ва Давлат хавфсизлиги хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев устидан суд бошланди, дея хабар бермоқда «Фарғона» агентлиги.
Ихтиёр Абдуллаевнинг иши ўта махфий кўринишда бўлгани учун жараён ҳарбий судда бўлиб ўтмоқда. Суд жараёнига судья Умид Шокиров раислик қилмоқда. Иш бўйича 24 киши судланмоқда. Уларнинг ярми тергов ҳибсхонасидан олиб келинган, қолганлари гаров ва манзилини тарк этмаслик ҳақидаги тилхат асосида очиқликда бўлган.
Хабар беришларича, судга судланувчиларнинг яқинлари томонидан ёлланган 5 нафар адвокат қўйилмаган. «Бир неча соатлик кутишдан сўнг уларнинг олдига суд ходимлари чиқиб, айбланувчилар уларнинг хизматидан воз кечгани, ишда фақат давлат адвокатлари иштирок этишини билдирди», — дейилади хабарда. Айни вақтда, айбланувчилар адвокатлар хизматидан воз кечгани ҳақидаги ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Ихтиёр Абдуллаев 2019 йил февралида ўз хоҳишига кўра ДХХ раислигидан кетган эди. Дастлабки хабарларда унинг ишдан кетиши саломатлиги билан боғлиқлиги таъкидланган эди. Хусусан, Президент матбуот хизмати томонидан тарқатилган ахборотда кейинги бир йил давомида бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказгани, шунингдек, кўзи ҳам операция қилингани таъкидланган эди.
2019 йил июнида эса Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди (уни «коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботган»ликда айбловчи мақолалар май ойида пайдо бўлганди). Бош прокуратура вакилларининг маълум қилишича, Ихтиёр Абдуллаев ва яна 10 га яқин бошқа мансабдорларга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ содир этилган жиноятлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Ихтиёр Абдуллаевдан аввалги бош прокурори — Рашиджон Қодиров 2019 йил 26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Ихтиёр Абдуллаевдан кейинги бош прокурори — Отабек Муродовга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилгани ҳакида малумот берилган
ЎХҲ ахборот бўлими