O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ёлғон ва адолатсизлик билан жамиятни ҳалокатдан сақлаб қолишнинг иложи йўқ…

Ёлғон ва адолатсизлик билан жамиятни ҳалокатдан сақлаб қолишнинг иложи йўқ…
53 views
07 February 2015 - 11:46

2«Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат» туркумидан

“Президент ва унинг оила аъзоларини оламни Сарвари билан таққослаш бу бефаросатлик…” деб, изоҳ қолдирибди, бундан олдинги саҳифамизда Муҳиддин деган ўқувчи. Бу эътироз, айни ҳақиқатдир. Бизлар ул Зотнинг яктакларининг чангига ҳам арзимаймиз. Йўл қўйган хатомни тўғирлашимга кўмаклашгани учун, ул кишидан Аллоҳ рози бўлсин! Муаллиф.

Пайғамбаримиз давридаги ҳолат бутунлай бошқача бўлиб, пайғамбарнинг ҳаёт намунасини кўрганлар исломни қабул қилгач, ўзларининг роҳат-фароғатларидан айрилиб, заҳмат-машаққатларга дучор бўлган инсонларни руҳлантирган эдилар. Уларнинг кўпчилиги бадавлат кишилар бўлиб, кейин бойликларидан айрилиб, фақир, ночор аҳволда қолишган. Инсоният тақдирини ҳал этадиган воқеалар ана шу инсонларнинг ўз манфаатларидан кечиб, қанчалик фидойилик қилишга қодир эканликларига боғлиқ бўлган.
Улар нималарга қодир эканликларини кўрсатишди. Янги имон, эътиқод учун кураш бошлаб, ғалаба қозонишди. Улар тарихда мисли кўрилмаган қийинчиликларга сабот, маотанат билан бардош беришди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Мадина ансорлари исломга хизмат қилиб, қаровсиз қолган боғ-роғ, экинзорлари ила бир муддат шуғуланмоқчи бўлганларида, Қуръон сўзи билан уларга дейиладиким:

“Тангри йўлида сарф қилинг, ўзингизни ҳалокатга маҳкум этманг” (2:195).

Илоҳий пайғом ила зиммаларига буюк мажбурият олганларга Пайғамбар алайҳиссалом ана шундай фидойилик ва тартиб-интизом дарсини берган эди. Бу сабоқни кейин сафга қўшилиб, ўзини машаққатларга тутиб берган барча араблар ва бошқалар ҳам олишди. Тангри таоло уларни огоҳлантирган эди:

“Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган молу мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз сизлар учун Тангри ва Расулидан, Унинг йўлидаги жидду жаҳд қилишдан суюклироқ бўлса, то Тангри ўз амри (азоби)ни келтиргунга қадар кутиб турингиз! Тангри фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай” (9:24).

Бошқа бир жойда ҳам таъкидланган:

“Мадина аҳолиси ва унинг теварагидаги аъробийлар учун Тангрининг Расулидан қолишлари ва ундан кечиб, ўзлари билан машғул бўлишлари жоиз эмас эди” (9:120).
Инсониятнинг бахту саодати ва гуллаб яшнаши учун кураш йўлига тушган инсонлар ана шундай қатъиятли ва жасур эдилар. Улар такрор-такрор оғир синовлар билан юзма-юз бўлишди. Уларга дейилган эдики:

“Сизларни бир қадар хавф-хатар, очлик азоби ила, молу жон ва мевалар ҳосилини камайтиш ила синаймиз” (2:155).

Яна айтилган эди: “Наҳотки одамлар, имон келтирдик, десак, бас, бошқа  синов қилинмаймиз, деб ўйласалар?” (28:2).

Араблар ўшанда улуғ вазифани бўйинга олишга иккиланиб ёки қўрққанларида даврнинг зулмат ва жаҳолати давом этаверар, очлигу муҳтожлик, азобу уқубатлар камаймас эди.
Биз ўзбеклар ҳам бугун ана шундай икки йўл бошида турипмиз. Иккиланадиган ёки қўрқадиган бўлсак, Каримов режими – зулм ва жаҳолат, у ўлгач ҳам тириклигидаги сингари давом этаверади. Елкамизга офтоб тегмайди, тараққиёт бекатларига чиқолмасдан, қонунсизлик ва ҳақсизлик қамчиси остида эзилиб, итдек қадрсиз бўлиб ўлиб кетаверамиз…
“Агар шуни қилмасангиз, Ерда фитна ва катта фасод бўлур” (8:73).

Милодий олтинчи асрда дунё икки йўл бошида турар, унинг қаршисида икки имконият мавжуд эди. Бири – Илоҳий мужда ила руҳланган, фидойи инсонларнинг молу жондан кечиб, яқинлари, қавму қариндошлари ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, инсониятнинг умум бахту саодати учун кураш йўли. Иккинчиси – Ўзбекистондаги сингари аҳволни борича қолдириш, ҳаётда худбинлик, манфаатпарастлик, ўз фойдасини ўзгаларнинг бахтидан устун қўйишда давом этишдан иборат йўл. Бундай шароитда дунё жаҳолат ва тушкунлик гирдобида қолар, зулмат ва азоб-уқубатлар ботқоғидан чиқолмасди.

Хайриятки, Тангри таоло  инсонлардан ўз шафқат, марҳаматини аямади, арабларга куч-қудрат, сабот ва матонат бахш этди. Инсоният тақдири ҳал бўлди, одамзод Пайғамбар алайҳиссалом раҳнамолигида дадил олға босди…

Бугун нафақат Туркистон мусулмонлари, бутун дунё яна бундан ўн тўрт аср илгаригидек айри йўл устида турибди. Ислом ҳамон инсониятни бирликка, баробарликка, биродарликка чақирмоқда. Остин халқ, устун халқ деган гаплар бекор, ҳаммамиз башар авлодимиз, қўлни қўлга бериб, ягона Парвардигорга эътиқод этиб, ягона уйимиз – шу куррайи заминни бало-қазолардан асраб, эҳтиёт қилайлик, демоқда.

Бу – чиндан ҳам буюк ғоя. Уни мусулмонлар бошқаларга сингдира олармикинлар? Ҳамма гап шунда. Аммо ўзи ночор, аҳволи абгор бўлган кишининг сўзи, насиҳатини ким тинглайди? Бас, шундоқ экан, ақли ва маънавияти ғоят ривожланган, илму техникаси юксак тараққий топган илғор, пешқадам жамиятга айланиш – ислом дунёси учун бирламчи вазифа бўлгани каби, Ўзбекистон учун ҳам ғоят долзарбдир. Шунда у билан ҳисоблашиб, айтган ўгитларига қулоқ солишади.

Инсонлар сувда балиқ каби сузадиган, ҳавода қуш каби учадиган, аммо ерда одам каби эплаб юра олмайдиган бу замонда – бошқа йўлнинг ўзи ҳам йўқ!

Миракизм чириган дарвинизм ва ленинизмнинг сояси. Уни президент Каримов Ўзбекистонда тартибсизлик ва қабоҳатлар, зулм ва хорликлар майдонига айлантирди. Мамлакатдаги ҳукмрон доиралар чексиз ҳокимиятдан мағрурланиб, кеча-кундуз бузуқчилик, айшу ишрат билан маст, ўрта табақа вакиллари уларнинг юриш-туришларига тақлид қилиб, ўз иззат-нафсларини қондириш билан банд. Оддий инсонлар қашшоқликда кун кечириб, тилсиз махлуқлар каби қорин тўйдириш ғамида юрадилар. Улар тер тўкиб меҳнат қилишади. Уларни ҳайвондек ишлатиб, бошқалар роҳат-фароғатда даврон суради. Меҳнат-машаққатдан озгина бўшаган дамларида бечоралар ўзларини гиёҳвандликка урадилар ёки енгил-елпи ўйинлару шаҳвоний майлларга берилиб таскин топадилар. Ислом дини руҳонийлар қўлида ўйинчоқ бўлиб, уларни Каримов майлидан келиб чиқиб, истаганча бузиб, истаганча ўзгартирадилар. Пайғамбарлар тирилиб Ўзбекистонга келсалар ҳам энди ўз динларини таниб олишлари даргумон.

Кўҳна Турондаги тамаддун марказларининг асоси бўлмиш Марказий Туркистон – Ўзбекистоннинг маънавий ириб-чириши, ҳамма ёқда тартибсизлик ва саросиманинг ҳукм суриши оқибатида инсонлар ижтимоий муаммолар гирдобига ботиб қолган, уларнинг дунёда айтадиган сўзи йўқ. Одамлар учун дунё ич-ичидан бўшаб, ҳувиллаб қолган, унга ҳаёт бағишловчи булоқлар қуриб битган. Фуқароларининг назарида дунёда на инсонларни йўлга бошлагувчи дину диёнат, на давлатни бошқаришга ярайдиган оқилона қонун қоидаю низом мавжуд. Миракизмчилар ўз қонларини мукаммал, ирқларини олий деб билишади. Биз ўзбеклар темурийлар наслиданмиз, инсониятнинг ўзга вакилларига нисбатан ҳалол ва олижанобмиз, табиатан нодир хислату фазилатлар эгасимиз, деб ишонишади. Қўшни халқларга баланддан боқиб, уларга кинояли лақаблар тақиб, кулги, масхара этишади. Орқасида, бутун миллатни муҳтожликка гирифтор этиб, бутун бир миллатни қўшни мамлакатлар халқлари оёғи остида қулларча меҳнатга мажбурлайди. Миракизмни ҳалокатга бошлаган сабаб – аста-секин кучайиб борган чириш эмас, балки бошданоқ Каримовнинг табиати ва моҳиятида мавжуд бўлган ёвузлик, қабоҳат эди. Ҳар нечук, ижтимоий тартибот, агар асос-эътибори билан сохта бўлса, ҳеч қандай ақлу идрок қудрати, таъмирлашу тузатишлар уни қутқариб қололмайди. Иллат илдизларда экан, новда ва япроқлар ўлимга маҳкум. Миракизмнинг мақсади, юқорида айтганимиздек, фуқароларни эзиб, қонини сўриш, бир ҳовуч одамларни бойитиш экан, ушбу корхонанинг фаолияти унинг табиати кўтаргунча ажойиб мулоҳазакорлик ва маҳорат билан, ҳалол ва холис амалга оширилади. Аммо унинг замирида ётган ёлғон ва адолатсизлик туфайли жамиятни ҳалокатдан сақлаб қолишнинг иложи йўқ.

Тўхтовсиз ошиб борувчи солиқлар фермерлар елкасига оғир юк бўлиб тушди. Кўплаб деҳқонлар хонавайрон бўлиб, тирикчилик илинжида қўшни мамлакатлар фермерлари қўлида ўрта асрлардаги қуллар каби оғир шароитларда меҳнат қилишга мажбурланмоқдалар. Деҳқонлар ва фермерларнинг яшаш шароитлари мамлакатнинг ичкарисида ҳам жуда аянчли. Ўз ерларига боғлаб қўйилган бу бечораларни истаганча машаққатли меҳнатга солишади, оғир мажбуриятлар остида эзишади. Афтодаҳол деҳқонларнинг йирик гуруҳлари худди қуллардек бир чақа ҳам хизмат ҳақи олмасдан, миракизмчиларнинг қош-қовоғига қараб яшашга мажбур бўладилар. Улар билан миракизмчилар – жорий ҳукумат ўртасидаги муносабатлар қуллар билан қулдорлар ўртасидаги муносабатлардан фарқ этмайди.

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон