O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дўст бўлсанг ёнимда тур

Дўст бўлсанг ёнимда тур
184 views
06 January 2018 - 22:35

Ўшанда, Ўшдаги катта маҳаллалардан бирида бировнинг уйини суриштириб юрган эдим.

Ёзнинг чилласи.

Кўчада ҳеч ким йўқ. Узозоқроқда бир тўп болалар ўйнашаётган экан. Хурсанд бўлиб, улар томон яқинлашиб қолганимда қий-чув кўтариб қолишди. .

Қарасам, эшакдек келадиган ит бир болани елкасидан босиб олиб, ирриллаяпти. Қўлимга тош олиб таҳдид қилдим, бўлмади. Овозим борича катталарни ёрдамга чақириб, рўпарадаги темир дарвозани қаттиқ ура бошладим.Қанча ҳаракат қилмай, зулфин тушмади. Иккинчи дарвозага югурдим. Аксига олиб, бунисидан ҳам биров чиқай демасди….

Шу вақт қаердандир ўн ёшлардаги қирғиз бола югуриб келиб, итга ташланиб у билан олиша кетди. Қўрқувдан ранги оқариб кетган биринчи бола эса қочишни ҳам, қочмасликни ҳам билмай қимирламай ётаверди. Унинг халоскори, ҳамма жойи қонга беланган бўлсада жон холатда болаларга бақирди;

– Кет, ит тиштейт! Кеткиле!

Мен ҳаммаси мингга қўйиб жуфтакни ростлайди деб ўйлагандим. Йўқ, ундай бўлмади. Ҳеч ким қочмади. Ғалати воқеа содир бўлди. Боядан бери қўрқиб турган болаларнинг баъри кутилмаганда ўйлаб ҳам ўтирмай итга ташланишди. Кимнидир елкаси, кимнидир билаги, болдирига хайвон тиши ботсада, издиҳомдан чиқмай, охиригача курашиб, ахийри қирғиз болани қутқариб олишди. Йигитчаларнинг ахволи яхши бўлмасада, вангиллаб думини қисиб чопиб кетган итнинг холи ўн марта ачинарли эди. Мен қўрқоқлик қилиб, бу олишувга аралаша олмаганимдан мулзам эдим.

Болаларга биринчи ёрдамни берар эканман, ҳаммадан кўп жабрланган қирғиз болага “ Ит сеникимиди?” деб савол бердим.

-Жўқ, Алма эженики!

– Сенинг итинг эмас экан, нимага унга ташландинг? Ҳамма жойингни тишлаб ташладику.

У бир пас менга хайратланиб қарагач, шундай деди:
– Ит меникемес, амма дўстторим менеке!

Сўнг, танасини зирқиратиб турган ўнлаб жарохатлардан қаттиқ азобланиб турган бўлсада бир маҳаллада катта бўлаётган ўзбек оғайниларидан хол-аҳвол сўраб, “Тез ёрдам” келгунча қўлидан келганча менга кўмаклашган эди.

Қаранг, катталар уйидан чиққунга қадар норасида болалар ўзларига тахдид қилган хавфни енгиб, хақиқий дўстлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўйишди. Сал нарироқдаги уйларнинг биридан харсиллаб чопиб келган аёл ўғлидан бўлган воқеани эшитиб, қирғиз болани қучоқлаб “ сени ит деб хақорат қилган тилим кесилсин!” деб, йиғлаганча кечирим сўради.

Ўша сонияларда энг дахшатли хатоларни биз-ақлу-хуши жойида катталар қилаётганимизни тушуниб етгандим.

Гоҳида бегонамас, ўз болаларимизни ҳам ит, эшак, мол деб хақоратқилаверамиз! Тўққиз ой қорнимизда тўтиё қилиб кўтариб юрган норасидамизни куракда турмайдиган сўзлар билан сийлаб, қарғаймизу, бошимизга кулфат ёғилганида эса “ит”, “ сарт” деган ёрлиқлар билан ўлиб кетган жигарпораларимизнинг жонсиз танасини қучоқлаб уввос солиб йиғлаймиз.Ўзимизнинг қарғишлар ёдимизга тушмайдию, бировники ўқдай ботиб бутун бир миллатни устидан ахлат ағдарамиз. Нега биз бировларнинг болаларини ҳам яхши кўра олмаймиз? Нимага етти ёт бегонанинг қоракўзини ҳимоя қилишга кучимиз етмайди? Нима учун ўз боламизнинг ютуқлари ҳақида оғзимизни тўлдириб мақтана оламизу, қўшнимизнинг ширинтойи эришаётган ғалабалари билан фахрланиш қўлимиздан келмайди?

Бугун бағримизда улғаяётган гўдаклар бизнинг хулқимиздан, ҳаёт тарзимиздан наъмуна олишади. Яхши тарбия, жамиятга фикри соғлом инсонни беради. Бадфеълимиз,нафратимиз ва жирканч хулқимиздан андоза олсаларчи? Бундан фақатгина шу минтақада уруш оловини ёқмоқчи бўлаётган манқуртлар манфаат кўрмайдими?

Яшаб турган ерларимиз ўзбек, қирғиз , тожик ёки туркманники эмас!

Аллохнинг мулкидир!

Сиз ҳам, мен ҳам меҳмонмиз!

Мана чегаралар ҳам аста-секин очиляпти.

Ижтимоий тармоқлардаги миллатчилик руҳидаги постларингизга, қахр-ғазаб тўла изохларингизга барҳам бериб, фарзандларингизга «Бани башар Одам Ато ва Момо Ҳавонинг болаларидир дея таълимот беринг!

Токи инсониятни асраб қолгувчи меҳр- оқибат ришталари янада мустаҳкамроқ бўлсин!

Муаззам Иброҳимова

facebook.com