O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дўстум Афғонистонга қайтди

Дўстум Афғонистонга қайтди
218 views
05 August 2021 - 19:26

Маршал Абдулрашид Дўстум Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолидаги энг қудратли ўзбек қўмондони сифатида кўрилади. Унинг Туркиядан Афғонистонга қайтиши Толибон энди йирик шаҳарларни босиб олиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келмоқда.

Унинг “кутилмаганда соғлиги ёмонлашиб”, Туркияга жўнаб кетгани шу йил июнь ойида, Толибон Афғонистонда ўз ҳужумларини шиддатлаштирган ва маршал Дўстумнинг толибларга қарши Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятидаги ҳарбий амалиётларга шахсан ўзи бошчилик қилганига оид хабарлардан қисқа вақт ўтмай маълум бўлганди.

Жаузжон маршал Дўстумнинг она вилояти бўлади.

Маршал Дўстумнинг касаллиги сабаби расман очиқланмаган, аммо айрим тасдиқланмаган хабарларда унинг коронавирусга чалингани айтилган.

Орада кечган вақт давомида яқинлари ва тарафдорлари томонидан ижтимоий тармоқларга сиздирилган суратларида эса, маршалнинг даволанаётган ва худди шунинг баробарида янги жанг режасини тузаётган қиёфада кўриш мумкин бўлган.

Сурати билан бўлишаркан, тарафдорлари унинг соғлиги тикланаётгани, тез орада Афғонистонга қайтишини ҳам билдиришган.

Маршал Дўстумга яқин манбалар унинг орада Афғонистон шимолидаги вазиятни Жаузжондаги айрим маҳаллий қўмондонлар билан гаплашиб олгани, Толибонга қарши бирлашиш ва ўз тарафдорларини ҳам бунга сафарбар этишга чақирганини ҳам айтишганди.

Шимол, шимол-шарқ ва Толибон

Толибонга қарши жанглар

СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL/ILLYUSTRATIVSURAT

Ўтган ой Толибон Жаузжон вилояти маркази, маҳаллий ўзбекларнинг энг муҳим таянч нуқталаридан бири сифатида кўрилувчи Шибирғон шаҳрига ҳам кўз тиккан.

Афғонистон хавфсизлик кучлари ва маршал Дўстумнинг қуроллилари толибларни шаҳар бўсағасидан ортга қайтаришга муваффақ бўлишган, толибларга қарши жангларда унинг ўз ўғилларидан бирининг ҳам иштирок этгани кўрилган.

Сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган шу йил май ойидан бошлаб Толибон ўз ҳужумларига янада зўр берган.

Бу гал айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидан шиддат билан илгарилашни бошлаган.

Толиблар саноқли ҳафталарнинг ўзида бу ердаги деярли барча туманларни босиб олишга муваффақ бўлган.

Бунинг ортидан, вилоят марказлари – йирик шаҳарларни ҳам босиб олиш мақсадида уларга яқинлашиш, ўраб олиш, узоқдан ёки тўғридан-тўғри ҳужумга тутишни бошлаган.

Толибларнинг она шаҳри Шибирғонга сўнгги ҳужуми манзарасида маршал Дўстумнинг Миллий Исломий Уйғониш партияси пойтахт Кобулда матбуот анжумани уюштирган.

Унда айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ аҳвол муҳокама қилинган.

Толибон қандай қилиб қисқа вақтнинг ичида бу каби ютуққа эришгани сабаблари таҳлил қилинган.

Маршал Дўстум

СУРАТ МАНБАСИ,SCREENSHOT

Унда сиртдан иштирок этган маршал Дўстум бунда энг аввало Афғонистон ҳукуматини айблаган, расмий Кобулни мамлакат хавфсизлик кучлари таъминотига етарлича эътибор қаратмаётганликда танқид қилган.

Яна бир бор Афғонистон шимолини ҳимоя қилишини айтаркан, Толибонни сулҳу мадорга ҳам чақирган.

Маршал Дўстум Афғонистон можаросига ҳарбий йўл билан ечим топиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Унинг Миллий Исломий Уйғониш партияси Ижроий Кенгашининг раиси бўлган тўнғич ўғли Ботир Дўстум Афғонистон ҳукумати музокарачилари таркибига ҳам киради.

Собиқ девони раҳбари Иноятуллоҳ Бобур Фараҳманд эса, Афғонистон Миллий Ярашув Олий кенгаши раисининг муовини бўлади.

Қайтиш

Жанглар ичидаги Ҳелманд

СУРАТ МАНБАСИ,GETTY IMAGES

Ҳелманддаги жанглар

СУРАТ МАНБАСИ,ELISE BLANCHARD/AFP VIA GETTY IMAGES

Унинг Афғонистонга қайтиши Толибон мамлакатнинг стратегик жиҳатдан ўта муҳим Марказий Осиёга бевосита чегарадош ғарбий ва Исломий Амирлиги қулатилмаслигидан аввал ўзининг таянч нуқталари бўлган икки жанубий вилояти марказини босиб олиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Сўнгги кунларда толиблар ва афғон ҳукумати кучлари ўртасида Лашкар Гоҳ, Қандаҳор ва Ҳирот учун жанглар шиддатлашган.

Айниқса, Лашкар Гоҳдаги аҳвол ҳатто халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.

Шаҳардан толиблар одамларнинг уйлари, дўконлар ва бозорларга жойлашиб олишгани, аҳоли қамалиб қолгани, ҳатто касалхоналар ҳам хавфсиз эмаслиги, улар яраланганларга тўлиб-тошгани, кўчаларда жасадлар чўзилиб ётгани ва минглаб одам урушлардан қочиб, дарбадарликка юз тутаётганига оид хабарлар олинган.

Толибон орада ҳатто Афғонистон муваққат Мудофаа вазирининг Кобулдаги уйи яқинида портлаш уюштиришга ҳам муваффақ бўлган.

Кеча, 4 август куни маҳаллий вақт билан кечга яқин Афғонистонга қайтган маршал Дўстум шу куннинг ўзида партиясининг пойтахт Кобулдаги тарафдорлари қаршисида чиқиш қилган.

Афғонистонга Ўзбекистонга чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳри орқали кирган.

Маршал Абдулрашид Дўстум

СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Толибон ҳозир босиб олиш учун Афғонистоннинг беш – шимолий Тахор, Жаузжон, ғарбий Ҳирот, жанубий Ҳелманд ва Қандаҳор вилоятларига бор эътибори ҳамда кучини қаратаётганини айтган.

Маршал Дўстум санаб ўтган бешта вилоятдан дастлабки учтаси эса, Туркманистон – Марказий Осиёга бевосита чегарадош.

У мавжуд вазиятга четдан қараб тура олмагани ва ташлаб қўймаслигини айтиб, афғон халқига берган ваъдаси боис, Афғонистонга қайтишга қарор қилганини билдирган.

Маршал Дўстум ўзининг бунгача ҳам Толибонни мавҳ этишга муваффақ бўлгани ва энди ҳам уларни мағлуб этишга умид қилаётганини баён қилган.

Аммо бу билан айнан нимани кўзда тутаётгани, толибларга қарши янги ҳарбий амалиётлари режасида экани ёки йўқлиги тафсилотларига тўхталмаган.

Ўзининг Жаузжонга ҳам бориш режасида бўлгани, аммо бугунгиси оддий уруш эмаслиги боис, бу хусусда энг аввало Афғонистон раҳбарлари билан гаплашиб олиши лозимлигини таъкидлаган.

Худди шу ўринда у Афғонистон раҳбарларини ораларидаги зиддиятни бир четга суриб қўйиб, бирлашишга ҳам чақирган.

Маршал Дўстумнинг Толибон ҳужумларининг олдини олиш мақсадида президент Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашиш ниятида эканига оид хабарлар ҳам бор.

Аммо ҳозирча бу хабарлар Арг – Афғонистон президент саройи томонидан расман тасдиқланмаган.

Орада Афғонистон шимолидаги яна бир қудратли сиёсатчи ва собиқ мужоҳиддин қўмондони генерал Атто Муҳаммад Нурнинг маршал Абдулрашид Дўстумга ҳам Толибонга қарши бирлашиш таклифи билан чиққани ва у буни хуш қаршилагани хабар қилинган.

Маршал Дўстум

Маршал Дўстум

СУРАТ МАНБАСИ,GETTY IMAGES

Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан ҳам бевосита чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири саналади.

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси сифатида ҳам кўрилувчи Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши уришиб келган.

Ўша пайтда генерал бўлган Дўстумнинг кучлари АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ қўшинларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда муҳим ўрин тутган.

Орада президентликка ўз номзодини ҳам қўйган, биринчи ўзбек вице-президент мақомигача кўтарилган, маълум муддат Афғонистон Қуролли кучларига ҳам бошчилик қилган.

Ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир манзарада дипломатик саъй-ҳаракатларини ҳам кучайтираётгандек кўринган Толибон айрим минтақа давлатлари пойтахтларида Афғонистонни “қуролли йўл билан босиб олиш истаклари йўқ”лигини ҳам даъво қилган.

Уларнинг айни мазмундаги баёнотлари Афғонистонда янги, толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келишига йўл очиши умид қилинаётган афғонлараро мулоқотларда етакчи сўзга эга бўлиш истаги билан ҳам изоҳланган.

Аммо Толибоннинг сўнгги ютуқлари халқаро миқёсда жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Сўнгги хорижий қўшинлар чиқиб кетиши ортидан олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукумати қулаши, воқеалар даҳшатли тус олиши ва Афғонистон фуқаролар урушига юз тутиши мумкинлигига оид башоратлар ҳам янграган.

АҚШ 31 августгача Афғонистонни тарк этиб бўлишини айтмоқда, хорижий қўшинларнинг мамлакатдан буткул чиқиб кетишлари учун президент Жо Байден маъмурияти белгилаган якуний муҳлат эса, 11 сентябрлигича қолган.

Эртага, 6 август куни Афғонистон масаласининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Манба: BBCUZBEK.COM