O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дўстназар Худойназар: “ватандошларимиз фикрлашига эришар эканман, демак нимадир қилаяпман”

Дўстназар Худойназар: “ватандошларимиз фикрлашига эришар эканман, демак нимадир қилаяпман”
175 views
15 February 2014 - 9:18
Дўстназар Худойназар ўзига нисбатан сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатилганидан кейин Ўзбекистонни тарк этган.

Дўстназар Худойназар 1962 йил 8 майда Қашқадарё вилояти Қарши тумани Файзиобод қишлоғида туғилган.

Қарши кооператив техникумини тугатган. Тадбиркорлик билан шуғулланган.

 Дўстназар Худойназар Қашқадарё вилоят амалдорлари томонидан ўзига нисбатан сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатилганидан кейин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтади.

Дўстназар Худойназар 2005 йилдан мухолифат фаоли.

Ўзбекистон “Эрк ” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ ҳаракати аъзоси ҳисобланади.

Оилали. 2006 йилда Швецияда сиёсий бошпана олган.

Дўстназар Худойназар бир кун келиб албатта Ўзбекистонда демократик тузум қарор топади, деб ишонади, кўплар қатори ўзи ҳам Ватанга қайтишига умид қилади.

Би-би-си меҳмони Дўстназар Худойназарнинг саволларга жавоблари

Odiljon Maxdumiy, O’sh: Muhtaram Do’stnazar aka! Sog’lom muxolifatdagi shaxs davlat olib borayotgan siyosatiga qarshi o’z fikri bilan yondashmog’i kerak, shundaymasmi? Biroq, ba’zi bir o’zini muxolifatchiman degan shaxslar davlat lavozimidan chetlatilgandan keyin muxolifat safiga o’tib oladilar. Bularni ham muxolifatchi deyish mumkinmi?

Дўстназар Худойназар: Ассалому алайкум Одилжон. Ҳеч ким мухолифатчи бўлиб туғилмайди. Секин-асталик билан кимдир ҳукумат тазйиқидан сўнг, кимдир ҳукуматдагиларнинг кирдикорларини англаганидан сўнг, кимдир мансабидан тушгандан сўнг мухолифатчига айланиши бу табиий. Аммо хақиқий мухолифатчи бу чин қалбдан ватанининг келажагини ўйлаб, фақат халқининг манфаатини ўйлаб ҳаракат қилган кишидир. Инсонлар фикри сиёсатга қарши уйғониши ҳар хил шаклда бўлади. Ғарб сиёсатида сиз ёзгандек лавозимдан четлатилгандан сўнг мухолифат сафига ўтиш нормал ҳолат ҳисобланади. Ўзбекистон шароитида эса ясама мухолифатчилар кўпроқ таъсир қиладилар.

Қудрат Бобожон, Стоқҳўлм: Бундан уч-тўрт йил олдин Швецияда кўп акциялар ўтказилганди, таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Умида Ниёзова, Гулбаҳор Тўраеваларнинг озод этилишига ёрдам берган Стокгольмдаги узлуксиз акция – “Швеция чодири” ҳақида фақат хаёллар қолди бугунги кунда. Бугунги сиёсий пассивликнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Дўстназар Худойназар: Ассалому алайкум Қудратбек. Швециядаги акциялар ўз натижасини берди, албатта. Бу факт.

Пассивликни сабаблари жуда ҳам кўп. Биринчи сабаб: Ўзбекистон ҳукумати билдики, чет элда туриб ҳам катта ишларни амалга ошириш мумкин. Мухолифатчи сифатида 2005 йилгача Ўзбекистондан чиқиб келганлар асосан бир-бирлари билан курашиб, яъни “Эрк” партияси лидерига тош отиш билан шуғулланиб келганлар. Шу сабабли ҳукумат чет элда бўлган сохта мухолифатчиларни осонгина сотиб олди ва кўпдан-кўп ўз айғоқчиларини чет элга чиқариб, сотиб олинганлар сафини тўлдирди. Шу ясама мухолифатчилар ёрдамида иғво ва бўҳтон ташкиллаштириб, мухолифатни бир-бирига қарши қилиб қўйди.

Иккинчи сабаб: Кўплаб ўзбеклар Ғарб берган шарт-шароитларга кўникиб қолдилар. Ҳозирги кунда акцияга таклиф этсанг, улар ҳар хил баҳоналар билан ўзларини четга тортадилар. Кимдан сўраманг, ватанга қайтаман, дейди. Гўёки кимдир уларга бу шароитни яратиб беради, улар эса тайёрига боришади.

