O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Жерминал” ёки ўзбек “Стендал”ининг кўзда ёш изтироблари

“Жерминал” ёки ўзбек “Стендал”ининг кўзда ёш изтироблари
168 views
03 November 2013 - 9:56

“ Бир пайтлар гуллаб-яшнаган Х. шаҳрида…” Адашмасам,  Стендальнинг “Жерминаль”и шундай бошланар эди ёки…

“Ўз вақтида катта кон очилган Н.шаҳри бугунги кунда”…бу Раул Мирxайдарнинг “Яёв сайрлар” асарининг бошланиши.

Хуллас,  A. шаҳри ҳам Мустабид Шўролар даврида гуллаб-яшнаган шаҳар эди. Рангли металларни ишлаб чиқарувчи корхонa, тилла заводи, химкомбинатлар, конлар – бари шаҳар бюджетининг соғин сигири эди.

Бундай қарасангиз, бугун ҳам ўша  “асорат” сақланиб қолган.

Кўчалар  озода (Буни қарангки одатга хилоф равишда коммунал хўжаликлари бир маромда ишлаяпти), уйларда иссиқ-совуқ сув деярли ўчмайди. (Бу гапга ҳатто Тошкентликлар ҳам ишонмаса керак). Oдамларнинг бир-бирларига муносабати ҳам “эскича” – яъни миллат ажратмайди, транспортда катталарга жой бўшатишади, бирор манзилни сўрасангиз, жон деб тушунтиришади.

Тўғри, бу шаҳар “ҳавосини ифлос” дейишади, аммо бу ҳам Шўролар давридан қолган мерос.

Шу шаҳарда қариб, касал бўлиб қолгандан кейин эри ҳайдаб юборган 65 ёшли аммам яшайди. Мен вақти соати билан уни кўришга бориб тураман.

Бу сафар келганимда аммам қўлтиқ таёққа суяниб қолган, уй учинчи қаватда бўлганлиги учун умуман кўчага чиқолмай қолган экан. Қаровчиси 30-35 ёшлар чамасидаги Гулчеҳра деган аёл мени илиққина табассум билан кутиб олди.

Мана неча кундирки, у ҳақда анча мунча нарса билиб олдим.

Эри Россияда мардикор, ўзи икки қиз, бир ўғлини едириб-ичириб, тежаб-тергаб кунини ўтказиб юрган бу аёлнинг куюнчаклиги, меҳнаткашлиги, тиниб-тинчимаслиги, қолаверса оптимистлиги менга ёқди.

Тўғрида, ҳозир бола-чақа боқиш осонми?! Иш йўқ, иш бўлса ойлик маош йўқ, ойлик маош бўлса еб-ичардан ортмайди. Бундан ташқари комуннал тўловлар, кийим-кечак, болаларнинг мактаб формалари, китоб-дафтар, ручка-қалам…

Эру-хотин бирга ишлаб ҳам етказолмай турган шароитда бу муштипар аёл бир ўзи тортаяпти аравани.

Тўғри, гап орасида, “Ҳали дадамиз келсин, шундай яшаймизки, сизларга (болаларига) шундай нарсалар олиб бераманки…” деб қўяди.

Аммо, дада қурғур, мана олти ойдирки, болаларини ваъдалар билан боқиб келаяпти. Ана пул юборади, мана пул юборади билан кун ўтказаяпти оиласи.

Чалғиб кетдим. Хуллас, Гулчеҳрахон (амаммнинг қаровчиси) 2-3 жойда ишлайди, далада чопиқ қилади, помидор, бодринг теради, кафеда официантлик қилади. Ундан ортиб, аммамга энагалик ҳам қилади.

Ўзбек хотинларининг “жони қирқта”, десалар ишонаверинг.

Мактаб бошланишига ҳам саноқли кунлар қолган  сайин болаларнинг хархашасиям кўпайиб  боради.

– Ойи, бу йил ҳам ўша эски сумкада бораманми?

– Ойи, менга қачон янги кўйлак олиб берасиз?

– Ойи, Шоҳиданинг дадаси шунақа зўр костюм олиб берипти, кўрсангиз оғзингиз очилиб қолади! …

Бу гаплар Гулчеҳранинг уйида эмас, аммамнинг уйида бўлаяпти.

Мен қитмир одамман, “ернинг тагида илон қимирласа” биламан. Бу гаплар ўзаро бўлса ҳам, бир чеккаси менга уланаётганлигини билиб турибман. Бу гапларга индамайман. Чунки бировнинг боласини боқиш кафиллигини олмаганман, бунинг устига ўзимнинг бола-чақам бор.

– Сиз бугун бозорга чиқасизми?- бу Гулчеҳранинг менга аталган гапи.

– -Ҳа, майда-чуйда олишимиз керак.- бу менинг Гулчеҳранинг саволига жавобим.

– Унда бирга чиқамизда-а?!

– Майли.

Ярим соатлардан кейин кўчага чиқдик, маршрутка кўринмайди.

– Юринг, яёв кетамиз. Бозор унчалик узоқ эмас . Бу Гулчеҳранинг гапи.

– Нега, машинада борақолайлик.- Mенинг Гулчеҳрага жавобим.

– Менга барибир, олиб бориб-келадиган сизсиз.

