Собиқ банкир Рустам Усмоновнинг ўғли 34 яшар Дилшод Усмонов Москва шаҳар Федерал миграция хизматига мурожаат қилиб, ўзига қочқинлик мақоми берилишини сўради.
“Муҳожирлик хизмати мени рўйхатга олди ва аризамнинг уч ой давомида кўриб чиқилишини билдирди”¸ дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Дилшод Усмонов.
“Бундай қарорга келишимга¸ 12 ноябрда Жаслиқдаги 64/71 қамоқхонасида дадам билан учрашув сабаб бўлди”¸ деб давом этади Дилшод:
– Дадамни қамоқхонада қийналишлари, жазо муддати тугаган бўлса-да¸ яна қўшимча 5 йил қўшиб беришгани, дадамдан яна пул талаб қилишаётгани ва дадамни “сен чиқиб бу азобларни бутун дунёга айт” деганларидан сўнг Россияга келдим. Чунки Ўзбекистонда менинг дардимни эшитадиган ҳеч ким қолмади. Дадамнинг ўз қони билан чойшабга ёзган “Или судите, или казните” деган мактубини олиб чиқдим. Албатта¸ бу гапларни айтганимдан сўнг¸ қамоқхонадан бу чойшабни олиб чиққаним ошкор бўлганидан сўнг, мени ҳам қамоққа олишлари мумкинлиги хавфи пайдо бўлган эди, дейди Дилшод Усмонов.
Дилшоднинг айтишича, дадасининг саломатлиги жуда ёмонлашган:
– 64 ёшга кирган одамнинг аҳволи қандай бўлиши мумкин. Жудаям чарчаб қолган, озиб кетган. 14 йил ўтирди, яна 5 йил қўшиб беришди, бундан кейин яна қўшиб беришлари тайин. Олдида ҳам иккита Россия фуқароси бор экан, уларга ҳам 5 йилдан қўшиб беришибди. Жаслиқдан бирор киши чиқмайди, бу тирик чиқадиган жой эмас, деб дадам айтди, дейди Дилшод.
Дилшод Усмонов яқинда Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбуслар аҳволи, уларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ва дадасининг бугунги аҳволини баён қилиш учун Россия ва хорижий журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказишни режалаётганини айтади:
– Бизнинг бошқа иложимиз қолмади. Ўзбекистонда арз қилмаган жойим қолмади, президентга ҳам, бошқа идораларга ҳам ёздим. Жавоб йўқ. Халқаро жамоатчиликни, инсон ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ташкилотларни қамоқда айбсиз сиёсий маҳбус сифатида ўтирган дадамни озод қилишга ўз ҳиссаларини қўшишга чақирмоқчиман. Жумладан Россия ҳукуматини ҳам, чунки дадам Россия фуқаросидир, дейди Дилшод Рустамов.
1948 йили Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилган асли иқтисодчи Рустам Усмонов¸ Горбачëв даврига келиб хусусий тадбиркорлик билан шуғулланди.
1987 йили Ўзбекистонда асаларичилик ширкатини очди. Канада ëмғир чувалчангларини кўпайтириб сотиб, миллионлар эгасига айланди.
1992 йилда очилган Ўзбекистондаги илк хусусий банк “Рустамбанк” эгаси ҳам айнан Рустам Усмонов бўлди.
90-йилларида Рустам Усмонов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эътиборига тушган тадбиркорлардан бири бўлган.
Аммо Каримов назарига тушганидан кўп ўтмай Ўзбекистонда самарали фаолият кўрсатган “Рустамбанк” ëпилди ва Рустам Усмоновнинг ўзи қора курсига ўтқазилди.
1998 йил 19 октябр куни Андижон вилоят Жиноят ишлари бўйича суд ҳукмига кўра, Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олиш-сотиш каби моддаларда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Жазо муддати тугашига саноқли ойлар қолганида Усмоновга қамоқхона ички тартибини бузганлик каби қатор айблар қўйилиб¸ қамо муддати яна 5 йилга узайтирилди.