O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жумҳуриятдан олдин мусулмонларнинг аҳволи

Жумҳуриятдан олдин мусулмонларнинг аҳволи
144 views
08 November 2012 - 14:29

Расмда: Усмонли давлатининг қурувчиси Усмон Ғозий

Туркиялик биродарларимизнинг “Пайшанбанинг келиши чоршанбадан маълумдир”, деган ҳикматли сўзи бор. Дўстим Фаруқ Кўсанинг сайтимизда кеча эълон қилинган “Жумҳурият қандай асосларга қурилди?” мақоласини ва унга ҳурматли Алибой ака Йўляхшининг изоҳини ўқиб, ақлимга шу ҳикматли гап келди. Яъни, Усмонли давлатининг парчаланиб, унинг ўрнига Туркия Жумҳуриятининг қурилиши ҳали бу жумҳурият қурилмасдан мусулмонларнинг аҳволидан маълум бўлган…

Усмонли давлати тарихда мисли кўрилмаган ва жуда кам давлатларга насиб қилган қудратга ва умрга эга бўлганди. Деярли 7 аср оёқда қолган Усмонли давлати охир оқибат ички инқирозга ва ташқи ҳужумларга учраб, тарих саҳнасидан ўчиб кетди. Хўш, Усмонли давлати нега қулади ва унинг ўрнига Жумҳурият дея аталган ва ёзувчи Фаруқ Кўсанинг мақолсида таърифланган машъум режим қандай қурилди?. Бу саволнинг жавоби қийин ва каттадир, уни бир мақолада тўлиқ ёритишнинг албатта имкони йўқ. Биз бу ерда фақат шуни айтишимиз мумкин: Мусулмонларнинг ўз давлатларидан ажралиб қолишида Жумҳуриятни қурганлар нақадар гуноҳкор бўлсалар, мусулмонларнинг ўзлари ҳам шу қадар айбдордирлар. Чунки Усмонли давлати ички инқирозга дучор бўлмаганда эди, албатта умрини давом эттира оларди. Аммо 19 асрнинг охирига ва 20 асрнинг бошларига келиб, “Пайшанбанинг келиши чоршанбадан маълум бўлиб қолган“, яъни Усмонли давлатининг тақдири ҳал бўлиш нуқтасига келганди.

Бунинг сабабларини ўша давр мусулмонларининг ҳаётидаги ақидавий, илмий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий бўҳронлардан излаш керак бўлади. 15 ва 16 асрларда ўзининг чўққисига кўратилган Усмонли давлати 17 асрдан бошлаб аста секинлик билан инқирозга юз тута бошлаганди. Бунинг асосий сабаби мусулмонларнинг соф тавҳид ақидаси ўрнига ўзлари тўқиб олган турли бидъат, хурофот ва ширк эътиқодларига эргаша бошлашлари эди. Оддий халқ Қуръони Карим илми бошқа ёқда қолиб турли ривоятлар ва диний ҳикояларга ошино бўлганди. Қабрлар муқаддаслаштирилиб, инсонлар ўтган шайх ва уломоларнинг руҳларидан мадад кутишарди. Бунинг устига замонавий илмларга ҳам аҳамият берилмай қўйилган, мадрасалар ва таккалалар алмисоқдан қолган усул билан талабаларни тарбиялашга уринишарди. Ҳолбуки бу даврда Оврупо илм ва техника тараққиётида катта кашфиётларга ҳозирланмоқда эди…

Усмонли ниҳоятда толиқтирган сабаблардан бири давлатнинг сиёсий инқирози ҳам эди. Давлатнинг боши Султон эди, аммо подишоҳга қарши оила ва саройда турли фитналар бош кўтарарди. Усмонлининг энг машҳур султонларидан Абдулҳамидхон 19 асрнинг иккинчи ярмида давлатда ислоҳотлар ўтказишга уриниб кўрсада, бу ишда муваффақиятни қўлга кирита олмаганди. У амалга оишрмоқчи бўлган ислоҳотлар “Танзимотлар” номи билан машҳурдир.

Бошқа томондан Усмонли давлати иқтисодий тарафдан ҳам бўҳронга учраган ва давлатнинг жуда катта қарзлари бор эди. Ушбу муаммолардан хабардор бўлган Усмонли давлати душманлари уни ичдан парчалашнинг йўлини ахтарар эдилар. Натижада Балқонларда, араб чўлларида ва Африкдаги Усмонли қўл остида бўлган жойларда Истанбулга қарши исёнлар сони ортиб борарди.

Сарой аҳли, айниқса ҳарбийлар ғарбча яшашга ошино бўлишган, ғарб маданиятининг кийиниши, эркак ва аёлларнинг биргаликда айшу ишрат қилиши тобора мусулмонларнинг ҳаёт тарзига аралашиб борарди.
Хуллас, ички бўҳрон ва ташқи тазйиқлар турклар Онадўли тупроқларида қурган муҳташам давлат Усмонлининг интирози билан якунланганди. Яъни, мусулмонлар ўз давлатларининг инқирозида афсуски бош “актёр” ролини бажарган эдилар. Натижа Усмонли давлатининг ўрнига Жумҳурият тузуми қурилиши билан якунланди. Шундай экан, мусулмонлар бу тузумдан шикоят қилишга нақадар ҳақлилар? Қолаверса шикоят билан иш битадими? Маълумки бир қавмнинг аъзолари ўзларини ислоҳ қилмагунча, Аллоҳ таоло бу қавмнинг аҳволини тузатмайди. Демак, Туркия мусулмонлари ҳам, дунёнинг бошқа ҳудудларида яшайдиган мусулмонлар ҳам аввало ўзликларини топишлари, ўзларини ислоҳ қилишлари, фойдали ва тўғри илмга, соғлом эътиқодга ва замонавий тараққиётнинг ижобий қадриятларига эргашиб, ўзларига мос жамият ва тузум қуришга масъулдирлар.

 

Намоз Нормўмин, 8 ноябрь 2012 йил.