13. ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА
Мен қонунларни тарқатиш фаолиятидан ҳам осонроқ йўлни топдим деб ўйлаб чучварани хом санаган эканман.
Аслида менинг ҳисоб-китобим биринчи кўринишда жўн ва тез даромад келтирадиган тадбир эди. Мен ўзбек мактаб ўқувчилари лицей ва коллеж талабалари учун жуда фойдали маълумотларни ўз ичида қамраб олган компьютер Дастурини тайёрламоқчи эдим. Бунинг учун менинг ҳисобимга кўра энг ишончли манба Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидаги маълумотлар эди. Чунки, бу маълумотлар Ўзбекистондаги вилоятлар, туманларнинг маъмурий-ҳудудий, географик иқлим шароитини, уларнинг аҳолиси, иқтисодий кўрсаткичларини жамлаган Дастур бўлиши керак эди. Шу билан биргаликда Дастурда Ўзбекистон тарихи, ўзбек тилига оид қўшимча илмий, илмий-оммабоп, бадиий адабиётларни ҳам ўзида жамлаши керак эди.
Миллий энциклопедиянинг электрон нашрини қидирдим, таниш-билишлар орқали 6-12-томларининг электрон матнини топдим. 1-5 томларини эса сканер орқали Дастурга киритиш лозим эди.
Аммо, Миллий Энциклопедиянинг I томидаги маълумотлар нохолислиги билан мени ўзига жалб қила бошлади. Жумладан унда айтилишича, Авангард сўзи французча сўз эмиш. Ваҳоланки бу сўзни Амир Темур қўллаган ва унинг туркийча номи Авонғор. Андижон сўзининг келиб чиқиши Ҳиндукон деган сўздан келиб чиқар эмиш. Бу ерда Анди – ҳинд маъносини бериши Абдулла Қодирийнинг экранлаштирилган «Ўткан кунлар» романидаги Пошшойимнинг марғилонлик келин ҳақида гапирганда «ҳе, бир анди бўлса керак» деган гапига ўхшаш сўздан олинганлигига ишора қилинганди. Бу бадиий асардаги ана шу сўз бутун бошли Андижон сўзининг ўзагини ташкил қилса-я ?! Наманган сўзи эса форсча Намаккон (Туз кони) сўзидан келиб чиқармиш-у, аммо бу ердаги катта туз кони йўқмиш.
Интернетдаги жуда кўп хабарларда даврабоши – Тамада сўзининг келиб чиқиши туркийча ТомОта, яъни уйбоши сўзидан эканлиги айтилиб турган бир пайтда, Миллий Энциклопедиямизда бу сўз грузин тилидан олинганлигини айтилганди.
Булар ҳам майли. Бир маълумотни ўқиганимдан сўнг, ўзимнинг ўзбеклигимдан уялиб кетдим.
«Ўзбек» атамасининг келиб чиқиши фанга маълум эмасмиш???!!!».
Ана сизга керак бўлса?!
Дунё фани таъмал тошини қўйиб берган, дунёни ларзага солган лашкарбошиларни етказиб берган халқ ўзининг номи қандай пайдо бўлганлигини ўзи билмаса? Бундан ортиқ шармандагарчилик бўладими?
Ўзбек тилига эътиборсизлик, уни камситиш Чор Россияси кириб келиши билан бошланган бўлса, бу анъанани советлар кўтаринки руҳда давом эттирдилар. Хусусан форсийзабонлар ва араблар эгасиз қолган туркий сўзларни ўз уйларидан ҳайдаб чиқардилар.
Бухорони – форсча «Бу» «Хоро» деб далил келтирганларида раҳматлик устоз Неъмат Аминов бу гапга кескин раддия бергандилар. Ана шу раддия туфайлими бошқа топонимларимиз кўр-кўрона бошқа тил, айниқса форсий ўзакдан олинмаслиги ҳақида чиқишлар тўхтаганди менимча. Бўлмаса Хоразмни форсча «Хар» «Азим», Гурланни – Кўр Ланг, Ғузорни, форсча Гузар ва ҳоказолар дейиш авж олиб кетарди.
Мана яқинда Тўйтепани форсча ном Нурафшонга алмаштиришди. Тўйтепа дегани ҳозирги пайтдаги кишилар ўйлаганидек Тўй қилинадиган тепа эмас. Тўй – деганда қажимда Хоннин сайлаш маросимига айтилган.
Хон авлодлари белгиланган муддат, ҳар икки-уч йил ичида бир марта умумий йиғилиш қилиб турганлар. Ана шу йиғилишда ҳозирги пайтдаги Хоннинг олиб бораётган сиёсати муҳокама қилинган. Унинг хато ва камчиликлари рўй-рост айтилган. Танқидларга жавоб беролмаган Хон шу ернинг ўзида вазифасидан озод қилиниб очиқ сайлов йўли билан янги Хон оқ кигизга миндирилиб сайланган. Мана шу маросим Тўй дейилган. Тўйтепа дегани айнан Хонлар сайланадиган жой маъносида келади. Ҳозирги тил билан айтганда ПАРЛАМЕНТ дегани бўлади. Биз эса шунақанги тарихий номни, худди юз йиллик чинорларни шафқатсизларча кесганимиз каби унуттириш учун жарликка отиб юбордик.
Майли сўзимизга қайтайлик. Мен ишни 2010 йил февралидан бошлаган бўлсам, уз-зу кун компьютер олдида ўтириб ўзбек тили, ўзбек исмлари, топонимлари, тарихий маълумотларни бир жойга тўплай бошладим.
Ўша пайтларда бир ўртоғим билан Германиядан совун заводи олиб келиш режасини ҳам тузаётгандик. Бунинг учун Ўзбекистон-Германия дўстлик жамиятининг Ўзбекистондаги раҳбари Хуррам Раҳимов билан ҳамкорликликда инвестор қидириш билан ҳам оввора эдим. Хуррам ака Қонунчилик палатасида депутат бўлиб ишлаган Салима Шарипованинг турмуш ўртоғи. Ўша пайтда Хуррам Раҳимов Низомий номли Тошкент Педогогика университетида немис тили кафедраси мудир ҳам эдилар.
Домланинг хонасида ўтириб навбатдаги суҳбатларнинг бирида у киши томонидан Германиядан келтирилган Фон Шварц деган олимнинг «Туркистон Ҳинд европа халқларининг бешиги» деган китобга кўзим тушиб қолди.
Олимнинг ўзи тахминан 1875-1890 йилларда юртимизда яшайди. Туркистон ўлкасини ўрганади. 1900 йилда эса Германиянинг Фрайбург шаҳрида “Туркистон ҳинд-европа мамлакаталарининг бешиги” номли асар ёзади. Умуман немис тарихчи олимлари 20-аср давомида ҳам ўз келиб чиқишларини Осиёдан эканлиги ҳақида изланишлар олиб борганлигини биламиз. Аммо, бу маълумотни мен ҳеч қаерда ўқимагандим. Бундай китоб ёзилганлигини ҳам билмасдим. Немис олими нега бундай хулосага келган? Китоб юз йил олдинги эски немис ёзувида бўлгани учун ҳозирги немислар ҳам унинг мағзини чақишолмас экан.
Мени ўйлантирган нарса немисларнинг бу ердан кетганлигини олим қандай асослади экан?-деган савол бўлди.
Сўзлар орқали тилнинг бирлигини аниқласа бўлади-ку!!!
Мисол учун Германиядаги Бавария лотинчада Bai (u) varii — бойлар мамлакати аҳолиси маъносини бераркан. Ахир бу сўзни туркий сўзлар орқали ҳам аниқласа бўлади-ку!