Учинчи сабаб: Ҳукумат чет элда бўлганларнинг яқинларини қўрқитиб турибти. Шу сабабли ҳам баъзи бир гуруҳларда сиёсий пассивлик бошланди. Аммо бизнинг ЎХҲ бундан мустасно. Чунки биз ўз ҳаракатимизни бир дақиқа ҳам бўшаштирганимиз йўқ. Тўғри, баъзи бир ватандошларимиз орқаларига қараб қайрилдилар. Бу ҳам табиий ҳол. Шундай бўлгани ҳам яхши. Чунки энг муҳим ҳолатларда биз билан кимлар бир сафда эканлигини аниқлаб олдик.

Ахир гуруч курмаксиз бўлмайди-ку. Мухолифатда ҳам шу каби инсонлар учраб туради, ҳамма ҳам сўзида туриб мақсадига етиб боравермайди.

Тўринчи сабаб: Ҳар бир акцияни ташкиллаштириш учун молиявий таъминот керак. Бизда бу таъминот йўқ. Беш йил муқаддам ташкиллаштирилган акциялар таъминоти учун қанча маблағ сарфлаганимни биз яхши биламиз.

Лобар, Виржиния: Дўстназар ака, сизни яхши пазанда эканингиз ҳақида эшитганмиз. Балиқдан колбаса пиширганингизни интернетда кўрган эдик. Биз ҳам пиширишимиз мумкин бўлган энг зўр таом рецептларидан бирини бизга айтиб беринг.

Дўстназар Худойназар: Савол учун катта раҳмат. Мен ўз касбимни севаман. Аллоҳ менга касб этиб берган ошпазлик касби билан фахрланаман. Лобар синглимиз берган саволларидан кўриниб туриптики, балиқни яхши кўрадилар. Балиқдан таом тайёрлаш ошпаздан жуда катта талант талаб қилади. Шу ўринда балиқдан таом тайёрлаш учун бир рецепт:

Балиқ турлари кўп бўлса-да, ўзингиз яхши кўрган балиқни қалинлиги 0,5 см пластинка шаклида кесиб, ундан кичик рулетлар тайёрлайсиз. Кичик кастрюл остига сливочний масло суртиб сўнг тайёр рулетларни териб чиқасиз. Зинч терилган балиқ рулети устига тўрғалган пиёз, кўкат ва бир лионни тўрт бўлакка бўлиб соласиз. Меъёрига қараб туз ва эзилмаган қора мурч сепасиз. Ушбу тайёрлаган маҳсулотлар устига совуқ сув қуясиз. Сув ҳажми маҳсулотингиздан 1,5 смдан ошмаслиги керак. Паст оловда қайнашини таъминлайсиз. Қайнаганидан сўнг 5 минутда балиқ рулетингизни чиқариб оласиз. Балиқдан хосил бўлган булённи яна ўн минут қайнатасиз ва ситадан ўтказасиз. Ситадан ўтказишда қайнатилган лимонни яхшилаб сиқиб сокини чиқарасиз. Тайёр ситадан ўтказилган балиқ булёнига 1/2 қаймоқ қўшиб яна 3 минут қайнатасиз. Шу билан алоҳида жуда ҳам хуштаъам соус тайёр бўлади. Тайёрлаган соусингиз таъмини тотиб кўриб лимон ёки ўзингизга маъқул бўлган эссенциялар қўшишингиз мумкин.

Картошкани тузли сувда қайнатиб олиб, сут ёки қаймоқ аралаштириб пюре тайёрлайсиз. Тайёрлаган пюренгизга ранг беришни истасангиз тухумнинг сариғини қўшиш мумкин.

Фолгадан чиройли қайиқ шаклини ясаб(унутманки фолгадан истаган турингиздаги шаклни ясашингиз мумкин бу сизни ўз фантазиянгизга боғлиқ: Қайиқ, Ғоз, Балиқ ёки чиройли гул шакли), тайёр пюрени кондитер халтачаси орқали( унутманки кондитер халтаси билан тортларда ясалгани каби картошкани прюресидан истаган шаклингизни яратишингиз мумкин. Сиз картошкадан яратган фигураларингиз кўриниши меҳмонларингиз иштаҳасини очади, фарзандларингизга эса яхши кайфият бағишлайди) фолгадан тайёрланган идишларга чиройли фигурали деворлар ясаб ўртасига балиқ рулетини терасиз, тайёр соусни рулет устига қуйиб, 15 минут + 200 ҳароратли духовкада сақлайсиз. Пюрени устки қисми бир оз қизариб чиройли тусга киради.

