O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жалолиддин Мангуберди ва Румий

Жалолиддин Мангуберди ва Румий
140 views
14 February 2018 - 9:00

Жалолиддин Мангуберди ва Румий қариндош экан.

Жалолиддин Мангуберди 1199 йилда Хоразмда таваллуд топган бўлиб, 1169 — 1220 йилларда яшаган ва 1200 — 1220 йилларда Хоразмшоҳлар давлатини бошқарган ҳукмдор Алоуддин Муҳаммад II нинг ўғли. Жалолиддин Мангуберди 1220 йилда отаси вафот этгач, 1221 йил февралда Хоразмшоҳлар давлати тахтига ўтирган ва ўн йил ушбу давлатни бошқарган сўнгги ҳукмдордир. У мўғул истилочиларига қарши курашларда мислсиз жасорат кўрсатаб, 1231 йилда қароқчилар томонидан 31 ёшида ўлдирилган. Онасининг исми Ойчечак, Отаси Алоуддин Муҳаммад II 1172 — 1200 йилларда ҳукмдорлик қилган Ануштегинийлар сулоласига мансуб Хоразмшоҳ Алоуддин Музаффар Такеш (ёки Абул Музаффар Такеш)нинг ўғли.

Жалолиддин Румий (Балхий) 1207 йил 30 сентябрда Афғонистоннинг Балх шаҳрида таваллуд топиб, 1273 йилнинг 17 декабрида Туркиянинг Кўния шаҳрида 66 ёшида вафот этган. Унинг отаси ислом ва тасаввуф илмининг таниқли сиймоларидан бири, «Султон ул-Уламо» («Олимларнинг Султони») унвонига мушарраф бўлган улуғ зот, Кубравия тариқатининг шайхи Муҳаммад Баҳовудин Валаддир. Баҳовуддин Валаднинг отаси ўз даврининг танилган инсонларидан бири Ҳусайн ибн Аҳмад. Онаси Хоразмшоҳ Алоуддин Музаффар Такешнинг қизи Маликаи Жаҳон Аматуллоҳ Султондир.

Маълум бўлганидек, Жалолиддин Мангубердининг отаси — Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад II, отасининг отаси, яъни бобоси — Хоразмшоҳ Алоуддин Музаффар Такеш.

Жалолиддин Румийнинг отаси — Баҳоуддин Валад, отасининг онаси, яъни бувиси — Маликаи Жаҳон, унинг отаси — Хоразмшоҳ Алоуддин Музаффар Такеш.

Хулоса қилиб айтганда, Жалолиддин Румий Жалолиддин Мангубердининг аммасининг невараси, яъни жияни ҳисобланади. Алоуддин Музаффар Такешнинг катта қизи Маликаи Жаҳондан Жалолиддин Румий, кичик ўғли Алоуддин Муҳаммад II дан эса Жалолиддин Мангуберди келмоқда. Мангуберди Хоразмда туғилиб, Курдистонда вафот этган. Румий Балхда туғилиб, Кўнияда вафот этган. Ҳар иккаласининг туғилган ва вафот этган жойлари ўз даврида Хоразмшоҳлар давлати таркибида бўлган. Балх шаҳар сифатида, Кўния султонлик сифатида Хоразмшоҳлар давлати тасарруфида эди. Қолаверса, уларнинг туғилган ва вафот этган жойлари масаланинг моҳиятини ўзгартирмайди.

Мангуберди ва Румий қон-қариндош экан. Бунинг қандай аҳамиятга эгалигини икки буюк сиймо тимсолида, бу улуғ Ватаннинг бетакрор ўтмиши кесимида қаралмоғини истар эдик.

Муродулла Мирзаев,
тарих фанлари номзоди

facebook.com