O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жасорат

Жасорат
153 views
27 January 2018 - 17:16

ЖАСОРАТ
(“Бу кунлар”ни ўқиб)

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон устида (2017 йил 27 сентябр куни) бошланган ғавғолар бир оз босилган шу пайтларда (2018 йил январ) “Бу кунлар” романининг электрон нусхасини топиб ўқидим. Ҳайратларим ва таассуротларимни ичимга сиғдиролмай, бир дафтарга ёзиб бордим. Босма китобни ўқиганимда эди, саҳифаларнинг ўзига ёзган бўлардим.

Бу ёруғ дунёда 77 йил яшаб қўйиб (Аллоҳга шукрларим!) жуда кўп илмий, бадиий, илмий-оммабоп китоблар ўқидим. Сатрлар остига чизиб-чизиб, саҳифалар четига фикрларимни ёзиб-ёзиб, хатоларини тузатиб-тузатиб, завқланиб-завқланиб, роҳатланиб-роҳатланиб, баъзан нафратланиб-нафратланиб, кўпинча ўрганиб-ўрганиб ўқидим. Ўқиганларим ичида Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишланган “Бу кунлар” жуда бошқача асардир. Ўхшашини илгари учратмаганман. Фақат “Архипелаг ГУЛАГ” бир оз яқин. Лекин бир хил оҳангда, бир хил маромда ёзилган, шунинг учун ҳам сал зерикарли “Архипелаг ГУЛАГ”дан фарқли ўлароқ, “Бу кунлар” ранг-баранг услуби ва хилма-хил воқеалари билан анча ўқишли чиққан.

Муаллиф ўз китобини “ҳужжатли, сиёсий-ижтимоий рўман” деб атабди. Мен бунга “илмий, таҳлилий, танқидий, оммабоп” деган сифатларни ҳам қўшган бўлардим.

Асарнинг бош қаҳрамони алоҳида бир шахс эмас, балки мазлумлар, золимлар, мунофиқ ва маддоҳлардан иборат ЖАМИЯТдир (бошқа тоифалар кўрилмаган). Дастлабки иккитаси: халқ ва унинг тепасида турган Ҳокимият (ҳукмдорлар маъносида!). Қолганлари китобни ўқиганда маълум бўлади. Тўртовининг образи ва қисман тақдири кўриниб турибди ва… тасвирланган эмас, баён этилган. “Тасвирлаш” сўзида муболаға иштирок этади, баён эса, аҳволни қандоқ бўлса, шундайлигича кўрсатади.

Воқеалар иштирокчилари ҳам катта-катта одамлар: биринчи президент Ислом Каримов, Бош вазир, МХХ раиси Рустам Иноятов, ИИВ вазири Зокиржон Алматов ва булар қаторида Йўлбарс Шералиев деган шахс, Ўзбекистон қаҳрамонлари – шоирлар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, муфтий Усмонхон Алимов, мухолифатчилар, уламо, олимлар, адиблар (ҳаммаси ўз лавозимида ишлаб турган шахслар) ҳамда қўрқинчли идоралар: МХХ, ИИВ, Дин ишлари қўмитаси кабилар.

Асарда сюжет, сюжет йўналиши, тугун, ечим деган нарсалар йўқ, воқеалар эса кўп, бир-бирига гўё боғланмаган. Шунинг учун қисқача мазмуни (аннотацияси)ни ёзиш ҳам қийин. Муаллиф ўша ўзаро боғланмагандек кўринган турли мавзу ва воқеаларни бир-бирига ғоявий боғлаб, яхлит бадиий асар шаклига келтирган. Бундай боғланиш бир оз сунъий – ҳаётда учраган катта бир тадбир (йигирма йилликка атаб йигирматадан кўчат экиш ташаббуси) таъсирида юзага келган бўлса ҳам, умумий ғоя туфайли ўқувчи уни бўлинмас бир бутун асар деб қабул қилади.

Асарни ўқишга киришганда, у асосан 2011-2013 йиллари ёзилганини эътибордан қочирмаслик зарур.

Ушбу мақолани ёзарканман, мақсадим асарни бошдан-оёқ таърифлаб бериш эмас. Ўқувчиларнинг бир қисми уни ўқиб улгурган, қолганлари энди ўқишади, деб фараз қилдим. Шундай бўлса ҳам бир-икки иқтибос, мақола қизиқарли бўлишига хизмат қилади, китобни ҳозирча ўқимаганларга рағбат бўлади:

“Ушбу китоб… – оддий, меҳнаткаш, муштипар халқнинг дунёқарашини илғашга, орзу-истакларини кўрсатишга уриниш десак бўлади”.

“Мустақилликни қаттиқ истаганлар ҳам, мустақиллик учун курашганлар ҳам бир четда қолиб, унга бутунлай бошқалар – мустақиллик йўлида кураш тугул, аксинча, унга қарши бўлган коммунистлар эга чиқди”.

