O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дўстларни янада кўпроқ танидик

Дўстларни янада кўпроқ танидик
195 views
18 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(24)

ТУРКЛАР

Саксон олтининг сентябр ойида Тошкентда дунё туркологларининг конференцияси бўлиб ўтди. Унга Оврупо ва Осиё ўлкаларидан мутахассис олимлар қатнашишди. Туркиядан келган ҳайъат анча катта эди. Авваллари у ердан Ўрта Осиёга ҳеч бунақа катта «оломон» келмаганди.

Конференсия «Высоковолтный» мавзесида жойлашган Ўзбекистон Фанлар академиясининг мажлислар залида ўтди ва бир неча кун давом этди. Бир романтик турколог бор эди, Иштван Мандоки. Қўнғир Можористонли қипчоқлардан, у бизни турк ҳайъати билан таништирганди. Турклардан сўрашни ва эшитишни истаганимиз кўп нарсалар бор эди, аммо бизнинг ўғузчамиз, уларнинг ўзбекчаси чуқур мавзуларга кириш даражасида мукаммал эмасди. Турклар билан мулоқот қилишни истаган ўзбекларнинг ҳаммаси ёзувчилар эди, ўзимизнинг яқин дўстлар, аввал тилга олганим «идеалистлар» эди. Туркларни чойга таклиф қилдик.

Аввал шоир Миразиз Аъзамнинг уйида, кейин меникида дастурхон ёздик. Бизнинг оғайнилар туркларга «ол, ароқдан, нега олмаяпсан?», деб ҳайрон бўлганлари эсимда. Бизни бу одамларнинг ичкиликка бўлган лоқайдлиги ҳайрон қолдирганди. Совет кишилари дастурхонга ароқ қўймаса, уни ҳеч ким ҳурмат қилмаслигини турклар билмасди. «Ич, ич» дея меҳмонни қистамаса, меҳмондўстликка футур етишини ҳам билмасди авом турклар. Ўшанда меҳмонларнинг биридан, профессор Аҳмад Бейжон Эржуласундан «Туркчиликнинг асослари» китобини бизга жўнатишини илтимос қилгандим. Икки ой сўнгра бошқа бир турк олими Дурсун Йилдирим орқали сўралган китобни юборганди. У пайтларда бундай адабиётлар таъқиқланганди ва шу боис, бу китобнинг Тошкентга келиши ҳам бир саргузашт бўлганди. Кейин бу китобни таржима қилдик. Таржимани тезроқ битириш учун уни учга бўлиб, бир қисмини Миразиз Аъзамга, иккинчи қисмини Абдуқодир деган тарихчи йигитга топширгандим. Китоб босишга эмас, ўзимизга яқин беш-олти киши орасида ўқишга мўлжалланганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_19Туркларни кандакор Омон Азизнинг ўғлининг суннат тўйига олиб борганимиз эсимда. Турклар жуда завқланишганди. Улар ота юртлари ҳисоблаган Туркистонда тўйда ўтирганларидан мамнун эдилар. Ҳаммаси самимий, содда, дилкаш, қисқаси, туркларди. Уларнинг ичида Нозим Ҳикмат ва Азиз Несин каби ёзувчиларни севадиганлар йўқ экан. Бизга бошқа ёзувчиларнинг исмларини айтишди, энг буюк турк шоир-ёзувчилари булар, дейишди. Биз бу ҳақда суҳбатлашолмадик, чунки, турк адабиётини яхши билмасдик. Меҳмонлар эса, Нозим Ҳикматнинг Совет Иттифоқида турк ўлароқ яшаганини билмасдилар. Рус шоири Андрей Вознесенский «Литературная газета»да босилган хотирасида шундай бир воқеани эслайди: қиш эди, Нозим Ҳикмат ўпкасини шамоллатмаслик учун кўйлаги ичида кўксига газета ўраб юрарди… Йўлда биз кетаётган машинана милиционер тўхтатди ва узоқ вақт қўйиб юбормади. Шунда шофёр милиционерга қарата, «Ничего не понимает, он хуже турка» деганда шофёрнинг ёнида ўтирган Нозим Ҳикмат қаттиқ ғазабланганди.

Бу воқеани меҳмонларга айтиб бериш мумкин эди, аммо уларнинг йиллар давомида шаклланган мафкуравий қарашларини бир кичик ҳикоя билан ўзгартириш мумкин эмасди. Буни мезбонлик қилаётган Миразиз Аъзам ҳам, Рауф Парфи ҳам, Иброҳим Ҳаққул ҳам билиб турарди.

Турклар бизда жуда ичкин қардошлик туйғуси қолдирди. Қайта қуриш бошланиб, алоқаларимиз яқинлашганида, бу дўстларни янада кўпроқ танидик.

(давоми бор)