“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахсларга тижорат банкларида валюта айрибошлаш ҳуқуқини берувчи низомни тасдиқлаган.
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига 9 ноябрь куни жойлаштирилган низом Марказий банк раиси томонидан 25 октябрда тасдиқланган.
Ҳужжатга асосан, бундан буён юридик шахс мақомига эга бўлмаган хусусий тадбиркорлар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида ўз ҳисобларидан хориж валютасини олиш ҳуқуқга эга бўлади.
“Чет эл валютасини сотиш конверсион бўлимлар томонидан халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда амалга оширилади”,дейилади низомда.
Банкларнинг валюта айрибошлаш шаҳобчалари эса хориж валютасини нафақат нақд кўринишда, балки халқаро пластик карталардан ечиб олиш йўли билан ҳам қабул қилади.
Агар алмаштирилаётган пул миқдори энг кам иш ҳақининг 500 даражасидан кўпроқ бўлса, пул алмаштираётган одам шахсини тақдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак бўлади.
Низомда таъкидланишича, валюта алмаштириш шаҳобчалари “жисмоний шахслардан ва норезидент жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини нақд миллий валютага сотиб олиш” ҳамда “норезидент жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш” билан шуғулланади.
Низомда Ўзбекистон ватандоши бўлган жисмоний шахсларга нақд миллий валютага нақд хориж валютасини сотиш белгиланмаган.
Бироқ валюта алмаштириш шаҳобчаси жисмоний шахсларга “чет эл валютасини ўша чет эл валютасига майдалаб ёки йирик пул миқдорида бериш”и мумкин
ЎХҲ хабарлар бўлими