O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жаҳон банки – пахта далаларидаги мажбурий меҳнат учун жавобгар

Жаҳон банки – пахта далаларидаги мажбурий меҳнат учун жавобгар
186 views
20 September 2016 - 11:21

finansccЯна куз келди, яна пахта бошланди. Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси, айниқса бюджет соҳаси ходимлари ва талабалар стратегик хомашё бўлган пахта теримига чиқишга тайёрланмоқда. Баъзилари эски кийимларни тайёрласа, бошқалари мардикор ёллаб, ўз ўрнига жўнатиш учун пул тайёрламоқда, бошқалари эса пул бериб қутулмоқда. Нима бўлганда ҳам, аҳолининг аксарият қисми мажбурий меҳнат тизимига жалб қилинган, бу тизим давлат даражасида ишлайди. Унинг тепасида бош Шавкат Мирзиёев турибди. Бу одам Ислом Каримовнинг вафотидан кейин давлат раҳбари вазифасини вақтинчалик бажарувчи лавозимини эгаллади. Ва шуниси эҳтимолга яқин бўлиб қолдики, 4 декабрда шу мамлакат президенти этиб “сайланади”.

Ўзбекистоннинг иқтисоди ва ижтимоий ҳаётидаги жуда оғир вазиятдан Ислом Каримовнинг хабари бўлмаган, деб ҳисоблаш мумкин эди. Айримларнинг таъкидлашича, ундан ҳақиқий аҳволни беркитишган, аммо у доно ва меҳрибон ҳукмдор бўлган (ишониш қийин бўлса ҳам, халқ орасида шундай фикр бор).

Кейинги 12 йил давомида ҳукуматни бошқарган Мирзиёев ҳақида бундай деб бўлмайди ва бу гап хаёлга ҳам келмайди. Ахир унинг айнан ўзи ҳосил учун курашнинг “генерали” бўлган, кўпчилик манбаларнинг гувоҳлик беришича, ҳар куни вилоят ва туман раҳбарлари иштирокида селектор мажлиси ўтказиб, бюджет ходимларини далага ҳайдашни шахсан ўзи раҳбарлардан талаб қилган.

Бугун Мирзиёев мамлакатни Ислом Каримов белгилаб берган йўналиш бўйича бошқаришини айтмоқда. Бу дегани, давлат мажбурий меҳнатдан воз кечмайди деганими?

Мирзиёевнинг ўзигина эмас

“Умумхалқ” теримининг бузуқ тизимини бугунги кунда айрим халқаро тузилмалар, масалан, Жаҳон банки (ЖБ) сингари обрўли ташкилот қўллаб-қувватламоқда. Бу банкнинг қатъий баёнот беришича, унинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мажбурий/болалар меҳнатидан фойдаланишга асло имкон яратиши керак эмас; тендерларга оид барча ҳужжатларда Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳа доирасида молиялаштириладиган шартномаларда мажбурий/болалар меҳнатидан фойдаланишга тақиқ қўйилган; Ўзбекистонда пахта етиштиришга алоқаси бўлиши мумкин бўлган барча лойиҳаларга тегишли чоралар киритилган, яъни бу лойиҳалар амалга ошириладиган ҳудудларда мажбурий ва/ёки болалар меҳнатининг олдини олиш ёки бутунлай барҳам беришга мўлжалланган чоралар кўрилади.

Аслида эса, Жаҳон банки молиялаштирган лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудудда яшовчиларни эл қатори далада ишлашга мажбурлашмоқда. Аҳолининг шикоятлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг гувоҳликлари ҳеч кимга етиб бормаяпти: Ўзбекистон расмийлари ҳам, Жаҳон банки вакиллари ҳам мулоқотга чиқмаяпти ва шикоятларга қулоқ солмаяпти.

2015 йилда Ўзбекистондаги пахта кампаниясида ЖБ билан Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) биргаликда ўтказган мониторинг натижасида болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланганликнинг аниқ далил-исботи топилмаган. Бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, чунки хорижий кузатувчилар маҳаллий ҳукумат вакиллари иштирокида теримчилар билан гаплашган.

Қулликни молиялаштириб

2016 йилнинг 13 сентябрида Меҳнат ҳуқуқи бўйича халқаро форум (ILRF) баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, Ўзбекистоннинг пахта секторида мажбурий меҳнатни қўллаб-қувватлаш масаласида Жаҳон банки жавобгардир. «Financing forced labor» (“Мажбурий меҳнатни молиялаштириб”) номли ҳисоботида ILRF очиқ-ойдин тарзда Жаҳон банкини халқаро жиноятларда молиявий иштирок этиш борасида халқаро ташкилотларнинг масъулияти тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузганликда айблайди.

ILRF матбуот хабарномасида айтилишича, Жаҳон банки халқаро ҳуқуқни жиддий тарзда бузган, яъни онгли равишда Ўзбекистон ҳукуматига қишлоқ хўжалиги соҳасида кредитлар ажратган, бу кредитлар пахта секторида мажбурий меҳнат тизимини давлат даражасида сақлаб туриш учун ишлатилади.

Ҳисоботдаги таҳлил қуйидагиларга асосланган: Жаҳон банки экспертлар назорат гуруҳининг 2013 йилдаги ҳисоботи, 2016 йилги пахта терими юзасидан маълумотлар ҳамда Банкка нисбатан қўлланадиган миллий ва халқаро қонунлар. Ҳисоботдан шундай хулоса чиқариладики, Жаҳон банки инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳуқуқ нормаларини бузадиган ўзбек ҳукуматининг ҳамтовоғи бўлиб, банк ўзининг ғайриқонуний фаолияти учун АҚШ судларида жавобгарликка тортилиши мумкин. ILRF “Мажбурий меҳнатни молиялаштириб” номли ҳисоботининг тўлиқ матнини

Полный текст доклада ILRF «Финансируя принудительный труд» PDF форматида бу ердан .

олиш мумкин.

ILRF ҳисоботининг эълон қилиниши БМТнинг 71-Бош Ассамблеяси очилиши вақтига тўғри келди. Бу Ассамблеяда аъзо давлатлар барқарор ривожланиш учун 2030 масаласининг амалга оширилишини муҳокама қилади. Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари дунё бўйлаб миллионлаб кишилар учун оғриқли ҳисобланган муаммони, яъни халқаро ташкилотларнинг маҳаллий жамиятга етказадиган зарари учун жавобгарликка тортилиши масаласини БМТ ваниҳоят ҳал қилишини кутишмоқда.

ILRF ҳисоботида батафсил баён қилинган ишлар – инсон ҳуқуқлари бузилишининг Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланишига энг жиддий мисоллардир. Берилган кредитлар ўзбек ҳукумати томонидан пахта секторида мажбурий меҳнат тизимини давлат даражасида сақлаб туриш учун ишлатилиши ЖБ раҳбарларига яхши маълумлиги ҳақидаги асосли далилларга қарамасдан, бу ишлар давом этмоқда.

Фуқаролик жамияти вакилларининг баҳолашича, 2015 йилда пахта терими даврида бир миллиондан ортиқ киши мажбурий меҳнат қурбонига айланди. Жойлардан келаётган сўнгги хабарларга кўра, бу йили ҳам ҳукумат тиббиёт муассасалари ходимлари, талаба ва ўқитувчиларни далага чиқармоқда. 2015 йилда ХМТ ҳисоботи ва АҚШ Давлат департементининг “2016 Trafficking in Persons Report” (“Одам савдоси ҳақида”) ҳисоботида келтирилган хулосалар фуқаролик жамияти вакилларининг ҳисоботлари билан боғлиқликка эга. Фуқаролик жамияти вакилларининг таъкидлашича, Жаҳон банки бу фактни инкор қилганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати 2015 йилда тизимли равишда мажбурий меҳнатдан фойдаланишда давом этди.

“Бу ҳисобот натижалари Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига кредит ажратилишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларнинг кенг тадқиқоти ва таҳлилига асосланган. Жаҳон банки ўзининг ички қонунлари ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузган ҳолда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги лойиҳаларни молиялаштиришда давом этар экан, бу масалани бирорта ҳам миллий ёки халқаро суд эшитмаган ёки масала юзасидан фикрини билдирмаган, бирор марта ҳам масалага ҳуқуқий баҳо берилмаган. Жаҳон банки БМТнинг махсус муассасаси эканлиги ва ўзини инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қиладиган ташкилот, тараққиётнинг глобал иштирокчиси сифатида талқин қилишини ҳисобга олсак, берилган хулосалар хавотир уйғотади”, – деди Энди Шен – маъруза муаллифи, ILRF катта юристи ва сиёсий масалалар бўйича таҳлилчи.

