ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР
З.М.Бобур (1483-1530 йй) Темурий ҳукмдорларининг Ўрта Осиёдаги сўнгги вакили Андижон шаҳрида туғилган. Отаси Умар Шайх вафот этгач, у 12 ёшида Фарғона вилояти ҳокими бўлган, жасур ва довюраклиги учун “Бобур” (шер) лақабини олган ёш ҳоким тез орада Ўрта Осиёнинг пойтахти бўлган самарқанд шаҳрини эгаллаш ҳамда ўлкада марказлашган кучли давлат тузиш мақсадида бир неча йил давом этган гоҳ муваффақиятли, гоҳ муваффақиятсиз, гоҳ ғолибона жанглардан кейин, 1500 йил Самарқандга бостириб келган Шайбонийхон биланбўлган жангда енгилади. Бир қиём лашкарлари билан 1504 йил Афғонистон мамлакатига кириб боради. Қисқа вақт давомида Афғонистондаги қабилаларни ўзига бўйсундириб, 1508 йил пойтахти Қобул бўлган мустақил давлат тузади. 1510 йил Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бирга шайбонийларга қарши юриш қилиб, Самарқандни эгаллайди. Аммо 1512 йил шайбонийлар билан бўлган жангда Бобур армияси енгилади ва Қобулга келиб, бу ерда 1526 йилгача подшолик қилади. Бобур йирик давлат тузиш мақсадида 1522 йил Қандаҳорни эгаллайди ва бу ердан Ҳиндистонга бир неча марта ҳужум қилиб, ниҳоят 1526 йил Ҳиндистон подшоси Иброҳим Лудийни енгади ва Бобур Ҳиндистоннинг тарихида “Бобурийлар империяси” деб ном олган давлатга асос солди ва Агра шаҳрини пойтахтга айлантирди. Шу шаҳарда Бобур вафот этган. Унинг жасади Қобул шаҳридаги “Боғи Бобур”га қўйилган.
Шундай қилиб, тақдир тақазоси билан Бобур Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистоннинг жуда кўп жойларида бўлган. Унинг фан ва маданиятга бўлган қизиқиши бу ҳудудларнинг тарихий географияси ва бошқа соҳаларига оид кўп маълумотлар тўплаб, асарлар ёзиб қолдирган.
Бобурнинг энг йирик асари “Бобурнома” деб аталади. “Бобурнома” Ўзбекистон, Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон мамлакатларининг табиий-географик жойланиши, ўсимликлари, ҳайвонот дунёси ҳақидаги биогеографик асардир. Унда Бобур ҳар бир жойнинг характерли хусусиятлари, ўсимликлари ва у ерда тарқалган ҳайвонот дунёсининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида аниқ ва мукаммал маълумотларни баён қилади.
Фарғона вилояти бешинчи иқлимдадир.
Маъмуранинг канарасида яъни Мовароуннаҳрнинг чеккасида воқе бўлибтур. Шарқи Қошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадаҳшоннинг сарҳади тоғлар, шимолида “Олмалиқ ва Олмату каби шаҳарлар бор. Аммо улар мўғуллар билан ўзбеклар урушида бузулубтур, асло маъмура қолмабдур. Мухтасар (кичик) вилояттур, ошлик ва меваси фаравон. Гирдо-гирдо тоғ воқе бўлибтур. Сайхун дарёси ким шарқ ва шимолий тарафидан келиб, бу вилоятнинг ичи бирла ўтиб, ғарби сари оқар. Хўжанднинг шимол ўтиб яна шимолга мойил қилиб, Туркистон сари борур. Туркистондин кейли қуйироқда бу дарё тамомқумға сингор, ҳеч дарёға қотилмас.
Андижон Фарғона вилоятининг пойтахтидур. Эли туркдур. Шаҳар ва бозорасида турки билмас киши йўқтур.
Хуллас, “Бобурнома”да Фарғона вилоятининг географияси – Ўрта Осиёда тутган ўрни катталиги, аҳолиси, рельефи яъни атрофи тоғлар билан ўралганлиги, ўсимлик ва ҳайвонлари шу қадар мукаммал баён қилинганки, ҳатто ундан ҳозирги географияга оид маълумотлар сифатида фойдаланиш мумкин.
“Бобурнома”даги географик тасвир, ундан олдинги кўплаб манбалардагига нисбатан анча тўғри, мукаммал ва асосли эканлиги билан диққатга сазовордир. Бунга сабаб асар муаллифи географик объект ва ҳодисаларни ўзи кўриб, тасвирлаган.
