Ўзбекистондаги таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева хақидаги
тарқалган шум хабар менга тинчлик бермаяпти. Кимлардир таниқли ҳуқуқ ҳимоячисининг тоби, унинг Туркия сафаридан кейин ёмонлашиб қолганини таъкидлашаяпти. Яна бошқа бировлар Ўзбекистонда унга бирор дори ичириб заҳарлашган
дейишмоқда. Елена Урлева ҳақида мен ҳамиша ижобий фикрдаман ва бу жасур аёлни жуда ҳурмат қиламан.
Асли мен тиббиёт ходимасиман. Анчадан буён ўзимнинг ҳам тобим бўлмай, ҳозирги кунда доривор гиёҳлар билан даволашга ўтдим. Кўриб турибсизки, ақлимни еганим йўқ!
Елена Урлаеванинг бошларига тушган бу дардни сира-сира Туркиядан бошланганига ишона олмаяпман. Нега десангиз, Муҳаммад Солиҳ жаноблари у кишини ўзлари чақириб,
ўзлари заҳарлаб юбормайдилар! Иккинчидан, Елена Урлаева бир хабарларида турмуш ўртоқлари уни уриб, жанжал кўтаргани хақида хабар тарқатгандилар. Нега энди бу фожеани у кишининг уйидаги вазият билан эмас, балки Туркия билан боғланаётганига ҳайрон бўлаяпман!
Мен ҳеч кимнинг тарафдори эмасман ва ўзимни холис фикр юритадиган шахс деб биламан. Мени Мухаммад Солиҳ жанобларига, ёки бошқа бирор шахсга тарафдор сифатида кўрмасликлари учун ҳам ўзимнинг холис эканлигимга алоҳида урғу бериб таъкидлаб ўтаяпман. Елена Урлаеванинг касалхонадаги ҳолатига эътиборни қаратсак!
Касалхонадаги бемор даставвал шифокордан ўзига нима бўлганини ва унинг аҳволига мутахассис қандай изоҳ беришини сўрайди. Гиппократ қасамини қабул қилган шифокорга ишонади ва ундан умид қилади. Хўш, Ўзбекистон ичкарисидаги шифокор нима деб жавоб бериши мумкин?
Касалхона қонун-қоидаси бўйича, касаллик тарихига бемор хақида анамнез
хулосалари қайд этилади. Масалан, бемор қай ҳолатда эканлиги ва ундаги хасталик қачон
бошлангалиги, умумий аҳволи ва шунга ўхшаш ҳолатлар кўрсатилиши шарт. Руҳий хасталиклар диспансерига беморни ҳуқуқ ҳимоячилари олиб бориб жойлаштиришлари эса мутлақо имконсиз ҳолатдир. Уни фақатгина оила аьзоларининг рухсати билан у жойга ётқизиш мумкин! Бунинг учун руҳий хаста, беморнинг оила аъзолари ёзма равишда тилхат беришлари талаб қилинади. Касалхона маъмурияти эса дарровгина палатани хозирлайди.
Елена опанинг Ислом динини қабул қилганининг нимаси ёмон? Ўзбекистон қонунларига кўра фуқаро ўзи истаган динига эътиқод қилиши мумкин ва агар у истамаса, бирор динга эътиқод қилмаслиги ҳам мумкин. Демак, истасак, ҳиндилар динига, истаганимизда дини Исломга, агар хоҳлаб қолсак, насроний динига ҳам эътиқод қилиб кетаверсак бўлади. Чунки қонунларимиз ва мамлакатимиз Конституцияси бизга шундай ҳуқуқларни берган.
Елена Урлаевани жиннихонага тиқиш кимга керак эди? Буни албатта халқаро жамотчилик яхши тушунса керак. Хулоса қилишга эса шошилманглар! Ҳамма нарсани вақт кўрсатади ва вақт даволайди. Шунинг учун ҳам Елена опанинг аҳволини ва уни ким бу ҳолга солганини муҳокама қилиш билан эмас, аввало уни касалхонадан чиқариб олиш масаласини ўйлашимиз керак!
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилоят бўлими раиси