“Мен давлатни бугун бошқараётганларга ва ҳозиргидай бошқариш усулларига қаршиман, мухолифман! Аммо бугунги мухолифчилар орасида ҳам эмасман!”

Бугунги давлат, бугунги ҳукуматнинг ҳоли, иши кўз ўнгимизда, очиқ. Йигирма йиллик тажрибадан хулоса қилсам, назаримда:

– Ўзбекистон давлати мустақилликка лойиқ бўлмаганлар қўлига ўтди;

– иқтидордаги бу давлат сиёсатни бошдаёқ хато мафкура асосига қурди;

– чексиз ҳокимиятни қўлга олган бугунги иқтидор бора-бора давлат идорасини нафс орзу-истакларига эриштирувчи қуролга айлантирди;

– ватан, халқ, миллат манфаатини аста-секин орқа қаторга суриб ташлади;

– булар устига, ҳокимиятни бошқаларга мутлақо бермоқчи эмас!”

Номлари юқорида санаб ўтилган ва ҳамон иқтидорда турган амалдорларнинг халққа, Ватанга, Ислом динига нисбатан қилган ва давом эттираётган зулм ишлари, қаҳрамон шоирлар тимсолида бутун зиёлиларимиз, миллатнинг ойдинлари йўл қўйган хатолар қўрқмасдан, далиллар билан очиб ташланган. Бу гапларни (шоирлар ҳақидаги гаплар мустасно) асар ёзилган пайтларда (ва ҳозир ҳам!) бировга шипшитиб айтиш ҳам катта фожиаларга олиб келиши мумкин эди. Муаллиф камчиликларни фош этиш билан чекланиб қолмай, қандай йўл тутилса, адолат юзасидан бўлишини, муаммо ижобий ҳал этилишини ҳам айтиб ўтади.

Китоб ўқиш тажрибаси борлар ва кўп ўқиганлар айтсинлар-чи, коммунистлар ҳокимиятга келган 1917 йилдан буён, ва энг муҳими, асар персонажлари ҳаётлик пайтида ва ўзларининг “даҳшатли” лавозимларини эгаллаб турган пайтда “Бу кунлар”га ўхшаган китоб ёзилганми?!

Мен бунақасини билмайман. Юқорида эслатганимдек, фақат “Архипелаг ГУЛАГ” бор! Унда қамоқхоналардаги ҳаёт ва зулм акс этган, аммо “халқлар доҳийси” Сталин ҳақида ҳеч гап йўқ.

“Бу кунлар”ни ўқиётиб дафтаримга “Жасорат!” деб ёзиб қўйдим. Ҳар қандай яхши асар муаллифнинг ўзига яраша жасоратидир, лекин Нуруллоҳ кўрсатган жасоратга етадигани йўқ!

Унинг жасоратини пайғамбарлар отаси – Иброҳим ҳалилуллоҳнинг жасоратига ўхшатдим.

Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом уч марта кўрган тушларига ишониб, кексайган чоғларида туғилган, жондан азиз фарзандлари Исмоилни қурбон қилишга бел боғлайдилар. Бундай иш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди, Иброҳим (а.с.) эса шундай жасорат кўрсатадилар ва Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўладилар.

Албатта, ҳеч бир инсон пайғамбарларга тенг келолмайди. Лекин ҳар бир инсон улардан ўрнак олишга интилади. Жасоратларни қиёс қилганим ҳам шундан.

Нуруллоҳ бир фарзандинигина эмас, бутун бошли катта оиласи ҳаётини хавф-хатарга қўйиб “Бу кунлар”ни ёзди ва Интернет тармоғида эълон қилиб юборди! Бундан кейин уни нималар кутишини тахминан биларди. Билиб туриб, ўзини ўтга урди!

Жасорат айнан мана шунда!

Нашриёт бош директорлиги ишидан ҳайдалиб, орқадан таъқиблар бошлангач, илм олиш мақсадида илгарироқ Туркияга кетган фарзандлари ортидан, қолган оила аъзоларини ёнига олиб, ўзи ҳам чиқиб кетди. Ўша ёқларда икки йил юрди. Ниҳоят, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 24 сентябрида БМТ Бош Ассамблеясида қатнашиб, сўнг АҚШда юрган ватандошлар билан учрашдилар. Ватанга фойдаси тегадиган мутахассисларни юртга қайтишга даъват қилдилар. Бу даъват дунё бўйлаб сочилиб кетган ватандошларга қаратилганини ҳисобга олиб, Туркияда юрган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон энг биринчи бўлиб Ватанга қайтишга қарор қилди.

