O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Жаннатнинг бадали дунёни тарк этмакдир”

“Жаннатнинг бадали дунёни тарк этмакдир”
200 views
21 August 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(16)
(давоми)

-Ибн Аббосдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз шундай деган: Жаннатликлар порлоқ чеҳрали ёшлардир. Бошларидан, қошларидан ва киприкларидан бошқа ҳеч бир ерида тук қил йўқдир. Яъни қўлтиқ остлари ва қосиқлари ҳам туйсиздир. Бўйлари ҳазрати Одам каби олтмиш тирсак, ёши ҳам ҳазрати Исонинг ёши каби ўттиз учдир. Оқ танли ва яшил либослидирлар.

Улардан биттасининг дастурхонига бир қуш келтирилганда, қуш унга: “Эй, Оллоҳнинг дўсти, мен салсабил сувидан ичдим, Аршнинг остида, жаннат боғларида ўтладим ва шу-шу дарахтларнинг мевасидан едим”, дейди. У қушнинг бир бутини қовурилган ҳолда, иккинчисини димланган ҳолда ейди. Оллоҳ дўстларининг етмиш қат либоси бўлади. Ҳар бири айри-айри рангда бўлади.

Уларнинг бармоқларида ўн дона узук бор. Биринчисида, “Сабр этганингиз учун салом бўлсин сизга!”, деган ёзув бўлади. Иккинчи узукда “У ерга (жаннатга) хавфсиз ва салом билан киринг!”, ёзуви бордир. Учинчи узукда “Бу жаннат қилган амалларингиз эвазига сизга мерос қилинди”, ёзувини ўқиш мумкин. Тўртинчи узукда “Ҳузун ва қайғулар сиздан олиб ташланди!” ёзуви бор. Бешинчи узукда “Сизга зийнатли ва гўзал кўйлаклар кийдирдик!” ёзуви ёзилган. Олтинчи узукда “Сизни йирик ва қора кўзли ҳурилар билан уйлантирдик”, деган ёзув бўлса, еттинчи узукда “У ерда кўнглинг тусаб, кўзингга ёққан ҳар нарсани топасан!” деб ёзилган бўлади. Саккизинчи узукда эса “Пайғамбарга ва сиддиқларга дўст бўлдингиз”, деб ёзилган. Тўққизинчи узукда “Сизлар ҳеч кексаймайдиган ёшларсиз” деган ёзув бўлади. Ва ўнинчи узукда “Ҳеч кимни безовта қилмайдиганга қўшни бўлдингиз!”, деган ёзув бўлади.

Бу кароматларга қовушмоқ истаган киши шу беш нарсани давом эттириши керак:

1.Инсон ўзини бутун гуноҳлардан узоқ тутиши лозим. Зотан, Оллоҳу Таоло шундай дейди. “Кимки, ўзини гуноҳлардан сақласа, борадиган ери жаннатдир” (“Назиат” сураси, 40-41).

2.Озгина дунёлик билан (яшамоқ) чекланмоқ керак. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Жаннатнинг бадали дунёни тарк этмакдир”.

3.Инсоннинг ибодатга берилиши ва ҳар ибодатга қизиқишидир. Чунки бу ибодатларнинг ҳар қандай биттаси соҳибининг авф этилиб, жаннатга киришига сабаб бўлиши мумкин. Зотан, Оллоҳу Таоло: “Ишлаган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат шудир” (“Зуҳруф” 72), деган.

Оллоҳу Таоло яна бир оятида шундай буюради: “Ишлаган амаллари учун улар нақадар кўз қамаштирувчи неъматларнинг ҳозирланганини ҳеч ким билолмайди” (“Сажда” сураси, 17).

4.Инсон солиҳларни ва хайрли амал ишлаганларни яхши кўриши, улар билан ўтириб туришини давом эттирмоғи лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейди: “Кўп дин биродари тутининглар. Чунки Қиёмат куни ҳар бир дин биродарининг алоҳида шафоат ҳаққи бордир”.

5.Одам тез-тез дуо этиб, Оллоҳдан ўзига жаннатни насиб этиб, сўнггини хайирли қилишини тиламоғи лозим”.

-Аҳли ҳикматдан бирига кўра, савоб ишлаш йўлини кўриб турган ҳолда, дунё ишлари билан машғул бўлмоқ жоҳилликдир.

Жаннатдаги роҳатликни фақат дунёда роҳат нима эканлигини билмаганлар кўриши лозим.

Жаннат бойлигининг сафосини дунёда озгина дунёлик билан қаноатланган, исрофни тарк этганлар суриши лозим.

-Айтилишига кўра, зоҳидлардан биттаси фақат бақла ……. билан туз еган, ҳеч нон емаган. Биттаси унга “нечун бу қадар оз егулик билан чекланаяпсан?” деб сўраганида, зоҳид унга шундай жавоб қайтарган: “Чунки мен дунёни жаннат учун восита қилдим, сен эса дунёни ахлатга восита қилдинг, яъни кўп тоза емаклар еб, ҳожатхонага чопасан. Мен ибодат қилиб, жаннатга бора олишим учун ейман”.

-Айтилишига кўра, Иброҳим бин Адҳам (ундан Оллоҳ рози бўлсин) бир кун ҳаммомга киришни истади. Лекин ҳаммом соҳиби унга “фақат пулини тўласанг, ичкарига киритаман”, деб, уни ҳаммомга киритмади. Иброҳим бин Адҳам йиғлаб, Оллоҳга шундай деди: “Оллоҳим, мени текинга шайтонларнинг уйига ҳам киритмаяптилар. Шундай экан, мен қандай қилиб, текинга пайғамбарларнинг ва сиддиқларнинг уйига кироламан?”.

-Айтилишига кўра, Оллоҳу Таоло Пайғамбарларидан биттасига индирган китобда “Эй, инсон боласи, юксак баҳо эвазига жаҳаннамни сотиб оласан, лекин арзон бир баҳога жаннатни сотиб олмайсан”, дейилган.

Бу сўзнинг маъноси шудир: бир фосиқ ўзи каби фосиқ бўлган бир гуруҳга зиёфат бермоқ истаса, балки юз ва ёки икки юз сариқ олтин харжлайди ва бу масроф унга оғир келмайди. Бу тарзда у жаҳаннамни қиммат бир баҳога сотиб олади.

Агар у кимса, Оллоҳ ризоси учун бир зиёфат қилиб, йўқсилларни чақирса эди, сарфлагани масроф унга оғир келарди. Ҳолбуки, бу зиёфат жаннатнинг доли бўлиши мумкинди.

-Айтилишига кўра, Абу Ҳозим шундай деган: “Агар жаннатга кирганлар учун бу ерга кириш бадали бу дунёдаги бутун севган нарсаларини тарк этиш бўлса эди, бу бадал жаннат қаршисида арзимаган нарса бўларди.

Ва аксинча: агар жаҳаннамдан қутилиш дунёдаги бутун машаққатлар бадалига бўлганда эди, бу бадал жаҳаннамдан қутилиш ёнида арзимаган нарса бўларди.

Ҳолбуки, севилган нарсалардан мингдан биринигина тарк этиш билан – жаннатга кириш мумкин бўлгани каби, дунёдаги машаққатларнинг мингдан бирига сабр этиб, жаҳаннамдан қутилиш мумкиндир.

-Яҳё бин Муозга кўра, дунёни тарк этмак оғир бўлса-да, жаннатдан маҳрум қолмоқ ундан анча оғирроқдир. Ҳолбуки, жаннатнинг муҳри – дунёни тарк этмакдир.

-Анас бин Маликдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Ким Оллоҳдан уч карра жаннатни истаса, жаннатнинг ўзи “Оллоҳим, бу одамни жаннатга қўй”, дейди. Ва аксинча, ким Оллоҳга уч марта ўзини жаҳаннамдан йироқ тутишини тилаб, дуо қилса, жаҳаннам “Оллоҳим, бу одамни жаҳаннамдан узоқ тут”, дейди.

Бунга кўра, Оллоҳу Таолодан бизни жаҳаннамдан узоқ тутиб, жаннатига қўйишини тилаймиз.

Агар жаннатнинг ягона неъмати дин биродарлар билан учрашиб, суҳбатлашиш бўлса ҳам, фақат шу биргина неъмат учун жаннатга кириш бахтиёр бўлиш учун етарли бўларди.

Ҳолбуки, у ерда сонсиз неъмат бор.

Анас бин Маликдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Жаннатда шундай бозорлар борки, у ерларда олди-сотти йўқ. Жаннатликлар у ерларда тўпланиб, дунё ҳаётининг қандай кечганини бир-бирларига айтиб берадилар. Оллоҳга қандай ибодат қилганликлари, фақирлар ва бойларнинг қандай яшаганларини, ўлимнинг қандай бўлганини ва бу узун имтиҳондан сўнгра қандай жаннатга кирганликлари ҳақда суҳбатлашадилар”.

Ибн Масъуднинг (ундан Оллоҳ рози бўлсин) айтилишига кўра, Қиёмат куни бутун инсонлар Сирот кўпригининг бошига келадилар. Бу жаннатнинг атрофига яқинлашмоқ демакдир. Кейин амалларига кўра бу кўприкдан кечадилар.

Биров кўприкдан яшин тезлигида, яна биттаси шамол каби, бошқаси қуш мисол ёки учқур от каби, яна бири худди бировни қувалаётган каби ўтади.

Энг орқада қолган кимса оёқларининг бош бармоқларида суриниб, Сиротдан ўтмоқчи бўлади, аммо оёғи тойиб кетади. Чунки Сирот тойинчоқ, қилич каби кескиндир. Устида туя тикани мисол тиконлар бор. Ҳар икки тарафида қўлларида оташдан чангал тутган малаклар бор. Улар бу чангаллар билан инсонларни ушлайдилар.

Юрганлар билан, чангалларга илиниб, сўнгра ундан сийрилиб қочганлар қутилишлари мумкин. Аммо чангаллардан қочолмаганлар жаҳаннамга тушадилар. Бу орада малаклар “Ё Рабби, қутқар!”, дея дуо этарлар.

Бу ҳангомада Сиротни энг сўнггида кечган киши ҳам жаннатга яқинлашганди, олдида жаннат эшикларидан бири очилади. У жаннатда ўтирадиган бир ер кўрмайди. Шунга қарамай, у “Ё, Рабби, мени бу ерга жойлаштир!”, дея ёлворади.

Оллоҳу Таоло унга “Балки сени бу ерга жойлаштирсам, мендан яна бошқа бир ер истаяжаксан?”, дейди.

Одам эса “Йўқ, улуғлигинг ҳаққи, мен бошқа нарса истамайман!”, дейди.

Лекин унинг олдидаги пардалар кўтарилиб, жаннатдаги бошқа гўшаларни кўрганда, у ўзига берилган ерни маъқул кўрмасдан, “Ё, Раббим, менга анави маконни бер!”, дея ёлвора бошлайди.

Оллоҳу Таоло унга “Агар сени у ерга жойлаштирсам, яна бошқа бир ерни талаб қилмайсанми?”, дейди. Одам “Йўқ, улуғлигинг ҳаққи, бошқа нарса истамайман”, деб жавоб беради.

Аммо бу одам пардалар кўтарилганда, янги-янги маконларни кўриб, унга берилган неъматларни оз кўради. Ва аввалги ҳолат тўрт марта такрорланади.

Ниҳоят, Оллоҳу Таоло ундан “Яна бир нарса истамайсанми?” деб сўрайди.

Одам “истадим, истадим, аммо энди уяляпман”, деб жавоб беради.

Шунда Оллоҳу Таол “дунёни ҳам илова қилганда, унинг ўн мислини сенга илова қилганда, унинг ўн мислини сенга бағишладим”, дейди.

Бу жаннатликларнинг энг паст табақасининг вакили ҳақидаги ҳикоядир.

-Абдуллоҳ бин Маъсуднинг (ундан Оллоҳ рози бўлсин) айтишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу муждали хабарни айтар экан, озиқ тишлари кўринадиган даражада кулимсиради.

-Айтилишига кўра, жаннатга кирадиган дунё хотинлари ишлаган амалларига кўра, у ердаги ҳурийлардан устунроқ бўлажаклар.

Оллоҳу Таоло шундай дейди:

“Биз у ерда хотинларни янгидан яратиб, (уларни) амал дафтарлари соғдан берилганлар учун тенгдош бокиралар айладик” (“Воқеа”, 35-36).

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси