O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жаҳон банки дастури доирасида Орол денгизи минтақасидаги ерни қайта тиклаш лойиҳаси эълон қилинди

Жаҳон банки дастури доирасида Орол денгизи минтақасидаги ерни қайта тиклаш лойиҳаси эълон қилинди
423 views
24 November 2020 - 7:00

Жаҳон банки раҳбарлигида амалга оширилаётган Марказий Осиё сув-энергетика дастури доирасида Орол денгизи минтақасидаги ерни қайта тиклаш бўйича илғор технологиялар халқаро танлови эълон қилинди.

Расман билдирилишича, мазкур лойиҳа Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, Швейцария ва Британия ҳукуматлари томонидан молиялаштирилади ҳамда Қозоғистон-Германия университети, Глобал ландшафт форуми ва Plug and Play томонидан амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш учун олимлардан ва мутахассислардан аризалар қабул қилиш жараёни бошланди.

Жаҳон банкининг бу борадаги расмий билдирувида “Орол денгизи 30 йил давомида сув ресурсларидан турли экинлар, жумладан, пахта ва гуруч етиштириш учун фойдаланилгани натижасида деярли йўқ бўлиб кетгани” айтилади.

Орол денгизи қуриши оқибатида Ўзбекистонда ва Қозоғистонда чўлланиш ва ерларнинг таназзули кучайиб бормоқда.

“Марказий Осиё сув-энергетика дастури доирасида эълон қилинган танлов Орол денгизи минтақасидаги маҳаллий экотизимларга салбий таъсирни юмшатиш учун фойдаланиладиган илғор инновацион ечимларни жалб қилишга ёрдам беради. Шунингдек, танловда минтақа ерларини барқарор иқтисодий ривожлантириш учун зарур бўлган ечимларга эътибор қаратилади”,-дейилади хабарда.

Манба: ozodlik.org