O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жамият ҳавосининг азон қатлами

Жамият ҳавосининг азон қатлами
150 views
22 October 2017 - 11:25

(Суратда: Одил Ёқубов, Чингиз Айтматов, Жамол Камол)

Жамол КАМОЛ
Ўзбекистон халқ шоири

ЖАМИЯТ ҲАВОСИНИНГ АЗОН ҚАТЛАМИ

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг ойдин қиз тимсолида ёш ижодкорлар семинарига йўллаган мактубини интернетда ўқиб, таъсирландим. Таъсирланмай бўладими? Гап халқимизнинг бугунги қисмати, эртанги истиқболи устида кетаяпти. Бу – ҳақиқий зиёли, ижодкорнинг ёлғиз виждон даъвати эмас, балки жон қичқириғи!

Ёзувчиларни тепадан туриб “ўзимизники” ва “бегона”га бўлишдек майдакашликдан воз кечиш, Уюшма раҳбариятини низомга мувофиқ қурултойда сайлаш каби масалалар бугун-эрта ҳал бўлиши мумкин. Аммо мактубда кўтарилган жамиятда етук шахслар миссияси – ўта жиддий масала. Эндиги сўз ана шу ҳақда.

Ривоят бор. Бир дарвеш узоқ йўл юриб, бир шаҳарга етиб, дарвоза олдида турган соқчидан сўрайди:

“Бу шаҳарда олиму фузалолар, мўътабар зотлар борми?”
“Бор, — дейди соқчи, — улар тўрт киши: ҳоким, миршаббоши, солиқчи, зиндонбеги”.
“Шўри қўрсин бу шаҳарнинг!” – дейди дарвеш ва ортига қайтади.

Айтмоқчиманки, халқ ҳамиша зиёлиларга суянади, уларга ишонади, улардан мадад кутади. Миллатнинг қудрати ҳам, зийнати ҳам аввало зиёлилар. Зиёлиси кучли миллат – қудратли миллат, зиёлиси заиф миллат – ожизу нотавон… Зиёлилар орасидан нури, зиёси баланд, қалби ўйғоқ, дунёга ҳушёр назар билан боқувчи, ҳар бир масалани ақл ва адолат тарозисида тортиб, ҳал қилувчи, теран ва мустақил фикрловчи, ташаббускор, табиатан ижодкор, баркамол инсонлар, Хуршид Даврон айтмоқчи, етук шахслар етишиб чиқади. Боболаримиз уларни халқнинг йўлини ёритувчи “Аллоҳнинг шамлари” деб аташган. Халқ устидан чексиз ҳукмрон бўлишни истаганлар ана шу шамларни ҳамиша ўчирмоқчи бўлишади. Аммо алал-оқибат ўзлари куйиб қолади.

Пуфлама шами Худони, эй фалон,
Сўнгра оташларда ёнгайсан ёмон! –

дейдилар Мавлоно Жалолиддин Румий.

Дарвоқе, уларнинг қанчаси дўзах оловида ёнди ва ёнаяпти. Сталин ўз шахсини кўтариш, улуғлаш учун не-не етук шахсларнинг ҳаётига зомин бўлиб, ўша ёниқ шамларни ўчириб, нимага эришди? Ҳайкаллари бугун тарих ахлатхонасида ётибти…

Ҳа, етук инсонларсиз жамият – ночор жамият. Улар, жамият ҳавосининг бамисоли азон қатлами. Атмосферанинг азон қатламига ўхшаб, жамият ҳавосини турли гарду ғуборлар, офат-фалокатлардан ҳимоя қилади. Улар ҳамиша ҳақиқатни ёқлайди… Ғарб олимларининг ҳисоб-китоб қилиб айтишларича, бу қатлам ҳар бир мамлакат аҳолисининг бир фоизини ташкил этади.