“Бобурнома”даги географик тасвирлар ҳақида жуда кўп мулоҳаза юритиб, кўпгина диққатга сазовор мисолларни яна келтириш мумкин.
Тошкент – ошлиқлари мўл. Қирғовуллари кўп ва хўб мўлдир. Андижон – илвасини мўл. Ўшнинг гуллари турли хил кўкатлари мўл. Бу ерда арғувон ўсади. Марғилонда кийик барча ерда учрайди. Хўжанднинг илони кўп, ёввойи паррандалари, кийик, оҳуси мўл. Овга ярайдиган қушлардан қирғовул кўп учрайди. Безгак кўп, айниқса, аҳоли кузда кўп оғрийди, жойлари ботқоқ ва нам.
Самарқандда совуқ қаттиқ. Бухорода илвасини мўл. Қаршини баҳори юмшоқ.
Афғонистон – Қобул атрофида қишда қор мўл тушади, жанубда қор мутлақо бўлмайди. Афғонистон ўрмонларида юнг қанот, товушқон; тоғларида эса каклик мўл. Какликлар қорда кўп учмай, қорга учмай беркинади. Бу ерда лола мўл.
Ҳисор, Самарқанд, Бухоро ва Мўғулистонда арчали бўлиб, молга емиш бўладиган ўтлардан энг мақбули бутадир. Ўрмонзорларида арча, зайтун, чинорлари кўп бўлади.
Ҳайвонларнинг кўпчилиги Ҳиндистон ҳайвонларига ўхшашдир. Улардан товус, тўти ва маймунларни кўрсатиш мумкин. Афғонистон ғарбида кийиклар мўл ва турли хилдир. Агар Ҳиндиқуш тоғлари туман билан қопланса, кўчувчи қушлар тоғдан ошиб ўтолмай қолади. Бундай қушлардан қарқара, турна жуда кўп тутилади. Муаллиф таноб ясаш ва у билан қуш тутиш усулини батафсил ёзади.
Сўнгра Ҳиндистон ўсимликлари устида тўхталиб, у эндемиклар деб кўрсатади. Булардан ёввойи беда, себарға ва хушбўй ўтлар бор.
Ҳиндистон ҳайвоноти ҳам эндемикдир. Бу ерда тоғайли балиқлар мўл бўлиб, бари, этли ва мазалидир. У бир қанча тур балиқ ва сувда, ҳам қуруқликда яшовчи ҳайвонлар батафсил изоҳланган.
Қушлардан товусни изоҳлайди: у турна янглиқ ҳар иккала жинси бошида тожи бўлиб, унда 20-30 парлар мавжуддир, узунлиги 4-5 см дан ошади. Модаси чиройди ва узун думли бўлиб, 1,5 м гача етади. Бўйни кўк, кўркам, танаси хушбичим. У қирғовул сингари уча олмайди. Товуслар Ҳиндистоннинг ўрта ва жанубий қисмида кўп, гўшти мазали.
Энг кўп учрайдиган қушлар тўтилар бўлиб, баъзилари гапга ўргатилади, кўпчилиги тут пишганда барча ерда учрайди. Бу йирик тўти. Ундан кичикроқ тўтилар ҳам кўп, уларни ҳам гапга ўргатса бўлади, беш-олти мингли гала бўлиб яшайди, чанггали тўти деб аталади.
Хуллас, “Бобурнома”да Фарғона вилоятининг географияси – Ўрта Осиёда тутган ўрни, катталиги, рельефи, яъни атрофи тоғлар билан ўралганлиги фойдали қазилмалари (масалан, феруза конлари) иқлими, сувлари, шаҳарлари ва улар орасидаги масофалар, хўжалигининг характерли жиҳатлари, аҳолиси, машҳур кишилари, ўсимлик ва ҳайвоноти шу қадар батафсил тасвирланганки, ҳатто ундан географияга оид хрестоматия материал сифатида фойдаланиш мумкин.
Самарқанднинг яйлов ва экинзорларидан сўнг тарихий ва ҳашам бинолари, сўлим боғлари (Боғи Шамо, Боғи Биҳишт ва ҳ.к.). Моварауннарҳрнинг бошқа шаҳар ва вилоятлари (Бухоро, Кеш – Шаҳрисабз, Қарши, Ғузор ва ҳ.к.) тасвирланган.
Бобур ўзида катта таассурот қолдирган Ҳиндистон, Афғонистон ерларини, ўсимлик ва ҳайвонлари ҳақида батафсил ҳамда завқ-шавқ билан тавсифлайди. “Бобурнома”даги географик тасвирнинг ўзига хослиги ва моҳияти ҳақида қуйидаги мулоҳазалар билан чекланамиз.
“Бобурнома”даги географик тасвир, аввало ундан олдинги кўплаб манбалардагига нисбатан анча тўлиқ, тўғри, мукаммал эканлиги билан диққатга сазовор. Бунинг сабаби шуки, асар муаллифи географик объекти ва ҳодисаларни кўпинча ўзи кўриб-билиб, қисман ишончли манбалар асосида тасвирлаган ва фикр юритган.
“Бобурнома” услубий жиҳатдан ҳам маълум афзалликларга эга. Биринчидан, барча вилоят ва шаҳарлар тасвири муайян бир режада, аниқ бир тартибда (географик ўрни, рельефи, шаҳарлари ва ҳ.к.) берилган. Иккинчидан, табиат тасвири билан хўжалик аҳоли ва шаҳарлари бир-бири билан шу қадар узвий боғлиқ ҳолда тасвирланганки, улар орасида узилиш деярли сезилмайди. Учинчидан, “Бобурнома” умуман, тарихий-географик, ўлкашунослик, кенг маънода эса мамлакатшунослик асари сифатида талқин қилиниши мумкин. Бунга асос шуки, муаллиф берган хилма-хил маълумотлар кўлами жиҳатидан жуда кенг бўлишига қарамай, ҳар бир шаҳар, вилоят ҳамда мамлакатнинг ўзига хос тарихий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва табиий географик жиҳатлари бир бутун ҳолда яққол бўртиб туради. Тўртинчидан, “Бобурнома”да шаҳар ва вилоятларнинг табиий тасвири қиёсий-географик усулида берилган. Масалан, Самарқанд табиати, иқлими Қобул (Ҳиндистон)га таққосланса, Қобулнинг табиати, иқлими Самарқандга қиёсланади. Бу жиҳатдан олим қиёсий-географик, усулни жуда яхши қўллаган. Масалан, Бобур самарқанд иқлими ҳақида “Қиши маҳкам совуқдир, Қори агарчи Қобул қорича тушмас, Ёзлари яхши ҳавоси бор, агарчи қобулча йўқтур”, – деса, Қобул иқлими тўғрисида: “Қобул ҳавосидек ҳаволиқ ер оламида маълум эмаским бўлғай. Ёзларда кечалари пўстинсиз ётиб бўлмас, қишлар агарчи қори аксар улуғ тушар вале муфрит совуғи йўқтур. Самарқанд ва Табриз ҳам ҳушҳаволиққа машҳурдир, вале мурит совуқлари бордур” деб ёзади.
Бинобарин, олим географик таққослаш усулидан жуда усталик билан фойдалана олган.
Бобурнинг ниҳоятда зийрак географ, кузатувчан табиатшунос эканлигини яна бир мисолда яққол кўринади. У Ҳиндистон билан Афғонистон табиатини ўзаро таққослар экан, улар ўртасидаги жуда катта фарқни яққол кўрсатади. Айни вақтда: кўплаб қушларнинг Ҳиндистонда ҳам, Афғонистонда ҳам тарқалганлигига эътибор беради. Бу қушлар географиясига хос ажойиб хусусият шуки, улар ҳайвонот оламининг энг ҳаракатчан қисми бўлиб, мавсумдан – мавсумга яшаш жойини ўзгартиради. Уларнинг мана шу хусусияти ҳам Бобур назаридан четда қолмаган. “Бобурнома” ўзбек географик атамси ва топонимикаси (ҳатто шаҳарлар микротопонимияси) жиҳатидан катта илмий хазинадир. Бу жиҳатдан “Бобурнома”ни М.Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарига таққослаш мумкин холос.
Ниҳоят “Бобурнома”нинг табиий географик аҳамияти ҳақида яна шуни айтиш керакки, асарда табиат гўзалликлари эҳтирос билан битилган сатрлар ўқувчида катта эстетик завқ уйғотади. Табиатни ўрганиш, сезиш ва ардоқлашга даъват этади. Бобурнинг ўзи эса ўлкамизни тасвирлар экан, унинг ҳар бир жойини яхши деб мақтайди, табиатига мафтун бўлади, хорижда уни доимо қумсаган.
“Бобурнома”нинг асосий хусусиятларидан яна бири ўлкамиз табиий ресурсларини ўрганишга оид материалларини кенг тадқиқ этишидир. Бобурнинг айтишича, ҳар ўлканинг нуфузи у ернинг табиий бойликлари билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Бобурнома”нинг иқтисодий моҳияти ҳам каттадир.