27 сентябр куни Тошкентга қўнди ва… қўлига кишан урилиб, қамоққа ташланди…

Шавкат Мирзиёевнинг бир гаплари беихтиёр эсга тушди: нутқларидан бирида, бизда маданият етишмайди, деб айтган эдилар. Яхшиям Нуруллоҳ ҳибсга олинганидан хабар топиб, зудлик билан хатони тузатдилар. Ҳозир ёзувчимиз илгаригидек озодликда юрибди, лекин қўзғатилган иш очиқлигича қолган.

* * *

“Бу кунлар”ни ўқиган одамда қатор-қатор саволлар туғилади: Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон бу асарни нима учун ёзди? Нима қиларди ўзига ҳам, оила аъзоларига ҳам хатар туғдириб? Ҳамма қатори жим-жим юраверса бўлмасмиди? Туппа-тузук иши, ёзувчилар орасида ўзига яраша обрўси бор эди. Ёзгани билан бир ўзининг қўлидан нима иш келарди? Жамият аҳволини ўзгартира олармиди? Ёки янада катта обрў орттирмоқчи бўлдими? У шунчалик мақтанчоқ одамми? Ва ҳоказо…

Йўқ! Мақтаниш, обрўга интилиш каби иллатлар Нуруллоҳ учун бегона. Мусулмонлар диний идорасининг нашриёти раҳбари эди, кўп йиллар давомида журнал ва газета нашр қилишда бош-қош бўлди, кўплаб диний китобларни чоп эттирди. “Бу кунлар”ни ёзиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилиш билан Аллоҳнинг айтганларига амал қилди холос. Бор айби шу!

Аллоҳнинг элчиси (с.а.в.): агар сен гуноҳни, ширкни, куфрни, зулм ва шу каби залолат ишларни кўра-билатуриб, индамасанг, уларга қарши курашмасанг, демак имонинг заиф экан, деб марҳамат қилган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни ҳаракатга келтирган куч мана шу мазмундаги ҳадисдир.

* * *

Энди, Нуруллоҳнинг бошига шу-унча ғавғоларни солган экспертлар ҳақида сўз айтсак.

Мен бу ўринда айтайлаб “ғавғо солган” деб айтяпман, аслида “сабабчи бўлган” десам тўғрироқ бўларди. Гап шундаки, қонун қўриқчилари ёзма ҳужжатга қаттиқ ёпишиб оладилар, буни ҳамма билади. Ундан фойдаланишнинг нозик бир усулини ҳамма ҳам билавермас балки. Мабодо айбланувчи тергов-сўроқ давомида ўзининг ҳимояси учун кучли бир далил-исбот келтириб қўйса, қонун қўриқчилари ўша ҳужжатни қалқон қилиб: “Мен сизни тушуниб турибман, ўзимга қолса сизни чиқариб юборардим, аммо мутахассисларнинг мана бу хулосаси бор, энди ҳеч нарса қилолмайман” қабилида ўзларини оппоқ қилиб кўрсатадилар. Бу ёғида ким муттаҳам бўлиб қолишини тасаввур қилаверинг. Бу кенг тарқалган иш услубидир.

Эй муҳтарам экспертлик гуруҳи аъзолари! Нуруллоҳнинг китобини экстремистик асар, конституциявий тузумга тажовуз деб баҳолаётганингизда асосий даъвогар сизлар бўлиб қолишингизни билмаганмисиз?

Сизлар ёзган хулоса матнини кўрмаганман, бунга имконим ҳам йўқ, назаримда, масалага нотўғри ёндашгансиз. Аниқроқ фараз қилсам, асарда айтилган баъзи гапларни умумий матндан ажратиб олиб, таҳлил қилавергансизлар ва, пировардида, жиноят кодексининг фалон моддасига тўғри келади, деб хулоса чиқаргансизлар. Бунақада кодекснинг бир эмас, бир нечта бандини, улар ҳатто тўғри келмаса ҳам тиркаб юбориш мумкин!

Шу тарз енгил-елпи хулоса чиқараверсак, юртимизда яна кўплаб “Жаслық”ларни қуриб ташлашга тўғри келади-ку!

Худога шукр, аҳолимизнинг аксари ёшлар. Уларни қаергадир жойлаш керак-да, а?…

Даҳшатли қамоқхонага “Жаслық” деб ном берилишида ҳам бир “ҳикмат” борга ўхшайди…

* * *

Илмий тадқиқотда “системали ёндашиш” деган бир усул бор. Оддийроқ қилиб айтганда “ҳартомонлама ёндашиш”га мос келади. Бу усулнинг ҳикмати шундаки, битта гапни умумий матндан узиб олиб таҳлил қилинса, битта сифат кўринади, иккита гап таҳлил қилинса, иккита сифат кўринади. Матн яхлитлигича таҳлил қилинса, ҳеч қаерда айтилмаган, ҳеч кимнинг, ҳатто муаллифнинг ҳам хаёлига келмаган бир сифат ялт этиб юзага чиқиб қолади.

Мана шу усулни қўллай олмаганларингиз сабабли “Бу кунлар”даги ёки унинг муаллифи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондаги ана шундай ноёб сифатни топиш имконини бой бергансизлар.

* * *

Системали ёндашиш нималигини билмаган одам ҳам Нуруллоҳнинг оташин сўзларини ўқиганида қалби титраб кетади-ку, ахир! Мана, бир-иккитасини эслатаман:

“Оллоҳ кўрсатмасин, чеккадан биронта давлат, ҳар қанақа олижаноб ғоя билан, ҳатто “золимни ағдариб ташлаб халққа озодлик бериш” мақсади билан-да бўлсин, агар Ватанимга хавф солса ва мамлакатимга бостириб кирадиган бўлса, у давлат қанчалик кучли-қудратли бўлмасин, ёшим ҳам олтмишга бориб қолганига қарамай, қўлимга қурол олиб Ватаним ҳимоясига чиқаман!”

Бу нутқ китобда айнан шундай келган, муҳим жойи ажратиб кўрсатилган.

Инсоф билан айтинглар-чи, шу гапларни ёзишга ақли етган одамни конституциявий тузумга тажовуз қиляпти, деб айблаб бўладими?! Аксинча, бошидан зар сочиш керак! Конституциянинг бетига тупуриб қўйганлар, уни муттасил оёқости қилиб келаётганлар бир чеккада қолиб, уларни асосли танқид қилган одам “тажовузчи” бўлдими?! Оддийгина, мантиқ деган нарса қаёққа кетди? Ёки қонунларимиз ўч олишга изн берадими?

Бу иқтибос камлик қилаётган бўлса, мана, яна биттасини ўқинг:

“Қурол, уруш-жанжал, тўпаланг миллатга ҳам, ватанга ҳам катта зарар келтиради”.

Шу гапни биринчи бор ўқиганимда, ўтган йили Саакашвили Украинада уюштирган оммавий ғалаёнлар кўз олдимга келди. Украина суди шу ҳаракатларни ҳам конституциявий тузумга тажовуз деб баҳоламади-да! Бизда эса…

Демак, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” деб аталган рўмани Украинадаги ўша даҳшатли ғалаёнлардан ҳам даҳшатлироқ экан-да?

* * *

Хўш, “Бу кунлар” китобининг муаллифи конституциявий тузумга қарши эмаслигини сизларга уқдириш учун яна қанақа қасам ичиши керак эди? Муаллифнинг қайсидир гапларини жиноят кодекси билан баҳолабсизлар, мен назарда тутаётган оташин сўзларини ҳам баҳолаш лозимлиги хаёлларингизга келмадими ёки шунақа кодекс топа олмадингизларми? Илгари, ўзи экстремистик руҳда битилган бўлса ҳам, “Коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси” бўлгучи эди. Ҳозир бунақа нарса йўқ. Лекин сизларнинг қалбингизда йўқмиди ўшанга ўхшаган кодекс?

Келтирилган иқтибослар ва китобдаги бошқа оташин сўзларнинг битта камчилиги бор: ғазаб ва аламларни кетказа олмайди, қасос ўтини ўчира олмайди. Наилож…

Ўтган асрнинг тахминан 30-йилларида оташқалб шоиримиз Ҳамид Олимжон: “Ҳар бир қонун ва ҳар бир асос замирида ётарди қасос”, деб ёзган эди. Ҳозирги кунларда бўлаётган кў-ўп ишлар ўша сўзларни ёдга солади…
Сизларнинг хулоса тайёрлаётгандаги “меҳнат”ингизни мен янглиш тасаввур қилаётган бўлишим мумкин. Эҳтимол юрагингизни қандайдир ҳадиклар кемиргандир. Ҳаммамиз ҳам қусурли бандамиз. Нуруллоҳга нисбатан шахсий муносабатларингиз бордир…

Нима бўлганда ҳам, ғишт қолипдан кўчди, номинглар тарих саҳифаларида қайд этиладиган бўлди. Аччиқ табриклайман!

Яхшиям Президентимиз “Бу кунлар” рўмани муаллифига нисбатан бағрикенглик намунасини кўрсатдилар. Ваҳоланки, асарда Бош вазирга тегиб кетадиган ишоралар ҳам бор эди. Адолатпарвар одам мана шунақа бўлади: ўзи талабчан бўлади, айни чоқда, зулмга ҳам йўл қўймайди!

Бошқалар ҳам президентимиз Шавкат Мирзиёевдан ўрнак оладилар деб умид қиламиз. Аллоҳ қўлласин!

Қудрат Дўстмуҳаммад,
Кибернетика фанлари бўйича мутахассис, фан номзоди, профессор.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
2018 йил 21 январ

facebook.com