O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жасорат бер, Оллоҳим бизга!

Жасорат бер, Оллоҳим бизга!
43 views
27 February 2017 - 5:00

Ўзбекистон президенти бизни ўзининг ажабтовур баёнотлари билан доим ҳайратлантириб келган. Лекин куни кеча Олий Мажлис минбаридан туриб айтган бир неча ибораси унинг шу кунгача айтган бутун нутқларини остин-устун қилди. Бу айтилган бир неча ибора президентнинг сўнгги йилларда нақадар эркинлашгани, нақадар ҳокими мутлақ бўлиб олганини шафқатсиз шаклда намойиш қилди. Президентимиз ҳукмдор бўлибгина қолмай, ўзи чиқарган ҳукмни ўзи ижро этишни ҳам истайди: у Олий Мажлис минбаридан туриб дабдурустдан, “мен ислом фундаменталистларини ўз қўлларим билан отиб ташлардим”, дейди.

Бир давлат бошлиғининг ўз қўллари билан кимнидир отиб ташлаётганини тасаввур қилсангиз, баданингиз жимирлаб кетади. Ким экан бу душман? Бу душман, сизнинг укангиз, агар у намоз қилишни билса. Бу душман сизнинг акангиз, агар у масжидга қатнаб турган бўлса. Бу душман, сизнинг отангиз, агар у Қуръон ўқиса, бу душман сизсиз, агар сиз шунчаки мусулмон, оддий бир мусулмон бўлсангиз.

Бугун Ўзбекистон ҳукуматига қарши курашаётган «ваҳҳобийлар», «ислом фундаменталистлари», аслида, сизга ўхшаган оддий мусулмонлардир. Улар ваҳҳобийлик надир, фундаментализм надир, билмайдилар. Уларнинг битта айби бор – улар президентга эмас, Оллоҳга сиғинадилар ва шунинг учун ҳам зиндонга ташланмоқдалар.

Энди бу ҳам камлик қилди, шекилли, президентимиз шахсан ўзлари ўз қўллари билан бу фундаменталистларни отиб ташламоқчи эмишлар. Агар ўзбек ҳукумати мезони билан ўлчайдиган бўлсак, жумҳурият аҳолисининг юзда тўқсон фоизи «фундаменталист»дир. Чунки юзда тўқсони мусулмондир.

Тасаввур қилинг, Русия президенти Ельцин христиан фундаменталистларини отиб ташлайман, деб баёнот берса, нима бўлади? Уни ўша куниёқ лавозимидан истеъфо қилишга мажбур этган бўлардилар. Ёки Исроил Бош вазири яҳудий террористларини баҳона қилиб, яҳудий душманларини отиб ташлардим, деса нима бўларди? Тель-Авивда халқ исён кўтарган бўлар, Натаньяхуга сичқоннинг инини минг танга қилган бўларди.

Ёки Америка президенти Билл Клинтон… Йўқ, Билл Клинтон бунақа иборани қўллаш жасоратига эга эмас. Агар қўллаганда эди, у ҳеч қачон Америкага раҳбар бўла олмас, Америка эса, ҳеч қачон Америка бўлмаган бўларди.

Бундай ғаройиб баёнотлар фақат бизнинг минтақада эмин-эркин берилиши мумкин. Бундай ажабтовур истаклар, инсоннинг тўйларини тикан-тикан қилиб юборадиган бундай сўзлар бизнинг мажлисларда, бизнинг минбарлардан айтилиши мумкин. Ва бундай таҳдид, бундай ҳақоратга ҳам фақат биз, фақат биз ўзбеклар чидашимиз мумкин. Биз шундай метин, шундай темир миллатмиз.

Бир бетимизга урса, иккинчи бетимизни тутадиган мусулмон бир миллат. Энди шу мусулмонликни ҳам кўп кўрмоқдалар. Эй, Оллоҳим, бизнинг журъатсизлигимизни кечир. Биз сендан халқ ўлароқ нон сўрамаймиз. Биз сендан бошқа халқлар ўртасида шону-шараф, обрў-эътибор ҳам сўрамаймиз. Биз сендан бойлик, мулку сарват ҳам тиламаймиз. Бизга бироз, бирозгина жасорат бер, бир оз, бир чимдим жасорат сўраймиз сендан. Токи, биз иймонимизни, инсоний шарафимизни ҳимоя қила билайлик.

Бизга жасорат бер бир оз, Оллоҳим.

(1998)

(63)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (179-180-саҳифалар.)

(давоми бор)