O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жанаўзен бўйича чиқарилган ҳукмлар ўзгаришсиз қолдирилди

Жанаўзен бўйича чиқарилган ҳукмлар ўзгаришсиз қолдирилди
23 views
07 August 2012 - 12:12

Қозоғистоннинг Манғистау област суди 2 август куни Жанаўзенда 2011 йил декабрда содир этилган оммавий тартибсизликларнинг ташкилотчиларининг апелляция шикоятларини кўриб чиқишни бошлади ва кеча чиқарилган барча ҳукмларни ўз кучида қолдиришга қарор қилди. Истисно тариқасида жанаўзенлик нефтчилар фаоли Роза Тулетаеванинг қамоқдаги муддати икки йилга қисқартирилди, дея хабар беради Азаттык ( Озодлик радиоси қозоқ тили хизмати).

“Жанаўзен-2011” қўмитасининг иштирокчиси Ерлан Қалиевга кўра, апелляция инстанциясининг қарори залда ўтирган одамларни ларзага солди, негаки улар олдинги мажлисда адвокатлар судланувчилар қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон қилаяптилар деб маълум қилганларидан сўнг одамлар ҳукм ё бекор қилинади ёки қамоқ муддатлари анчага қисқаради дея умид қилиб ўтиргандилар.

“Лекин бундай бўлмади. Фақат Роза Тулетаеванинг етти йиллик муддати беш йилга туширилди. Судья судланувчиларнинг пушаймон бўлаётганидан таъсирланмади”, – дея ачинади Е. Қалиев.

Эслатиб ўтамиз, Ақтауда 4 июнь куни бўлиб ўтган биринчи инстанция суди Жанаўзендаги тартибсизликлар бўйича айбланган 13 кишини уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этди, яна 24 нафар судланувчи авф этилди ёки шартли жазога тортилди.

uzbek.fergananews.com