Оиласига нисбатан босимларга норозилик билдириб Қашқадарё вилоят ҳокимлиги биноси олдида пикет қилиш учун шанба куни эрталаб йўлга чиққан 96 яшар Бибисулув Алимардоновани ҳуқуқ фаоли бўлган набираси Гулшан Қораева билан бирга милиция ходимлари олиб кетиб қолишган.
Ҳуқуқ фаоли Қораева икки аёлга туҳмат қилганликда айбланмоқда, уни ўзи буни рад этади.
Қашқадарёлик фаоли ўзига нисбатан тазйиқлар жорий йилнинг май ойидан бошлангани ва босимлар ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқлигини айтиб келади.
Қораеванинг иддаосича, 5 май куни Миллий Хавфсизлик Хизматига жосуслик қилишга рози бўлмагани ҳақида мақола эълон қилиши ортидан, кўчада унга қатор ҳужумлар ва таҳдидлар қилинган.
Бундан ташқари унинг уйи деворига номақбул сўзлар ёзилиб, уятсиз суратлар чизиб кетилгани ҳақида ҳам хабар қилинганди.
Гулшан Қораеванинг ўзи ва оиласига нисбатан босимлар ўшандан бери тўхтамагани, ҳозирги иш эса, унга қарши кампаниянинг бир қисми эканига ишонишини айтади.
-96 яшар момони уйига ҳам ҳар хил одамлар бостириб келишиб, қизинг фалон, деган ҳақоратли гапларни айтиб кетишавергач, бу ноҳақликларга қарши момом адолат истаб ҳокимлик биносига кетганди, ҳозир ҳам бедарак, – дейди Санжар Қораев.
Аммо, Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари бунақа исмли шахслар бугун милиция бўлимига олиб келинмаганини айтишди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Гулшан Қорева билан боғлиқ ҳолатга бефарқ қарамасликка чақирганди.