O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жиноий итоаткорлик ёки “Каримов кетса баттари келади” деганларга…

Жиноий итоаткорлик ёки “Каримов кетса баттари келади” деганларга…
185 views
11 April 2012 - 10:38


Башоратга майл-иштиёқ қонимизга сут билан кириб сингиган.  Миллион аттанг-афсуски аксарият халқимиз “янги ҳукмдор келса қандай бўлади?” деган саволга “бундан баттар бўлади!” дея ноумид башорат қилишади.  Бунга асосий сабаб деб “Каримов бўғзигача тўйган, қизи ҳам кекирдагига қадар тўйиб, “қаеримдан ёрилай” деб турибди.  Бу оилага ёт киши тахтга ўтирса, “оч баччағардан қоч баччағар” замон бўлади.  Оч ебтўймас бўккунича, халқ баттар аддои тамом бўлади” дейишади.
Бунақа умид-ишончсиз башорот нега руҳиятимизга обдан ўтириб қолгани ҳақида фикр юритишдан аввал, баъзи мулоҳазалар билан мавзуга ойдинлик киритсак.
Нега миллат, унинг ер ости-ю устки бойликлари, ўттиз миллионлик халқ, ғаддор мустабид энаси маҳрига берилган сепга айланди.  Нега ҳаммамиз ёппасига бандасига қулликни тан олиб рози бўлдик?
Нега “ноумид шайтон”га шогирд тушиб қўйдик?
Қачон “ўзбек эркаги” номида юрганлар лозим юбкаларни ечиб, шим кийиб белбоғ тақади? Токайгача эркаклик нафсониятидан, оддий инсоний ғурурдан хорлик-хўрлик келтирган тинчликни устун қўямиз?” Токайгача бизни эзишларига қўйиб берамиз…Токайгача чидаймиз…Токайгача…Токайгача…
“Каримов кетса баттари келади” деган башорат шунинг учун ҳам нотўғри-ки, аввало, ноумид бўлиш, башорат қилиш ва зулмкорга итоат этишнинг ўзи гуноҳ.  Масжидларда Оллоҳдан “ҳузурингга ёруғ юз билан борайлик” деб дуо қиламиз.  Бекорларни айтибсиз… Такрорлайман бекоргиналарни айтибсиз… Тепангизда молимардумхўр ғаддор зулм қамчисида аёвсиз қавмингизни тинмай қон оқизгунча дарралаб турса-ю, сиз “ўзим оилам тинч, менга яна нима керак” деган номозхонлар хомтама бўлишмасин.  Башорат қилиб эмас Оллоҳ берган зеҳним билан аниқ айтаманки, Унинг ҳузурида шу алфозда юзингиз шувут бўлади.  Нега-ки золим қанчадан-қанча бегунохларни қон-қақшатаётганини кўра била туриб, бу ҳам етмагандек динимиз душманини дуо қиласиз.  Қайси юз билан қиёмат куни Оллоҳга “ҳузурингга ҳаммасини қойил қиб келдим” деб бормоқчисиз? Шу алфозда ўлиб бўладими? Йўқ… Дунёдан бунақада ўлиб бўлмайди…
Дадамиз раҳматли бир куни наҳорги ошга дарвозадан кириб бораётган, юзлаб одам бир-бирларига мулозамат қилаётганига боқиб “Буларнинг сермулозаматлигини кўр.  Ошга мунча уюшиб аҳил келишмаса.  Бошимизга тушмасин-у, лекин уруш бошланиб, юртга кулфат ёғилса борми, шулардан қанчаси тирқираб қочмасийкин?”