Тайёр бўлган таомни эса лимон ва кўкатлар билан дастурхонга тортиқ этасиз.

Bo’ston, Uzb: Nega o’zbek halqi O’XHga o’z ishonchini berishi kerak? Masalan men sizni tanimayman. Sizning shaxsiy qandaydir harakatlaringiz bormi? Yoki “ermak” uchun qo’shildingizmi O’XHga. Umuman O’XH tarkibi nochor. Jiddiy harakatlar yo’q. Nega Andijon harakati O’XHdan ajrab chiqdi? Rejim bilan kurashingiz yutqazildi deb uylamaysizmi?

Дўстназар Худойназар: Бугунки кунда кимга ўз ишончини бериш бугун ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Менимча халқ 23 йил муқаддам ўз ишончини кимгадир адашиб берганини англаб етди.

Мен ҳам сизни танимайман деб ёзишингиз бу ёлғон. Сиз мен ҳақимда информацияга эга бўлмаганингизда менга бу каби саволлар ёзмасдингиз. Аммо сиз мухолиф фикрда бўлсангиз, демак мен сиз билан бир платформадаман деб уйлайман. Сиз бу саволингизни эрмак учун берган бўлсангиз ўзингизга ўлчаб, менга кўйлак кийдирманг.

Мен бошқалар учун жавоб бермайман. ЎХҲнинг аъзоси сифатида ЎХҲ раиси томонидан берилган барча маъсулиятли мажбуриятларни бажариб келаяпман. Мен ўз ҳаракатларим ва уларнинг натижалари ҳақида ЎХҲ раисига доимий ҳисобот бериб бораман. Сиёсат бу сиёсат. Шу сабабли ҳам қандайдир гуруҳлар биргаликда ҳаракат қиладилар ёки ажралиб бир платформада курашадилар. Бу табиий бир ҳол. Андижон ҳаракати ЎХҲ таркибидан чиқишига оид кўпдан-кўп баёнотлар берилган. Уларни интернетдан топиб олишингиз мумкин. Мен бу баёнотларга қўшимча кирита олмайман.

Сиз ўзингиз ёзганингиздек танимайсиз эмас, аксинча мени танийсиз. Бу саволларингиздан кўриниб турибти, демак менинг ҳаракатларимни биласиз, шу сабабли ҳам бу саволингиз ўринсиз. Яъни мен курашда ютқаздим деб ўйламайман, балким курашни энди бошлаяпман, деб ўйлайман.

Bo’ston, Uzb: Bugun O’zbekiston Xalq Harakati o’zini bir real muholif deb biladimi o’zbek rejimiga? Programmasi bormi? Jiddiy qandaydir qadamlar qilinganmi? Mendek kuzatuvchiga bu sezilmayapti. Websahifangizda “oldi-qochdi” gapdan boshqa hech narsa yo’q. Ba’zan Haqnazarov “asar”larini o’qish qiziq. Masalan, nega O’XH I.Karimov Chehiyaga safarini bekor qilish tadbiri bilan chiqmadi, o’rniga HRW buni qildi?

Дўстназар Худойназар: Мен “Эрк” партиясининг аъзосиман, “Эрк” партияси эса ЎХҲ аъзоси. “Эрк” партиясининг Ватан ва Миллат олдидаги хизматлари ҳаммага маълум. 1990 йил Мустақиллик декларациясини “Эрк” партияси тайёрлади ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳ ташаббуси билан Ўзбекистон Олий Совети сесиясига тақдим қилинди ва айнан “Эрк”чиларнинг ташаббуси билан Мустақиллик декларацияси сессияда қабул қилинди. Бу тарих ҳақиқати, буни инкор этиб бўлмайди.

Ваҳоланки, “Эрк” партияси Ўзбекистоннинг демократлашувида 20 йил энг оғир шароитда ишлади. Кўп аъзолари қамоққа ташланди. Бугун ҳам “Эрк” партиясининг қамоқдаги 15 йиллаб ўтирган аъзолари бор.

Бизнинг ташкилотимиз Ўзбекистонинг озод ва обод ўлка бўлиши учун энг кўп бадал тўлаган ташкилотдир, яна қандай хизмат керак сизга?