Бой Вари. Туркийда Бари – деганда ҳаммаси дегани. Биз Бор деган сўзни Туркияликлар Вар дейди. Демак, Бавария Бой Бари – ҳаммаси бой дегани-ку!
Чехиянинг эски номи Богемия экан. Энди тарихий маълумотга эътибор қаратамиз Богемия (Bohemia)— 1) Чехия давлати ташкил топган ҳудуднинг илк номи; 2) 1526—1918 й.ларда Габсбурглар империяси таркибига кирган Чехиянинг расмий номи. Богемия атамаси антик даврлардаёқ (Воi(o) haemum («бойлар ватани») номи билан қайд этилган; мил.ав. 8-а.да Марбод раҳбарлигидаги маркоманлар томонидан босиб олинган.
«Бойҳаемум» ни ҳам туркий сўзлар орқали ечса бўлади. Бой -Ҳамма. Ахир шунга ўхшаш маънодаги топонимлар бизда бор. Мисол учун БойКент, БойОвул, БойОвут, СемизКент, БайЛиқ (кейинчалик Балиқ-Балх).
Охирги гапдаги фикр менда кейинчалик пайдо бўлди. Ундан олдин эса Ўзбек атамаси йиллар давомида сўзларнинг қисқарувидан пайдо бўлганлиги ҳақидаги фикр эди.
Шундай қилиб мен Ўзбек атамаси ЎғузБерк сўзидан пайдо бўлганлиги ҳақида қатъий хулосага келдим. Бу фикрга келгач ўзимни еттинчи қават осмонда ҳис қилардим. Ахир мен ўзимнинг халқимнинг исмини топдим!!! Юртимизда яшовчи шунча тилшунос ва тарихчилар қолиб кетиб мен бу вазифани уддаладим,-деб ўйлардим ўзимга ўзим.
Компьтерда рисола тайёрлайдиган Дастурга мос рисола ёздим ва биринчилардан бўлиб бу рисолани Хуррам Раҳимов домлага етказдим.
Домла иккита тарихчи ва тилшунос олимга уни кўрсатишни, уларнинг фикрини билишни таклиф қилди.
Мен бу таклифга эътироз билдирдим. Чунки, мен ҳақлигимга ишончим баланд эди. Домла эса, «китоб чиқариш учун уларнинг фамилияси керак»- дедилар. Мен рисола чоп этилгач уларни таништирамиз, дедим. Домла иккита олимга рисолачани кўрсатиб, унинг қораламасига имзо чектириб олди.
Мен уларга кўрсатмаслик кераклигини айтганимда иккита ҳолатни назарда тутгандим. Биринчидан, мен тилшунос ҳам, тарихчи ҳам эмасман. Менга илмий унвон ҳам керакмас эди. Уларга рисолани кўрсатиб, ундан кейин уларнинг кўрсатмаларини бажариш, охир оқибат сарсон бўлиб юриш менга оғир туюлди.
Иккинчидан, ўз ҳақлигимга ишончим комиллиги туш башорати эди. Рисола ёзишдан олдин гўзал бир туш кўрдим. Унда жуда тиниқ, кўм-кўк, аммо, чуқур бўлмаган бир каналда сузиб юргандим. Тушимдаги сув – илм. Унинг тиниқлиги – менинг ҳақлигим. Чуқур эмаслиги – мавзунинг чуқур эмаслигидан далолат берарди.
Энди рисолани чоп эттириш керак эди.
Миллатпарвар ва халқпарвар шоир, мен учун том маънодаги «халқ шоири» Амир Худойберди ўша пайтда «Насаф» нашриётининг директори эди. Рисолани унга кўрсатгандим ҳеч иккиланмай нашриётнинг чоп этишга мумкинлиги ҳақида рухсатномасини берди. Иймонли ношир Абдуғофур Искандар рисолачани чоп этиб берди. Менинг молиявий аҳволим ўша пайтда жуда оғир эди. Шунинг учун арзон-гаров нархга рисолача дунё юзини кўрди.
Тушимдаги башорат тўғрилигини ҳаёт кўрсатди. Совет мактаби илмий рисола деганда, бошқа бировларнинг фикрларини ўрганиш, уларнинг яхши томонларини, камчиликларини танқид қилишни норма қилиб белгилаб қўйганди.
Мен бу усулдан воз кечиб, фақат ўзимнинг фикримни рисолага жойлаганим учун рисола – илмийлик бобида саёз эди. Кўм-кўк тиниқ сув дегани рисолача кичкинагина кўм-кўк рангда чоп этилди.
Шундай бўлса-да ўзимча, рисолам кенг муҳокама бўлиб, шов-шувга сабаб бўлади деб ўйлагандим. Йўқ. Рисолачам океан тубига тушган тошдек жимжитлик қаърига шўнғиди. Рисоладаги мўғилларнинг туркий қавм эканлиги ҳақидаги фикрим ҳар қандай мансабдор тилшунос ва тарихчини сергаклантириб қўярди.
Ахир, Мустақиллигимиз бошланганидан буён муғулларни ётсираймиз. Атиллани бегоналаштирамиз. Темур тузукларининг дастлабки нашридаги Чингизхон ва Амир Темурнинг амакиваччалар эканлиги ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташладик. Ким бу ҳақда гапирса «Президентга қарши» тамғаси билан тақдирланарди.
Кейинчалик маълум бўлдики, Ўзбек атамасининг Ўғуз ва Берк сўзларидан пайдо бўлганлигини юртимизда яшаган, яшаётган бир неча олимлар айтиб ўтган экан. Лекин бу фикрга ТАБУ қўйилган экан.
Ҳаттоки, илмий фикрлар хилма-хиллиги 2010 йилда бизда йўқ эди. Тириклар нарёғда турсин ўликлар ҳам турли-туман иғво ва ғийбатлар туфайли жазоланар эди.
Собир Раҳимов, Акмал Икромов, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби таниқли ўзбекларнинг номлари ўчирилиши гапларимнинг ёрқин мисоли.
Бу гапларга хулоса қилганда Абу Бакр Хоразмийнинг битта фикри ўринли, деб ўйлайман.
«Ғийбатчидан кўра, ғийбат тингловчининг гуноҳи кўп. Уларнинг мисоли буёқ ва газламага ўхшайди. Газлама хоҳламаса, буёқни ўзига юқтирмайди».
Гуманитар фанлар баҳс-мунозаралар орқали ривожланиши аксиома-ку!!!
Биз 2010 йилларда гуманитар фанларни ривожлантириш бобида икки юз йил олдинги Бухоро Амирлиги даражасига тушиб қолгандик. Ўша пайтда Бухорода шундай гап бор экан:
– Бухорода хўроз қичқирмайди, ит ҳурмайди, эшшак ҳанграмайди.
Рус олими, ҳарбийси Меендорф Бухоро амирлигига сафари чоғида, бундан икки юз йил олдинги Амирликдаги маънавий, маданий аҳволни ёритар экан, Бухорода айри-бошқача фикрловчилар мачит минорасидан ташланганлигини таъкидлаб ўтади. Ҳамманинг бир хил фикрлаши эса тараққиётнинг кишани, мақтанчоқликнинг ўчоғига айланади. Мақтанчоқлик эса олға интилишни инкор этади. Ахир, ҳаммаси шундоғам яхши-ку!
Мақтанчоқликдан, манманлик келиб чиқади. Бу эса қадимги туркий-шумерларнинг тарихий подшоси Билгамиш замонини келтириб чиқаради.
Жамиятда турли-туман фикрлар, ғоялар қарама-қаршилиги тараққиётнинг гарови. Буям аксиома!
Давоми бор.
Анвар Шукуров