Номозхон биродарлардан бир нарсани сўраб билишни жуда истардим.  Оилангизда, зиёфатларда, улфатчилигу турли маросимларда тансиқ таомлар, хил-хил ноз-неъматни “бисмиллах” деб тановул қила бошлаганингизда, дини эрки учун курашган ўнминглаб мўмин-мусулмон зиндонларда нима еб кун кўраётган экан деб ҳеч хаёлга келтирганмисиз? Айтишга осон, ҳа, ҳа ўн минглаб бегунохлар не кўйга тушган.  Қўй ёғида дамланган паловларни чойхонада паққос тушираётган улфатлар-чи, қишда совуқ зах.  Ёзда иссиқ ҳавосиз дим камераларда оч-ялонғоч, эти устухонига ёпишиб қуруқ суяги қолган, сил касалидан қон тупуриб ётган биродарларингиз, жигарларингизни кўз олдингизга келтирганмисиз? Ҳа келтиргансиз… Ошга бўкиб тўйгач, ҳингир-ҳингир гаплар айтишиб, эзмаланишга бошқа мавзу қолмагач, икки-уч кекириб “ жияним тўққиз йилдан бери 159 билан ўтирибди… Ахмоқ…” деб тўсатдан хотирлаб қоласиз.  Ўшанда юзингизга шундай тус берасиз-ки, гўё жигарингиз зиндонда экани, сизни хотиржам маишатдан хаёлингизни безовта қилгани учун аслида ундан қаттиқ ранжийсиз.  Ўзингизни жигарпарвар кўрсатиб “сиқилиб кетдим.  Онасини эмсин яна элликта қуй-е…” деб қўясиз.  Бунақа улфатга Оллохнинг лаънати ёғилмасмикин? Шошмай туринг, қиёматда битта қўймай ҳаммангизга Ўзи 159 ни қўяди.  Тўғри ҳамманинг гўри бошқа.  Эчки ҳам қўй ҳам оёғидан осилади.  Омонат дунёда қўй бўлиб осилиб туринг-чи, “нариги махаллага ” ўтгач эчки бўб осиласиз.  Негалиги аниқ… Чунки сиз каби лоқайд ва қуёнюраклар касрига миллат шу фожеаларга гирифтор бўлди.
Кимдир сиз кабиларга “қачонгача зулмга чидайсиз” деса,дарров уни ношукурликда айблайсиз. Ношукурлик билан зулмга қаршилик орасидаги фарқни шу чоққача фарқлай олмадингиз-ку… “Ким эдик, ким бўлдик?” деб нега ўзингизга савол бермайсиз? Не кўргилик-ки, юраксизликдан бу саволни хатто ўзингизга беришга ҳам ҳаддингиз сиғмайди.  Ҳиёл ўктам фикр юритишга-ям ожизсиз. Буларнинг бари миллатга, ватанга, дини-диёнатга бўлган жиноий бепарволик, нафрат қўзғовчи қўрқоқлик эмасми? Золимга итоаткор бўлишнинг ўзи жиноят-ку…  Агар адолатпарвар хукумат қудратга келса Жиноят Кодексига албатта “жиноий итоаткорлик”, ”қўрқоқлик” деган айблов моддалар киритиш зарур. Адашмасам бунақа квалификацияли жиноий модда қонунда ёзилмаган бўлса-да, зеро мазкур жиноят ялпи халқ тарафидан содир этилаётган экан, бутун мамлакат худуди кўринмас қамоқхонага айланган. Демак, давлатни ноқонуний эгаллаб турганлар ёнлигидан ҳеч нима сарфламай, сопини ўзингиздан чиқаришган.  Яъни содир этилган жиноий қилмиш учун жазо ҳукми ўқиб, ҳукм ижро этилган. Жазони эса Ўзбекистон худуди аталмиш манзил колониясида ўташ белгиланган.
