O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жавобсиз саволлар: Абдуллаев, Насриддинов ва Малик

Жавобсиз саволлар: Абдуллаев, Насриддинов ва Малик
139 views
08 March 2018 - 16:01

ЖАВОБСИЗ САВОЛЛАР: АБДУЛЛАЕВ, НАСРИДДИНОВ ВА МАЛИК

ОАВ хабарларида ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбиддин Бурҳонов 20 минг фуқаронинг қора рўйхатдан чиқарилганини айтибди.

Ўша 20 мингни қора рўйхатга киритиб қўйиб, ўзи ва оиласини сарсон қилган ИИВ ва МХХчиларга қачон 159-модда билан иш очилади? Ахир уларнинг фаолияти ҳам шахснинг Конституцион ҳуқуқларини поймол қилганлик асоси билан Конституцион тузузмга тажовузку!

Қачон бу 20 минг беайб фуқарога компенсация тўланади? Нега ҳалигача биронта маҳкум қамоқдан тўла оқланиб озод қилинмади? Нега фақат авф ёки енгилроқ жазога алмаштириш ҳақида гап боради?

A) Энди асосий масала буйича жавобсиз саволларга ўтсак…

Яқиндагина кассация тартибида суди бўлган Акром Малик ҳақида ИИВ раҳбари П.Бобожонов эшитмаганмиди? Бир ёш блогер қонунсиз бир тузумни танқид қилиб ёзгани учун унга Конституцион тузумга қарши деган айб қўйиладими, ҳатто ўша модданинг 3-банди билан давлат тўнтариши айби қўйиладими? ИВВ ва МХХ тергов бошқармаларини биронта ҳуқуқшунос борми ўзи?

Қайси моддани қаерда ва қачон ишлатишни биладиган биронта саводли терговчи қолганми ўзи?

Ёки мана шунақа адолатсиз ишларга ҳукм чиқарадиган судялар қаерда ўқишган ўзи? Юридик эмас қишлоқ хўжалик институтидами?

Акромнинг ушлашганда аввало бир нечта бузуқи фоҳишаларни йўллаб жанжал чиқаритириб кейин уни шилқимлик қилди деган айб билан маъмурий жазога тортиб 15 суткага қамашибди. Кейин шу 15 кун ичида қолган нарсаларни бемалол бўйнига қўйишган. Бу ерда саволлар қалашиб ётибди:

1. ИИВ ва МХХ бегуноҳ инсонга тузоқ қуришни ва фоҳишалар билан ҳамкорлик қилишни қачон бас қилишади?

2. Аввал маъмурий жазо бериб кейин жиноий иш ясаш схемасидан қачон воз кечилади? Уят борми ўзи?

3. Бу схемада ишлаган МХХ ва ИВВ ходимларига шерик бўлаётган прокурор ва маъмурий жазо тайинлаган судялар қачон жавобгарликка тортилади?

4. Акром Маликов ва унга ўхшаган қанча бегуноҳ зиёлиларни тузоққа туширишда фойдаланилган ва ёлланган фоҳишалар ким ўзи? Уларни рўйхатлари ИИВда албатта мавжуддир. Улар билан ҳамкорлик қилган ходимлар ва ўша шантажчи фоҳишалар қачон жазо олишади?

5. Мамлакатнинг зиёлиларга ҳаводек эҳтиёжи бор вақтда шундай ёш олимга энг адолатсиз ҳукмни чиқариб унинг умрини ҳазон қилган М.Ходжаева, М.Гиясова, О.Рахмонов каби судя ва халқ маслаҳатчиларининг ўзлари қачон жиноий жавобгарликка тортилади?

6. Судя бировнинг ҳаётини ҳазон қиладиган адолатсиз ҳукмни ҳеч иккиланмасдан чиқарадиган одатини қачон ташлайди?

7. Қачонгача шарафли лавозим саналган судя қаердаги тирранча МХХ ходимчаларининг олдида дағ-дағ титраб уларнинг кўрсатмаси бўйича ҳукм чиқариб юбораверади?

8. Акром Малик, Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаётхон Насриддиновларнинг уйларидан олиб кетилган компютер ҳотираларидан гўёки конститустсион тузумга қарши ва эхтремистик материаллар чиқди деб эксперт хулосалари берган Ахборот ва Коммуникациялар вазирлиги қачон жавоб беради? Вазирлик экспертлари олиб келинган материалнинг сохта иш билан боғлиқлигини билишмаган деманг фақат. Жуда яхши билишган ва ғинг демасдан бегуноҳ инсонларга деярли ҳукм ўқилишини таъминлаб беришган. Бу ҳолат учун вазирдан тортиб бошқа раҳбарларигача истефо беришлари ва экспертлар эса жиноий жазога тортилишлари керак эмасмиди?

Б) Яна бошқа бир масала…

Қидирувга берилган 14 мингдан ортиқ кишининг 8,5 мингтаси фақат 159 ва 244-моддалар билан айбланганининг ўзиёқ бу ерда нимадир нотўғри эканидан дарак бермаяптими? Тизимнинг издан чиққанидан дарак бермаяптими?

Яқин кунларгача ўша инсонлар ҳали айби исботланмасдан туриб “қидирувдаги жиноятчилар” деган сарлавҳаси остида бирлаштирилганди. Бир неч ҳафта олдин қайсидир бир ақиллироқ ИИВ ходими хатони сезиб қолиб сарлавҳани “қидирувдаги шахcлар” деб ўзгартириб қўйибди.

Айни пайтда халқнинг қонини ичган 159- ва 244-моддалар илинган шахслар рўйхатдан йўқ бўлиб қолишди. Бу инсонларга нисбатан очилган сохта ишларнинг ёпилмаганини, уларга асл қидирув ҳали олиб ташланмаганини билмайдиган аҳмоқ бўлмаса керак. Бу ҳолатга ИИВ дарҳол изоҳ беришга мажбур эмасми аслида?

Балки биратўла мана шу иккита модда Жиноят кодексидан чиқариб ташланиши керакдир?

Давлатга бош бўлишни мақсад қилган шахс мана шу давлат механизмининг тўғри ишлаши учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олади. Бу масъулият нафақат жорий, балки давлатнинг ўтмишдаги фаолиятлари учун ҳам масъулиятни ўз ичига олади.

Президент Шавкат Мирзиёев бир нарсани тушуниши лозим, агар собиқ узурпатор И.Каримов бошқарувини легитим ўлароқ тан олиб унга ҳайкаллар қўйишда давом этадиган бўлса ўзи ҳам И.Каримовнинг барча қилмишларига шерик ва жавобгарликни бўйнига олган бўлади. У ҳолда минглаб ноҳақ қамалганларни авф қилдим дейишга мутлақо ҳақли эмасдир. Аксинча уларнинг барчасидан ўзи авф сўраши даркор.

Йўқ И.Каримов яратган террор режимига ҳақиқий сиёсий баҳони бериб, адолатни тиклашга ҳаракат қиладиган бўлса, у ҳолда Ш.Мирзиёев собиқ ҳамкасби ва устозининг қилмишлари учун жавобгарлик юкидан озод бўлади.

Султон Бурхонов

facebook.com