“Олди-қочди”ли шундай сайт яратиб, сўнг мени сайтимдан ибрат олинглар, деб ёзганингизда жуда ҳам ажойиб бўларди.

Прага масаласига келсак, бизнинг аъзоларимиз ҳам Прагага митинг учун боришга тайёргарлик кўришган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ Чехия Президенти Милош Земанга очиқ хат эълон қилди. Бу мурожаатда, жумладан шундай дейилган:

“Сиз инсон ҳақлари ҳимоячиларини “мунофиқ”ликда айбладингиз, чунки улар сизнингча диктатор Ислом Каримовни Брюссел қабул қилганида индамай, уни АҚШ мулозимлари Афғонистондаги манфаатлари туфайли бошига кўтарганида уларга сизга қўйилган талабни қўймаганлар.

Жаноб Президент Земан, Сиз бир хусусда юз карра ҳақлисиз: чиндан ҳам ўзбек диктатори ҳеч қачон на Брюсселда, на Вашингтонда у ҳақ этган манфий муносабатни кўрмади. Ҳолбуки, Каримовнинг халқни эзиш тажрибасидан 1 фоизини ҳам эгалламаган Лукашенко, Янукович каби авторитар лидерлар бугун Оврўпо ва АҚШ учун том маънодаги диктаторлардир.

Мунофиқликнинг ҳақиқийси бу эмасми, жаноб Земан?”

Sanjar, London: Biz sizni nega muholifat faoli deb hissoblashimiz kerak? Siz uzbek halqi uchun nima qildingiz?

Дўстназар Худойназар: Мен мухолифат фаолиман деб ҳозирча даъвогарлик қилганим йўқ. Менимча лидерлик ва фаолликни инсонларни қилган ҳаракатларига қараб, жамиятни ўзи танлаб олади. Ваҳоланки, мени интернетда ёзган ҳикояларимни ўқиган ватандошларимиз менга фаол мухолифатчи деб мурожаат қилсалар, буни оддий бир ҳолат деб қабул қилиш керак.

Оврўпода юрган мухолифат вакиллари ўзбек халқи учун нимадир қилган бўлсалар, мен ҳам шулар қаторидаман. Ўзим ёзаётган баъзи бир мухолифий мақолаларим билан баъзи бир ватандошларимизни фикрлаш ва сиз кабиларни менга саволлар ёзишларига эришар эканман, демак нимадир қиляпман.

Alibek, USA: Do’stnazar aka, Demokrat taxallusli yigit “Islom dini diktaturasi” haqida maqola e’lon qildi. Ushbu maqolaga munosabatingiz qanaqa? Ma’lumki Islom dini demokratiyani inkor e’tadi. Din va demokratiya birga mavjud bo’la olishiga ishonasizmi?

Дўстназар Худойназар: Узр, мен ҳар хил тахаллус билан чиқиб, бўлар-бўлмас мақолалар ва яширинча исмлар билан изоҳлар ёзувчиларнинг мақолаларига эътибор қилмайман ва сиз ёзган мақолани ўқимаганман. Шу сабабли бунга ўз муносибатимни билдира олмайман.

Иккинчи саволга жавоб бериш даражасида диний илмга эга эмасман. Мен беш маҳал намозини ўқиб, Рамазонда рўза тутиб, имкон қадар ҳаромдан ҳазар қилиб юрган бир мусофир сифатида бу саволга жавоб бера олмайман.

Nuriddin, Russia: Siz uzbek amaldorlarining zulmidan qochib chiqqan ekansiz. Bu jinoiy ish nima haqda edi? Aybsiz ekanligingizni qanday isbotlagansiz Uzbekistonda?

