Жиззах вилоят Ички Ишлар бошқармасининг кабинетлари ва коридорларида дув дув гап: Жиззах вилоятининг Фориш, Бахмал ва Зомин туманларида, ЎХҲ ташкилотига тегишли бўлган шиор ва чақириқлар ёзилган варақалар, ушбу туманларнинг марказидаги бозорчалар деворларига хамда автобус бекатларига ёпиштириб кетилган.
Вилоятда яшовчи манбааларимизга кўра, 10, 11 январ кунлари содир бўлган бу воқеа, вилоят куч ишлатар тизимларини оёққа қалқтирган.
Форишлик махалла фаоли Абдуназарнинг (исми ўзгартирилган) айтишича, Фориш туман ички ишлар бўлимида 11 январ куни тушдан сўнг фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасининг терроризмга карши кураш бўлими бошлиғи, милиция полковниги Олим Косимов ва вилоят миллий хавфсизлик бошқармасининг Бекназар исмли ходими хам қатнашган.
Туман ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби тўлиқ қатнашган бу йиғилишда, вилоятдан келган вакиллар туман худудидаги бозорчалар ва автобус бекатларига ёпиштириб кетилган варақаларни қўрсатишган.
«Улар роса жазавага тушишди, Фориш туман ИИБ бошлиғини хақорат қилишди. Варақалар қандай қилиб туманда пайдо бўлиб қолгани хақида хаммадан бирма бир тушунтириш хати ёздириб олишларини айтишди. Вахима катта» деди Форишлик махалла фаоли.
Бахмал тумани хокимли биносида, кеча 12 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда хам ЎХҲнинг варақалари хақида сўз борди, дейди хокимликда ишловчи ходимлардан бри.
Унинг сўзларига кўра, Бахмал тумани марказидаги 1 ўрта мактабнинг ховлисида 10 вароқдан ортиқ А4 форматли қоғоз топилган. Мактаб майдони сахнида сочилиб ётган қоғозларни танафусга чиққан ўқувчилар териб олишган. Варақаларнинг бир қисми шу тариқа директорнинг кабинетида пайдо бўлган.
Варақалардаги, диктатор Каримов хақидаги қисқа ва лўнда хақоний таърифлар, ва бўйсунмаслик хақидаги чақириқлар ўқитувчиларнинг эсхонасини чиқариб юборган. Дархол барча синф ўқувчилари спорт залига чақирилган ва варақаларни хаммасини топшириш талаб қилинган.
Бахмал тумани марказидаги баланд қир устида жойлашган Хотира музейи эшиги олдида хамда туман марказидаги бозорча олдидаги автобус бекатида хам Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташкилотининг логотипи туширилган варақалар топилган.
Одамларни диктатор Каримов тузумига қарши бош кўтаришга чақирган бундай варақаларнинг бир қанчаси, табиийки, Бахмалликларнинг қўлларида қолиб кетган.
Шу куниёқ, кеч соат 5 ларда, туман хокимлиги биносидаги йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосарларидан бири иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.
У ерда хам туман ички ишлар бўлими бошлиғи ва ўринбосарлари қаттиқ хақоратланган ва қисқа муддат ичида варақаларни тарқатганларни топиш буюрилган.
Жиззахдан келаётган хабарларга кўра, вилоятнинг Зомин туманида хам айни ўша кунлари ЎХҲнинг варақалари тарқатилган ва ушбу туманга хам бугунда вилоят МХХ, прокуратура ва ИИБнинг «катта»лари серқатнов бўлиб қолишган.
Жиззах вилояти хокимлигидаги ишончли манбаанинг айтишича, вилоят куч ишлатар тизимларининг рахбарлари, варақалар билан бўлган воқеани мутлақо сир сақлаш ва бу хақдаги овозаларнинг пайини қирқиш учун барча туманлардаги хокимиятлар, мактаблар, махаллалар ва ташкилот рахбарларига қатъий кўрсатмалар беришган.
Зулм авжга минган жойда, эрксевар инсонларнинг озодлик ва хуриятга чорловчи чақириқларни тарқатиши, бу аслида табиий холатдир. ЎХҲнинг «Зулмга қарши 7 кун» лойихаси, Ўзбекистон ичидаги хақсизларни харакат қилишга чорлади.
“Зулмга қарши 7 кун” лойихаси доирасида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, мамлакат ичидаги фуқароларга Ҳаракат логотипи туширилган қоғоздаги озодликка чорлочи иборалар, шеърлар ва шиорлар битилган варақаларни одам гавжум жойларга ёпиштириб кетишни таклиф қилган эди.
Ўзбекистонни озод кўришни истаган фидоийлар, ЎХҲнинг бу лойихаси устида дархол иш бошлаганлари қувонарлидир. Бугун Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келаётган хабарларда, ЎХҲнинг логотипи тушурилган варақалар топилаётганлиги айтилаяпти.
Бунинг эса маъноси битта: Халқ зулмдан тўйган ва у диктатор Каримовга «Даф бўл!» деб айта олади.
Лочин Насим, ЎХҲ фаоли.