O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жиноятчиларнинг маърузасини эшитиб, диний бир-икки рисоладан бошқа китоб ўқимаган кимса…

Жиноятчиларнинг маърузасини эшитиб, диний бир-икки рисоладан бошқа китоб ўқимаган кимса…
119 views
16 August 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

5-қисм

Кейинроқ Баҳром билдики, у жиноят олами томонидан ширкат ишларини назорат этиб туриш учун тайинланганди. Унинг тепасида осиқлик турган сурат – жиноят олами машҳурларидан отамон Нодирники эди. Нодир 90-йилларда Қоровулбозор зўнасида ҳукумат фитнаси билан ваҳшийларча ўлдирилганди. Аслида,Мустақиллик ҳукумат билан жиноят олами отамонларини оғиз-бурун ўпиштирганди. Нодирнинг ўлдирилиши отамонлардан бирининг буюртмаси билан амалга оширилганлиги хусусида ҳам халқ орасида мишмишлар юрарди. Мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ, ҳукумат билан жиноят олами отамонлари, иқтисодий режаларни келишган ҳолда, бақамти амалга оширардилар. Ривожланган соҳаларда фойдани бўлашсалар, қувватга кириб улгурмаган соҳаларни биргаликда кузатардилар. Соҳа қудратга келса, икир-чикирларгачамуносабатларни белгилаб олардилар.

Аммо Акбар қанчалар жасур ва ғайратли бўлмасин, унинг билими ўртадан паст эди. Жиноятчиларнинг маърузасини эшитиб, диний бир-икки рисоладан бошқа китоб ўқимаган бу кимсани Саидмат Сотти истаган куничув туширарди. Икки томоннинг ҳам чуқур ҳадисини олган Саидмат Соттини Акбарнинг таниши – тошга гул ўтқазишдек бир гап эди.

Етиб келгач, Баҳром Настянинг илтимосига биноан, машинани дарахт остидаги сояга қўйди. Сўнгра уни қолдириб, Нозима Мунис билан ширкат идорасига кирдилар. Долонда ҳужжатларни қабул қилаётган қизлар икковларини ширкатнинг янги юристи кутаётганини айтишди. Абдинаби бошлиқ ўринбосарлигига тайинлангач,ўрнига туман суди раислигидан нафақага чиққан Рано Кулиевнани топишганди. Саидмат Соттининг бу қадамидаҳам қандайдир пухта режаланган мақсад бор эди.

Ҳисобчининг хонасига жойлашган Рано Кулиевна қоғозлардан бош кўтариб, кўзларидан кўзойнагини олгач:

– Сизларга нима керак? – деб сўради улардан.

Ҳайрон бўлган Нозима Мунис:

– Чақиртирган экансиз! – деди.

– Чақиртирган бўлсам, қайтиб, долонга чиқинглар-да, бошқатдан эшикни тақиллатинглар. Рухсат берсам, кирасизлар! – деди у қўрслик билан.

Янги юристни ғалати муомаласидан анграйган Нозима Мунис нима деб жавоб қайтаришга қийналди. Орқасида турган Баҳром мийиғида кулиб:

– Опа, очиқ турган эшикни қандай тақиллатамиз? Йўқлатган экансиз, кириб келавердик! – деди.

– Эшик очиқ турган бўлса ҳам, қайтиб чиқинглар! – деди у курк товуқдай ҳурпайиб. – Кесакисини тақиллатинглар, мен билмайман!

Ён томондаги столда қоғозларга ҳар доимгидай тартиб бераётган ҳисобчи аёл, пишқириб юбормаслик учун зўрға дамини ичига ютиб, ерга боқарди. Унинг ўзини мажбуран босиб туришидан, Рано Кулиевнанинг бошқаларга ҳам нағма кўрсатганини илғаса бўларди. Янги юрист ширкат идораси билан суд идорасини чалкаштираётганди.

Ўзини ёш боладай тутаётган бу аёл билан муросаа қилинса, осмон узилиб, ерга тушмайди, деб ўйлаган Баҳром:

– Нозима опа, келинг, эшикни тақиллатиб, юрист опамизни ижозатлари билан хонага кирамиз! – деди.

 Бирпасда хўмрайиб олган Нозима Мунис аламдан бўғилиб:

– Бу билан нима ўзгарар экан? Кириб-чиқиб юрган жойимиз бўлса! – деди.

– Биз учун ҳеч нарса ўзгармайди. Юрист опамизнинг кўнгли жойига тушади, холос, – деди Баҳром.

Кўнган Нозима Мунис долонга чиқиб, Баҳромнинг орқасига ўтди. Унинг Рано Кулиевнанинг феълини кўриб энсаси қотганди. У бу ҳаракати билан Баҳромга, “эшикни қоқмоқчи, бўлсанг, ўзинг қоқавер” демоқчи бўлаётганди. Унинг шумшайиб олишидан муродини англаган Баҳром, очиқ турган эшикни қайтариб ёпиб, икки марта тақиллатди-да, эшикни очиб:

– Опажон, кирсак бўладими? – деб сўради.

– Йўқ, мумкин эмас! – деди жиддий оҳангда Рано Кулиевна.

– Нима учун? – ҳайрон бўлди Баҳром. – Айтганингиздай, эшикни қоқиб, рухсат сўраган бўлсак! Тағин бирор хатога йўл қўйдикми?

– Эшикни очган одам биринчи бўлиб салом беради. Сўнгра “опажон”ламасдан, исми-шарифни айтиб мурожаат этади. “Кирсак бўладими”, деб эмас, “мумкинми” деб сўрайди! – деди “қайсарлар”ни эгиб олганига иқрор бўлган Рано Кулиевна. – Сизлар “Илмий комунизм”ни ўқимаган бўлсаларингиз ҳам, ақалли, “Этика”, “Эстетика” деган фанлар борлигини эшитгандирсизлар?

– Кечирасиз, опа! – деди Баҳром. – Исми-шарифингиз эшикка ёзиб қўйилмаган бўлса, кимлигингизни қаердан биламиз?

Бу Рано Кулиевнага ёқмади. У олдида турган тахтачани кўтарди-да, “дўқ” эткизиб, “баҳона” дегандай,жойига қайтариб қўйиб, ўз иши билан машғул бўлди. Баҳром баттар таажжубга тушди. Ҳисобчи кўзи билан тахтачага имо-ишора қилгач, тахтачадаги, «Паймона» ширкати. Ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчи, Рано Кулиевна Асаткўва” деган ёзувни ўқиди. Ўқидию, долонга чиқиб, эшикни ёпти. Бу пайт долон деразаси олдига бориб олган Нозима Мунис дамини ичига ютиб кулаётган эди. Ҳужжат қабул қилаётган қизлар гап нимадалигини англаётган бўлсалар ҳам, ҳужжат топшириш учун навбатда турган ишизловчилар ҳеч нимани тушунмасдан, анграйиб қолгандилар.

 Баҳром майнавозчиликка тезроқ чек қўйиш учун эшикни тағин икки марта чертдида, қия очиб, хонага бош суқди.

– Ассалому алайкум! Мумкинми, Рано Кулиевна? – деди сўнгра.

Рано Кулиевна ҳеч нарса юз бермагандай, юмшоқ оҳангда:

– Киринг! – деди унга.

Баҳром эшикдан кириши билан у рўпарасида турган курсини кўрсатди.

– Ўтиринг, марҳамат!

У ўтиргач:

– Хизмат? – деди.

– Рано Кулиевна, чақиртирган экансиз! – деди Баҳром ўзини атайлаб ўзга юртга тушиб қолган мусофирдай ғариб тутиб.

Унинг мусичадек юввош тортганини кўрган ҳисобчи аёл, хохолаб, қовун тушириб қўймаслик учун шарт ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди.

Исми-шарифингиз? – сўради Рано Кулиевна.

– Қурбонов Баҳром! – жавоб берди у.

– Мен сиздан фамилянгизни сўраётганим йўқ. Отангизни исмини сўраяпман! – деди у бирдан тусини ўзгартириб. Унинг кўзлари чақнаб, нафрат соча бошлаганди. – Қачонгача бу халқ бир-бирини камситади. Бир-бирига бироз илтифот кўрсатса, асакаси кетмайди-ку. Юз йиллар давомида, маданиятли миллатлар ўргатиб келгандай, исмига отасини исмини қўшса, осмон узилиб ерга тушмас!

У сўзини тугаллаши билан:

– Баҳром Қўшаевич Қурбонов! – деди у.

Узоқ йиллар суд идорасида ишлаган бу аёлнинг фикр-мулоҳазалари ўттиз йиллар аввалги нуқтада қотиб қолганди. У Баҳром узатган ҳужжатларни титкиларкан, паспортни ўқиб кўриб:

– Шарифингиз Қўшаевич эмас, Ҳамрохонович экан-ку! Нега ёлғон гапирасиз? – деди

– Ёлғон гапирмадим! – деди Баҳром ясама хокисорлик билан. – Лақаби билан алмаштириб юборибман, кечирасиз, Рано Кулиевна!

– Паспортда туядай-туядай қилиб, катта ҳарфлар билан ёзилган отангизни расмий исми билан лақабинифарқига бормасангиз, шундай катта фирмада қандай ишламоқчисиз? – деди у қошларини чимириб, ғазаби қўзиётганини билдираркан.

– Кечирасиз, Рано Кулиевна, салобатингиз босиб чалғипман! – деди у бечораҳол пичирлаб.

Масрурлик туйган Рано Кулиевна ўтирган ўрнидан туриб, жойида қўлларини ярим ёзиб, айланаркан:

– Кўриб турипсиз, дев эмасман, фил эмасман, одамхўр эмасман, нимамдан чўчийсизлар? – деди. –Одамга ўхшаган оддий одамман. Тартиб-интизомни, вақтни қадрлайдиган ўзбекнинг маданиятли, зиёли бир қизиман, шу холос!

Эшикдан бир қадам кириб, ўзини зўрға ушлаб турган Нозима Мунис, ичига шайтон киргач, қайтиб долонга чопти. Нималар бўлаётганига тушунмай, қўшни хонадан чиққан Акбар, эшикдан мўралаб, ҳаммасини англагач:

– Рано Кулиевна, тезда, Нозима Турсуновна билан Баҳром фалончиевични ҳужжатларини тўғирлаб, Саидмат Қўйтопаровичнинг олдига олиб киринг. Иккалови ҳам бугун зудлик билан Бухорога жўнаб кетишлари керак! – деди.

Баҳромнинг шарифини билмаган Акбарни қочириғини эшитган Нозима Мунис билан ҳисобчи, эшик орқасида, бир-бирларига суяниб, юристнинг устидан кулардилар.

Рано Кулиевна ўрнидан туриб, икки қўлини кўксига қўйиб, Акбарнинг буйруғини тингларкан:

– Акбар Алимович, бу кишини бундан кейин Баҳром Ҳамрохонович деб чақиринг. Ярим соатдаҳужжатларни Саидмат Сотти Қўйтопаровични олдига олиб кираман! – деди.

Акбар орқасига қайрилиб, хонасига кираркан, Нозима Мунис билан ҳисобчига кўзини сиқиб:

– Қани, тез Рано Кулиевнани ҳузурига киринглар-чи! – деди ҳавойи пўписа билан.

Сўнгра Баҳром Саидмат Сотти номига ўзини мененджер этиб ишга олиши учун ариза ёзди.

Рано Кулиевнани ярим соати шомгача чўзилди. Ипсиз боғланган Нозима Мунис билан Настя оёғи куйган товуқдай жонсарак эдилар. Борамиз, деб қўйган жойлари бор эди чоғи, кутаётган кимса ҳар ўн дақиқада Настяни қўлига қўнғироқ қиларди. Ҳар қўнғироқ бўлганда уларнинг асаблари, шундай қақшардики, иккаласи кўзига қон қуйилгандек қизариб кетди. Ширкатда иш битавермагач, Нозима Мунис йўловчи машина кира этиб, Настяни кутиб турган кимса олдига жўнатди. Унга, ўша кимсани бир ойга довур кутишга кўндиришни тайинлади. У бу гапларни Настяга шивирлаб айтгани билан Баҳром узуқ-юлуқ эшитиб, англаб турарди.

Ширкат ҳовлисида одам гавжум эди. Ишизловчиларнинг кети узилай демасди. Уларнинг орасида барчавилоятлардан вакиллар бор эди. Саидмат Сотти ҳовлини бир чекасида ходимлар учун тушда бепул овқатланадиган ошхона қилдирганди. Яна бир чеккада намоз ўқиш учун хона тузаттирганди. Кўкча масжиди шундоқ ширкат идораси орқасида жойлашган бўлса ҳам, баъзилар ўзларини намозхон кўрсатиш учун намозни шу жойда ўқирдилар. Бу, биринчи навбатда, Саидмат Соттига тегишли эди. У ўзини ўзгалар кўзига диёнатли ва қўй оғзидан чўп олмайдиган хокисор кўрсатиши учун бу муҳим эди. Илм-фандан йироқда, тамаддундан овлоқда, оғир меҳнатда суяги қотган аксарият ўзбекларнинг мазкур кўзбўямачиликларга қараб хулоса чиқаришини у яхши англарди. У қўли остидагиларидан тортиб, оддий ишизловчиларгача турли воситалар орқали руҳий таъсир ўтгазишга уринарди.

Масжидда шомни ўқиб келган Баҳромга Нозима Мунис, Саидмат Сотти кутиб турганини айтиб, унинг хонасига йўл бошлади.

Хонада тор шимда, сонларини ўйнатиб иккита “жанон” ўтирарди. Тугмалари ечилган камзулидан уларнингкиндиклари кўриниб, кўкракларини ярими кўпчиб турарди. Кофталари сийналарини тўлиқ ёпишга ярамасди. Кўла ичиб, суҳбатлашиб ўтирган қизлар Нозима Мунис билан Баҳромни кўрганларида, пинакларини ҳам бузмадилар. Нозима Мунис ўртанча қизидан ҳам кичик қизларнинг одобсизлигини кўриб, уч қадам ҳам юрмасдан, таққа тўхтади. Буни кутмаган Баҳром унга урилиб кетди. Нозима Мунис қалқиб, тасбеҳ ушлаган Саидмат Соттини устига ағдарилди. Юмшоқ креслога чўккан Саидмат Сотти унинг кўкраги остидан бошини чиқариб:

– Домлажон, эздингиз, мунча оғир бўлиб кетгансиз деб ўйламагандим! – деди кучаниб.

Унинг бошини кафтлари билан босиб-янчиб ўзини ўнглаган Нозима Мунис:

– Кечирасиз, Саидмат Соттижон, кечирасиз! – деди хижолатдан қизариб.

Унинг турмаги бузилиб, хинага бўялган сочи чаккасидан бўйнига оқиб тушганди. Сочини йиғиштириб, қайтиб ўраганда, оқ сочи хина ранги билан аралашиб, қон қуйилган сувнинг тусидай ола-култа бўлиб қолди.

Тасбеҳ ипи узилиб, доналари ҳар ёна сачраганди. Нозима Муниснинг хаёлини чалғитмоқчи бўлганСаидмат Сотти:

– Хотиним бу тасбеҳни ўтган йил Каъбатуллодан олиб келганди. Узилгани ёмон бўлди! – деди чўғдек товланаётган гиламда ғоз юриш қилиб мунчоқ қидираркан.

 Қовун туширган Баҳром турган жойида қотиб қолганди. Қизларнинг тошга тушган чинни жарангидай шарқироқ кулгуси уни ҳушига келтирди. Қизлар панжалари билан юзларини тўсиб, овозлари борича кулардилар.

Баҳром Нозима Мунисга учиб кетган сумкасини келтириб тутқазди. У ойноматахта устига сумкасини қўйиб,сочини турмаклашга тушди. У тўғноғичларни лабларига қистириб олганди. Шу пайт эшик очилиб, Рано Кулиевнакириб келди.

– Нималар бўляпти ўзи, Саидмат Сотти Қўйтопарович?

Унинг гапига эътибор бермаган Саидмат Сотти кўкрак чўнтагидан кўзойнагини олгач, ҳафсаласи пир бўлди. Олтин гардишли кўзойнак ўртасидан иккига бўлинганди.

– Эссиз! – деди у. – Сўнгги бор борганимда, Ослодан сотиб олгандим. Ғилофига солиб қўйсам бўларкан.

Ҳалигача ҳам ҳеч нарсага ақли етмаётган Рано Кулиевна:

– Тинчликми, Саидмат Сотти Қўйтопарович? – деркан, аламзада Саидмат Сотти:

– Бўлди-э, ҳа деб сайрайверманг, жонга тегиб кетдингиз. Ундан кўра, яқинроқ келиб, ёрдам беринг! – деди аламини ундан олиб.

Қоғозларни хонтахта устига қўйган Рано Кулиевна унинг устида келиб тўхтади.

– Нима қилишим керак, Саидмат Сотти Қўйтопарович?

– Кўрмаяпсизми? – деди у. – Тасбеҳ доналарини теришга ёрдамлашинг!

 Рано Кулиевна чап қўли кафтида турган ғилофни очиб, кўзларига кўзойнагини илди.

– Мана, энди кўрдим! Мунчоқлар… бунча чиройли бўлмасалар…

Кўзи чалмаганидан кейин, кафтлари билан гиламнинг устини пайпаслаётган Саидмат Сотти:

– Қани, қани, Рано Кулиевна? – дея сўради ундан.

– Саидмат Сотти, туринг! – деди шунда кўзларига кўзойнагини илган Нозима Мунис. – Рано Кулиевна, иккаламиз терамиз.

– Барака топкурлар, ўзларингизни ҳурмат қилмасангизлар ҳам бошлиқнинг ҳурматини жойига қўйинглар! – деди гиламдан бошини кўтармасдан Рано Кулиевна. – Саидмат Сотти Қўйтопарович деб чақириш унчалик оғир иш эмас-ку.  Бу учун сизлардан биров нон-ош сўрамайди. Бирор жойларингиз узилиб тушмайди. Сизлардан ўтиниб сўрайман, илтимос, маданиятлироқ бўлинглар.

Саидмат Сотти ўрнидан туриб, креслога ўтираркан:

– Рано Кулиевна, сизга айтишни унутипман! – деди. – Нозима Турсуновна институтда менга дарс берган, устозим бўладилар.

Бундан “Нозима Мунис хоҳлагандай чақираверсин”, деган маънони англаган Рано Кулиевна, дарровўзгариб:

– Устоз одамга ота-онадай яқин бўлади. Албатта, ҳеч ким ўз фарзандини фалонча писдигончаевич, деб чақирмайди. Нозима Турсуновна, узр! – деди.

– Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси жойида! – деди у ҳам, сенга шу керакмиди, дегандай минғирлаб.

Унинг жавобини кечириш аломати деб қабул қилган Рано Кулиевна тасбеҳ доналарини жон-жаҳди билан теришга киришди.

Гиламда бақа сингари чатаноқлаётган аёлларни кўрган қизларларнинг ичларига тағин шайтон кириб, ҳиринглай бошладилар. Саидмат Сотти санаётган мунчоқларини кафтига сиқиб, “шарманда қилманглар” дегандек, уларга термулган эди, Баҳромга кўзи тушиб:

– Ўтиринг, ҳали ҳам тикка турипсизми? – деди. – Бунақа нарсаларга кўп ҳам аҳамият бераверманг, тез қарийсиз.

Саидмат Соттида шахсий котибаси йўқ эди. Зарур бўлганда, дуч келган одам хизматини қилиб кетаверарди. У долондаги ҳужжат қабул қилаётган қизларга қўнғироқ қилиб:

– Абдинаби ҳузуримга кирсин! – деди.

 Ҳиринглаётган қизлардан ғаши келган Рано Кулиевна ортиқ чидолмади, ўрнидан сапчиб туриб:

   – Нимага пишган калладек оғизларингизни йиғиштира олмай қолдиларингиз? – деди. – Киндигимиз кўриниб, кўкракларимиз кўпчимаган-ку!

– Оғзингни ёп, қари товуқ! – деди унга қизлардан бири.

Қизларнинг оғзидан бундай гап чиқишини кутмаган Саидмат Сотти Рано Кулиевнага боқиб, нурсиз кўзларида ғазаб ўтини пайқади. Барига ўзини сабабчи деб ҳисоблаётган Нозима Мунис ўтирган жойида қотиб қолганди. Шу пайт эшик очилиб, хонага Абдинаби кириб келди. У:

– Хўжайин, чақиртирган экансиз! – деганди, Саидмат Сотти:

– Қизларни олиб, сизлар бараверинглар! – деди унга.

Хаёли чалғиган Абдинаби, “хўп бўлади”, дейиш ўрнига:

– Чорвоққа тўғри кетаверайликми ёки кўчада сизни кутайликми? – деб ниятларини фош қилиб қўйди.

 Жони чиққан Саидмат Сотти:

–  Ҳиротга олиб боринг, Ҳиротга! – деди бўғилиб.

Хол қўйганини фаҳмлаган Абдинаби қизларга ўқрайиб:

– Турларинг-э, тез-тез! – дея бор аламини улардан олди.

Абдинабининг жаҳли чиққанини кўрган қизлар ўзларини йиғиштириб, орқасидан эргашдилар. Рано Кулиевна, уларнинг орқасидан, “туф”, дея нафратини сочиб қолди.

– Тўқсон тўққиз, – деган Саидмат Сотти: – Тўлиқ бўлди, яшанглар! – деди аёлларга.

Нозима Мунис Баҳромнинг ён томонига келиб ўтирди. Рано Кулиевна эса:

– Битта-яримтаси қолиб кетмасин тағин! – деб излашни давом эттирди.

Тасбеҳ доналарини дастрўмолчасига тугиб чўнтагига солган Саидмат Сотти:

– Рано Кулиевна, нимага тушунмайиз? Тасбеҳ доналари тўқсон тўққизта бўлади, – деганига қарамасдан, у садоқатли ходимлигини намойиш этиш учун гилам тагини кўтариб, мунчоқ изларди.

– Ораларга тушиб қолган бўлиши ҳам мумкин-да, Саидмат Сотти Қўйтопарович. Яхшилаб қарасак, зарар қилмайди!

Унинг қайсарлигидан зардаси қайнаган Саидмат Сотти ахири:

– Яхши қарасангиз ҳам, ёмон қарасангиз ҳам, ҳеч нима тополмайсиз! – деди. – Ундан кўра, бу кишиларнинг сафар қоғозларини олиб келинг!

– Олиб келганман, барчаси тайёр! – деди силтовдан хомуш тортган Рано Кулиевна.

– Домлажон, узр, сизларни куттириб қўйдик! – дея Саидмат Сотти Нозима Мунисга мулозамат қилди. – Бугун улгурмасангизлар, эртага йўлга чиқсангизлар ҳам бўлаверади. Сизга ўргатиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Акбар айтганларингизни ёзиб олган экан, ўқиб кўрдим. Ошириб бирор гап айтолмайман. Сафар сарф-харажатларини ёзиб қўйсангиз, келганингиздан сўнгра ҳисоб-китоб қиламиз.

Кўнглидаги ғубор ҳали тарқамаган Нозима Мунис:

– Албатта! – деди.

Тезроқ қутулишни истаётган Саидмат Сотти:

– Яшанг, домуллажон, сиздан кўнглим тўқ! – деркан, қараб ҳам ўтирмасдан қоғозларга имзо чекди. Қизил жилдли гувоҳномаларни Нозима Мунис билан Баҳромга ўз қўли билан бериб, уларни табриклади.

Олд ўриндиқда ўтиришни яхши кўрадиган Нозима Мунис бу сафар орқада ўтирди.

Сукунатдан юраги сиқилган Баҳром:

– Нозима опа, кечирасиз, сизни ноқулай аҳволга солиб қўйдим. Ўзим ҳам қаттиқ хижолатдаман. Кутилмаганда содир бўлди бари! – деди.

–  Сизда айб йўқ, барчасига ўзим сабабчиман! – деди у ўзини айбдор ҳисоблаб. – Ана у бетовфиқ хомсоқолни олдида ўтирган жалабларга чалғимаганимда, ҳушимни йўқотмасдим. Орқада келаётган одам, сиздан бошқа бўлганда ҳам, шундай бўларди. Чунки ҳаммаси менга боғлиқ эди.

Мавзуни бошқа томонга буриб, унинг хаёлини чалғитмоқчи бўлган Баҳром:

– Саидмат Сотти қоғозларга дуруст қарамагани майли, сафар харажатларини бермаганини тушунмадим! – деди.

– Гўри кўҳнага берсин! – деди Нозима Мунис. – Эътибор берманг. Пул бор, етади. У суюқ, хотинбоз ўлгур билан ўзим ҳисоб-китобимни тўғирлаб олавераман.

Олд кўзгудан кузатиб келаётган Баҳром маъюс, аммо порлаб, шуъла сочаётган унинг кўзларида уйғонганэски хотираларни илғамоқда эди. У хонага кирганда назарига тушган манзаралар қалққан юрагида ёшликдаги ишқ лаззатларини унинг хаёлида алангалантирган бўлса, ажаб эмасди. Устоз ва шогирд орасидаги муносабатларвақтида жиддий бўлганга ўхшарди.

– Одамда бет бўлмаса, бекор экан! – дея Нозима Муниснинг бехосдан айтиб юборган сўзлари юқоридаги мушоҳадани тасдиқларди. Бу сўзларда муҳаббати оёқ ости қилинган қалбнинг ғазаби ўлароқ, нафрат бор эди. Шу топда қўлларида қилич бўлса, у Саидмат Соттини тилка-пора этишдан ҳам тойтмасди.

– Қариб қуйилмаган бетовфиқ. Иккита жалабни олдига олволиб, жилпанглатиб ўтирипди, соқолинг тўкилгур! – дея у ўзи билмаган ҳолда яна сўкишни бошлади.

Эллик беш яшар аёл изтиробини кўрган Баҳром унинг қизларда йўқ ғайрат-шижоатига тан берса ҳам,ўзини йўқотаётганидан қойил эмасди. Унинг назарида, эри ва бешта боласи бор аёлнинг номаҳрам бир эркакни ҳамма кўзи олдида рашк қилиши жуда ҳам хунук кўринарди.

Баҳромнинг мутойиба этгиси келди, шекилли:

– Соқолинг тўкилгур, деб сўкяпсиз, унда соқолнинг ўзи йўқ-ку! – деди.

– Соқоли бўлмаса, юзидан пес-мохов очсин ўша кўса. Шунда қизлар ундан айланиб ўтадилар! – дея унинг баттар ғазаби қўзиди.

Ортиқ гапнинг ҳожати йўқлигини англаган Баҳром, хаёллари билан бўлиб, Султонбоғи кўчасига етганини билмай қолди.

– Уни десам, ҳозирги қизларга пул бўлса, бас! – деди машинадан тушаётиб Нозима Мунис. – Қари-ёш, пес-мохов ёки спид-вабо, деб, одам танлаб ўтирмайдилар…

(давоми бор)