ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(13)
(давоми)
Жаҳаннам ва Жаҳаннамликлар
Фокиҳ (Абу-Лайс Самарқандий) Абу Жаъфардан, у эса Муҳаммад бин Уқайл Киндидан, у Аббос Дуррийдан, у Яҳё бин Абу Бакрдан, Солиҳдан ва у эса Абу Ҳурайрадан ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:
“Жаҳаннам минг йил ёқилди. Охири қип-қизил бўлди. Кейин яна минг йил ёқилди, оқ кул рангини олди. Кейин яна минг йил ёқилди, қоп-қора бўлди. Энди у зим-зиё кеча каби қорадир” (Термизий).
Айтишларига кўра, Язид бин Мирсоднинг кўзёшлари ҳеч тўхтамасдан оқарди, у тинмай йиғларди, ундан бунинг сабаби сўралганда, шундай жавоб берганди:
Агар Оллоҳу Таоло мени гуноҳ ишласам, мени ҳаммомга қамаб қўяжагини билдирса эди, тўхтамай кўз ёш тўкишим керак бўларди. Энди уч минг йил ёқилган оташ ичига қамаб қўйилишим билдирилгандан кейин, қандай йиғламайин?
Муҳаммад бин Жаъфар Иброҳим бин Юсуфдан, унинг Абу Муовиядан, унинг эса Омашдан ривоят этишига кўра, Мужоҳид (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай деган:
“Жаҳаннамнинг шундай қудуқлари борки, ичида туя бўйни йўғонлигидаги илонлар ва хачир каби чаёнлар бўлади. Оташдан қочган жаҳаннамликларни бу илонлар ушлаб, вужудларини чайнаб ташлайдилар. Жаҳаннамликлар бу илонлардан қутилиш учун яна оташ ичига яширинишга мажбур бўлишади”.
Абдуллоҳ бин Жубайрдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:
“Жаҳаннамда туя бўйни йўғонлигидаги илонлар бор. Ҳар бирининг чақишидан қолган оғриқ қирқ йил ҳис этилади. Яна хачир катталигидаги чаёнлар борки, уларнинг наштари урилганда, бу оғриқ ҳам қирқ йил давом этади”.
Омашнинг Язид бин Ваҳбдан ривоят этилишига кўра, Ибн Масъуд шундай деган: “Сизнинг шу (дунёда қўлланган) оташингиз у оташ (жаҳаннам оташи)нинг етмишида биттаси қадар холос”.
Мужоҳид ҳам “сизнинг бу оташингиз ҳам жаҳаннамдан (қўрқиб) Оллоҳга сиғинади”, дегандир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна: “Жаҳаннамликларнинг энг енгил жазо олгани оёқларига оташдан икки нағал қоқилган кимсадир. Бу нағаллар у кимсанинг миясини худди қозон каби қайнатади. Унинг қулоқлари ……… озиқ тишлари……….. киприклари ………. қорин бўшлиғидаги ич органлари эриб, оёқларига оқади.
Бу кимса энг енгил жазо олган жаҳаннамлик бўлишига қарамай, ўзини энг оғир жазо олдим, деб ҳисоблайди”.
Муҳаммад бин Фазлнинг Муҳаммад бин Жаъфардан, Иброҳим бин Юсуфдан унинг Саиддан, унинг Қотададан, унинг Абу Аюб-ул Аздидан ривоят этилишига кўра, Абдуллоҳ бин Амр Ибни-л Ас (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Жаҳаннамликлар узун муддат жаҳаннамнинг маъмурларини чақиришади. Аммо уларга қирқ йил давомида ҳеч ким жавоб бермайди. Сўнгра “абадиян у ерда қоласиз”, деган бир жавоб келади. Шунда улар “Ё, Рабби, бизни бу ердан чиқариб юбор, агар биз бу ерга яна бир марта келсак, ҳеч шубҳасиз, золимлардан бўламиз”, дейишади.
Оллоҳу Таоло дунё умрининг икки мисли ўтмагунча, уларга жавоб бермайди. Бу муддат сўнггида “у ерда қолинглар, зинҳор гаплашманглар!”, дея жавоб беради Оллоҳу Таоло.
Жаҳаннамликлар бу жавобдан сўнгра бир сўз ҳам сўйламаслар. Бундан сўнгра жаҳаннамдан чиқадиган саслар – фарёд ва инграшдир холос.
Жаҳаннамликларнинг саслари бошланиши ҳанграш, сўнгги хириллаш билан тугайдиган эшак анқиришига ўхшайди”.
Қатода (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Эй, инсонлар! Жаҳаннамнинг бу азобидан сизга қутилиш борми? Ёки бу оғир азобга чидай оласизми? Эй, инсонлар, Оллоҳга ибодат этиш бундан осонроқ бўлганига кўра, Унга ибодат этинг!”.
Айтилишига кўра, жаҳаннамликлар минг йил бўйича фарёд этади, аммо бу фарёд уларга ҳеч фойда келтирмайди.
Кейин минг йил “дунёда экан, сабр этганимизда, фароҳга эришардик”, деб сабр этишга ҳаракат қилишади. Аммо бу ҳам фойда бермайди, азоб енгиллашмайди.
Шунда улар “биз учун фарёд этиш ҳам, сабр этиш ҳам бир, ҳеч бир қутилиш чораси йўқ”, дейдилар.
Кейин сувсизликдан азоб чекиб, ёмғир ёғдиришини тилаб, минг йил Оллоҳга ёлворадилар. Минг йил сўнгра Оллоҳу Таоло Жаброилга “булар нима истаяпти?” деб сўрайди. Жаброил Оллоҳу Таолога: “Ё, Рабби, сен уларнинг аҳволини ҳаммадан яхши биласан, улар ёмғир истаяптилар”, деб жавоб беради.
Шунда уларнинг устида қизғиш булутлар пайдо бўлади, улар ёмғир ёғажак, деб ўйлайдилар. Аммо устларига хачир катталигидаги чаёнлар ёға бошлайди. Уларнинг наштари оғриғи минг йил давом этади.
Жаҳаннамликлар яна минг йил ёмғир тилайдилар. Ниҳоят, устларида қора булутлар тўплана бошлайди ва улар “мана бу, ёмғир булути”, дейишади. Аммо устларига туя бўйни қалинлигидаги илонлар ёғади. Улар чаққанда, оғриғи минг йил кетмайди.
Зеро, Оллоҳу Таолонинг шу оятидаги маъно ҳам буларга ишорат этади:
“Куфр этганлар ва (одамларни) Оллоҳ йўлидан оздирганларни азоблари устига азоб қўшиб, кўпайтирамиз” (“Наҳл” сураси, 88).
Демак, Оллоҳнинг азобидан қутилиб, савоб олмоқ истаган киши Оллоҳга ибодат қилишдаги қийинчиликларга сабр қилиб, гуноҳдан ва дунёга эҳтиросдан узоқ туриши лозим.
Чунки ҳадисларнинг бизга билдирилишига кўра, жаннат нафснинг фойдали амаллари билан қуршалгани каби, жаҳаннам нафснинг орзу ва эҳтирослари чамбари ичидадир.
Абу Ҳурайрадан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Оллоҳу Таоло Жаброилни чақириб, унга “бориб, жаннатни ва жаннатликларга ҳозирлаганим неъматларни кўр”, дея амр этди.
Жаброил жаннатни кўриб қайтгандан кейин, шундай деди: “Иззатинг ҳаққи учун у ерни эшитган ҳар ким мутлақо у ерга кирар”, деди.
Сўнгра жаннат нафснинг ишлашни хуш кўрмайдиган амаллар билан безатилди. Оллоҳу Таоло Жаброилга “Яна бир марта у ерга бориб кўр”, деди. Жаброил жаннатни кўриб келиб, “Иззатинг ҳаққи учун, у ерга ҳеч ким киролмайди, деб қўрқдим”, деди.
Сўнгра Оллоҳ Жаброилни жаҳаннамга юборди. Унга “бориб, жаҳаннамликларга тайёрлаганим азобларни кўр”, деди.
Жаброил у ердан қайтиб келиб, “у ернинг отини эшитган кимса у ерга кирмас”, деди.
Кейин жаҳаннам эҳтирослар билан қуршатилди ва Оллоҳу Таоло Жаброилга “у ерни яна бир марта кўриб кел”, деди.
Жаброил кўриб келгандан кейин, “Иззатинг ҳаққи учун, у ерга кирмайдиган битта ҳам одам қомаса керак, деб қўрқдим”, деди.
(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси