O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЕОИИга аъзолик масаласи яна кун тартибига олиб чиқилмоқда

ЕОИИга аъзолик масаласи яна кун тартибига олиб чиқилмоқда
348 views
26 October 2021 - 15:32

Бир ойдан ортиқ давом этган сайлов кампанияси давомида айрим нозик темалар номзодлар томонидан кун тартибига умуман олиб чиқилмади. Ушбу мавзулар бўйича ўзбек жамиятида турлича қутбли фикрлар мавжуд ва бу бўйича ҳар қандай қарор ижтимоий резонанс яратиши табиий.

Шундай мавзулардан бири – Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласи. Албатта, гарчи кампания вақтида сукут сақланган бўлса ҳам, бирон бир номзод халққа бу бўйича позициясини очиқ билдириб, ишончли мандат олишга уриниб кўрмаган бўлсада, яқин беш йилда нафақат ташқи сиёсатимиз, балки мамлакатимиз суверенитети учун энг асосий воқелик айнан шу масала билан боғлиқ бўлади.

Ўтган 2020 йил давомида ҳатто коронавирус эпидемияси бошланганига қарамай Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи мақомида кириш масаласини парламент орқали ўта юқори шошма-шошарлик билан маъқуллатиб олинди. Шу компромисс йўл билан гўёки иттифоққа бизни тортқилаётган Россиянинг овози ўчиши, бу ҳаракатга қаршилар ҳам тин олишлари лозим эди.

Лекин ўтган давр мобайнида Россия томони ҳар бир имкон бўлганда аъзолик масаласини кўтаришга ҳаракатни тўхтатмади, мамлакат ичида ҳам ижро органига кириб олган ЕОИИ лоббистлари-ю, тармоқлардаги ёлланма пропагандистларгача ЕОИИга аъзолик мавзусини оғиздан қўйишмай келишди. Айтиш жоизки иттифоққа киришга қарши овозларнинг, улар ўтган йили анчагина жиддий ва қамровли эди, матбуотда чиқиши деярли тўхтади. Балки бу тасодифдир.

Сайлов кампанияси тугаши арафасида маълум-у машҳур Актам Ҳаитов ЕОИИга кириш афзалликлари ҳақида оғзидан бол томиб катта мақола (https://parliament.gov.uz/uz/events/opinion/36087/?sphrase_id=7820052) эълон қилди. Мақола давомида Иттифоқ бўйинтуруғининг зиёнлари ҳақида лом-лим дейилмади.

Ўтган ҳафта эса ташқи ишлар вазири Камиловнинг рус ОАВларига берган интервьюсид (https://www.kommersant.ru/amp/5046344)а Ўзбекистон ЕОИИга аъзоликни жиддий кўриб чиқаётганига ишоралар берилди.

Бошқача айтганда, ЕОИИ масаласида аста-секинли билан бу ҳаракатга қарши бўлганларнинг “эти ўлдириб борилмоқда”. Туйнук кенгаймоқда. Аввал кузатайлик, ўрганайлик деган гаплар эсдан чиқди. Ҳатто ЕОИИга қарши, лекин очиқ бозор тарафдорларини қаноатлантирадиган йўл – аввал ЖСТга аъзолик, кейин ЕОИИга кириш варианти муҳокамадан тушиб ҳам қолди.

Манба: @the_bakiroo