O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жийда

Жийда
154 views
13 September 2021 - 20:06

Куз келиши билан йўл ёқасида қизариб турган жийдаларни кўриб ўқувчилик йилларимни ёдлайман. 8-синф эдик.

Синфдошларимиз билан пахта теримидан қайтаётиб, дала четидаги жийдаларга ёпишардик. Баъзан эрмакка, баъзан очликдан, баъзан егимиз келганидан. Жийдалардан пакетчаларимизни, чўнтакларимизни тўлдириб териб олардик. Узоқ қишлоқнинг бир чеккасидаги пахта даласидан уйимизга етиб келгунимизча жийдага тўяр эдик.

Уйда онам куймаланиб, мен боргунимча иссиқ овқат қилар, сув иситиб қўярди. Оёғимдаги жисмоний тарбия фани учун олинган крассовканинг увадаси чиқиб кетган, толиққан елкаларимдаги енги узун акамнинг кўйнаги ҳам кирлашган, уларни чайишга эса мадор етмасди.

-Неччи кг тердинг?-бувим сўрарди, дастурхонга ўтишимдан олдин.
-30 кг буви.
-Намунча кам?
-Мен абетгача овқат пиширдим, кейин теримга чиқдим-да.
-План қанча бўляпти?
-100 кгдан ўтиш керак буви.
-Дадангга айтамиз, сенга болницадан касал деган справка тўғирлаб беради.
-Йўқ буви, синфдошларимдан уяламан. Кочегар бўламан яхшиси.
-Барбир сен далага ярамайсан. Аҳволингни қара болам.
-Йўқ устоз рухсат бермайди. Бизнинг синф ҳамма масалада актив бўлиши керак буви.
-Майли, майли ўт овқатингни е.
-Жийдага тўйдим, овқат егим йўқ.

Деярли ҳар куним шундай ўтарди. Мактаб папкаси, дарсликлар эса хонанинг бир бурчагида мункайиб қолгандек кўринади.

-Бу катта китобни қаерга олиб кетаяпсан?
-Далага.
-Нима қиласан уни далада?
-Ўқийман.
-Пахта терасанми, ё ўқийсанми?
-…
-Ташлаб кет, сумкангни зўрға кўтарасану, бунақа катта китобга бало борми? Нақд 2 кг чиқадия. Ўзинг жимиттеккинасан.
-Йўқ. Толстой мендан хафа бўлади.
-Ким у Талссстўй?
-Шу китобни ёзган одам.
Бувим эрталабдан койирди.

Чўнтагимда қолган-қутган жийдалар, сумкамда онам тонг саҳар уйғониб пиширган овқат, баклажкада чой, пахта солиш учун 2 та қоп ва Толстой. Эрталаб соат 7:00 да уйдан чиқиб кетардим.

Жийда менга ана шу хотираларни эслатади. Аммо, мактабни тугатганимдан сўнг, 15 йил ўтиб ҳам бирон марта жийда емадим. Хуш кўрмадим. Қарамадим. Жийда гўёки болалигимнинг тонгида қолган из, пахта далаларидан хотира, маҳзун хотира бўлиб ҳаётимга муҳрланди.

Farzona Zayid