Ўзбекистон Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси томонидан тайёрланган «Doing Business-2013» рейтингида Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг охирги ўринни эгаллади.
Бизнес юритишнинг соддалигини аниқлаш мақсадида тузилган мазкур рейтингда 11 кўрсаткич, жумладан, компания очишга кетадиган вақт, унинг фаолият кўрсатиши ва тугатилиши, қурилишга рухсат олиш, ташқи савдо тартиби ва солиққа тортиш эътиборга олинган.
185 давлатни қамраб олган рейтингда Ўзбекистонга 154-ўрин насиб этди. Марказий Осиёда бизнес юртишнинг осонлиги бўйича биринчиликни Қозоғистон (49-ўрин) эгаллади. Қирғизистон 70-, Тожикистон эса 141-ўринни банд этди. Рейтингда Туркманистонга оид маълумотлар ўрин олмаган.
Собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари орасида Грузиянинг (9-ўрин) етакчилигини кўриш мумкин, ундан кейин Эстония (21), Латвия (25) ва Литва (27) бор. Арманистон 32-, Белоруссия 58-, Озарбойжон 67-, Молдавия 83-, Россия 112-, Украина 137-ўринни эгаллади.
Бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратилгани учун Сингапур дунё бўйича биринчи деб топилди. Рейтингнинг илк бешлигида, шунингдек, Гонконг (2), Янги Зеландия (3), АҚШ (4) ва Дания (5) бор. Энг қуйи поғоналар эса Конго Демократик Республикаси (181), Эритрея (182), Конго Республикаси (183), Чад (184) ва Марказий Африка Республикасига (185) раво кўрилди.