O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жонажон юртимизда адолат тушунчасининг нисбийлиги

Жонажон юртимизда адолат тушунчасининг нисбийлиги
136 views
09 January 2018 - 19:20

ЖОНАЖОН ЮРТИМИЗДА АДОЛАТ ТУШУНЧАСИНИНГ НИСБИЙЛИГИ

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий бюджетни қаттиқ танқид қилибди бугун.

Олдин бутун бошли молия тизимидаги каламушларни фош қилиб ташлаганди. Ундан олдин прокуратурани расвосини чиқариб ташлаганди.

Қизиқ, Ш.Мирзиёевга нисбатан нега 159-ва 244-моддалар билан иш очилмади?

Танқид қилиш Ш.Мирзиёевга мумкин-у, Х.Насреддинов ва Б.Абдуллаевларга мумкин эмасми ?

Қани адолат?

* * *

Кўпчилик мусулмонлар ва эътиқод эркинлиги тарафдорлари Диний қўмитадан азият чеккан. Чунки айнан шу ташкилот берган буюртма экспертиза хулосалари асосида кўплаб мусулмонлар қамоққа ташланди.

Диний қўмитага қарши фикрлар кучайиб бориши билан бир қаторда айнан мусулмонларнинг кушандаси бўлган яна бир давлат идораси сояда қолиб кетмоқда.

Бу Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидир. Ваҳолангки дастлабки қўлга олиш пайтида ва тинтувдан сўнг мусулмонларга “диний экстремист” тамғасини урадиган экспертиза хулосаси энг кўп айнан мана шу вазирлик тарафидан берилади.

Бирон мусулмоннинг уйи тинтув қилинганда гўёки топилган дисклар, компьютер хотираси ёки бечоранинг чўнтагига солиб қўйилган флешкартидан чиққан материалларнинг “диний эктремистик” ва “террорчи” ташкилотларга оид эканлиги хулосасини айнан ўша вазирлик бериб келган.

Шундай экан, бу вазирликнинг оппоқ бўлиб бир чеккада қолишига асло йўл қўймаслик лозим.

Диний қўмита қанчалик айбдор бўлса бу вазирлик эса икки карра айбдордир.

* * *

Мирзиёев ўз мурожаатида собиқ молия вазирини танқид қилмаганида ҳалигача маҳаллий журналистлар Р.Азимов ёки Э. Острогожская ҳақида ғинг деб овоз чиқармасдан ўтирган бўларди. Молия вазирлигида оммавий тафтишлар ортидан эски тизимга танқидий назар билан таҳлил қилувчи мақолалар ҳам кўпайиб қолди. Энди президент ўз сўзини устидан чиқиб МХХни тубдан ислоҳ қилишни бошласа маҳаллий матбуотда бу ташкилотни қоралаб ёзувчилар ҳам кўпайиб қолади. Ҳозирча эса кўпчилик президентдан сигнал пойлаб ўтиришибди.

* * *

Ўзбек махсус хизматларининг Россия ҳудудидаги фаолияти ҳақида ўқирканман қуйидаги жумлага кўзим тушди:

“Спецслужбы Узбекистана активизировались на территории России пять-шесть лет назад, и интересуют их вовсе не государственные секреты, а их собственные граждане”.

Аслида бугун МХХнинг асосий муаммоси ҳам шудир. Зеро шу жумланинг ўзидан МХХ бошқармалари ўртасидаги дисбаланс яққол кўзга ташланади. Чунки ўзга давлат ҳудудида фаолият юритишга ихтисослашган Ташқи разведка бошқармаси ўз фаолиятини кабинетда олиб бораркан, Терроризмга қарши кураш Бошқармаси эса ҳорижда ўз фуқароларини овлаш билан оввора.

Мен аввалроқ шундай бир пост ёзгандим: “МОССАД яҳудийларни дунё бўйлаб таъқиб қилади дейишса бу гапни мантиғимиз қабул қиладими?” Ёки АҚШнинг МРБ си ҳориждаги АҚШ фуқароларини ўғирлаб кетиш билан шуғулланганини эшитганмисиз…

Одатда махсус ташкилотларнинг функционал вазифаси миллат хавфсизлиги бўлишига қарамасдан Ўзбекистон ва Тожикистон каби давлатларида бу ташкилотнинг бош мақсади фақатгина режим хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлиб қолганини кузатиш мумкин. Эскидан бу иш билан “Мафкуравий хуружларга қарши курашиш бошқармаси” (5-Бошқарма) шуғулланган бўлса, 1991 йилда МХХ ташкил топганида “Констиуцион тузумни ҳимоя қилиш бошқармаси” (З Бошқармаси) сифатида номи ўзгартирилди холос. Ваҳолангки ўз фуқароларини қадрлаган ҳеч бир давлатда, жумладан юқорида тилга олинган МОССАД, МРБ, БНД, ФРҲ ёки МИ5/МИ6 таркибида бирон мафкура ёки режимни ҳимоя қилишга ихтисослаштирилган бошқарма мавжуд эмас. Чунки режимлар иқтидорга келиб кетаверишади, ҳатто халққа хизмат қиладиган устқурма – давлат ҳам собит эмас, аммо миллат эса собит тушунчадир.

* * *

Кимнидир куппа кундуз куни кўчанинг ўртасида, яна кимнидир хориждан уйига қайтиб келаркан аэропортда ёки чегарада ўғирлаб кетиб изоляторга ташлаш, ортидан уни қилмаган ишини бўйнига олдириш учун вахшийларча қийноқларга солиш ДУНЁНИНГ БОШҚА БИРОНТА ДАВЛАТИДА ЙЎҚ!

Бу қабиҳ ишни қилаётган ИИВ/МХХ тезкор ходимларига айтар сўзим шуки – КЎЗЛАРИНГНИ ОЧИНГЛАР! Эртага кутилмаганда қўлингиздан мансаб кетиб ўзингиз ҳам ночор аҳволга тушиб қолганингизда бу зулм машинаси сизни ҳам аяб ўтирмайди! Бу тизимда ҳеч нарса кафолатланмаган.

Бир вақтлар сиз каби керилиб муштига зўр бериб юрган қанча ИИВ/МХХ ходимлари ўзлари мазлумга айланиб..
қолишганини эсланг.

Тизимни ўзгартириш ўзингизнинг қўлингизда. Эртага фарзандларингиз эркин ва фаровон юртда яшашини истасангиз тўхтатинг бундай амалиётларни.

Гумондорни ўғирлаб кетмасдан ёки бузуқ аёллар билан тил бириктирган ҳолда тузоққа туширмасдан ҳақиқий процессуал тартибда терговга жалб қилса ҳам бўладику! Қилаётган ишингизнинг қанчалик тубанлигини қачон тушуниб етасиз??? Ўзингизнинг бошингизга тушгандами?

* * *

Президент Ш.Мирзиёев: “Чунки маҳкум суд тарафидан адолатсиз қамалган ва қамоқда узоқ йиллар адолатсиз ётгани учун жамиятга нисбатан адовати ҳали йуқолмаган, шунинг учун авфга тушмаган”…

Нима демоқчи ўзи бу зот?

“Адолатсиз қамалганмиш ва яна авфга тушмаганмиш”…

Сиз ўша адолатсиз қамалганлардан сизни авф қилишларини сўранг, кечирим сўранг, жаноб президент!

Бунинг шахсингизга алоқаси йўқ, лавозимингиз нуқтаи назаридан ноҳақ қамалганларни дарҳол озод қилиб, товон пули тўлашингиз, айбдор судья, прокурор ва куч ишлатар ходимларни жавобгарликка тортишингиз ва ниҳоят ноҳақ қамоққа ташланганлардан авф сўрашингиз лозим!

Ана ўшанда адолатдан бўлади!

Султон Бурхонов

facebook.com