ILRF ҳисоботида Жаҳон банки ва унга аъзо давлатларга тавсиялар берилган. Банк ўзи фаолият юритадиган мамлакатларда бундан буён инсон ҳуқуқлари бузилишини қўллаб-қувватламаслиги учун кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш тавсия этилган. Бундай ислоҳотларга кредит ажратиш жараёнининг шаффофлиги ва ҳуқуқларга асосланганлиги, текширув гуруҳининг тузилиши ва функцияларини ислоҳ қилиш ҳамда Банк келишувларида сиёсатга алоқадор бандларнинг ўзгартирилиши киради.

Жаҳон банкининг халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш учун БМТ раҳбарлиги остида ҳисоб бериш мажбуриятининг механизмини яратиш тавсия этилади. Бу механизм Банк молиялаштирадиган лойиҳаларнинг маҳаллий жамиятга етказган зарари юзасидан қарор чиқара олиши керак.

Янги йил ҳам эскиси каби

Бу пайтда “Фарғона”нинг Ўзбекистондаги манбалари хабар беришича, коллеж ва лицейларнинг учинчи курсида ўқувчилар 2016 йилнинг сентябри ўртасида далага чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ўқув юртларига мактабда тўққизинчи синфни тугатгандан сўнг кирилади. Биринчи ва иккинчи курсларга ҳозирча тегинилмаяпти.

Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятидаги тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам теримга тайёрланмоқда. Расмийлар далага ходимларнинг шахсан ўзлари чиқишини талаб қилмоқда, мардикор ёллаб қутулиб қолишга кейинроқ рухсат берилади.

Тошкент вилоятининг тиббиёт ходимлари ва педагоглари эса 10 сентябрдан бошлаб теримга чиққан. Бу ҳақда “Фарғона” га Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева хабар берди. Масалан, 13 сентябр куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 13-поликлиника ходимлари ўн кунга Жиззах вилояти далаларига юборилган.

Ҳуқуқ ҳимоячи Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилоят бошқармасига қўнғироқ қилиб, тиббиёт ходимлари ва педагогларнинг теримда эксплуатация қилинаётгани ҳақида хабар берган. Навбатчи унинг мурожаатини қабул қилиб, бу масала бўйича чора кўриш учун унга ходимлар қўнғироқ қилишини айтган. Аммо унга Мирзо Улуғбек тумани ИИБ Терроризмга қарши кураш (!) бўлими бошлиғи Ильяс Мустафоев қўнғироқ қилиб, унга Урлаеванинг аризасини топширишганини айтган ва бошқа МХХга қўнғироқ қилмасликни сўраган, чунки “отасидан айрилиб қолган мамлакат ҳозир қайғуда” экан. Бунда Ислом Каримовнинг вафот этгани назарда тутилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, мотам 40 кун давом этар эмиш, шифокор ва педагоглар эса терган пахтаси учун пул олар экан, бунинг ёмон жойи йўқ эмиш.

“Ўзбекистонда яширин одам савдоси – шифокор ва педагогларни теримга мажбурлаш билан боғлиқ носоғлом ҳолат вужудга келган, – дейди Елена Урлаева. – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ишонч телефонлари орқали одам савдоси фактларини аниқлаш ўрнига, бу фактларни беркитишга ҳаракат қилади. Буниси ҳам майли, аммо бундай фактларни хабар берганларга босим ҳам ўтказади.Ўзбекистон МХХси аризани терроризм бўлимига беради, бу бўлим ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқ ўтказади”.

“Озодлик” хабар беришича, 5 сентябрдан бошлаб Тошкентдаги энг катта улгуржи бозор – “Абу Сахий” маъмурияти дўкон эгаларидан пахта терими учун дўкон майдонига қараб $50 дан $200 гача беришни ёки мардикор топишни талаб қилмоқда. Акс ҳолда дўконларни тортиб олиш билан таҳдид қилинмоқда. “Абу Сахий” маъмуриятидаги манба “Озодлик” ка бу маълумотни тасдиқлар экан, шуни қўшимча қилдики, бу талаб бутун республика бўйлаб барча савдо нуқталарига тааллуқлидир.

Манба: “Фарғона” АА