O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Журналистлар онаси нега ҳақорат қилинди?

Журналистлар онаси нега ҳақорат қилинди?
159 views
21 April 2017 - 16:54

“Озодлик” радиоси журналисти Шуҳрат Бобожонов онаси Шукуржон Мадраҳимованинг бир неча аёл томонидан зуғум ва ҳақоратга учрагани ҳодисасини ўз касбий фаолияти билан боғлади.

Шукуржон аянинг Би-би-сига айтишича, тўрт аёл уни ҳақорат қилган

Олдинроқ, журналистлар Шуҳрат, Қудрат ва Ҳурмат Бобожоновларнинг Урганч туманида яшовчи волидаси бир гуруҳ номаълум аёллар томонидан ҳақорат қилингани ҳақида хабар берилганди.

Шуҳрат Бобожоновга кўра, “Озодлик” вебсаҳифасида “Хивалик мактаб ўқувчиси ҳомиладор бўлгани ортидан ўнга яқин мулозим ишдан кетди” номли мақола босилганидан сўнг ушбу ҳодиса юз берган.

“Погромчиларни асосий эътирози мен ëзган мақолага бўлган. Бу мақола Хивадаги мактаб ўқувчисининг зўрлангани ортидан ҳомиладор бўлганини яширган мулозимларнинг ишдан олингани ҳақида эди”, дейди у.

Шукуржон аянинг Би-би-сига айтишича, тўрт аёл 18 апрел куни ҳовлида ёлғиз пайти кириб келган ва уни ҳақорат қилишган.

“Қизим ўғилларинг туфайли ишдан бўшатилди”

Шукуржон Мадраҳимова журналист ўғилларидан бири Қудрат Бобожонов билан
Шукуржон Мадраҳимова журналист ўғилларидан бири Қудрат Бобожонов билан

“Уларни “меҳмон қиламан, чой ичинглар”, деб кутиб олдим. Олдиларига дастурхон ёздим. Уйда ўзимдан бошқа ҳеч ким йўқ эди… “Сан болаларингга информация бериб ўтирибсан”, деб мани азобладилар… Ёмон гапларни айтдилар, у гапларни айтиб бўлмайди. Тўрт хотин эди”, дейди у.

Шукуржон аянинг қизи Барнога кўра, аёллар болаларига қўнғироқ қилмоқчи бўлган онасининг қўлидан телефонни олиб улоқтиришган.

“Телефон қиламан ҳозир, қизим келади, ўғлим келади”, деган экан, қўлидаги телефонни олиб узоққа отиб юборишган… Онамнинг қон босими ошиб кетган. Бир ярим соат устида қичқириб туришган тўртта хотин”, дейди Барно Бобожонова.

Аёлларнинг ким эканлари маълум эмас, аммо Барнонинг сўзларига кўра, улар Хива шаҳридан келганларини айтишган.

“Менинг қизимни ҳокимиятдагилар ишдан олиб ташлашди, бунга сенинг ўғилларинг сабабчи”, деб қичқиришган. Онамни ҳар хил гаплар билан ҳақорат қилишган”, дея қўшимча қилади у.

Барно ҳодиса юзасидан маҳаллий қўмитаси ва милициясига мурожаат қилган, улар ҳодисани ўрганишлари ҳақида айтишган.

Аммо, Барно Бобожонованинг айтишича, ҳозирга қадар бирон бир амалга қўл урилмаган.

Ўзгаришлар шабадаси эсмоқдами ва ё?..

Ўзбекистонда ўзгача фикрни айтувчи журналистлар босим остида бўлиб келгани сир эмас. Аммо сўнгги пайтлар мамлакатда ўзгаришлар ва янгиликлар даври бошлангани ҳақида гапириларкан, мустақил нашрларда айрим жонли чиқишлар кузатила бошланган.

Ислом Каримов ўлимидан кейин қудратга келган Президент Мирзиёев даврида бир неча сиёсий маҳбуслар қаторида таниқли журналист Муҳаммад Бекжон ҳам озод этилган эди.

Шавкат Мирзиёев ўзининг бир неча чиқишларида мамлакатдаги оммавий-ахборот воситалари, хусусан телевидениени қаттиқ танқид остига олган.

Шунга қарамай, мамлакатдаги қатор мустақил ва Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан танқидий фикрлар янграб турадиган нашрлар, жумладан “Озодлик” ва Би-би-си вебсаҳифалари ҳамон тўсиб қўйилган.

Айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ислоҳотлар сиёсати ҳукуматдаги барча қудратли гуруҳларга бирдай маъқул бўлмаслиги тайин. Шунинг учун ҳам, мамлакатдаги сиёсий фазода ҳақиқий эркинлик шабадалари эсишига ҳали эрта.

Манба: Би-би-си Ўзбек