Дўстназар Худойназар: Мен Қарши шаҳар ҳокимига ота-онамдан қолган 30 кг олтин тақинчоқлар ва хазинани олиб давлатга топширишга қарор қилдим деб ариза ёзиб киргандим. Милиция ва МХХ ходимлари иштирокида хазина сақланаётган қудуқни излаб, беш ой мобайнида топганман. Қудуқ 14 метр эди, 12 метргача етиб борганимизда хавфсизлик ходимлари “ҳозирча ишни тўхтатамиз, кейин давом эттирилади” дейишган. Бу ҳаммаси хазинани менга бермаслик учун ҳийла эканлигини кейин тушунганман. Мен қудуқни излаш ва уни топгандан кейин қазиш билан машғул бўлган давримда ўша пайтдаги Қарши шаҳар прокурори бошчилигида мени фирмаларимни текширишни бошлаганлар. 1999 йилда икки ой – март ва апрелда гўёки мени лицензиясиз ароқ-вино маҳсулотлари сотганимни аниқлаганлар. Мана шунга асосан мендан ҳужжатларни 18 январь 2000 йил куни талаб қилишди. Мен барча ҳужжатларни тақдим этдим. Аслида ўша икки ойда мен 600 000 сўм даромад қилиб, шу даромадни 270 000 сўмига “Шўртангаз” болалар боғчасига телевизор ва видеомагнитафон хайрия қилганим, 25000 сўмни эса президент теннис кортига, 300 000 сўм шаҳар ҳокимятининг хайрия фондига берилганлиги ҳақида ҳужжатларим бор эди. Улар мендан 528 варақ ҳужжат қабул қилиб олишди. Аммо 28 январ куни яна чақириб Қарши прокурори мендан узр сўраб, “ака, узр, биз бир оз адашибмиз, шу сабабли жиноят иши судга ўтказилгандан сўнг ўзим сизга ёрдам бераман, қайси судяга ишингиз ўтса, менга келиб айтасиз, ўзим судя билан гаплашаман. 275 000 сўм штраф тўлайсиз, холос”, деди. Шу куни бошқа протокол ёзилди. Олдинги ҳақиқий тузилган протоколни олиб келиб беришни сўрашди. Мен уйда турган протоколни цветной принтердан ўтказиб, уларга копиясини олиб келдим. Ҳақиқийси эса ўзимда қолди. Улар бунга эътибор қилмасдан, мени кўзимни олдида йиртиб ташлашди. Янги ёзилган протоколни уйга келиб эскиси билан солиштириб кўрсам, мени топширган ҳужжатларим 511 варақ деб ёзилган, протокол тузилган вақти эса 2000 йил 18 декабрь деб кўрсатилган экан. Ҳужжатларни қабул қилишда кўрсатилган оддинги гувоҳларнинг исми-фамилияси қалбаки қилиб қўйилгани кўриниб турарди. Мен олдинига бу нарсаларни “улар менга ёрдам бериш учун, яъни мени жаримага тушириш учун қилишган”, деб уйладим.

Аммо кўп ўтмай мен ҳаммасини аниқладим. Менинг жиноий ишимни кўришни Косон туман судига ўтказишди. Бу ердаги судя Қарши шаҳар прокурорининг мана шунақа қалбаки ишларига ҳукм чиқариб берувчи эканлигини ҳам аниқладим. Менинг шаҳарда ўзимга яраша таниш-билишларим бор эди.

2000 йил 15 февраль куни суд бошланганда, мен судга ҳақиқий протокол нусхасини бериб, жиноий иш қалбаки эканлигини айтганимда, судя “ҳозир сени қамоққа оламан”, деб дўқ қилди. Мен эса “мени 2000 йил 18 декабрдан кейин суд қилишингиз мумкин, унгача яна 10 ой бор. Мен ҳужжатларни ҳаммасини нусхалаштириб Тошкентга жўнатганман. 10 нусхада. Бири Президент аппаратига, иккинчиси Олий судга, учинчиси Бош прокуратурага, тўртинчиси МХХ, бешинчиси эса ЎЗТВга, олтинчиси эса Тадбиркорлар палатасига, яна бир нечаси эса эҳтиёт шарт дўстларимда турибди. Қамоққа олсангиз бу машина ишга тушади. Сиз ҳам, прокурор ҳам ҳаммаси учун жавоб берасизлар”, дедим. Мен олдиндан билардимки, улар ҳар қандай ҳолда ҳам бу жиноий ишни ютқазишганди. Шу сабабли ҳам мени суд залидан қўйиб юборишди. Кейин эса келишув таклиф этишди. Мен рози бўлмагач, мени ҳушимдан кетказиб, Қозоғистон территориясига олиб чиқиб, ертўлада сақлашди. Ўзбекистон матбуотида мени жиноят содир этиб, бедарак йўқолди, деб мақолалар эълон қилишди. Бу ўша вақтдаги “Постда” ва кўпдан-кўп газеталарнинг архивида бор. Мен деярли беш йил 2005 йилгача бедарак йўқолганлар сафида бўлганман. Ўша йиллари бедарак йўқолганларнинг мурдаси икки-уч ой ўтгандан кейин топиларди. Мен Оллоҳга шукр қиламанки, улар сафида бўлмадим.

http://www.bbc.co.uk/