Мамлакатнинг маънавий об-ҳавоси уларнинг жамиятда тутган ўрни, мавқеига боғлиқ. Улар ўз ўрнида устувор эса, олам гулистон, халқ эркин нафас олади. Уларнинг фикри, назаридан жамоатчилик фикри, назари шаклланади. Жамоатчилик фикри билан ҳамма ҳисоблашади. Шу жумладан амалдорлар ҳам.

“Бу гап академияга етиб борса, олимлар нима дейди? Ёзувчилар уюшмасига етиб борса, адиблар нима дийди? Матбуотга тушса, халқ ўқиб, нима дейди? Шарманда бўламан-ку!” деган андиша, ҳадик амалдорнинг қуюшқондан чиқиб, қутуриб кетишига йўл қўймайди.

Аммо, бунинг акси бўлса-чи? Яъни, ўша азон қатлами емирилиб, шахслар жамият ҳаётидан четга сурилиб, жамоатчилик фикрига барҳам берилса?

Унда халқнинг шўрига шўрва тўкилади. Амалдор жамоатчилик назоратидан чиқади. Ўзини хон, кўланкасини майдон билади. Истаганини қилади. Тортиниш, тийилиш, ҳадиксираш, уялиш нима, билмайди. Майдон уники. Атрофидаги амалдорлар унинг тарафида. Шунинг учун халқни менсимайди, зиёлини назар-писанд қилмайди.

Назар-писанд қилмайдики, вилоят ҳокими тиббиёт ходимларини йиғиб, олий малакали шифокорлар, аптекачиларга: “Чўчқалар! Уруғингни қуритаман!.. Ҳамманг қорнингни осилтириб, ароқ ичиб юрибсан!” — деб бақиради. Унинг ҳақоратлари қўл телефонларига кўчиб, бутун Республика бўйлаб авоза бўлса ҳам, парвойи палак, пинагини бузмайди.

Назар-писанд қилмайдики, туман ҳокими мактаб директорларини сафга тизиб, бақир-чақир қилиб, уларнинг бетига шапалоқ тортади… Эътибор беринг, халқ билан мулоқот йилида бўлаяпти бу гаплар!..

“Э, қўйинг бу гапларни, халқнинг ўзи айбдор! Мана, сенга деб қайтимини бермайдими?” – деган эътирозларни эшитаман.

Йўқ, бермайди, беролмайди! Чунки орқасида суянчиғи йўқ. Борингки, ўша директорлардан биттаси ҳокимни шапалоқлаб урди, дейлик. Дарҳол қамашади. Эртасига эшитасизки, у милиция ертўласида ўзини осиб қўйибти… Шундоқ деб авоза қилишади. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг!

Шўрлик ўзбек осилишидан қўрқмайди, бола-чақасининг боқувчисиз қолиб, хор-зор бўлишидан қўрқади. Шунинг учун калтак еса ҳам, тупроққа қоришса ҳам, чидайди.

Бу аҳволда давлат идораларига бош уриб, бирор масалани ҳал этиш қанчалар машаққат эканлиги ўз-ўзидан аён. Хўш, фуқаро қаёққа боради, қандай йўл тутади? Бундай шароитда у ё пора беради, ё ўғри-мафиознинг эшигини қоқади. Ўшалардан амалдорга қўнғироқ бўлади: “Фалончининг ишини ҳал қилиб бер!”.

“Хўп бўлади, бой ота!” – дейди амалдор телефоннинг гўшагини чангаллаб. Қарабсизки, бир йилдан бери судралиб келаётган масала бир зумда ҳал бўлади-қўяди.

Мана, сизга азон қатламининг емирилишию жамоатчилик фикрининг барҳам топиши оқибатлари.

“Фақат шуми? – деб савол беришингиз мумкин. – Худди шу сабаб оқибатида жамият ҳаётига чуқур илдиз отган, зиёлиларимиз қон-қонига сингиб кетган карахтлик, лоқайдлик, бепарволик иллатлари-чи?”.

Бу ҳам айни ҳақиқат. Тасаввур қилинг, радиодан қўшиқ таралаяпти.