“Каримов кетса” деган гапга келсак… Аввало бу оқпадар кетсин… Иккинчидан, умид қиламан-ки, зулмдан ўлар ҳолга келган миллатга Оллох яна бошқа зулмкорни йўлатмаса керак. Қочонлардир очликдан Ўзбекистонга тирик қолиш учун минг-минглаб қозоқ ёпирилиб келганди (ўттиз иккинчи йил қахатчилигини назарда тутяпман) “Бефаҳм қозоқ”деб уларни ярим асир ерга урдик. Эндиги аҳволни эса кўз-қулоқларингиз билан кўриб эшитиб турибсиз. Бу ҳақиқатни ёзиш, англаш қанчалик оғир бўлса-да, афсус ўзбекни дунёга пардек тўзиб қул тушгани оддий ҳақиқатга айланди. Ўзга миллатга паст назарда қарамаслик керак экан-а…
Янги хукуматга келадиганлар Иншооллох миллатнинг асл фарзадлари бўлган қувғин қилинган, зиндонларда ўлим билан жон олишиб ётган жувонмард инсонлардир. Шундай кишилар эканига шаксиз ишонаман. Яъни уларнинг Оллоҳга, Ватанга, миллатга бўлган мухаббатлари, инсонийлик, адолатпарварликка бўлган муносабатлари бизга қиёсан мутлақо ўзгача. Уларнинг нафси учун кўп нарса керак эмас. Улар миллатни миллатдек, умматни умматдек бўлиши, юртида адолат ҳукм суришини исташади. Барча амаллари Оллох розилигини олиш учун бўлади. Бизга ўхшаб беш кунлик дунёнинг ўткинчи ҳою-ҳовосига алданмайдилар. Тўймас нафсга ҳеч қачон қул бўлмайдилар. Чунки улар юртдан айрилиқда Ватан тупроғи азиз эканини барчамиздан кўра тасаввуримизга сиғмас даража кучли ҳис этадилар.  Оллох ато этган адолатга муҳаббат туйғуси ва узоқ вақт Ватандан қувғинлик изтироби уларни янада тоблади.  Бундай инсонлар иқтидорга келса, Оллох бизни қай миллатдан кам қилади? Ҳукмдори эса халқи тўқ бўлса тўқ,оч бўлса оч яшайдиган бўлади. Акси бўлиб охироти куйишига зинҳор йўл қўймайди.
Айтишингиз мумкин, ”иқтисод кетига аллақачон ўтирган бўлса. Миллат бойлиги талон-тарож қилиб бўлинган. Давлат ғазнаси шипшийдон қуриган. Энди нимаям қолди. Мухолифат истаган зот хокимиятга келди ҳам дейлик, хўш у нима каромат кўрсатарди?” деган тайинли савол беришингиз маълум.
Бунга қисқа жавоб шу. Аввало, соддагина қилиб айтсак, ўғрини ўрнига тўғри келади. Халқимизда “подшохинг қарға бўлса, емишинг гўнг бўлади” нақли бор. Агар-ки тахтга қарғами, тулкими ё каламуш эмас арслон келса, ишлар ҳам шунга яраша бўлади. Агар тахтга муносиби келса унинг шахсиятининг ўзи кўп нарсани хал этади. У ўзига яраша халол диёнатли тўғрисўз инсонларни атрофига тўплайди. Ўзини яхши кўрсатиб бировни-бировга ёмонлаб бошни-бошга уриштириб юборадиган, бошқа давлатларга ҳам ўша қилиғини кўрсатиб алдаб чалиб юрадиган маккор хукмдор ўрнига, юрт ичкарисида ҳам ташқарисида ҳам одилона сиёсат юритиб, фуқароларни ҳам қўшни давлат рахбарларини ҳам меҳр ишончини қозона оладиган, давлат бойлигини асраб авайлаб жой-жойига қўйиб, чет эл сармоядорларидан қанча-қанчаси қайтариб олмаслик шартлари билан маблағ ажратади. Қушни мамлакатлар бир-бирини алдаш доғда қолдириш пайида эмас бахамжиҳат ишлай бошлашади. Мухими ғоявий эътиқод маънавий мафкуравий ишлар ровон йўлга қўйилади. Фуқароларнинг қориндош-уруғи, қўни қўшнилар ва барчага бўлган муносабатларида меҳр-оқибат, мурувват бўлишида давлат рахбарининг роли қандай аҳамиятга эга эканини бугун билиб турибмиз. Ҳазина ўғрилари ўмарган миллиардлаб пул ва қимматбаҳо мулклар юртга қайтарилади. Панжаралар тўсиқлар олиб ташланади. Тўсилган йўллар,чегаралар очилади. Тутқинлар озод этилади. Аламзадалик торфеъллик ўрнини бағрикенглик эгаллайди…
Ватандошлар!!! Келинг… Зулмга қарши ялпи туришни ўйлаб кўрайлик.  Бир марта уринайлик. Наҳотки ҳур, одил юрт эгалари бўлишни истамасангиз?
Умр ўтиб кетяпти. Ортимиздан келажак авлод етишиб етиб келмоқда. Ахир “фарзандларим нима кўрди?” деб ўзингизга аёвсиз савол бера оласиз-ку.

Мардумий