Фарғона водийсининг қазилма бойликлари ҳақида фикр юритар экан. Бобур бу ерда феруза, темир, мис ва бошқа маъданлар олишни кўрсатган. Бу борада Бобур шундай дейди: “Умар шох Мирзонинг замонларида қизил била оқ мажлиқ таш ушбу тоғда пайдо бўлди: Пичоқ дастаси ва таҳбан қилурлар, хейла яхши тошдир”. Шу билан бирга Риштон яқинидаги “Сангги ойна”, “Темурбек тарихи”даги улкан тош ва лак-лак гумбаз ғаройиботларини изоҳлайди.
Бобур Ҳиндистоннинг қазилма бойликлари ҳақида гапириб, бу ерда “олтун, тоғларида эса мис бўладур”.
Ҳиндистонни олганда, деб ёзган эди Бобур “бир машҳур олмос тушди. Бу олмос тамоман оламнинг икки ярим кунлик харжига тенг ёки саккиз мисқолдир” “Қизиғи шундаки, мазкур тарихий олмос ер юзида ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, унинг номи Кўҳинур (кўҳи-тоғ; нор-нур, тоғ нури)дир. У ҳозир Англия қироллиги қимматбаҳо тошлар коллекциясида сақланмоқда. У икки марта қирраланганлигидан 106 каратга (222) тенг бўлиб, ҳануз ўз жозибадорлиги билан бутун инсониятни ўзига жалб қилиб келмоқда. У Ҳиндистон билан Англия ўртасидаги сиёсатга ҳам алоқадордир.
Бобур ўз асарида бир қанча табиий ҳодисаларни ҳам тасвирлаган бўлиб, шулардан бири зилзиладир. У 1505 йил муҳаррам ойида юз берган зилзила натижасида тоғдан харсангтошлар қўпорилганлигини, улар ўрнидан сув чиққанини, иморатлар вайрон бўлганлигини ва ернинг баъзи жойлари одам белигача чуқурлигида ёрилганини ёзади. Бундай зилзила табиатда тез-тез учраб турадиган ҳодиса деб тушунтирилади.
“Бобурнома” ўз моҳияти билан ўлкамиз тарихи, географияси, табиати, этнографияси ва маданият борасидаги беқиёс манбадир.
Бобур “Бобурнома” асари билан жаҳон маданияти илм-фанини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Бобур ва Бобурийлар ўзларининг 350 йилдан ортиқ ҳукмронлик даврида Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон мамлакатларини йирик бир давлат остига бирлаштиришга ҳаракат қилдилар, бу эса мазкур халқлар тарихини ривожлантиришга қўйилган муҳим оламшумул ҳиссадир.
Бобур Ҳиндистон, Ўрта Осиё, Афғонистон халқлари, уларнинг этник келиб чиқиши, хусусиятлар, урф-одатлари, тарқалиши, тили, фани ва архитектураси ҳақида тўла-тўкис маълумотлар тўплаган. Муаллиф Ҳиндистон, Афғонистоннинг диққатга сазовор жойларини, табиат манзараларини маҳорат билан ёритади ва уларни она-юрти – Андижон, Фарғона билан таққослайди.
Илм-фан ва санъат тарихида Бобур ва “Бобурнома”нинг аҳаимяти беқиёсдир, шу сабабли ҳам асрлар ўтишига қарамай, Бобур қолдирган мерос ҳар томонлама чуқур тадқиқ этилмоқда. Жавоҳарлал Нерунинг фикрича, Бобур уйғониш даврининг типик ҳукмдорларидан бири, машҳур шахс, адабиёт, санъатини ўта қадрлаган, қўрқмас, тадбиркор, адолатпарвар одам эди.
Машҳур шарқшунос Вамберининг таъкидлашича, Бобурнинг “Бобурнома” асари Юлий Цезарнинг “Коментария”лари сингарижаҳон адабиётида катта ўрин эгаллайди.
“Бобурнома” араб, форс, ҳинд, инглиз, немис, француз, голланд, турк ва рус тилларига таржима қилинган. Унинг кўпчилик нусхалари Париж, Санкт-Петербург, Калькутта, Агра, Лондон, Амстердам, Истанбул, москва кутубхоналарида нодир асарлар қаторида сақланмоқда.
Бу асар айрим мамлакатларнинг сайёҳ ва олимлари учун муҳим аҳамияти бор. Эҳтимол рус халқларининг Ўрта Осиё табиатини ўрганишида ҳам муҳим рол ўйнаган бўлса ажаб эмас.