Шерали Жўраев куйлайди:

Тарихингдир минг асрлар
ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
оқсоч Тяншон, ўзбегим…

Тинглаб, кайфиятингиз кўтарилади. Раҳматли Эркин ака яхши ёзган, ҳофизнинг ижросига ҳам гап йўқ, дейсиз.

Бунинг ортидан бошқа қўшиқ янграйди:

Халқ бўл, элим! Халқ бўл, элим!

Ийе, дейсиз, бу қандоқ бўлди? Тарихи минг асрларга туташган, ёши Помиру Тяншонларга тенгдош бўлган ўзбек ҳали халқ эмас экан-да? Беихтиёр устоз Ғафур Ғуломнинг “Шараф қўлёзмаси” шеъри ёдингизга тушади. Бир инглиз лорди бизни таҳқирлаб, халқ эмас, қабила деб атаганига жавобан шоир шундай деган эди:

Бизда логарифманинг
Мушкул муаммолари
Қўлдаги бармоқлардай
Оддий этилганда ҳал,
Олий ирқ даъвогари
Черчиллнинг боболари
Ҳатто санай олмасди
Ўн бармоқни мукаммал…

Ўша такаббур лорд аллақачон дунёдан ўтган бўлса керак. Аммо унинг невараю эваралари “Халқ бўл, элим!”ни эшитиб қолса, нима дейди? Бобом ҳақ экан демайдими? Ахир ўзимиз айтиб турибмизку, биз халқ эмасмиз деб!

Хўп, шу шеърни-ку шоир ўйламай-нетмай ёзган экан, хонанда нега ўйламай-нетмай хониш қилади? Хонанда ҳам ўйламай-нетмай хониш қилган экан, нега радио орқали тарқатамиз, ташвиқ қиламиз, нашр этиб, ёш авлодга тортиқ этамиз? Лоқайдлик, бепарволик эмасми бу?

Радиодан яна қўшиқ таралади:

Оқ тулпорим бор эди,
Ҳам дўсту ҳам ёр эди…

Кейин отам мени уйлантириб қўйди. Икки ўт орасида қолдим. У ёқда ёр, бу ёқда тулпор… Қай бирини севсам экан? Отни қучсам, қиз йиғлайди, қизни қучсам, от йиғлайди… Охири отни деб ёрдан воз кечдим…

Бунинг сунъий, ясама гап эканлиги шундоқ кўриниб турибти-ку! Йигитга ҳам ёр, ҳам тулпор кераклигини ким билмайди? Алпомишнинг Бойчибори унинг Барчиной ёрига кундош бўлганмиди? Ҳар бирининг ўз ўрни бор. Наҳотки шуни тушунмасак? Йўқ, ўйламаймиз, лоқайдмиз, бепарвомиз. Айт деса, қўшиқ қилиб айтаверамиз. Адабий танқиддан эса садо чиқмайди, ҳамон карахт ҳолатда…

Хуршид Давроннинг мақоласи менда ана шундай мулоҳазалар уйғотди. Хўш, қиссадан ҳисса, айтилганлардан хулоса нима? Хулоса шуки, жойлардаги ҳокимларнинг ўзбошимчалиги, бедодига чек қўйиб, зиёлилар, ойдинларимизнинг табиий, қонуний қадру қиймати, иззат-эътиборини тиклаш керак. Зиёлилари хор бўлган халққа истиқбол эшиклари очилмайди.

Амалдорларимиз бу дунёда мансабу бойликдан бўлак, яна илму ижод деган юксак маънавий қадриятлар ҳам борлигини унутмасин.

Ўз навбатида зиёлиларимиз ҳам энди ҳушёр тортиб, кўзни катта очиб, карахтлик, лоқайдликни тарк этишлари даркор.

Жамиятимиз ҳавосида уни турли бало-офатлардан асрагувчи маънавий қалқон, йирик, ёрқин шахслардан иборат азон қатлами бўлсин…

Камоли эҳтиром билан

Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири
21.10.2017

Манба: kh-davron.uz