O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЕХҲТ Марказий Осиё давлатларини қамоқдаги барча журналистларни озод қилишга чақирди

ЕХҲТ Марказий Осиё давлатларини қамоқдаги барча журналистларни озод қилишга чақирди
141 views
20 October 2017 - 11:51

Тошкентда иккинчи маротаба “Марказий Осиёда очиқ журналистика” халқаро анжумани бўлиб ўтди. Унда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва ҳукумат вакиллари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистондан ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар иштирок этдилар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича идора вакили Гарлем Дезир Тошкентдаги минтақавий анжуманда сўзлаган нутқида Марказий Осиё мамлакатларини барча ҳибсга олинган журналистларни озод этишга чорлади. Бу ҳақда халқаро ташкилот расмий сайти хабар берди.

Ушбу мавзуга бағишланган халқаро анжуман Ўзбекистон пойтахтида иккинчи маротаба ўтказилиб, минтақанинг барча беш давлат вакилларини тўплади. Унда  ҳукумат вакиллари, турли журналистлар, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Монголия фуқаролик жамият ва илм-фан вакиллари қатнашдилар. Шунингдек, Белгия ва Австриядан бир қанча халқаро экспертлар ҳам иштирок этишди.

“Мен ҳибсга олинган Дилмурод Саид, Юсуф Рўзимуродов, Бобомурод Абдуллаев ва бошқа барча журналистларни озод қилишга чорлайман. Бунинг имконияти бор ва буни амалга ошириш зарур”, — деб таъкидлади Дезир Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашув чоғида.

Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили ташкилотга аъзо бўлган 57 та давлат медиа соҳасидаги вазият ўзгаришларини кузатиб боради. У оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлиги бузилиши ҳолатларини олдини олиш ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доирасида қабул қилинган мажбуриятларини сўзсиз бажаришга чорлайди.

Ўзбекистонда кейинги вақтда турли моддалар бўйича узоқ муддат озодликдан маҳрум этилган бир нечта машҳур жамоат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари озодликка чиқарилганди.

Манба: sputniknews-uz.com