Мен кулимсирайман. Кулмайман, кулимсирайман. Чунки мен аёлларни биламан. Ажабки, бу муштипар ҳам “ўша” аёллардан бўлиб чиқди. Ичим зил кетар экан, иложи борича унга бу туйғуларимни билдирмасликка ҳаракат қиламан. Нега? Биринчидан, мен эркакман. Иккинчидан зиёлиман. Учинчидан мен “Жерминаль”ни ўқиганман. Замон оғирлашса унинг бутун оғирлиги ҳалқнинг гарданида бўлади. Ҳалқ оилалардан иборат. Оиланинг тиргаги эркак. Ҳозир аёллар ҳам тиргак бўлиб қолишган. Иккита тиргак ҳам базўр кўтаради замон оғирлигини. Энди асосий тиргакни олиб ташланг.

Ҳа, балли. Ана шунақа! Бечора аёлларнинг елкасига қандай оғирлик тушаётганини сезгандирсиз. Бошига тортса оёғига, оёғига тортса бошига етмагандан кейин аёллар ҳам қувроқ бўлиб қолишади. Бўлмаганни бўлдиришга ҳаракат қилишади. Инсонда бир феъл бор. Бу ёмон йўлга кирганда ўзидан ҳам афкорроқ одамларни излаб топиб,-Ана улар мендан бадтарку. Мен уларнинг олдида покроқман,-деб ўзини овутади. Тўғрироғи, ўзини алдамоқчи бўлади. Разолатга ботиш механизми шунақа.

Сал олдинроққа ўтиб кетибман, узр!

Бозорда тушдик. Совун, порошок, яна аллақандай майда чуйда оларканмиз, Гулчеҳра иккитадан олар ва иккита халтага солиб,-Пулини алоҳида ҳисобланг, иккита рўзғорга,-Бу Гулчеҳранинг гапи. Иккига бўлинса ҳам  ҳаммасига  мен пул тўлайман, чунки Гулчеҳра таклиф қилган ўйин қоидасини мен қабул қилган эдим.

– Ака, менга эллик минг сўм қарз бериб туролмайсизми?-бу Гулчеҳранинг ,- Қани ҳақиқий эркакмисиз ёки зиқнагина одаммисиз?-деган саволи эди.

– Аввалроқ айтмайсизми шу гапни, кеча анчагина харажат қилиб қўйдим-да,-бу менинг ,-Мен ҳам осонликча жон берадиганлардан эмасман,-деган гапим эди.

-Мана бу сумка қанча туради,-Гулчеҳра сумка кўра бошлади.

Ўйин давом этар экан, мен,-Кел, қўй, шу муштипарни хурсанд қилсам қилақолай,-деган хулосага келган эдим.

Хуллас ўша куни эллик эмас ундан анча кўпга тушдим.

Гуноҳ ва савоб, адолат ва ноҳақлик, поклик ва разолат – барчаси аралашиб кетган жамият.

Бу аёлга, унинг болаларига ачинаман, қўлимдан келса уларни бу қийинчиликлардан қутқазсам. Аммо бундайлар Ўзбекистонда кўп, жуда кўп.

Мен эркакларни айбламоқчи эмасман. Улар ҳам замона зулмининг қурбонлари. Улар ҳам агар иложи бўлса бола-чақасини гулдай қилиб олиб юришарди. Аммо иш йўқ жойда нима қилсин улар, адолат йўқ жойда қандай кун кўришсин? Бола – чақасини қандай боқсин?! Шунинг учун улар юртма-юрт, элма-эл кезиб кетишди. Гулчеҳранинг эри ҳам иложи йўқлигидан пул юборолмаётгандир ахир.

У хотинининг бу ерда бир парча совунга пул тополмай одамларнинг кирини юваётганлигини, бунинг баҳонасида болалари озода юрганини, бир коса овқат учун ишдан келиб касал аммамга қараётгани, ва бунинг эвазига норасидалари ҳам очдан ўлмаётганини,  хотини бойуччаларнинг  суюқ қуюқ гапларига ноз-карашма билан жавоб бераётгани ва бунинг натижасида беш-олти сўмлик бўлиб болаларининг кийим – кечаги, дафтар-қаламини тўғирлаб қўяётганлигини билмайди деб ўйлайсизми? Билади, билади,  Билади бу ерда унинг эркаклик ғурури топталаётганлигини. Билади унинг севимли ёри разолат “боғ”ига кириб юрганини. Аммо Стендальнинг “Жерминал”идаги эркаклардай чурқ этмайди. Омонат қайиқни чайқатгиси келмайди. Нимани ўйлайди у? Ҳаёлида вақти келиб, бугунги хўрликларнинг ўчини олишни ўйламайди, деб ўйласизми? Ҳа, у шу ҳаёллар билан яшайди ва шу ҳаёллар билан ўзини овутади.

Демак унинг шуур қатларида инқилоб яшаяпти. Бу инқилоб амалга ошса бизнинг хўрлик ва зорликдан чарчаган аёлу эркакларимиз ҳам биринчи бўлиб ўзларини хўрлаган эркакларни тутиб олиб, худди Жерминальдагидай уларни хор-зор аҳволга солишади, уларни сазойи қилишади, туғ учига илиндиган нарса эса ўша француз инқилобида туғ учига санчилган нарса бўлади.

Мана бу воқеадан ҳам яна икки ой ўтди.Гулчеҳра ва унинг болалари ҳамон отасини кутади. Уларнинг ҳаёлида отаси кў-ў-ўп пул олиб келади ва улар бахтли ҳаёт бошлайдилар.

Ҳа, ниятларига Аллоҳ ёр бўлсин!

Аммо Гулчеҳра ҳамон далага чиқади, кечқурунлари официанткалик қилади, бўш пайтида касал кампирнинг инжиқликларини кўтариб, уй йиғади, тувак тўкади, кир ювади.

Эридан эса дарак йўқ…

Эркин Садриев